Элчилар хонаси

1965 йилда топилган “Элчилар хонаси”нинг деворий суратлари Афросиёб музейида сақланмоқда. Эрамизнинг VII асрига оид бўлган сўғд санъатининг ушбу дурдонаси бутун оламга машҳурдир. Афсуски, “Элчилар хонаси”нинг девори емирилиб кетаётганлиги сабабли ушбу тарихий ёдгорликнинг бутунлай йўқолиб кетиш хавфи мавжуд. Бунинг олдини олиш учун уни зудлик билан тўлиқ қайта таъмирлаш мақсадга мувофиқ.

Сўғдиёна француз-ўзбек археологик миссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан тузилган битим асосида «Афросиёб деворий суратларини асраб-авайлаш уюшмаси»га асос солинди ва таъмирлаш ишларини олиб бориш учун маблағ тўплашга халқаро ҳамжамият жалб этилди. Ушбу лойиҳа Тошкентдаги ЮНЕСКО ваколатхонаси кўмаги билан ишга туширилди. Тўрт йил давом этиши кўзда тутилган таъмирлаш ишлари Жеральдин Фрэй бошчилигидаги халқаро мутахассислар гуруҳи томонидан олиб борилади. Лойиҳани маблағ билан таъминлашда Жанубий Корея, АҚШ («Элчининг маданий ёдгорликларини асраб-авайлаш фонди» орқали), Франция, Швейцария каби бир қатор давлатлар иштирок этади.

2014 йил 2 май куни Афросиёб музейида реставрация ишлари бошланишининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Бунда Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ва асосий ёрдам кўрсатувчи давлатлар элчилари иштирок этишади.