Ўзбекистонда савдо-сотиқ ва инвестицияга қизиққан АҚШнинг 13 та йирик компаниясидан келган 30 дан ортиқ вакиллар ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳукумати билан мунозара ҳамда ишбилармон доиралар, жумладан қатор маҳаллий компаниялар ва Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси аъзолари билан учрашувларда қатнашиш учун Тошкентга ташриф буюрди.
24 март куни, элчи Спратлен АҚШ-Ўзбекистон ҳукумат-бизнес давра столининг кўп сонли иштирокчилари ҳузурида нутқ сўзлади. Америка компаниялари ташрифи Америка савдо палатаси, Ўзбекистон ҳукумати, АҚШ элчихонаси, АҚШ тижорат департаменти, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси томонидан ташкил этилди. Давра суҳбатидан икки кун аввал Тижорат департаменти еттита компания вакилларидан иборат делегацияни бизнес муҳити ҳақида тадқиқот олиб бориш учун Ўзбекистонга олиб келди.

Давра суҳбатида ўзбекистонлик мулозимлар Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва устувор йўналишлари хусусида қисқача сўзлаб беришди. Шунингдек, улар давра суҳбатининг алоҳида диққат марказида турган фармацевтика ва соғлиқни сақлаш тизими технологияси соҳаларида америка фирмалари билан амалга оширса бўладиган ҳамкорликка қаратилган алоҳида секторга тааллуқли маълумотларни ҳам тақдим этишди. Ўз навбатида меҳмон ва мамлакатда фаолият юритаётган бошқа ишбилармонлар тадбирдаги очиқ форумда Ўзбекистонда бизнес юритиш билан боғлиқ саволлар беришди. Маълумотлар алмашуви “бизнесдан бизнесга” сессиясида давом этиб, унда америкалик тадбиркорлар ўзбек компаниялари ва ҳукумат мулозимлари билан тегишли масалаларни муҳокама қилди.
Кўпгина меҳмонлар давра суҳбатидан аввал ҳам Ўзбекистон вазирликлари ва давлат компаниялари вакиллари билан яккама-якка учрашувлар ўтказди. Қатнашчилар ушбу давра суҳбати ва бошқа тадбирлар уларга ҳукумат ва бизнес вакиллари билан ўзаро ришталарни боғлашлари учун Ўзбекистондаги бизнес муҳити тўғрисида муҳим тушунча ва қимматли имкониятларни тақдим этганини таъкидлашди. Айрим компаниялар эса ҳафта давомида ташкиллаштирилган тадбирлардаги иштироки натижасида аниқ савдо ёки сармоявий шартномалар тузишдан умидвор эканини билдирди.
