Одам савдоси бўйича 2016 йилги ҳисобот: Ўзбекистон

(3-даражали рўйхат)

Ўзбекистон одам савдоси учун манба ва манзил мамлакатдир, зеро эркаклар, аёллар ва болалар мажбурий меҳнатга тортилади ҳамда, шунингдек аёллар ва болалар жинсий эксплуатация қилинади. Ўзбекистонлик аёллар ва болалар жинсий эксплуатация мақсадида Яқин Шарқ, Евроосиё ва Осиё мамлакатларига олиб чиқилади, шунингдек, улар мамлакат ичидаги исловатхона, клуб ва хусусий уйларда жинсий эксплуатация қилинадилар . Ўзбекистонлик эркаклар ва камроқ миқёсда аёллар Қозоғистон, Россия ва Украинадаги қурилиш, нефть саноати, қишлоқ хўжалиги, чакана савдо ва озиқ-овқат саноатида мажбурий меҳнатга жалб этилади. Мамлакат ичида одам савдоси кенг тарқалган. Ҳукуматнинг пахта йиғим-терими мавсумида балоғатга етганларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳоллари кенг кўламлигича қолди. Пахта теришни истамаган ё ўзининг ўрнига ишлайдиган мардикор учун пул тўламаган ва ё кунлик пахта териш нормасини бажармаган айрим балоғатга етган фуқаролар  ижтимоий имтиёзлардан мосуво бўлишлари, ишдан ҳайдалишлари ёки бошқа оворгарчиликларга дуч келишлари ҳақида пўписа олишлари мумкин эди ёки амалда ҳам шундай бўлган. Баъзи вилоятлардаги хусусий корхоналар давлат ва солиқ органларининг қўшимча текширувидан хавфсираб, ўз ходимларини пахта теримига сафарбар қилганлар. Бир мустақил кузатувчига кўра, 2015 йилги йиғим-терим даврида,  бир неча ишчи жароҳат олган ва камида бир киши ўлган. Марказий ҳукуматнинг болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқилашига қарамай, баъзи маҳаллий мулозимлар 14 дан 16 ёшгача бўлган болаларни йиғим-теримнинг сўнгги ҳафталарида пахта далаларига сафарбар қилганлиги тўғрисида саноқли хабарлар бўлди. 18 ёшга тўлган, аммо орасида 17 ёш бўлган университет ҳамда коллеж ва лицейларнинг учинчи курс талабаларини пахта теримига юбориш давом этди. Хабарларга қараганда, баъзи мулозимлар давлат ишчилари ва балоғатга етган талабалардан ўз ихтиёрлари билан пахта теришга рози эканликлари борасида меҳнат шартномаси ё тилхат имзолашни талаб этган. Мустақил кузатувчиларнинг таъкидлашича, вояга етмаган ишчиларни сафарбар қилинмагани сабабли 2015 йили  вояга етган кишиларни мажбурий меҳнатга сафарбар этиш ҳолати ўсган. Маҳаллий мулозимлар мактаб ўқитувчилари ва тиббиёт муассасалари ходимларидан пахта далаларини ўтоқ қилишда уларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланган. Саноқли хабарларда айтилишича, баъзи вилоятларда ўқитувчи, талаба (шу жумладан болалар), тадбиркорлар ва бошқалар маҳаллий мулозимлар томонидан қурилиш, пахтадан ташқари қишлоҳ хўжалиги, пилла саноатига ва истироҳат боғлар, кўча ва биноларни тозалаш ишларига мажбурий меҳнатга юборилган. Расмийлар баҳорги ўтоқ ишлари ва кузги йиғим-теримни кузатишга уринган мустақил фаолларни таъқиб этди, ҳибсхонада ушлаб турди, айрим ҳолларда таҳқирлаган; шунингдек камида икки нафар фаол  жиноий жавобгарликка тортилган, бунга эҳтимол уларнинг пахта далаларидаги меҳнатга оид қоидабузарликларни ҳужжатлаштирига урингани сабаб бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига барҳам бериш учун минимум андозаларга тўлиқ амал қилмайди, бунинг учун сезиларли саъй-ҳаракатларни ҳам амалга оширмаяпти. 2015 йилги пахта териш мавсумида ҳукуматнинг катталарни мажбурий меҳнатга жалб этиши кенг кўламда давом этди. Марказий ҳукумат фермерлар ва маҳаллий мулозимлардан давлат белгилаган пахта режасини бажаришни талаб қилишни давом эттирди, кўнгилли ишчиларни жалб қилиш учун эса пахта ва уни териб олиш меҳнати учун етарли бўлмаган паст нархларни белгилади, натижада пахтани териб олиш учун кўплаб катта ёшли ишчилар ва камроқ миқёсда болалар сафарбар этилди. Ҳукумат, шунингдек, теримни кузатиш ва ҳужжатлаштиришга уринган мустақил кузатувчиларга кескин қарши чиқиш, уларни таҳқирлаш ва ҳибсда ушлаб туриш йўли билан пахта далаларидаги меҳнатга оид қонунбузарликларни яшириш ҳаракатларини кучайтирди. Ҳукумат Халқаро Меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорлик қилишда давом этди ва Жаҳон банки ва ХМТ билан тузган келишувни бажарди. Келишувга кўра, ХМТ вакиллари “Муносиб меҳнатга дастури” доирасида ишга олиш жараёнларини кузатганлар, шу билан бирга,  Ўзбекистонда пахта етиштириладиган  11 вилоятда 2015 йил йиғим-терим мавсумида  болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари бўйича мониторинг олиб борганлар. . Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланишни қисқартирди, бунда асосан йиғим-теримда 18 ёшдан кичик болаларнинг иштирок этиши тақиқланишига доир қарорни ҳаётга самарали татбиқ этди. 2015 йилги пахта териш мавсумида ҳукумат иккинчи йилдирки бутун мамлакат бўйлаб пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги омма хабардорлигини ошириш кампаниясини олиб борди ҳамда биринчи маротаба ҳукумат ушбу кампанияда мажбурий меҳнатга қарши  огоҳни киритди. Шунингдек, ҳукумат ўзи Жаҳон банки ва ХМТ билан маслаҳатлашиб ишлаб чиққан, мажбурий меҳнатни тугатишга қаратилган ҳаракат дастурини кучга киритди. У мазкур дастур бўйича амалга ошириладиган ишларни молиялаштирувчи манбаларни аниқлади. Шунигдек, ҳукумат коллеж ва лицей талабалари, жумладан 18 ёшга етганларни ҳам 2016 йилги пахта теримига юбормаслик мажбуриятини олди. Трансмиллий одам савдоси бўйича амалга оширилган саъй-ҳаракатларга келсак, ҳукумат одам савдоси билан шуғулланувчиларни суд орқали таъқиб этишда ҳамда одам савдосига оид реабилитация марказини маблағ билан таъминлашда давом этди. Шунингдек, ҳукумат милиция, судья ва бошқа мулозимлар учун одам савдосига оид махсус тренинглар ўтказди. 2015 йили ўзбекистонлик мулозимлар бир нечта трансмиллий текширувларда чет эл ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилди.

Ўзбекистон учун тавсиялар:

Пахта йиғим-терими мавсумида катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланишни тугатиш учун амалий чораларни қўллаш; ҳар йилги пахта йиғим-терими мавсумида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишни бартараф этишга қаратилган амалий чора-тадбирларни давом эттириш; мустақил кузатувчиларга пахта етиштириш жараенини мониторинг қилиш учун тўлиқ имкон яратиш ҳамда меҳнат шароитларини ҳужжатлаштиришгани учун фаолларни таъқиб этиш, ҳибсда ушлаб туриш ва таҳқирлашни тўхтатиш; пахта йиғим-терими учун мажбурий иш кучини сафарбар этиш мақсадида фермер ва мулозимларга нисабатан босимни камайтиришга қаратилган қишлоқ хўжалик соҳасидаги меҳнат шароитларини яхшилаш учун миллий ҳаракат дастурини ҳаётга тадбиқ этишни бошлаш; ўқитувчи, тиббиёт ходимлари, коллеж ва лицей талабаларини сафарбар этмаслик ҳақидаги мажбуриятларни бажариш; одам савдосига алоқадор мулозимларни текшириш, етарли далиллар мавжуд бўлганда эса, тегишли тартибга амал қилган ҳолда, жавобгарликка тортиш; талабалар ва давлат хизматчиларига пахта теримида қатнашишни рад этиш имконини берувчи мақбул механизмларни ишлаб чиқиш; меҳнат ҳуқуқларидан, жумладан пахта йиғимига алоқадор ҳуқуқлардан хабардорликни тарғиб этишни кучайтириш ва давом эттириш; меҳнатга оид ҳуқуқларнинг бузилишини рўйхатга олиш ва текшириш жараёнларини такомиллаштириш; одам савдосига қарши курашувчи ННТларга қурбонларга кўмак бериш ва давлатга қарашли бошпаналарга қабул қилинмаганларни бошпана билан таъминлашда қўшимча ёрдам кўрсатиш; қурбонлар одам савдосига жалб этилгани пайтида содир этган амаллари, жумладан ноқонуний равишда чегарани кесиб ўтгани учун жазога тортилмаслигини таъминлашга қаратилган қўшимча чораларни ишлаб чиқиш; одам савдоси қурбонларини аниқлаш тартибларини такомиллаштириш, уларнинг мунтазам ва фаол бўлишини таъминлаш ҳамда қурбонларни муҳофаза хизматларига самарали йўналтириш; ҳамда одам савдоси билан шуғулланувчи деб кўрилган гумондорларни, тегишли ҳуқуқий тартибга амал қилган ҳолда, тергов қилишни ва суд орқали таъқиб этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш.

Жавобгарликка тортиш

Жинсий эксплуатация ва трансмиллий меҳнат эксплуатация мақсадида қаратилган одам савдосига қарши ҳукумат томонидан фаол равишда қонунни татбиқ этиш саъй-ҳаракатлари амалга оширилди. Жиноят кодексининг 135-моддаси жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси ҳамда мажбурий меҳнатни тақиқлайди ва бунинг учун 3 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси белгилайди, бу етарлича қаттиққўл ва жинсий зўрлаш сингари бошқа жиноятлар учун белгиланган жиноятларга белгиланадиган жазоларга мутаносибдир. Ўзбекистон одам савдоси ва у билан боғлиқ жиноятларга тегишли тергов, ҳуқуқий таъқиб, айблов ав ҳукмлар тўғрисидаги ҳуқуқий маълумотларни тақдим этди. Ҳукумат берган маълумотга кўра, 2015 йилда 696 та ҳолат бўйича тергов олиб борилган, одам савдосига оид 372 та иш судга оширилган. Давлат органлари 2015 йилда 460 нафар кишини одам савдоси бўйича айбдор деб топган, бу кўрсаткич 2014 йилдаги 583 нафарга қараганда камроқдир. Ҳукуматга кўра, 442 нафар кишига қамоқ жазоси қўлланган, 15 нафар киши ахлоқ тузатиш меҳнатига жалб қилинган; жазога ҳукм қилинганларнинг нечтасининг иши шартли эканлиги номаълум. Ички ишлар вазирлиги таркибида одам савдосига оид жиноятлар бўйича алоҳида бошқарма мавжуд. Ҳукумат милиция, судья ва бошқа мулозимлар учун одам савдосига доир махсус тренинглар ўтказди. 2015 йилда Ўзбекистон ҳукумати бир нечта трансмиллий жиноятлар бўйича чет эл ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилди. Пахта йиғим-терими ва бошқа мажбурий меҳнатга алоқадор соҳаларда ҳукумат вакиллари иштирок этгани ҳақида далиллар бўлишига қарамай, ҳукумат бу йил мулозимларга нисабатан одам савдоси бўйича жиноий иш қўзғатилгани ё ишни судга оширгани ёки уларга қарши аблов чиқаргани хусусида ахборот бермади, аммо етти нафар мулозимни мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортди.

Ҳимоя

Ҳукумат жинсий эксплуатация ва трансмиллий одам савдосидан жабр кўрганларни аниқлаш, ёрдам бериш ва ҳимоя остига олишда саъй-ҳаракатлар қилди, аммо пахта йиғим-терими вақтида мажбурий меҳнат қурбонларига ёрдам беришда етарли саъй-ҳаракатларни амалга оширмади. 2015 йили ҳукумат одам савдосидан жабр кўрган 924 шахсни аниқлади, бу кўрсаткич 2014 йили 1208 тани ташкил этганди. Ушбу 924 қурбоннинг 140 нафари мамлакат ичида эксплуатация қилинган, қолганлари эса бошқа мамлакатларда эксплуатация қилинган ўзбекистонлик фуқаролардир. ННТлар ва битта халқаро ташкилот 2015 йили 774 нафар одам савдоси қурбонини аниқлади, ушбу кўрсаткич 2014 йили 847 нафар эди. Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари тегишли сафар ҳужжатлари тақдим этган ҳолда 146 нафар қурбоннинг ватанга қайтишига ёрдам берди. Ҳукумат аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан мамлакат ичида одам савдосига жалб этилганлар орасида қурбонларни фаол аниқлаш ва уларни муҳофаза хизматларига йўналтириш  бўйича изчил жараён ишлаб чиқмади. Одам савдосининг потенциал қурбонларини аниқлай олган милиция, консуллик расмийлари ва чегарачилар уларни давлатга қарашли бошпана ёки ННТ хизматларига йўналтирди. Ҳукуматга қарашли реабилитацион ва ҳимоя хизматларидан баҳраманд бўлиш учун қурбонлар ўзлари яшайдиган ҳудуд расмийлари номига жиноий иш ҳақида шикоят ёзишлари керак, шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги текшириув олиб бориш учун қарор чиқаради ва мурожаат этувчи шахсга расмий “қурбон” деган статус беради. ННТларнинг хабар қилишича, Ички ишлар вазирлигига жиноят ишларини йўналтириш бўйича яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган, бу жиноятни текшириш ва қурбонлар учун тегишли гувоҳнома олишга йўл очган.

Ҳукумат одам савдосидан жабр кўрган, расмий қурбон деган статусдаги эркак, аёл ва болаларга кўмак берувчи реабилитацион марказ учун тахминан 459 миллион сўм ($160700) ажратган, 2015 йилда у ерда 503 нафар жабрланганга ёрдам кўрсатилган, 2014 йилда эса 369 нафар кишига ёрдам берилган. Марказ бошпана бериш, тиббий, психологик, ҳуқуқий хизмат ва ишга жойлашишда ёрдам бериш билан шуғулланган. Жабрланганларга у ердан ўз хохишлари билан кетишга рухсат берилган, бироқ баъзан улардан жиноий ишда кўмак бериш учун у ерда қолиш талаб қилинган. Марказ чет эллик жабрланганларни ҳам қабул қилиши мумкин, аммо очилганидан буён ҳали бундай ҳолат кузатилмаган. 2011 йилдан буён марказ жинсий экплуатация қурбонларига хизмат кўрсатмади. Расмийларга кўра, баъзи узоқ вилоятлар транспорт харажатлари сабабли жабрланганларни марказга йўналтирмаган, гарчи бу ишга маҳалла кенгашлари масъул бўлган. Ижтимоий бошпанадан ташқари, ҳукумат ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилган жабрланганлар хавфсизлигини таъминлади, жумладан судга бориб-келишда уларни соқчилар билан таъминлади. Ҳукумат маҳаллий ННТларни касбга оид тренинглар ўтказиш ҳамда жабрланганларга тиббий хизмат кўрсатиш учун маблағ билан таъминлади, уларга солиқ имтиёзлари ва давлатга қарашли ердан фойдаланишга имкон яратди. Бу ННТ хизматлари жуда муҳим бўлди, чунки расмий идоралар жинсий эксплуатация қурбонларини, шунингдек  ҳуқуқ тартибот органларига ариза ёзишни истамаган ва шу боис давлатга қарашли бошпанадан фойдалана олмайдиган жабрланганларни ушбу ННТлар ҳузурига йўналтирди. Трансмиллий жинсий эксплуатация ва меҳнат эксплуатация мақсадида одам савдоси жабрланувчилари чегарани ноқоқнуний босиб ўтгани учун жиноий жаримага тортилиши мумкин бўлди, бироқ ННТларга кўра, ҳукумат  ННТлар томонидан тегишли далиллар келтирилган ҳолатларда бундай айбловларни олиб ташлаган. Жабрланганларга видео ё ёзма ариза орқали судда кўрсатма беришга рухсат этилмади, иш жараёнида уларнинг шахси ҳақидаги маълумотлар сир тутилмади. Жабрланганлар уларни  одам савдосига жалб қилган шахслардан тегишли компенсация олиши учун самарали механизм мавжуд бўлмади; жабрланганлар одам савдоси билан шуғулланувчиларга қарши даъво киритиш мумкин бўлди, аммо кўпчилигининг ҳуқуқий ёрдам берувчи вакил олишга қурби етмади

Профилактика ишлари

Ҳукумат қишлоқ ҳўжалик соҳасида сафарбар қилинган иш кучидан фойдаланишга оид тартиб-қоидаларга ўзгартириш киритмади, жумладан теримчиларга  пахта териш нормаси ва паст хизмат ҳаққи хусусида етарли чора-тадбирларни қўлламади. 2015 йил декабрь ойида ҳукумат 2020 йилга қадар бутун пахта етиштириладиган майдонни 13 фоизга қисқартиришга қарор қилди. 2016 йил январда эса ҳукумат мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича қишлоқ хўжалигига оид ислоҳотларни ҳам ўз ичига олган миллий чоралар режасини ишлаб чиқди. 2015 йилги пахта териш мавсумида ҳукумат иккинчи йилдирки бутун мамлакат бўйлаб пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги омма хабардорлигини ошириш кампаниясини олиб борди ҳамда биринчи маротаба ҳукумат ушбу кампанияда мажбурий меҳнатга қарши  огоҳни киритди. Меҳнат нозирлари пахта териш учун болалар меҳнатидан фойдалангани учун етти нафар расмийга жарима солди. Ҳукумат келажакда бошқалар томонидан ҳуқуқбузарликларни олдини олиш  учун мулозимларга қарши очилган жиноий жавобгарлик ҳолатлари ҳақида махсус хабар тарқатмади. Бундан ташқари, марказий ҳукумат фермер ва маҳаллий мулозимлардан давлат белгилаб берган пахта етиштириш режасини бажаришни талаб қилишда давом этди, бу эса кўп сонли вояга етган шахсларни пахтага сафарбар этишга ва баъзи ҳолларда болалар меҳнатидан фойдаланишга олиб келди.

2015 йили ҳукумат ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини пахта теримига сафарбар этмаслик ҳақида ишонтирган эди, бироқ бунга амал қилмади. Ҳукумат пахта териш комбайнларини кўпайтириш ниятида эканини таъкидлади, аммо молиявий муаммолар ва фермерларнинг пахтани қўлда теришини афзал билиши натижасида бу режалар амалга ошмади. 2016 йил март ойида ҳукумат аксарияти 18 ёшга тўлган, аммо 17 ёш ҳам бўлиши мумкин бўлган коллеж ва лицейларнинг учинчи курс талабаларини пахтага сафарбар қилмасликка ваъда берди. Ҳукумат тасдиғи билан, 2015 йили ХМТ қишлоқ хўжалигидаги ишга ёллаш тажрибалари бўйича сифатли текширув олиб борди, у мажбурий меҳнат, жумладан пахта мавсумидаги квота тизими ва кенг миқёсда ишга ёллаш масалаларини қамраб олди. Бундан ташқари, ҳукумат Жаҳон банки ва ХМТ билан эришилган келишувларини бажарди. Ушбу келишувларга кўра,  2015-2017 йиллар пахта мавсумида ХМТ Ўзбекистондаги пахта етиштириладиган ҳудудларда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш йўқ эканлигига амин бўлиш учун мониторинг олиб боради. Бу мониторинг Жаҳон банки молиялаштирувчи лойиҳалар амалга оширилаётган вилоятларда бўлиб ўтади (бу вилоятлар пахта етиштириладиган ҳудуднинг 60 фоизини ташкил этади).  Жаҳон банки ва ХМТ билан ҳамкорликда ҳукумат меҳнат соҳасидаги қонунбузарликлар тўғрисида фуқаролардан хабар олиб туриш мақсадида иккита қайта алоқа механизми ишлаб чиқди. Ҳукуматга кўра, бунинг натижасида етти ҳолатда ойлик тўланмаган 250 нафар кишига ўз ҳаққи олиб берилган. Мустақил кузатувчиларнинг айтишича, тегишли ишонч телефон хизматларига ҳар доим ҳам тушиш имкони бўлмаган, миллий хавфсизлик хизматлари у ерга қўнғироқ қилган бир неча кишига пўписа қилиб, қонунбузарликлар ҳақида қўшимча хабар қилса ойлигини кесиш билан қўрқитган. 2016 йил январь ойида ҳукумат 2016-2018 йиллар учун қишлоқ хўжалик сеторидаги меҳнат шароитлари борасида ҳаракат дастурини тасдиқлади. Унда меҳнат шароитларини текшириш ва фуқаролар учун меҳнат соҳасидаги қонунбузарликлар тўғрисида хабар қилиш механизмларини мустаҳкамлаш, ишчиларнинг минимал сони ва фермалар учун талаб этиладиган ойлик миқдорини аниқлаш услубини ишлаб чиқиш ҳамда пахта ишлаб чиқаришни эркинлаштириш учун баҳолаш тизимини тайёрлаш ва бошқалар кўзда тутилган.

Ҳукумат ўзининг одам савдосига қарши мувофиқлаштирувчи комиссиялари тармоғи орқали 2015-2016 йилдаги трансмиллий одам савдосига оид миллий ҳаракат дастурини амалга оширишда давом этди. Республика ҳукумати вакиллари мониторинг сафарлари уюштириб, маҳаллий комиссияларга тренинглар ўтказди. Ҳукумат трансмиллий жинсий эксплуатация ва меҳнат эксплуатацияси учун одам савдоси бўйича жамоатчиликни хабардор қилишни кенг жорий этди, жумладан, турли тадбирлар ўтказди, босма нашрлар, телевидение ва радиода хабарлар тарқатди, бу ишда кўпинча ННТлар билан ҳамкорлик қилди ва тегишли кўмак берди. Тижорий мақсадда жинсий хизматларга  бўлган талабни ёки мажбурий меҳнатни қисқартириш мақсадида саъй-ҳаракатлар қилмади. Ҳукумат ўзининг дипломатик ходимларига одам савдоси билан шуғулланишга қарши курашиш бўйича тренинг ўтказди.

Ўзбекистон ҳукумати учун одам савдоси бўйича 2016-2017 йил ҳаракат дастуриси

Қуйида Ўзбекистон ҳукуматининг келгуси йил давомида одам савдосига қарши саъй-ҳаракатларини илгари суриш мақсадида муайян мақсад ва вазифалар учун тавсияларни келтирилган:

  1. Йиллик пахта йиғим-терими даврида вояга етган шахсларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишни тугатиш учун кескин чоралар қўллаш.
  2. Йиллик пахта йиғим-терими даврида болаларнинг мажбурий меҳнатини бартараф этиш учун олиб борилаётган зарур саъй-ҳаракатларни давом эттириш.
  3. Мустақил кузатувчиларга пахта йиғим-теримини мониторинг қилиш учун тўлиқ имкон яратиш, фаолларни меҳнат шароитларини ҳужжатлаштириши учун тазйиқ ўтказиш, ҳибсда тутиб туриш ва таҳқирлашни чек қўйиш.
  4. Фермерлар ва расмийларга ишчи кучини пахта теримига мажбуран сафарбар этиш учун босим ўтказишни камайтириш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат шароитларини яхшилаш учун милилй ҳаракат дастурини ҳаётга татбиқ этишни бошлаш.
  5. Ўқитувчи, тиббиёт ходимлари, коллеж ва лицей талабаларини сафарбар этмаслик ҳақидаги мажбуриятларга амал қилиш.
  6. Одам савдосига алоқадор мулозимларни тергов қилишни ошириш, етарли далилар мавжуд бўлганда эса, ҳуқуқий тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда жавобгарликка тортиш.
  7. Талаба ва давлат хизматчиларига пахта теримида иштирок этишдан бош тортишга имкон берувчи мақбул механизмларни ишлаб чиқиш.
  8. Меҳнат ҳуқуқлари, шу жумладан пахта теримига оид ҳуқуқларни кенгайтириш ва бохабарликни оширишни давом эттириш.
  9. Меҳнат ҳуқуқларининг бузилишини рўйхатга олиш ва текшириш жараёнларини такомиллаштириш.
  10. Давлатга қарашли бошпанага қўйилмаган жабрланувчиларга жой берадиган ННТларга қўшимча кўмак кўрсатиш.
  11. Одам савдоси қурбони ўлароқ амалга оширган ҳаракатлари, жумладан чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун жабрланганларга жазога тортмасликка кафолат бериш мақсадида қўшимча чоралар ишлаб чиқиш.
  12. Одам савдосидан жабр кўрганларни аниқлаш тартибларини такомиллиштиришда давом этиш, уларни тизимли ва фаол бўлишини таъминлаш ҳамда жабрланганларни муҳофаза марказларига самарали йўналтириш.
  13. Тегишли жараённи инобатга олган ҳолда гумондор одам савдоси жиноятчиларини тергов қилишда ва жавобгарликкка тортишда давом этиш.