
Ўзбекистон
Одам савдоси бўйича 2017 йилги ҳисобот
(3-даражали рўйхат)
Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига барҳам бериш учун минимум андозаларга тўлиқ амал қилмайди, бунинг учун сезиларли саъй-ҳаракатларни ҳам амалга оширмаяпти. Шу боис Ўзбекистон 3-даражали рўйхатда қолди. Муҳим саъй-ҳаракатлар бўлмаганлигига қарамай, ҳукумат одам савдосига барҳам беришда 2013 йилдан буён Халқаро меҳнат ташкилотининг пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан, 2015 йилдан буён мажбурий меҳнатдан фойдаланишни мониторинг қилишига рухсат бериш ҳамда 2014-2015 йиллар пахта мавсумидаги ишга ёллаш амалиёти бўйича сўров натижаларини нашр этиш орқали чора-тадбирлар қўллади. Шунингдек, ҳукумат уч йил давомида аҳолининг болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисида хабардорликни ошириш бўйича муҳим тадбир ўтказди. Ҳукумат трансмиллий ҳолатларда одам савдоси билан шуғулланувчи гумондорларни таъқиб этиш ва жабрланганлар учун реабилитация марказини маблағ билан таъминлашда давом этди. 2016 йилги пахта йиғим-теримида ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатга жалб этиш кенг тарқалди. Марказий ҳукумат фермер ва маҳаллий мулозимлардан давлат белгилаб берган пахта етиштириш нормасини бажаришни талаб этди, етарли сондаги кўнгилли ишчиларни жалб этиш мақсадида пахта ва меҳнат учун жуда арзон нарх қўйди, бунинг натижасида катта ёшлилар кенг кўламда сафарбар этилди. Айрим жойларда болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар бўлди. Пахта далаларида юзага келадиган меҳнатга оид қонунбузарликни яширишга уринишлар давом этди. Вилоятлардаги мулозимлар мустақил мониторларни тақиб этган, уларни ушлаб, сўроққа тутган бир неча ҳолатлар бўлган. 2016 йили биринчи марта ҳукумат болалар меҳнатига оид ишларни ўрганиб чиқди.
Ўзбекистон учун тавсиялар:
Пахта йиғим-терими мавсумида пахта етиштириш нормасини тугатиш ва ишчилар учун иш ҳақини ошириш ва иш шароитларини яхшилаш орқали катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланишни тугатиш учун амалий чораларни қўллаш; ҳар йилги пахта йиғим-терими мавсумида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишни бартараф этишга қаратилган амалий чора-тадбирларни давом эттириш; тегишли тартибга амал қилган ҳолда, текширувларни кўпайтириш, етарли далиллар мавжуд бўлганда эса, одам савдосига алоқадор мулозимларни, жумладан мажбурий иш кучини сафарбар этишга алоқадор мулозимларни текшириш; мустақил кузатувчиларга пахта етиштириш жараёнини мониторинг қилиш учун тўлиқ имкон яратиш ҳамда меҳнат шароитларини ҳужжатлаштиргани учун фаолларни таъқиб этиш, ҳибсда ушлаб туриш ва таҳқирлашни тўхтатиш; етарли далиллар мавжуд бўлганда, кузатувчилар аниқлаган одам савдосига алоқадор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш; қишлоқ хўжалик соҳасидаги меҳнат шароитларини яхшилаш учун миллий ҳаракат дастурини ҳаётга тадбиқ этишни давом эттириш; пахта йиғим-терими учун мажбурий иш кучини сафарбар этиш мақсадида фермер ва мулозимларга нисабатан босимни камайтиришга қаратилган қишлоқ хўжалик соҳасидаги сиёсатни ўзгартириш;
ўқитувчи, тиббиёт ходимлари, коллеж ва лицей талабаларини сафарбар этмаслик ҳақидаги мажбуриятларни бажариш; талабалар ва давлат хизматчиларига хунук оқибатларсиз пахта теримида қатнашишни рад этиш имконини берувчи мақбул механизмларни ишлаб чиқиш; меҳнат ҳуқуқларидан, жумладан пахта йиғимига алоқадор ҳуқуқлардан хабардорликни тарғиб этишни кучайтириш ва давом эттириш; меҳнатга оид ҳуқуқларнинг бузилишини рўйхатга олиш ва текшириш жараёнларини такомиллаштириш; одам савдоси билан шуғулланувчи деб кўрилган гумондорларни, тегишли ҳуқуқий тартибга амал қилган ҳолда, тергов қилишни ва суд орқали таъқиб этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш; одам савдосига қарши курашувчи ННТларга қурбонларга кўмак бериш ва давлатга қарашли бошпаналарга қабул қилинмаганларни бошпана билан таъминлашда қўшимча ёрдам кўрсатиш; қурбонлар одам савдосига жалб этилгани пайтида содир этган амаллари, жумладан ноқонуний равишда чегарани кесиб ўтгани, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни йўқотгани учун жазога тортилмаслигини таъминлашга қаратилган расмий механизмларни ишлаб чиқиш; одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш мақсадида жиноят кодексига ўзгартиш киритиш, прокурорлар жиноий ишларни кўрганда жабрланувчи шахслар компенсацияланишига эътибор қаратишини рағбатлантириш; ҳамда тизимли ва проактив бўлишини таъминлаш мақсадида одам савдоси қурбонларини аниқлаш чора-тадбирларини такомиллаштириш.
Жавобгарликка тортиш
Ҳукумат томонидан қонунни ҳаётга татбиқ этиш саъй-ҳаракатлари амалга оширилди. Жиноят кодексининг 135-моддаси жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси ҳамда мажбурий меҳнатни тақиқлайди ва бунинг учун 3 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси белгилайди, бу етарлича қаттиққўл ва жинсий зўрлаш сингари бошқа жиноятлар учун белгиланадиган жазоларга мутаносибдир. Кетма-кет учинчи йил тергов, айблов ва судлов камайди. Ҳукумат 2016 йилда 651 та ҳолат бўйича тергов олиб борган, одам савдосига оид 361 та иш судга оширилган; бу кўрсаткич 2015 йилда 696 тергов ва 372 жиноий айблов, 2014 йилда эса 1016 тергов ва 641 айбловдан иборат бўлган. Давлат органлари 2016 йилда 451 нафар кишини одам савдоси бўйича айбдор деб топган, бу кўрсаткич 2015 йили 460 нафар эди. Ҳукумат 2016 йилдаги жиноятларнинг 250 таси жинсий эксплуатацияга алоқадор бўлганлигини хабар қилган. Ҳукумат статистика маълумотлари одам савдоси ёки жинсий эксплуатация “Одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш акти” таърифига мос келиш-келмаслигини аниқлаш бўйича етарли маълумот бермади. Ҳукуматга кўра, 404 нафар кишига қамоқ жазоси қўлланган, 12 нафар киши ахлоқ тузатиш меҳнатига жалб қилинган, 29 нафар кишига амнистия қўлланган.
Ички ишлар вазирлиги таркибида одам савдосига оид жиноятлар бўйича алоҳида бошқарма мавжуд. Ҳукумат милиция, судья ва бошқа мулозимлар учун одам савдосига доир махсус тренинглар ўтказди. Пахта йиғим-терими ва бошқа мажбурий меҳнатга алоқадор соҳаларда ҳукумат вакиллари иштирок этгани ҳақида ишончли далиллар бўлишига қарамай, ҳукумат бу йил мулозимларга нисабатан одам савдоси бўйича жиноий иш қўзғатилгани ё ишни судга оширгани ёки уларга қарши айблов чиқаргани хусусида ахборот бермади. У тўққиз нафар мансабдор шахс мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун маъмурий жаримага тортилгани ҳақида хабар берди.
Ҳимоя
Ҳукумат жинсий эксплуатация ва трансмиллий одам савдосидан жабр кўрганларни аниқлаш, ёрдам бериш ва ҳимоя остига олишда саъй-ҳаракатлар қилди, аммо пахта йиғим-терими вақтида мажбурий меҳнат қурбонларига ёрдам беришда етарли саъй-ҳаракатларни амалга оширмади. Ҳукумат 2016 йили одам савдосидан жабр кўрган 714 шахсни аниқлади, бу кўрсаткич 2015 йили 924, 2014 йили 1208 кишини ташкил этганди. Ушбу 714 қурбоннинг 193 нафари мамлакат ичида эксплуатация қилинган, қолганлари эса бошқа мамлакатларда эксплуатация қилинган ўзбекистонлик фуқаролардир. Ҳукумат 29 нафар чет эллик жабрланувчини аниқлади ҳамда жабрланувчиларнинг аксари, ўзбек ё чет эллик бўладими, одам савдосига йўлиққанини аниқлади. ННТлар ва битта халқаро ташкилот 2016 йили 327 нафар одам савдоси қурбонини аниқлади (ушбу кўрсаткич 2015 йили 774, 2014 йили 847 нафар эди) ва уларга ёрдам берди. Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари тегишли сафар ҳужжатлари тақдим этган ҳолда 109 нафар қурбоннинг ватанга қайтишига ёрдам берди, 2015 йили бу 146 нафар бўлган. Ҳукумат аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан мамлакат ичида одам савдосига жалб этилганлар орасида қурбонларни фаол аниқлаш ва уларни муҳофаза хизматларига йўналтириш бўйича изчил жараён ишлаб чиқмади. Одам савдосининг потенциал қурбонларини аниқлай олган милиция, консуллик расмийлари ва чегарачилар уларни давлатга қарашли бошпана ёки ННТ хизматларига йўналтирди. Ҳукуматга қарашли реабилитацион ва ҳимоя хизматларидан баҳраманд бўлиш учун қурбонлар ўзлари яшайдиган ҳудуд расмийлари номига жиноий иш ҳақида шикоят ёзишлари керак, шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги текширув олиб бориш учун қарор чиқаради ва мурожаат этувчи шахсга расмий “қурбон” деган статус беради. ННТларнинг хабар қилишича, маҳаллий мулозимлар жиноий иш қўзғатишни истамаган жабрдийдаларни мунтазам равишда ўз идораларига ёрдам учун йўналтирган.
Ҳукумат одам савдосидан жабр кўрган, расмий қурбон деган статусдаги эркак, аёл ва болаларга кўмак берувчи Тошкентдаги реабилитацион марказ учун 2016 йили тахминан 496 миллион сўм ($150940) ажратган, 2015 йили бу тахминан 459 миллион сўм ($139680) бўлган. 2016 йилда у ерда 460 нафар жабрланган кишига ёрдам кўрсатилган, 2015 йилда эса 503 нафар кишига ёрдам берилган. Марказ бошпана бериш, тиббий, психологик, ҳуқуқий хизмат ва ишга жойлашишда ёрдам бериш билан шуғулланган. Жабрланганларга у ердан ўз хоҳишлари билан кетишга рухсат берилган, бироқ баъзан улардан жиноий ишда кўмак бериш учун у ерда қолиш талаб қилинган. Марказ чет эллик жабрланганларни ҳам қабул қилиши мумкин, аммо очилганидан буён ҳали бундай ҳолат кузатилмаган. Ҳукумат маҳаллий ННТларни касбга оид тренинглар ўтказиш ҳамда жабрланганларга тиббий хизмат кўрсатиш учун маблағ билан таъминлади, уларга солиқ имтиёзлари ва давлатга қарашли ердан фойдаланишга имкон яратди. Бу ННТ хизматлари жуда муҳим бўлди, чунки расмий идоралар жинсий эксплуатация қурбонларини, шунингдек ҳуқуқ тартибот органларига ариза ёзишни истамаган ва шу боис давлатга қарашли бошпанадан фойдалана олмайдиган жабрланганларни ушбу ННТлар ҳузурига йўналтирди. Трансмиллий жинсий эксплуатация ва меҳнат эксплуатация қилиниши мақсадида одам савдоси жабрланувчилари чегарани ноқонуний босиб ўтгани учун жиноий жаримага тортилиши мумкин бўлди. Бироқ, ННТларга кўра, ҳукумат ННТлар томонидан тегишли далиллар келтирилган ҳолатларда бундай айбловларни олиб ташлаган ва ўтган икки йил ичида бирорта жабрланувчига бундай жарима қўлланмаган. ННТлар Ички ишлар вазирлиги мансабдор шахслари жабрланганларнинг махфийлигини таъминлаш бўйича қонуний талабларга амал қилганини таъкидлади, бироқ, жабрланганларнинг шахси ҳақидаги маълумот суд жараёнларида махфий тутилмади. 2016 йили, одам савдоси қурбонига айланган бир киши Ўзбекистонда биринчи марта компенсация ҳақида суд буйруғини олди, гарчи жабрланганлар уларни одам савдосига жалб қилган шахслардан тегишли компенсация олиши учун самарали механизм мавжуд бўлмади; жабрланганлар одам савдоси билан шуғулланувчиларга қарши даъво киритиш мумкин бўлди, аммо ҳукумат қурбонларга вакил тайинламади ва уларнинг кўпчилигининг ҳуқуқий ёрдам берувчи вакил олишга қурби етмади.
ПРОФИЛАКТИКА ИШЛАРИ
Ҳукумат қишлоқ ҳўжалик соҳасида сафарбар қилинган иш кучидан фойдаланишга оид тартиб-қоидаларга ўзгартириш киритиш, жумладан теримчиларга пахта териш нормаси ва паст хизмат ҳаққи хусусида етарли чора-тадбирларни қўлламади. Шунга қарамай, 2016 йилги пахта териш мавсумида ҳукумат учинчи йилдирки бутун мамлакат бўйлаб пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги омма хабардорлигини ошириш кампаниясини олиб борди. Марказий ҳукумат фермерлар ва маҳаллий мулозимлардан давлат белгилаб берган нормани бажаришни талаб қилишда давом этди, бу эса катта ёшлиларни мажбуран пахтага сафарбар қилишга олиб келди. Ҳукумат ўқитувчи, талаба ва тиббиёт ходимларини пахта теримига сафарбар этишни тугатиш ҳақидаги мажбуриятга амал қилмади. Расмийлар давлат ташкилотлари ходимлари ва вояга етганлардан пахтани ўз хоҳишлари билан теришлари ҳақидаги аризани имзолашни талаб этди. Кетма-кет икки йил ҳукумат Халқаро Меҳнат Ташкилотига (ХМТ) пахта йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни мониторинг қилишга рухсат берди, ХМТ мониторларига ҳукумат назоратчилари жўрлигида пахта далаларига чиқишга изн берди ҳамда ХМТга 2014 ва 2015 йиллар терим мавсумидаги ишга ёллаш амалиётлари борасидаги кузатув натижаларини нашр этишга рухсат берди. Ҳукумат янги ташкил этилган телефон рақамларини эълон қилиб, унга 5800 дан ортиқ сўров ва шикоятлар келиб тушди. Шикоятларнинг 1325 таси пахта мавсумида олинди. Уларнинг 56 таси мажбурий меҳнат, 8 таси эса болалар меҳнатидан фойдаланишни аниқлаш ҳоллари ҳақида бўлди. .
Ҳукумат пахта етиштириш майдонини бироз қисқартирди ҳамда тегишли пахта навларини ривожлантиришни давом эттириш ва механизациялаш бўйича фермерларни тайёрлаш орқали механзациялаш имконини оширди. Шунингдек, ҳукумат пахта саноатини модернизация қилишга қаратилган, жумладан Жаҳон банки билан тузилган қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишга оид беш йиллик ҳамкорлик, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш меъёрлари, иш имкониятлари, шароитлари ва ижтимоий ҳимояни яхшилашга қаратилган тўрт йиллик Муносиб иш дастури ҳамда Халқаро молия корпорацияси ва хусусий корхоналар билан механизация ва масъулиятли пахта етиштириш соҳасидаги намунавий лойиҳаларни ўз зиммасига олди. Бундан ташқари, ҳукумат намунавий лойиҳа ҳудудларида мажбурий меҳнат хавфини бартараф этиш бўйича ХМТ тавсияларини бажариш мажбуриятини олди.
Республика ҳукумати вакиллари мониторинг сафарлари уюштириб, маҳаллий комиссияларга тренинглар ўтказди. Ҳукумат трансмиллий жинсий эксплуатация ва меҳнат эксплуатацияси учун одам савдоси бўйича жамоатчиликни хабардор қилишни кенг жорий этди, жумладан, турли тадбирлар ўтказди, босма нашрлар, телевидение ва радиода хабарлар тарқатди, бу ишда кўпинча ННТлар билан ҳамкорлик қилди ва тегишли кўмак берди. Ҳукумат тижорий мақсадда жинсий хизматларга бўлган талабни қисқартириш мақсадида саъй-ҳаракатлар қилмади. Давлат маблағига ўтказилган тренингларга қатнашишдан ташқари, мансабдор шахслар ҳукумат қўллаб-қувватлаган ва ННТ, халқаро ташкилот ва чет эл ҳукуматлари ўтказган семинар ва конференцияларда иштирок этди.
Одам савдоси бўйича мамлакатга оид умумий маълумот
Ўтган беш йил давомида хабар қилинганига кўра, Ўзбекистон одам савдоси учун манба ва манзил мамлакатдир, зеро эркаклар, аёллар ва болалар мажбурий меҳнатга тортилади, шунингдек аёллар ва болалар жинсий эксплуатация қилинади. Ҳукумат томонидан болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 2015 йили тугатилган бўлса-да, айрим жойларда болалар меҳнатидан фойдаланилгани ҳақида хабарлар бўлди. Катта ёшлилар, жумладан мактаб ва тиббиёт муассасалари ходимларини давлт томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш кузги пахта йиғим-терим мавсуми, баҳорги экиш ва ўтоқ ишларида ва бошқа қишлоқ хўжалиги ва қурилиш лойиҳаларида кенг тарқалди. Ишончли халқаро ҳисоботларда кўрсатилишича, пахта теришдан бош тортган, ўз ўрнига ишлайдиган ишчи учун ҳақ тўламаган ва ё кунлик нормасини бажармаган катта ёшлилар ижтимоий нафақадан маҳрум этилиши, ишини йўқотиши ё бошқа тазйиққа учраши мумкин бўлди. Баъзи вилоятлардаги хусусий корхоналар давлат ва солиқ органларининг қўшимча текширувидан хавфсираб, ўз ходимларини пахта теримига сафарбар қилганлар. Марказий ҳукуматнинг болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқилашига қарамай, баъзи маҳаллий мулозимлар 11 дан 15 ёшгача бўлган болалар ўқийдиган синфларни йиғим-теримга сафарбар қилганлиги тўғрисида хабарлар бўлди. 18 ёшга тўлган, аммо орасида 17 ёш бўлган университет ҳамда коллеж ва лицейларнинг учинчи курс талабаларини пахта теримига юбориш 2016 йилда ҳам давом этди. Мустақил кузатувчиларнинг таъкидлашича, яқин йилларда бола ишчиларни сафарбар қилинмагани сабабли вояга етган кишиларни мажбурий меҳнатга сафарбар этиш ҳолати ўсган.
Саноқли хабарларда айтилишича, маҳаллий мулозимлар фермерларни пилла қурти боқишга мажбурлаган; ўқитувчи, талаба (шу жумладан болалар), тадбиркор ва бошқалар маҳаллий мулозимлар томонидан қурилиш, пахтадан ташқари қишлоқ хўжалигида ишлашга, истироҳат боғлар, кўча ва биноларни тозалаш ишларига мажбурий меҳнатга юборилган. Расмийлар баҳорги ўтоқ ишлари ва кузги йиғим-теримни кузатишга уринган мустақил фаолларни таъқиб этган, тазйиқ ўтказган, ҳибсхонада ушлаб турган, сўроққа тутган ва жисмоний таҳқирлаган.
Ўзбекистонлик аёллар ва болалар жинсий эксплуатация мақсадида Яқин Шарқ, Евроосиё ва Осиё мамлакатларига олиб чиқилади, шунингдек, улар мамлакат ичидаги исловатхона, клуб ва хусусий уйларда жинсий эксплуатация қилинадилар. Ўзбекистонлик эркаклар ва камроқ миқёсда аёллар Қозоғистон, Туркия, Россия, БАА ва Украинадаги қурилиш, нефть саноати, қишлоқ хўжалиги, чакана савдо ва озиқ-овқат саноатида мажбурий меҳнатга жалб этилади.