АҚШнинг муваққат ишончли вакили Алан Мельцер

АҚШ элчиси ўринбосари Алан Мельцер

Дипломатия соҳасида катта тажрибага эга бўлган Алан Мельцер 2018 йил сентябрь ойида Тошкентдаги АҚШ элчихонаси Миссия бошлиғи ўринбосари сифатида иш бошлади. 2015 йил июль ойидан 2017 йил июлигача у Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги АҚШ элчихонасида миссия бошлиғи ўринбосари, 2017 йил августидан 2018 йил июлигача эса муваққат ишлар вакили бўлиб хизмат қилди. У кўпроқ Евросиё ва Лотин Америкаси мамлакатларида ишлади. Грузия пойтахти Тбилисидаги АҚШ элчихонасида сиёсий-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи, Давлат департментида Скандинавия ва Болтиқбўйи масалалари бўлими ходими бўлиб ишлади. 2007-2008 йилларда жаноб Мельцер Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосарига махсус ёрдамчи сифатида ғарбий яримшар ва глобал масалалар, жумладан инсон ҳуқуқлари ва одам савдоси масалалари хусусида маслаҳатлар бериб турди. Ундан аввал Мехико шаҳрида сиёсий маслаҳатчи ёрдамчиси бўлиб ишлади, 2006 йилнинг баҳсли президентлик сайловларидан сўнг элчихона ҳисобот ишларига бош-қош бўлди. 2003-2005 йилларда жаноб Мельцер Москвада элчи Александр Вершбоунинг махсус ёрдамчиси бўлган.

Жаноб Мельцер АҚШ Давлат департаментининг тун-у кун ишлайдиган бошқарув маркази кузатувчиси, Уругвай пойтахти Монтевидео, шунингдек, Гватемала пойтахти Гватемала шаҳридаги Америка элчихоналарида ҳам ишлаган. У Давлат департаментининг қатор фахрий ва юксак мукофотлари соҳибидир.

Дипломатия соҳасига ишга ўтишдан илгари, жаноб Мельцер Давлат департаменти юридик маслаҳат бошқармасида адвокат-консультант бўлиб ишлаган ҳамда Нью-Йоркда корпоратив ва савдога оид ҳуқуқий масалалар билан шуғулланган.

Алан Мельцер Нью-Йоркда туғилган, Виржиния ҳуқуқшунослик мактабида юридик фанлари доктори, Ҳаверфорд коллежида бакалаврлик даражасини олган. 2014 йили, у Миллий хавфсизлик университети қошидаги Халқаро хавфсизлик масалалари коллежининг фахрий битирувчиси бўлган. Испан ва рус тилларида сўзлаша олади. Уйланган, вояга етган бир қизи бор. Бўш вақтида велосипед миниш, чанғида учиш, пиёда юриш, китоб ўқиш, зиёфат ва саёҳат қилишни ёқтиради.