Одам савдоси бўйича 2015 йилги ҳисобот: Ўзбекистон

2-даражали назорат рўйхати

Ўзбекистон эркаклар, аёллар ва болалар мажбурий меҳнатга тортиладиган манба мамлакатдир.  Аёллар ва болалар фоҳишаликка ҳам тортилади. Ўзбекистонлик аёллар ва болалар Ўрта Шарқ, Евроосиё ва Осиёда, шунингдек, мамлакат ичида исловатхона, клуб ва хусусий уйларда фоҳишаликка жалб қилинади.  Ўзбекистонлик эркаклар ва кам сонли аёллар Қозоғистон, Россия ва Украинадаги қурилиш, нефть саноати, қишлоқ хўжалиги, чакана савдо ва озиқ-овқат саноатида мажбурий меҳнатга жалб этилади.  Мамлакат ичида одам савдоси кенг тарқалган.  Ҳукуматнинг катталарни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳоллари ҳар йилги пахта йиғим-терими мавсумида авж олади.  2014 йилда марказий ҳукуматнинг 18 ёшга етмаганларнинг пахта теримида иштирок этишини тақиқлайдиган фармонига қарамай, маҳаллий мулозимлар баъзи туманларда болаларни пахтага сафарбар қилди.  Бундан ташқари, мамлакатнинг катта қисмида коллеж ва лицейларнинг учинчи курс талабаларини пахта теримига юбориш давом этди.  Уларнинг бир қанчаси 18 ёшга тўлмаган болалардир.  Айрим мустақил кузатувчиларнинг таъкидлашича, болалар меҳнатидан фойдаланишнинг пасайиши 2014 йилги пахта теримида катта ёшлиларни ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатга сафарбар этиш ҳолати ўсгани билан боғлиқдир.   Баъзи маълумотларга қараганда, маълум муассасаларнинг талабалари пахта теришдан бош тортган тақдирда ўқув юрти маъмурлари ва ўқитувчилари томонидан ўқишдан тўхтатиш, ҳайдаш ва бошқа тазйиқлар билан таҳдид қилинган.  Пахта теришни истамаган ё ўзининг ўрнига ишлайдиган бошқа киши учун пул тўламаган  ёки кунлик пахта териш нормасини бажармаган айрим катта ёшли кишилар ижтимоий таъминот, ишдан ҳайдалиш ва бошқа оворгарчиликлар билан қўрқитилган.  Баъзи вилоятлардаги хусусий корхоналар ҳукуматнинг текшир-текшири ва солиқларидан хавфсираб, ўз ходимларини пахтага юборган.  Айрим мустақил кузатувчиларга кўра, 2014 йилги йиғим-терим даврида, ҳеч бўлмаганда қисман, бир неча ишчи жароҳат олган ё ўлган.  Кам сонли хабарларда айтилишича, баъзи вилоятларда ўқитувчи, талаба, хусусий бизнес ходимлари ва бошқалар вақти-вақти билан маҳаллий мулозимлар томонидан қурилиш, қишлоҳ хўжалиги ва боғ-роғларни тозалаш ишларига мажбурий меҳнатга юборилган.

Ўзбекистон ҳукумати одам савдосини тугатиш учун минимум андозаларга тўлиқ амал қилмайди; бироқ у бунинг учун муҳим саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.  Ҳукумат 2014 йил пахта йиғим-терими мавсумида 18 ёшга етмаган болаларни жалб қилишни ман этувчи қарор чиқарди ва кенг оммага тарқатди ҳамда пахта теришда болалар меҳнатидан фойдаланувчи коллеж директорлари ва деҳқон хўжаликларини жаримага тортди. 2014 йили, ҳукумат Халқаро меҳнат ташкилотининг №182 (Болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шакллари) ва №105 (мажбурий меҳнатни бекор қилиш) конвенцияларига амал қилишда ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун миллий сиёсатни ишлаб чиқишда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурига оид шартномани имзолади.  Мазкур шартноманинг бир қисмида ХМТ қишлоқ хўжалиги, хусусан пахта секторидаги ишга ёллаш амалиёти ва иш шароитлари бўйича текширув олиб бориш ҳуқуқига эгалиги баён этилган.  Шунингдек, ҳукумат Жаҳон банки ва ХМТ билан ХМТ га 2015-2017 йиллар пахта йиғим-терими мавсумида Жаҳон банки молиялаштирадиган бешта лойиҳа амалга ошириладиган ҳудудда, Ўзбекистонда пахта етиштириладиган майдоннинг тахминан 60 фоизини ўз ичига олувчи ҳудудда, болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш бўйича мониторинг олиб бориш учун рухсат беришга келишди.  Бундай саъй-ҳаракатларга қарамай, жиддий хавотирлар сақланиб қолди, 2014 йилги пахта мавсумида ҳукуматнинг катталарни мажбурий меҳнатга жалб этиши маҳаллий даражада давом этди.  Хабарларга кўра, маҳаллий ҳукумат мулозимлари ҳукумат белгилаб берган режани бажариш босими остида, ҳукумат қарорига қарши ўлароқ, маълум вилоятлардаги бир нечта туманларда болаларни йиғим-теримга сафарбар этди.  Ҳукумат қонунбузарликларни ҳужжатлаштиришга уринган камида икки нафар фаолни қўрқитиш ва ҳибсга олиш орқали пахта далаларида қонунга риоя қилмаслик ҳолатларини яширишга ҳаракат қилган.  Ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган саъй-ҳаракатларга келсак, ҳукумат эркаклар, аёллар ва болалар учун одам савдосига оид реабилитация марказини маблағ билан таъминлашда давом этди ҳамда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари 368 нафар жабрланувчини мамлакатга қайтишига ёрдам берди.

ЎЗБЕКИСТОН УЧУН ТАВСИЯЛАР: Ҳар йилги пахта-йиғим терими мавсумида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишни бартараф этиш мақсадида ҳозирда амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирларни давом эттириш; пахта мавсумида катталар меҳнатидан мажбурий фойдаланишни тугатиш учун зарур чораларни қўллаш; мустақил фуқаролик жамияти гуруҳларига йиллик пахта йиғим-теримини мониторинг қилиш учун тўлиқ, тўсиқсиз имкон яратиш; тегишли тартибга амал қилган ҳолда одам савдосига алоқадор мулозимларни текшириш, етарли далиллар мавжуд бўлганда эса жавобгарликка тортиш; шартномалардан коллеж талабалари ва давлатга қарашли корхоналар ходимларидан уларнинг пахта мавсумида иштирок этишларини талаб қилувчи бандни олиб ташлаш; одам савдоси қурбонларини аниқлаш тартибларини такомиллаштириш, уларнинг мунтазам ва фаол бўлишини таъминлаш ҳамда қурбонларни муҳофаза хизматларига самарали йўналтириш; меҳнатга оид, жумладан пахта мавсумига оид ҳуқуқлардан бохабарликни тарғиб қилиш ҳамда у ҳуқуқларнинг бузилиш ҳолатларини рўйхатга олиш ва текширув олиб бориш учун шаффоф жараённи ишлаб чиқиш; меҳнат шароитларини ҳужжатлаштирганлик учун фаолларга босим ўтказишни тўхтатиш; одам савдосига йўлиқиши натижасида қилган хатти-ҳаракатлари, шу жумладан ноқонуний равишда чегарани кесиб ўтгани учун қурбонларни жазога тортилмаслигини таъминлаш бўйича қўшимча чораларни тадбиқ этиш; одам савдосига қарши курашувчи ННТларга қурбонларга кўмак бериш ва бошпана билан таъминлашда тегишли равишда ёрдам кўрсатишни давом эттириш; одам савдоси билан шуғулланувчи деб кўрилган гумондорларни тегишли тартибга амал қилган ҳолда таъқиб этиш ва текширишга оид саъй-ҳаракатларни давом эттириш.

ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ

Ҳукумат ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича аралаш фаолият юритди; гарчи у жинсий алоқа  ва трансмиллий одам савдосига қарши саъй-ҳаракатлар қилса-да, пахта йиғим-терими мавсумида катталарни меҳнатга мажбурланишига барҳам беришда бундай ҳаракатларни амалга оширмади, болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқловчи қарорнинг тўлиқ ижроси оқсади, чунки баъзи туманлардаги маҳаллий мулозимлар йиғим-терим якунида болаларни далага сафарбар этди.  Жиноят кодексининг 135-моддаси мажбурий фоҳишаликни ҳам, мажбурий меҳнатни ҳам тақиқлайди ҳамда бунинг учун 3 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси белгилайди, бу анча қаттиқ  ва жинсий зўрлаш сингари бошқа жиноятлар учун белгиланган жиноятларга мутаносибдир.  Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартиботга оид маълумотлари шаффоф эмас ва мустақил равишда уларни текшириш имкони ҳам йўқ. 2014 йили ҳуқуқ идоралари одам савдоси билан боғлиқ 1016 та ҳолат текширилгани ҳақида хабар берди; бу кўрсаткич 2013 йили 1093 та эди.  Мулозимларнинг хабарига қараганда, 2014 йилда 641 нафар киши айбланган ва 583 та иш судга оширилган; 2013 йили бу кўрсаткич 597 тани ташкил этганди.  Ҳукумат судланганларнинг 559 нафари  турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилганини, 19 нафар жиноятчи эса ахлоқ тузатишга жалб қилинганини хабар қилди. 2013 йилда 583 нафар жиноятчи турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.  Ҳукумат таркатган маълумотга кўра, 583 нафар судланган жиноятчиларнинг 130 нафарига кейинчалик шартли жазо тайинланган. 2014 йили Ички ишлар вазирлиги Тошкентдаги мавжуд ҳуқуқ-тартибот бўлимини одам савдосига қарши курашиш бўлимига айлантирди ҳамда ҳар бир вилоятдаги одам савдосига қарши бўлинмадаги одам савдоси билан шуғулланувчи ходимлар сонини кўтарди.

Ҳукумат амалдорларининг пахта йиғим-терими вақтида одам савдосида иштирок этиш ҳолатлари кўп бўлди. Пахта теришдан бош тортган, ўрнига бошқа ишчи олиш учун пул тўламаган ёки белгилаб қўйилган нормани бажармаган айрим катта ёшлилар ижтимоий таъминотдан четлатиш, ишдан бўшатиш ва бошқа тазйиқ билан қўрқитилган.  Хабарларга қараганда, баъзи вилоят ва маҳаллий ҳокимият жойларда давлат муассасалари, университетлари ҳамда корхоналарига 2014 йилги пахта йиғим-терими ишларига талабаларни, ўқувчиларни, тиббиёт ходимларини, давлат хизматчиларини, ҳарбийларни, хусусий корхона ишчиларини ҳамда маҳаллий аҳолини жалб этиш учун турли равишда таъсир ўтказиб келган.  Кам сонли талабаларнинг хабар қилишича, Ўзбекистон ХМТ конвенцияларини имзолагинини айтганидан сўнг пахта теримидан озод қилинган бўлса, бошқа талабалар пахта теришдан бош тортган тақдирда мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар томонидан ўқишни тўхтатиш, ўқишдан четлатилиш ва бошқа таҳдидлар билан қўрқитилган.  Давлат хизматчилари, шу жумладан ўқитувчилар ҳамда касалхона ходимлари, жамоа шартномаси моддаси асосида ҳар йили турли жойларга 60 кунгача муддатга ўтказилиш мажбурияти асосида ишлашади.  Университет талабалари эса ўқув юртига қабул қилинишнинг бир шарти сифатида пахта теримида қатнашишни талаб этувчи шартномани имзолайди.  Бу шартномалардан давлат ташкилотлари ходимлари ва университет талабаларини пахта теримига сафарбар қилишга қонуний тус бериш мақсадида фойдаланилган.  Баъзи туман ва шаҳарларда ҳукумат хусусий корхоналарга ишчиларининг бир қисмини пахта йиғим-теримига жалб қилиш учун босим ўтказган, акс ҳолда давлат текшируви ва солиқларини ошириш билан қўрқитган.  Милиция камида икки нафар фаолга пахта далаларидаги ҳуқуқбузарликларни ҳужжатлаштиргани учун таҳдид қилган ва ҳибсда ушлаб турган.

ҲИМОЯ

Ҳукумат жинсий эксплуатация ва трансмиллий одам савдосидан жабр кўрганларни аниқлаш, ёрдам бериш ва ҳимоя остига олишда саъй-ҳаракатлар қилди, аммо пахта йиғим-терими вақтида мажбурий меҳнат қурбонларига ёрдам беришда жон куйдирмади. 2014 йилда Ўзбекистон 1997 йили ратификация қилган “Мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича конвенция”ни ҳаётга тадбиқ қилиш мақсадида ХМТ ҳукумат рухсати билан қишлоқ хўжалиги, хусусан пахта секторидаги ишга ёллаш амалиёти ва иш шароитлари борасида текширув олиб боришни бошлади.  Ҳукумат пахта секторида катталарни мажбурий ишлатишни очиқ тан олмагани учун бундай қурбонларни аниқлаш ва уларга ёрдам кўрсатиш тўсиққа учради.  Ҳукумат хабарига кўра, 2014 йилда у 1208 нафар одам савдоси қурбонларини аниқлаган, уларнинг кўпчилиги мажбурий меҳнатга жалб этилган. 2013 йили бу кўрсаткич 1392 нафарни ташкил этганди.  Бу жабрланганларнинг 143 нафари мамлакат ичида эксплуатация қилинган, қолганлари эса бошқа мамлакатларда одам савдоси қурбонлари бўлган Ўзбекистон фуқароларидир.  ННТ ва халқаро ташкилотлар 2014 йилда 847 нафар одам савдоси қурбонларини аниқлаган ва ёрдам берган, бу кўрсаткич 2013 йили 451 нафар кишини ташкил этган.  ННТларнинг таъқидлашича, бу борадаги ўсиш расмийларнинг ННТларга мунтазам равишда мурожаат қилгани ва ҳамкорлик ўсганидан далолат беради.

ХМТ да 2014 йилги йиғим-теримни мониторниг қилиш учун на мандати ва на маблағи бўлди, аммо у ҳукуматнинг мониторинг гуруҳига техник ёрдам кўрсатди.  Ҳукумат расмийлар, ННТ вакиллари ва Касаба уюшма федерациясидан иборат саккизта ҳудудий мониторинг гуруҳи тузиб, мониторинг ўтказди. Бу гуруҳлар 172 та қишлоқ ҳудудларида 745 та интервью ўтказди, шу жумладан 316 та касб-ҳунар коллежи ва лицейларига, 395 та фермер хўжаликларига ташриф буюрди.  Мониторинг даврида ҳукумат 41 нафар бола ота-оналари билан биргаликда пахта тераётганини хабар қилди. 2013 йили болаларни меҳнатга жалб қилинган 53 та ҳолат аниқланган эди.  Кузуатувчиларнинг хабар қилишича, 2014 йилги йиғим-терим мавсумига сафарбар қилинган болалар сони камайган.  Бироқ, кузатувчилар баъзи районлардаги маҳаллий мулозимлар 13 дан 17 ёшгача бўлган болалар ўқийдиган бутун синфларни терим охирида пахта теришга жалб қилганлигини ҳам ҳужжатлаштиришди.  Улар камида бир ўринда икки нафар боладан ҳукумат мониторингидан ўзини четга олиш учун маълум бир куни пахта даласига чиқмаслик талаб этилганини тасдиқлади.

Ҳукумат аҳоли орасидаги заиф қатламнинг қурбонга айланиши, жумладан мамлакат ичида одам савдосига йўлиқишини фаол равишда аниқлаш, уларни ҳимоя қилувчи идораларга йўналтириш учун изчил жараёнга эга бўлмади.  Милиция, консуллик хизмати ходимлари ҳамда чегара қўриқчилари чет элдан қайтиб келаётган одам савдосидан жабрланганларни ННТларга йўналтирди.  Ҳукуматга қарашли реабилитацион ва ҳимоя хизматлари Одам савдосига қарши курашиш идоралараро комиссиясига жиноий иш ҳақида шикоят ёзиб, иш юзасидан текширув олиб бориш учун ХМТнинг ижобий қарорини олгач, расмий “қурбон” деган статус олган қурбонларга боғлиқ бўлди.  Ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилган қурбонларга хавфсизлик хизмати, жумладан, одам савдосига қарши кураш бўйича қонун асосида судгача ва суддан кейин кузатиб борилиш хизматидан фойдаланишга рухсат этилди.  ННТлар қурбоннинг шахсини сир сақлаш борасида ҳуқуқий талабларга тобора амал қилиб борганини хабар қилди.

Ҳукумат одам савдосидан жабр кўрган эркак, аёл ва болаларга кўмак берувчи реабилитацион марказ ишини молиявий томондан қўллаб-қувватлашда давом этди; марказ 2014 йилда 369 нафар жабрланганга ёрдам кўрсатган.  Марказ 30 та ётоқ жойдан иборат бўлиб, у ерда ҳамширалар, психолог, адвокат ва ижтимоий хизматчи фаолият олиб боради.  Жабрланганлар у ерни тарк этишлари мумкин.  Бироқ, у ерда қолиш учун жабрланганлар маълум қоидаларга амал қилишига, масалан ташқарига чиқиш учун рухсат сўрашига, комендантлик соатига риоя қилишига тўри келди.  Солиқ тўлашда имтиёзлар бериш ва ҳукумтга қарашли ердан фойдаланишга имкон беришга қўшимча равишда ҳукумат маҳаллий ННТларга жабрланганларга касб-ҳунарга оид тренинг ўтказиш ва тиббий хизмат кўрсатиш учун молиявий кўмак берди.  Одам савдосидан жабрланганлар ҳукуматнинг тиббий ёрдамини олиш ҳуқуқига эга бўлдилар; 2014 йилда 898 нафар жабрланган киши тиббий кўрикдан ўтди ва қўшимча тиббий ёрдам олди. Ўзбекистоннинг четдаги дипломатик ваколатхоналари 368 нафар жабрланганга ўз ватанига қайтишига ёрдам берди.  Хабарларга кўра,  трансмиллий жинсий эксплуатация ва мажбурий меҳнатдан расмий равишда жабрланган деб ҳисобланган кишилар  Ўзбекистон чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтганлари аниқланган ҳолатларда жиноий жавобгарликка тортилмаган.  Лекин, жабрланганлар жиноий жавобгарликка тортилганларида, ННТлар уларга оид жиноий ишларнинг тўхтатилишига эришганлари ҳақида хабар беришган.

МУАММОНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Ҳукумат одам савдосининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларни такомиллаштирди.  У трансмиллий жинсий ва меҳнат савдоси бўйича миллий фаолият режасини амалга оширишни ва аҳолини кенгроқ хабардор этишни давом эттирди, жумладан, бу борада турли тадбирлар ўтказди, босма нашрлар, телевидение ва радиода чиқишлар қилди, фильмлар намойиш этди.  Болалар меҳнати масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш мактаб, коллеж ва лицейларда бюллетень ва флайерлар осиш, бутун мамлакатдаги мулозимларга ХМТ конвенцияси 182-бўлими ҳақида босма материаллар тарқатиш, бола меҳнатидан фойдаланишга қаратилган давра столи ва семинарлар ўтказиш орқали болалар меҳнатидан фойдаланишнинг ноқонунийиги ва қалтисликлари хусусида мамлакат бўйлаб кампания ўтказди.  Бундай саъй-ҳаркатларга қарамай, баъзи туманлардаги маҳаллий мулозимлар болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқловчи қонунни бузди ва боллаарни пахта йиғим-теримига сафарбар этди.  11 нафар касб-ҳунар коллежи директорлари ва икки фермер хўжалиги пахта териш учун болалар меҳнатидан фойдалангани учун жаримага тортилди.  Ҳукумат фермер хўжаликлари жарима тўлаганини хабар қилди, аммо коллеж директорлари ҳам жарима тўлагани аниқ эмас.  Кам сонли талабалар пахта йиғим-теримининг таълим муассасаси фаолиятига ҳалақит беришини тақиқловчи ҳукумат қароридан муваффақиятли фойдаланиб, теримдан озод этилди. 2014 йилда, ҳукуматнинг рухсати билан ХМТ қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан пахта секторидаги ишга ёллаш амалиёти ва иш шароитларини текширишни бошлади.  Ҳукумат Жаҳон банки маблағ билан таъминлайдиган бешта лойиҳа амалга ошриладиган ҳудудларда, яъни Ўзбекистонда пахта етиштириладиган майдоннинг тахминан 60 фоизини такшил этадиган ҳудудда, ХМТ 2015-2017 пахта йиғим-терими даврида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишни мониторинг олиб бориши бўйича Жаҳон банки ва ХМТ билан келишиб олди.  Бу лойиҳалардан бири пахтани техника ёрдамида териб олишга қаратилган бўлиб, у ҳукуматнинг йиғим-теримни механизациялаштиришни тобора ошириб бориш, шу тариқа келгусида қўл меҳнатига бўлган талабни қисқартириш тўғрисидаги режаси учун бошланғич модель бўлиб хизмат қилади.  Ҳукумат, шунингдек, пахта териш машинаси сотиб олишни давом эттирди ҳамда уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқбузарликлар кўпроқ содир этилиши мумкин бўлган вилоятларда тарқатилишини режалаштирди.

Ҳукумат тренинг дастурлари ва хабардорликни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш учун ННТларни тегишли жойлар билан таъминлаш, шунингдек, реклама учун бепул жойлар ажратишда давом этди.  Ҳукумат тижорий фаҳш-туризмга бўлган талабни қисқартириш бўйича саъй-ҳаракат қилмади.  Хабарларда кўрсатилишича, Ўзбекистон фаҳш-туризм, шу жумладан потенциал болалар фаҳш-туризми билан шуғулланувчи ҳиндистонлик эркаклар учун манба мамлакат бўлиб келган.  Ҳукумат чет элдаги дипломатик ходимларига одам савдоси билан шуғулланишга қарши курашиш бўйича тренинг ўтказди ҳамда кўрсатмалар ишлаб чиқди.

− Одам савдосига оид ҳисоботнинг ҳар бири маълум ҳукумат учун келгуси йил давомида кўриб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этишини кўзлаган ҳолда алоҳида тавсияларни ўз ичига олади.   Маълум бир мамлакатга оид тавсияларга қўшимча равишда ушбу ҳисоботда Давлат департаменти сизнинг ҳукуматингизга тавсияларни ўз ичига олган тахминий қисқа иш режасини ҳам тақдим этади.  Иш режаси ва унга киритилган тавсиялар мамлакатларга Одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш актида кўрсатилган минимал андозаларга алоқадор кўрсатмалар беришни кўзда тутади.  Бу андозалар Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини тўлдирувчи (Палермо протоколи) Одам савдосининг, хусусан аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, барҳам бериш ва жазолаш протоколида баён этилган андозаларга мос келади.

Ўзбекистон ҳукумати учун иш режаси

Қуйида Ўзбекистон ҳукуматининг келгуси йил давомида одам савдосига қарши саъй-ҳаракатларини такомиллаштириш мақсадида алоҳида мақсад ва вазифалар учун тавсияларни келтирамиз:

  1. Йиллик пахта йиғим-терими даврида мажбурий болалар меҳнатини бартараф этиш учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни давом эттириш.
  2. Йиллик пахта йиғим-терими даврида катталар меҳнатидан мажбурий фойдаланишни тугатиш учун кескин чоралар қўллаш.
  3. Мустақил фуқаролик жамияти гуруҳларига йиллик пахта йиғим-теримини мониторинг қилиш учун тўлиқ ва тўсиқсиз имкон яратиш.
  4. Одам савдосига алоқадор мулозимларни тергов қилиш, етарли далилар мавжуд бўлганда эса галдаги талаблардан келиб чиққан ҳолда жавобгарликка тортиш.
  5. Шартномаларда коллеж талабалари ва давлат корхоналари ходимларига пахта йиғим-теримида қатнашиши талаб этилган бандни олиб ташлаш.
  6. Доимий ва фаол эканини таъминлаш ҳамда жабрланувчиларни ҳимоя хизматларига йўналтириш мақсадида одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш учун тартиб-қоидаларни кучайтириш.
  7. Меҳнатга,  жумладан пахта йиғим-теримига оид ҳуқуқларни илгари суриш ҳамда ўша ҳуқуқларнинг бузилиш ҳолатларини рўйхатга олиш ва тергов қилиш учун шаффоф жараённи ишлаб чиқиш.
  8. Меҳнат шароитларини ҳужжатлаштиргани учун фаолларга таҳдид қилишни тўхтатиш.
  9. Жабрланувчилар одам савдосига жалб қилингани, жумладан чегарани ноқонуний кесиб ўтгани натижасида қилган хатти-ҳаракатлари учун жазога тортилмаслигини таъминлаш мақсадид қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш.
  10. Одам савдосига қарши курашувчи ННТларга ёрдам бериш ва жабрланувчиларга бошпана беришда тегишли кўмак кўрсатишни давом эттириш.
  11. Одам савдосида гумон қилинган жиноятчиларни талаблардан келиб чиққан ҳолда тергов қилиш ва жавобгарлика тортиш саъй-ҳаракатларини давом эттириш.