Ўзбекистонда “инновациялар учун ҳамкорлик” дастури

Тошкентдаги биринчи жамоатчилик кенгашлари форуми

Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини келгусида ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида жорий йилнинг 14 август куни Тошкент шаҳрида 150 нафардан зиёд жамоатчилик кенгашлари вакиллари, ОАВ, фаол фуқаролар ҳамда халқаро экспертлар иштирокида Жамоатчилик кенгашлари форуми ўтказилди. Тадбир АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) молиялаштираётган “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури (P4I) доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Қозоғистоннинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (АРГО) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Жамоатчилик кенгашлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори асосида давлат идораларида фуқаролик жамиятлари манфаатларини тақдим этиш ҳамда фуқароларни бугунги ислоҳотларга жалб қилиш учун ташкил этилган. Уларнинг асосий мақсади — давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида турли долзарб масалалар юзасидан конструктив мулоқот ўрнатувчи ўзига хос платформа вазифасини бажариш. Мазкур мақсадларга эришиш йўлида жамоатчилик кенгашлари кўшимча кўникмалар олиш, хориж тажрибаси билан танишиш, шунингдек, ташкилотларни муваффақиятли бошқариш учун етакчилик ва бошқарув бўйича билимлар оширишга муҳтождирлар.

Ташкил этилган Форум янги ғоялар, тажриба ва, энг асосийси, жамоатчилик кенгашларининг жорий ҳолатини таҳлил қилиш, шунингдек, уларни келгусида ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилди. Тадбир якунига кўра, “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури (P4I),  “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва АРГО томонидан жамоатчилик кенгашлари фаолиятини янада ривожлантириш, шу жумладан уларнинг давлат идоралари билан ҳамкорлиги, фуқароларни фаоллаштириш ва бугунги ислоҳотларда фаол иштирок этишларига қаратилган таклифлар такдим этилади.