Америка Қўшма Штатлари вице-президенти

Vice President Mike PenceМайкл Р.Пенс 1959 йил 7 июнь куни Индиана штатининг Колумбус шаҳрида туғилган. У Эдвард ва Нэнси Пенсларнинг олти фарзандидан биридир. Болалик чоғларида Америка орзусига эришиш учун у энг қулай имкониятга эга бўлди. Буваси 17 ёшида Қўшма Штатларга кўчиб келган, оиласи Ўрта Ғарбда қўним топган. Бўлғуси вице-президент ўз ота-онаси қимматли нарсалар: оила, бизнес ва яхши номни қандай орттирганини кузатиб борди. Онаси ва Индиана шаҳарчасида дўкондорлик бизнесини муваффақиятли бошлаган отасининг ёнида турганча, у меҳнатсеварлик, эътиқод ва оила муҳим эканига ишонч ҳосил қилиб ўсди.

Вице-президент Пенс 1981 йили Ҳановер коллежига жўнаб кетди ва ўша ерда тарих бўйича бакалаврлик даражасини олди. У ўша ёқда христианлик эътиқодини тиклади ва ушбу эътиқод ўзи учун бутун умри давомида ҳаракатлантирувчи куч бўлиб қолди. Жаноб Пенс кейинчалик Индиана университетининг Ҳуқуқшунослик мактабида ўқиди ва ўша ерда севгилиси, иккинчи хоним Карен Пенс билан танишди.

Вице-президент Пенс университетни битиргандан сўнг ҳуқуқшунос бўлиб ишлади, Индиананинг сиёсатни кузатиш фондига раҳбарлик қилди ҳамда Индианада ҳаммуаллифликдаги “Майк Пенс шоуси” ток-радио шоуси ва жамоатчилик билан алоқаларга бағишланган ҳафталик телевизион дастурда бошловчилик қила бошлади. Шу билан бирга у Майкл, Шарлотта ва Одрининг мағрур отасига айланди.

Индианада туғилиб, очиқкўнгил ва меҳнаткаш индианаликлар қуршовида ўсган вице-президент Пенс ҳар доим бу кўрган яхшиликларини штат ва мамлакатга қайтариши лозимлигини ёдида тутди. У 1990 йилда маҳаллий Конгресс аъзоси бўлиш учун муваффақиятли кураш бошлади  ва 40 ёшида Қўшма Штатларнинг вакиллар палатаси депутати бўлди.

Ўшандан бери Шарқий-марказий Индиана аҳолиси вице-президент Пенсни олти марта Конгрессга ўзларининг вакили этиб сайлади. У Конгресс биноси жойлашган Капитолий тепалигида чекланган ҳокимият, молиявий жавобгарлик, иқтисодий ривожланиш, таълим имкониятлари ва АҚШ Конституцияси ҳимоячиси сифатида ном қозонди. Ҳамкасблари унинг етакчилик қобилиятини тез орада эътироф этди ва бир овоздан Вакиллар Палатасининг Республикачилар партияси тадқиқотлари қўмитаси раислиги ва Вакиллар Палатасининг Республикачилар конференцияси раислигига сайлашди. Вице-президент ўша лавозимларда хизмат қилаётган пайтда ҳукумат бошқаруви таркибини қисқартириш ва самаралироқ қилиш, харажатларни камайтириш, ҳокимиятни штат ва маҳаллий ҳокимият идораларига қайтаришга ёрдам берди.

Вице-президент Пенс 2013 йили индианаликлар уни штатнинг 50-губернатори этиб сайлагандан сўнг мамлакат пойтахтини тарк этди. У Индиана штати Вакиллар Палатасига ҳам чекланган ҳокимият ва кам солиқ фалсафасини олиб келди. Губернатор сифатида штатнинг рақобатбардошлигини ошириш, янги сармоялар жалб қилиш ва яхши ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш учун Индиана тарихидаги энг йирик солиқ қисқартиришини жорий қилди, жисмоний шахсларнинг даромад солиғи, корхоналарнинг хизмат мақсадида ишлатиладиган шахсий мулкига солинадиган солиқ ва корпорацияларнинг даромад солиғини камайтирди. Унинг янги иш жойлари яратишга бўлган муросасиз муносабати натижаси ўлароқ, тўрт йиллик губернаторлиги давомида ишсизлик тенг ярмига камайди ва раҳбарлик муддати охирига келиб, индианаликлар штатнинг 200 йиллик тарихида мисли кўрилмаган даражада ишли бўлди.

Вице-президент Пенс Индиана штати губернатори сифатида мактабларга ажратилаётган маблағни оширди, мактаб танлаш имкониятини кенгайтирди ва Индиана тарихида илк марта штат маблағ билан таъминлайдиган “Pre-K” режасини ишлаб чиқди. Унинг раҳбарлигида ҳар бир ўрта мактабда профессионал ва техник таълимга устувор аҳамият бериладиган бўлди. Вице-президент Пенс етакчилигида “Американинг чорраҳаси” деб аталган Индиана штати йўллари кўприкларига янгитдан 800 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизилди. Мисли кўрилмаган солиқ қисқартишлари ҳамда йўл ва макатабларга киритилган сармояларга қарамай, штат молиявий масъулиятни ҳам эсдан чиқармади, чунки вице-президент Индиана Бош Ассамблея аъзолари билан бирга иккита ҳаққоний балансланган бюджетни қабул қилиш устида ишлади ҳамда штатни бутун мамлакат ҳавас билан қараётган кучли резервлар ва “ААА” кредит рейтинги билан қолдирди.

Бу Индиана штатининг муваффақиятлари ҳақидаги ҳикоя ҳамда вице-президентнинг қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимияти тарихида қолдирган ажойиб хизмати эътирофи эди. Майк Пенснинг кучли оила қадриятларига таяниши президент Дональд Трампнинг уни 2016 йил июль ойида шерик сифатида танлашига туртки берди. Америка халқи 2016 йил 8 ноябрь куни президент Дональд Трамп ва вице-президент Майкл Пенсни сайлади. Президент Дональд Трамп ва вице-президент Майкл Пенс 2017 йил 20 январь куни ўз вазифаларини бажаришга киришди.

Вице-президент Майкл Пенс ҳали-ҳамон Парвардигорнинг инояти, оиласининг муҳаббати ва қўллаб-қувватлаши, озодликдай неъмат учун миннатдор – булар ҳар бир америкаликнинг туғилиш чоғида қўлга киритадиган ҳуқуқидир. У Америка халқи билан бирга “Американи қайтадан буюк қилиш” устида ишлашга ошиқмоқда.

Таржимаи ҳол манбаи: whitehouse.gov