ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ
Ўзбекистон авторитар давлат бўлиб, унинг конституциясида ҳокимиятнинг ижроия, қонун чиқарувчи ва суд тармоқларига бўлинувчи президентлик тизими белгилаб қўйилган. Президент Ислом Каримов бошқаруви остидаги ижроия ҳокимияти сиёсий ҳаёт устидан ҳукм юргизди ва бошқа ҳокимият тармоқларини деярли тўла назорат қилди. 29 мартда сайловчилар президент Каримовни учинчи муддатга сайладилар, бироқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) чекланган кузатувчилар миссиясига кўра, “иқтидордаги президентга сиёсий алтернатива бўлмагани сабабли” ушбу сайловларда сайловчилар ҳақиқий танловдан маҳрум бўлганлар. Бу ҳол шунингдек бир кишининг президентликка икки муддатдан ортиқ сайланмаслик ҳақидаги мамлакат конституциясида қайд этилган чекловга зид эди. Парламент сайлови 2014 йилнинг декабрида бўлиб ўтди. ЕХҲТнинг кузатувчилар миссиясига кўра, сайловлар “компетент даражада ўтказилган бўлса-да, уларда сайловларга оид ҳақиқий рақобат ва дебатлар бўлмаган”. Фуқаро ҳокимияти вакиллари хавфсизлик кучларини самарали назорат қилди, аммо хавфсизлик хизматлари фуқаролик тузилмаларга кенг равишда кириб борган ва уларнинг ўзаро иш юритиш жараёни аниқ эмас, шу боис фуқаровий ҳокимиятнинг таъсир доираси ва чекловларини аниқлаш қийиндир.
Энг жиддий инсон ҳуқуқлари муаммолари қуйидаги ҳолларни ўз ичига олади: хавфсизлик кучлари томонидан маҳбусларни қийноққа солиш ва таҳқирлаш ҳолатлари; лозим бўлган ҳуқуқий тартиб-қоидаларни қўллаш ва одил судловдан маҳрум қилиш; қонун устуворлигини эътиборга олмаслик; ҳукуматни сайлов орқали ўзгартириш имконига эга бўлмаслик.
Инсон ҳуқуқлари оид давом этаётган бошқа муаммолар қаторига қуйидаги ҳоллар киради: маҳбусларни якка ҳолда сақлаш ва қамоқда сақлаш муддатини узайтириш; оғир ва баъзан ҳаёт учун хавфли бўлган қамоқ шароитлари; асоссиз ҳибсга олиш ва қамоқда сақлаш; дин эркинлигини чеклашнинг кенг тарқалгани, жумладан, камсонли диний гуруҳларга мансуб кишиларнинг таъқиб қилиниши ва турли динларга мансуб диндорлар қамалишининг давом этиши; сўз, матбуот, йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлигининг чеклангани; фуқаролик жамияти чекланиши; ҳаракатланиш эркинлиги чеклангани; аёлларга қарши зўравонлик; фуқароларнинг асосий ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ёки бундай муаммоларга ечим топишнинг имкони йўқлиги; ва давлат томонидан уюштирилган мажбурий меҳнат. Давлат ҳокимияти идоралари ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини таъқиб қилди, асоссиз ҳибсга олди, қаттиқ жисмоний жабр ўтказди; сиёсий буюртма билан судлади ва қамоқда сақлади.
Ҳукумат томонидан амалдорларни суд орқали таъқиб қилиш кам учраган ва “одамига қараб” қўлланилган; шунингдек амалдорлар кўп ҳолларда коррупцион амалларда иштирок этган ва бу ҳоллар жазосиз қолган.
1-бўлим. Шахс дахлсизлигига риоя қилиш, жумладан қуйидагилардан ҳоли бўлиш:
а. Ўзбошимчалик билан ёки ғайриқонуний йўл билан ҳаётдан маҳрум қилиш
Давлат ёки унинг вакиллари ўзбошимчалик билан ёки ғайриқонуний равишда, жумладан қийноқ орқали одам ўлдиргани хусусида хабарлар бўлган.
7 апрель куни ҳукумат Тошкент вилояти Бекобод туманида яшовчи Камолддин Қўзиевни маҳаллий милиция бўлимига чақириб, у ерда уни безориликда гумон қилган ҳолда ҳибсга олди. Унинг оиласи Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсига айтишича, ҳукумат вакиллари 9 апрель куни Қўзиевнинг жасадини оиласига топширганлар, уни зудлик билан кўмишни талаб этганлар, Қўзиев қамоқда ўзини осди, деб айтганлар. Қўзиевнинг оиласи эса унинг танасида кўплаб қийноқ аломатлари борлигини даъво қилган. Ҳукумат Қўзиевнинг ўлимига қаттиққўл муносабат сабаб бўлганини гумон остига олди, лекин унинг ўлими вақтида навбатчилик қилган икки нафар қўриқчи ўз ишига совуққонлик билан қарашда айбланиб, ҳар иккиси ҳам уч йиллик оғир меҳнатга ҳукм этилганини маълум қилган.
Июнь ойида “Озодлик” радиоси хабар қилишича, экстремизмда айбланиб, Самарқанд вилоят миллий хавфсизлик хизмати бошқармасига қарашли қамоқда ушланган асли Жиззах вилояти Пахтакор туманидан бўлган Усмон Аҳмедовнинг ўлимига, қариндоншларига кўра, қийноқ сабаб бўлган. Гарчи мулозимлар унинг ўлимини ўз жонига қасд қилиш дея кўрсатган бўлсалар-да, расмий идорадаги манбаларга кўра, марҳумнинг оиласига суд-тиббий экспертиза хулосаси тақдим этилмаган. Ҳукуматнинг таъкидлашича, Аҳмедовнинг “ўткир предмет билан ўз бўйинини кесиши, ва нафас йўли, қон томирлари ва мушакларни шикастлаши” орқали ўз жонига қасд қилиши сабаб бўлгани унинг ўлимига олиб келган. Ҳукуматга кўра, мурдани ёриш ҳисоботида “У.Аҳмедов ўз жонига қасд қилишда шарикли ручканинг бир қисмидан фойдаланганини истисно қилмайди”.
2005 йили Андижон шаҳрида ҳукумат қўшинлари томонидан камида 187 нафар, эҳтимол ундан ҳам қўпроқ қуролсиз фуқаролар ўлдирилгани юзасидан мустақил халқаро текширув олиб боришга рухсат бермаслик сиёсатини ҳукумат давом эттирди. Ўтган ўн йилдаги каби, 2015 йилда ҳам ҳукумат бу воқеаларга жавобгарликда гумон қилинганларга қарши ҳеч қандай чора кўрмади. 2013 йилги БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги Универсал даврий ҳисобот тақдим этиш мобайнида ва ундан кейин ҳам Ўзбекистон ҳукумати Андижон масаласини “ёпиқ” деб ҳисоблашини қайта таъкидлади.
б. Шахсларнинг бедарак йўқолиши
Шахсларнинг сиёсий сабабларга кўра бедарак йўқолишига оид хабарлар бўлмади. Гарчи баъзи маҳбуслар оила-аъзоларининг хабар беришича, улар жазо муддатини ўтаётган ўз қариндошларини зиёрат қилмоқчи бўлганлар, зеро унинг қайси қамоқхонада эканлигини аниқлай олмаганлар.
Мажбурий ва ғайриихтиёрий бедарак йўқолиши бўйича БМТнинг ишчи гуруҳи чиқарган 2015 йилги ҳисоботда қайд этилишича, олдинги йиллардан қолиб келаётган еттита иш ечимсиз қолмоқда. Ишчи гуруҳининг Ўзбекистонга ташриф буюриш бўйича юборган сўровномаларига ҳукумат жавоб бермаган.
Мамлакат ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари томонидан қидирувда бўлган ва чет элда истиқомат қилаётган шахсларнинг мамлакат махфий хизматлари томонидан олиб қочилиши ва мажбуран Ўзбекистонга қайтариб, у ерда судланганлари ҳақида хабарлар бўлган. Бундай ҳаракатлар ҳатто чет элда бошпана мақомини олган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилган ва бунга мезбон мамлакатнинг хавфсизлик органлари ва кўп томонлама хавфсизлик ташкилотлари монелик қилмаганлар ёки бевосита кўмак ҳам берганлар.
Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш олдини олиш учун Россияда қочқинлик мақомини сўраган Абдулла Рабиев адвокатларининг хабар беришича, у 28 январь куни Москвада Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари вакиллари томонидан олиб қочилган ва мажбуран Ўзбекистонга олиб келинган, бунга Россия ҳукумати вакиллари монелик қилмаганлар. 25 апрел куни Рабиев қариндошларининг Россияда жойлашган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти адвокатларига маълум қилишларича, Рабиев Ўзбекистонга қайтариб келтирилган ва дастлабки тергов изоляторига жойлаштирилган, у ерда Рабиев тақиқланган диний ташкилот “Ҳизб-ут-Таҳрир”га аъзо эканлигини қийноқлар остида иқрор бўлган. Ушбу иш юзасидан юборилган саволларга жавобан, ҳукумат қариндошларнинг гапини на тасдиқлаган, на рад қилган, бироқ Рабиев «суд ордер асосида олиб борилган тезкор қидирув натижасида қўлга олинган ва ўз айбига иқрор бўлгани асосида уч йиллик оғир меҳнатга маҳкум этилган», деб баёнот берган.
2014 йилги янгиликларга кўра, мамлакат махсус хизмати вакиллари Мирсобир Ҳамидқориевни Россия ҳокимияти вакилларининг монелигисиз мажбуран Ўзбекистонга қайтариб келган, гарчи Россия суди унга бошпана бериш қарорини чиқарган эди. Ўзбекистон ҳукумат идоралари Ҳамидқориевни «Ислом жиҳодчилари» тақиқланган диний экстремистик ташкилотини ташкил этиш ва унда иштирок этишда айблаганлар ва 2014 йил ноябрь ойида у саккиз йилга ҳукм қилинган. Гарчи декабрь ойида ҳукумат вакиллари Ҳамидқориевнинг иши ҳамон судда деб айтган бўлсалар-да, 2015 йил ноябрь ойида уларнинг эътирофига кўра, Ҳамидқориев ўтган йили маҳкум этилган.
c. Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайри-инсоний ёки таҳқирли муносабат ёки жазо
Конституция ва қонунчилик бундай амалиётни тақиқлашига қарамасдан, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик ходимлари маҳбуслардан иқрорнома, айбнома тузиш ёки молиявий манфаатга эга бўлиш ниятида маълумот олиш мақсадида уларни мунтазам равишда калтаклаганлар ёки бошқа кўринишдаги қўпол ҳаракатларни қўллаганлар. Манбаларнинг хабар қилишича, қийноққа солиш ва таҳқирлаш қамоқхоналарда ҳам, суддан олдин сақлаш муассасаларида ҳам, маҳаллий милиция ва хавфсизлик хизмати участкаларида ҳам кенг тарқалган. Хабар қилинган қийноқ усулларига қуйидагилар киради: қаттиқ калтаклаш, овқат бермаслик, жинсий таҳқирлаш, нафас йўлларини тўсиш, қўлларни боғлаш, қўллардан осиб қўйиш ва электрошок қўллаш. Шунингдек, мунтазам келиб турган хабарларга кўра, давлат идоралари вакиллари маҳбусларга руҳий босим ўтказганлар, жумладан, маҳбусларнинг оила аъзоларига қарши таҳдид ва шантаж килганлар.
2010 йилда БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Қўмитаси Ўзбекистон Жиноят кодексидаги қийноққа берилган тавсиф мамлакат аъзо бўлган Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайри-инсоний ёки тахқирли муносабат ёки жазога қарши конвенцияга тўғри келмаслигидан ташвиш изҳор қилди. БМТнинг Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайри-инсоний ёки таҳқирли муносабат ёки жазо бўйича Махсус вакилининг мамлакатга оид энг сўнгги баҳолаши 2003 йилда тайёрланган эди, чунки 2002 йилдан бери БМТнинг бу ёки бошқа махсус вакили мамлакатга ташриф буюриши борасидаги кейинги сўровларга жавоб берилмаган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси февраль ойида берган хабарга кўра, хукумат вакиллари Тошкент вилояти Янгийўл тумани ички ишлар бўлимида сохта айбга иқрор қилдириш учун Виталий Белоноговни қийноққа солганлар. Белоногов оиласининг айтишича, идора ходимлари Белоноговни калтаклаганлар ва газ маскасини бошига кийдиришган. Июль ойида Белоногов суд томонидан жинсий тажовузда айбланиб, 15 йилга қамалган.
Август ойида Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) берган хабарга кўра, давлат органлари вакиллари Саидислом Юсуповни 62 кун давомида Тошкент вилояти ички ишлар бўлимида ушлаб турган. Хабар қилинишича, ички ишлар ходимлари, Юсуповни калтаклаганлар, ундан экстремист эканлигини тан олишни талаб қилишган. Маъмурлар Юсуповни бошқа жиноят иши бўйича гувоҳ сифатида гувоҳлик бериши шарти билан қўйиб юборишган.
Fergana News агентлигининг хабар беришича, Тошкентда, март президентлик сайловлари арафасида, Яккасарой тумани ички ишлар бўлими ходимлари жиззахлик фермер ва ҳуқуқ ҳимоячиси Алиқул Саримсоқовни олиб қочишган ва бир ой давомида руҳий касалхонада уни мажбурлаб ушлаб туришган. Давлат органлари вакиллари, Саримсоқовни унинг фаолияти учун ўч олиш мақсадида 2013 йилда ҳам мажбуран руҳий касалхонага жойлаштиришган эди.
Хабарларга қараганда, давлат органлари вакиллари, исломий экстремизмда гумон қилинган шахсларга нисбатан одатдагидан кўра қаттиқроқ жазо чораларини тайинлаганлар. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари хабар қилишича, муассаса маъмурлари диний экстремизмда гумон қилинган маҳбусларни калтаклашга рози бўлган бошқа маҳбусларга кўпинча пора ёки қамоқхонадаги бошқа имтиёзларни таклиф қилганлар.
Қамоқхона ва муваққат сақлаш муассасаларидаги шароит
Баъзи ҳолларда қамоқхона шароитлари оғир ва ҳаёт учун хавфли бўлган.
Жисмоний шароитлар: Хабарларга кўра, баъзи қамоқхоналарда конституцион тузумга тажовуз қилишда айбланган маҳбуслар алоҳида сақланган ва камоқхона маъмурлари диний экстремизмда айбланиб қамалган маҳбусларнинг бошқа маҳбуслар билан гаплашишига рухсат бермаган.
Қамоқхоналар тўлиб-тошгани, шунингдек, қамоқхона нозирларининг хизмат вазифаларини қўпол равишда суиистеъмол қилиши ва дори-дармон етишмаслиги ҳоллари ҳақидаги хабарлар тез-тез келди. Умуман олганда, маҳбуслар истеъмоли учун озиқ-овқат ва ичимлик суви мавжуд бўлган, бироқ уларнинг сифати ёмон бўлган. Баъзи холларда маҳбусларнинг қариндошлари қамоқхоналарда бериладиган озиқ-овқатда гўшт етарли эмаслигини хабар қилганлар. Келган маълумотларга қараганда, сиёсий маҳбуслар ҳаво айланиши кам бўлган камераларда сақланган, улар ўта совуқ ёки ўта иссиқ ҳароратларда сақланган; ҳибсхоналарда иситиш ёки совутиш мосламалари бўлмаган. Шунингдек, оила аъзоларининг хабарига кўра, қамоқхона нозирлари маҳбусларга мўлжалланган озиқ-овқат ва дори-дармонни кўпинча олиб қўйганлар ёки вақтида эгасига етказиб бермаганлар. Олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, маҳбусларнинг оила азолари жинсий тажовуз ҳолатлари ҳақида хабар қилмадилар.
Қамоқхона маъмурияти мутасаддиларининг хабар қилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қамоқхоналарда сил касаллигини даволаш ва тарқалиши олдини олиш ҳамда ОИВ/ОИТСни даволаш ва олдини олиш бўйича фаол дастур олиб борган. Амалдорлар билдиришича, гепатит билан оғриганлар сони кўп бўлмади, бундай касаллар мавжуд тиббий пунктларда дастурларга кўра даволанди. Бироқ, бундай даволаниш хизматидан фойдаланиш кўпинча рад этилган. Жиззахлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саидовнинг қариндошлари август ойида берган хабарларига кўра, қамоқхона маъмурлари ўткир сил касаллигига қарамай, унинг тиббий ёрдам кўрсатишга оид барча талабларини эътиборсиз қолдирганлар.
Маъмурият: Маҳбусларга оид ҳужжатларни сақлаш лозим даражада бўлгани хақида маълумотлар мавжуд эмас. Давлат идоралари зўравон бўлмаган ҳуқуқбузарларга нисбатан чекланган ҳолатларда жиноий жазо ўрнига маъмурий чоралар қўллашган. Ундан ташқари, Жиноят кодексига асосан, агар қонунбузар келтирилган зарарни тўла қоплаган бўлса, судлар бир нечта ҳолларда қамоқ жазосини тайинлаши мумкин эмас.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ва Бош прокуратура ҳибсга олинган шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқишлари мумкин. Омбудсман маълум маҳбуслар номидан тавсия киритиш ҳуқуқига эга, жумладан зўравонлик қилмаган ҳуқуқбузарларга нисбатан содир этган жиноятига мосроқ равишда суд ҳукмини ўзгартириш. Бироқ, Омбудсман идорасига кўра, қамоқхоналардаги шароит ҳақида маҳбуслардан шикоят у қадар кўп келмаган, чунки шикоят хатлари камдан-кам ҳолларда бирор ечим топилишига сабаб бўлган ва аксинча давлат органлари томонидан қасд олиш ҳолларига олиб келиши эҳтимоли бўлган.
Умуман олганда, қамоқхона маъмурлари оила аъзоларининг маҳбуслар билан йилига 2-4 марта тўрт соатгача учрашишига рухсат берди. Лекин олинган хабарларга кўра, диний ёки экстремизм айблови билан қамалган маҳбусларнинг қариндошлари уларни бориб кўриш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Қамоқхона турига қараб, қариндошларга йилига 2-4 марта бир кундан уч кунгача ташриф буюриш рухсати ҳам берилди. Сиёсий маҳбусларнинг оила аъзолари айтишича, уларнинг ташриф муддати қамоқхона маъмурлари томонидан кўпинча асоссиз равишда бекор қилинган ёки кескин қисқартирилган. Бошқа маҳбусларнинг оила аъзоларига кўра, қамоқдаги яқинларни зиёрат қилиш кўп ҳолларда амалдорларга пора бериш билан амалга ошган.
Ҳукумат маҳбуслар истаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканини билдирди, аммо маҳбусларнинг оила аъзоларига қилган кўплаб шикоятига кўра, улар қамоқхона кун тартибига зид келадиган диний амалларни адо эта олмаганлар. Бундай диний амаллар қаторига мусулмонларнинг бомдод намозини ўқиши киради. Гарчи қамоқхона кутубхонасида Қуръон ва Инжил нусхалари мавжуд бўлса-да, қамоқ маъмурлари маҳбусларга диний материаллардан фойдаланишга рухсат этмагани ҳақида маҳбусларнинг оила аъзолари томонидан шикоятлар келиши давом этган.
Ҳукуматнинг расмий қоидаларига асосан, маҳбуслар “диний ибодатда ва турмуш қуриш каби оилавий алоқаларда қатнашиш” ҳуқуқига эга. Шунингдек, “яқин қариндошлар” қамоқхона маъмуриятидан қамоқдаги оила аъзоларининг соғлиғи ва унинг интизомига оид ҳужжатлар ҳақида оғзаки ва ёзма маълумот олиш ҳуқуқига эгадирлар. Шунга қарамай, маҳбусларнинг оила аъзолари ўзларининг қамалган қариндошлари ҳақида етарли маълумот ололмасликлари ва қамоқ маъмурлари маҳбуслар ҳақидаги тиббий ва бошқа маълумотларни ошкор этмай келиши ҳақида хабар беришди.
Маҳбусларнинг оила аъзолари ва баъзи нодавлат ташкилотларига (НТ) кўра, давлат мутассадилари баъзи маҳбусларни, айниқса, диний экстремизмда айбланганларни қамоқ муддати тугагандан сўнг ҳам озод қилмаганлар. Қамоқхона мутасаддилари маҳбусларни қўшимча қонунбузарликни содир этишда ёки мажҳул қоидалар ёхуд қамоқхонанинг ички тартибини бузишда айблаб, ёки улар ҳамон жамият учун хавфли дея, ушбу маҳбусларнинг қамоқ муддатини кўп ҳолларда узайтирганлар.
Апрель ойида инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармоновнинг қамоқ жазоси қўшимча беш йил ва уч ойга узайтирилди. Бунга, унинг қамоқхонадаги ички қоидаларни бузгани сабаб қилиб қелтирилган.
Мустақил мониторинг: Халқаро ҳамжамият мустақил кузатувчилари Ўзбекистон пенитенциар тизимидаги баъзи жойларга, жумладан тергов изоляторлари, вояга етмаганлар ва аёллар камоқхоналари ва яшаш колонияларига чекланган равишда кириш имконига эга бўлдилар. Давлат органлари асосан дипломатик корпусдан танлаб олинган бир неча кузатувчиларга фақат муайян қамоқхоналар ва ушбу қамоқхоналар ҳудудидаги чекланган жойларга киришга рухсат берганлар. 10 ноябрда давлат идоралари маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларига бир неча кундан сўнг озод этилган Мурод Жўраевни кўришга рухсат берганлар. Йил давомида бирорта БМТ махсус вакилига қамоқхоналарни бориб кўришга рухсат этилмаган.
Асоссиз ҳибсга олиш ёки ҳибсда сақлаш
Конституция ва қонунчилик асоссиз ҳибсга олиш ва қамоқда сақлашни тақиқлайди, аммо давлат органлари бундай амалиётни давом эттирди.
Милиция ва хавфсизлик аппаратининг роли
Ҳукумат жиноят хатти-ҳаракатларини тергов қилиш ваколатини учта турли ташкилотга юклаган. Ички ишлар вазирлиги қонун ижроси, тартибни сақлаш ва умумий жиноятларни тергов қилишга масъул бўлган милицияни назорат қилади. Тўғридан-тўғри президентга ҳисоб берувчи раис раҳбарлик қиладиган МХХ миллий хавфсизлик масалалари ва разведка билан шуғулланади, булар қаторига терроризм, коррупция, уюшган жиноятчилик, чегарани назорат қилиш ва гиёҳванд моддаларга қарши кураш ҳам киради. Юрисдикция бир-бирига тўқнаш келган ҳолларда зикр этилган идоралардан қайси бири ташаббусни қўлга олиши ўзаро келишиб олинади.
Жазодан қутилиб қолиш алоҳида муаммога айланган. Ички ишлар вазирлиги хизмат ваколатлари суистеъмол қилинган ҳолатларни тергов қилиш ва инсон ҳуқуқларини бузишда айбланган ходимларни интизомий жазога тортишдай ички тадбирларни амалга оширди, лекин ҳукумат инсон ҳуқуқларини поймол қилган амалдорларни камдан-кам ҳолларда жазолади. Ички ишлар вазирлигига қарашли Инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқий таълим бошқармаси милиционерлар шафқатсизлиги билан боғлиқ баъзи ишларни тергов қилди. Парламент қошидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман идорасининг ҳам ишларни суриштириш бўйича ваколати бор, лекин унинг ушбу терговлар бўйича чиқарган қарорлари мажбурий кучга эга эмас.
Ҳибсга олиш тартиби ва ҳибсга олинганларга муносабат
Қонунга кўра, айбланаётган шахслар ёки гумон қилинувчиларни ҳибсга олиш хусусидаги ҳар қандай қарорни судья кўриб чиқиши лозим. Аксарият ҳолларда судьялар ҳибсга олишга санкция берганлар. Айбланувчилар ҳибсга олинганидан бошлаб адвокат олиш ҳуқуқига эга. Аммо амалдорлар ҳар доим ҳам ушбу ҳуқуқни таъминлаб бермади ва вақти-вақти билан айбланувчиларни адвокат олиш ҳуқуқини рад этувчи аризаларга қўл қўйишга мажбурлади. Давлат органлари вакилларининг муайян адвокатларни қўрқитиши ва уларнинг лицензияларини олиб қўйиши салбий оқибатга олиб келди, жумладан сиёсий маҳбусларнинг юридик маслаҳат олиш имкони пасайди. 2014 йил сентябрь ойида қабул қилинган қонунга асосан, уй қамоғи суддан олдинги ҳибсда ушлаш чораси сифатида қўлланилиши мумкин.
Ҳибсга олинганлар ҳибсда қолиши ёки суддан олдин озод бўлишини аниқлаш учун судья иштирокида кўриб чиқилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ҳибсга олувчи идора бу ҳақда ҳибсга олинган шахснинг оила аъзоларига хабар бериши ва уни қўлга олинган вақтдан бошлаб, 24 соат ичида сўроқ қилиши талаб этилади. Баъзи шикоятларга кўра, давлат идоралари гумон қилинувчиларни, уларнинг ҳибсга олингани ҳақида оила аъзолари ёки адвокатларни хабардор қилмай туриб, иқрорнома олиш учун ва иқрорномани айбловга асос сифатида қўллаш учун қийноққа солганлар.
Гумон қилинувчиларнинг жавоб бермасликка ҳаққи бор ва уларга адвокат ёллашга ҳаққи бор экани хабар қилиниши шарт. Расмий айбловни эълон қилмасдан 72 соатгача ушлаб туриш мумкин, лекин прокурор қўшимча 48 соат талаб қилиши мумкин, шундан сўнг гумон қилинувчига ёки айб қўйилиши ёки у озод қилиниши керак. Давлат идоралари гумон қилинувчиларни рухсат этилган давр тугагандан сўнг ҳам ҳибсда ушлаб турган ҳоллари бўлган. Ҳибсга олиш бўйича иштирок этган судья айбланувчи шахснинг иши кўриб чиқилаётган маҳкама жараёнида судьялар таркибида бўлиши мумкин.
Қонун маъмурларнинг ҳибсда сақланган шахс талабига биноан қамоқхонада ушбу шахс ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман вакили ўртасида учрашув ташкил қилишини талаб қилади. Мутасаддилар ҳибсда сақланган шахсларга Обмудсманга ва Бош прокуратурага махфий шикоят билан мурожаат этишларига рухсат бердилар.
Айблов қўйилгандан сўнг гумондор тергов вақтида уч ойгача тергов изоляторида ушлаб турилиши мумкин. Қонун тегишли прокурорнинг тақдимномаси ва суднинг қарори билан тергов муддатини бир йилга чўзишга рухсат беради. Шунингдек, прокурор маҳбусни суд жараёнини кутиш асносида гаров пули эвазига озод қилиши мумкин. Давлат органлари амалда ушбу ҳуқуқий ҳимояни кўпинча эътиборсиз қолдириб келди. Ҳибсга олинган ва жиноятда айбланаётган шахслар “ўзини муносиб тутиш” ва судда ҳозир бўлиш кафолатини берган тақдирда судга қадар гаровсиз озод этилиши мумкин.
Махсус қарорга мувофиқ, барча адвокатлар қайта лицензия олиш учун тўлиқ имтиҳондан ўтиши керак. Инсон ҳуқуқлари фаолларини ва мустақил журналистларни ҳимоя қилган бир қанча тажрибали ва малакали адвокатлар қайта лицензия олиш учун имтиҳон топширганларидан сўнг уларга янги лицензия берилмади, бунга шунингдек, Адлия вазирлиги назорати остидаги адвокатлар палатаси томонидан мазкур адвокатлар касбий этикани бузганлиги ҳақида ёзилган хат асос бўлган ҳоллар ҳам мавжуд. Оқибатда бир қанча инсон ҳуқуқлари фаоллари ва айбланувчилар адвокат топишда қийинчиликларга дуч келди. Гарчи лицензиясиз адвокатлар жиноят ва фуқаролик ишларида адвокат сифатида иштирок эта олмасалар-да, бироқ улар судланаётган шахс ишлайдиган ташкилот аъзоси бўлса, суд уларга судда иштирок этишга рухсат бериши мумкин.
Асоссиз ҳибсга олиш: Давлат органлари одамларга экстремистик кайфият ёки фаолият ҳамда тақиқланган диний гуруҳларга алоқаси бор деган айб қўйиб, уларни асоссиз равишда ҳибсга олишни давом эттирди. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари хабар қилишича, экстремист ҳалқаларини тор-мор қилиш топшириғи билан иш кўраётган милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари кўпинча диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда гумон қилинган шахсларнинг оила аъзолари ва яқинларини ҳибсга олган ҳамда уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлди. Айбига мажбурлаб иқрор қилдириш ва мажбурлаб гувоҳлик бердириш одатий ҳол бўлган. Диний эркинликни ёритувчи ташкилот Форум18 кўра, август ойида ички ишлар органларининг терроризмга қарши кураш вакиллари, Тошкент вилоятидаги хонадонларга бир неча бор рейд уюштириб, у ерда олиб борилаетган ибодат иштирокчиларининг баъзиларини ҳибсга олган ва уларни жиноий айбловларсиз икки ой давомида ушлаб турганлар, ҳамда экстремизмда иштирок этганликда иқрор қилдириш учун уларни калтаклаганлар. Хабарларга қараганда, давлат органлари вакиллари диний экстремизмда айбланаётган ва хорижда яшаётган шахслар ҳақида маълумот олиш учун уларнинг оила аъзоларини ҳам шу каби узоқ муддатли ҳибсда сақлаганлар ва тахқирлаганлар. Маҳаллий фаолларнинг хабар беришларича, ички ишлар ходимлари хориждан қайтиб келаетган меҳнат муҳожирларидан пул ундириш илинжида, уларга жиноий иш очиш таҳдиди билан ҳибсда сақлаганлар.
Май ойида Тошкент вилояти Чиноз тумани ички ишлар ходимлари Инсон ҳуқуқлари альянси раиси Елена Урлаевани пахта далаларини йиғим-теримга тайёрлашга мажбурланган давлат ходимлари ҳақида маълумот йиғишга уринаётган маҳал ҳибсга олди. Ички ишлар ходимлари Урлаевани олган суратлари бўйича сўроққа тутишган. Ички ишлар ходимларидан юири Урлаеванинг бошига урган, бошқалари эса “флешка”ни ахтаришган. Урлаеванинг таъкидлашича, участка нозири пунктига келган тиббиёт ходимлари уни, эркак милиция ходимлари кўз ўнгида ечинтирган, ва тахқирловчи йўсинда унинг қин бўшлиқларини текширганлар. Милиция ходимлар эса Урлаевани тинтув қилиш чоғида уни яланғоч ҳолда суратга олиб, мабодо пахта далаларни кузатиш фаолиятини давом эттирса, у расмларни интернетга жойлаймиз, деб таҳдид қилганлар. Ушбу ходисадан кўп ўтмай, давлат органлари пропаганда видео чиқариб, унда гўё Урлаева чет давлатлардан пул олганига “иқрор бўлган”. Бу ҳол ҳақидаги саволларга жавобан, ҳукумат 31 май куни Урлаева ҳибсга олинганини эътироф этган, аммо бу “профилактик чоралар” эканини айтиб, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар қандайдир ноқонуний иш қилганини рад этди. Шунингдек, ҳукуматнинг таъкидлашича, Урлаевага “узлуксиз параноик шизофрения” ташхиси қўйилган, аммо кузатувчилар эса бу ташхис Урлаевани обрўсизлантириш учун қилинган сиёсий уруниш сифатида кўрадилар.
Август ойида милиция ходимлари инсон ҳуқуқлари фаоли Малоҳат Эшонқулова учун тиббий ёрдам топишга урунаётган Урлаевани яна ҳибсга олганлар ва унга қарши тажовуз қилганлар. Натижада Урлаеванинг оёғига жиддий шикаст етган. Сентябрь ойида милиция ходимлари Урлаева ва Эшонқуловани Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги далада ишлаетган талабаларнинг яшаш шароитини баҳолашга уринаётган чоғда ушлади. Давлат органи вакиллари Эшонқулованинг бошига уришган, сўнг Урлаевани ва Эшонқуловани қин бўлшлиғини текшириш жараенидан ўтишга мажбур қилишган.
16 ноябрь куни давлат органлари вакиллари инсон ҳуқуқлари фаоли Ўктам Пардаевни ҳибсга олганлар, бундан аввал унинг уйини тинтув қилганлар. Йил охирида Пардаевга нисбатан жиноий айбловлар қўйилган эди, жумаладан, фирибгарлик қилиш учун тил бириктириш ва пора бериш айблари, бу моддалар 10 йилгача қамоқ жазоси тайинлашни кўзда тутади.
Ички ишлар органлари ходимлари товламачилик, гиёҳванд моддаларга эгалик қилиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ёки экстремизмга алоқадор деган сохта айбловлар билан шахсларни ҳибсга олганлар, деган хабарлар бўлган. Бундан мақсад ушбу шахслар ёки уларнинг оила аъзолари коррупция ёки маҳаллий жиноий фаолият ҳолларини фош қилиб қўймаслигини таъминлаш бўлган, дейилади.
Суддан олдин ҳибсда сақлаш: Умуман олганда, жиноятни кўриб чиқиш тартиби, жумладан, судгача бўлган ҳибсда сақлаш қарори прокурорлар ихтиёрига ҳавола. Қўлга олинганларнинг судгача сақлаш муддати ёки қонунийлиги юзасидан эътироз билдириш учун судга мурожаат қилиш имкони бўлмади. Ҳатто давлат органлари айб қўймаган бўлса ҳам, милиция ва прокуратура ходимлари шахсни айбловсиз қамоқда сақлаш муддати борасидаги чекловларни айланиб ўтишга ҳаракат қилганлар, бунинг учун ушбу шахсларни гумон қилинувчи эмас, балки гувоҳ сифатида ушлаб турганлар. Судгача бўлган сақлаш, бир ойдан уч ойгача бўлди. Ҳукумат судгача бўлган ҳибсхоналарда ушлаб турилган шахсларнинг сони ҳақида маълумот бермади.
Президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова уй қамоғига олингани ҳақида тасдиқланган хабарлар бўлмаган.
Амнистия: 2014 йил ноябрь ойида Сенат маҳбусларни афв этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Қарорнинг шартларига кўра, аёллар, вояга етмаган қонунбузарлар, ёши 60 дан ошган эркаклар, чет эл фуқаролари, ногиронлар ва қамоқда оғир хасталикка чалингани ҳужжатлаштирилган кишилар амнистия қўлланилиши мумкин бўлган маҳбуслар тоифасига кирган. Қарорга кўра, тақиқланган ташкилотларга аъзоликда илк марта айбланган қонунбузарлар, тинчлик ва жамоат хавфсизлигига қарши жиноят қилган, аммо “тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар”га ҳам амнистия қўлланилиши кўзда тутилган. Амнистия (баъзи истиснолар билан) 10 йилгача қамоққа ҳукм қилинган барча маҳкумларнинг қамоқ муддатини учдан бир муддатга, 10 йилдан ошиқ вақтга маҳкум қилинганларнинг қамоқ муддатини тўртдан бир қисмга қисқартиради. Амнистияга асосан, умрбод ёки “узоқ” муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганлар, рецидивист деб топилганлар, ҳамда “жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузган” шахслар озод қилинмайди. Амнистия вариантлари қамоқдан озод қилиш, меҳнат лагерига ўтказишни ўз ичига олди. Ундан ташқари судларга суд босқичидаги ёки суддан олдинги бўлган жиноий ишларни тўхтатиш рухсат этилди.
Амнистияга лойиқ шахсларга нисбатан амнистияни қўллаш Сенат қарор қабул қилган йилнинг кейингисида амалга оширилган ва бунинг учун ҳар бир иш алоҳида кўриб чиқилади. Қамоқхона мутасаддилари кимни озод қилишни маҳбус «яхши йўлга кириб бораётгани» ёки қамоқхона тартибларини «мунтазам равишда бузаётгани»га қараб ўзлари билганича аниқлашда анча эркинликка эгалар. Амалдорлар кўпинча “қамоқхонанинг ички тартибларини бузиш”ни амнистия қўллашни рад этиш ва қамоқ муддатини чўзиш учун асос деб билади.
Е. Одил ва очиқ маҳкама жараёнидан маҳрум этиш
Гарчи Конституцияда мустақил суд ҳокимияти белгилаб қўйилган бўлса-да, суд тизими аъзолари, хабарларга кўра, Бош прокуратура ёки бошқа ҳуқуқ тартибот органи томонидан хуш кўрилган ҳукмларни чиқарганлар.
Қонунга кўра, президент барча судьяларни ҳар беш йилда тайинлайди. Олий Суд судьяларини вазифасидан озод қилишни парламент тасдиқлаши керак, парламент эса, умуман олганда, президент раъйига қараган.
Ишларни судда кўриб чиқиш тартиби
Жиноят кодексида айбсизлик презумпцияси белгилаб қўйилган. Ҳакамлик судлари йўқ. Аксарият суд муҳокамалари жамоатчилик учун расман очиқ, лекин амалда баъзи чекловлар ҳам бўлиб туради. Судьялар суд маҳкамаларини давлат сири билан боғлиқ ёки жабрдийда ва гувоҳларни ҳимоя қилишга эҳтиёж туғилиши сингари истисно ҳолатларда ёпиб қўйишлари мумкин. Судьялар, Олий Суд ёки суд раисидан ёзма рухсат олишни талаб қилмай, маҳкама жараёнларини халқаро кузатувчилар томонидан кузатишга рухсат берди, аммо судьялар ёки бошқа мулозимлар хоҳлаган пайтда, ҳатто фуқаролик ишларида ҳам суд жараёнига кузатувчиларни киритмаганлар. Давлат идоралари умуман олганда суд мажлиси бошланишига бир ёки икки кун қолганда эълон қилди ва тингловлар кўпинча қолдириларди.
Суд маҳкамаларига аксарият ҳолларда бир нафар профессионал судья ва иш жамоалари қўмиталари ёки маҳалла қўмиталари сайлаб қўйган икки нафар профессионал бўлмаган халқ маслаҳатчисидан иборат коллегия раислик қилди. Маслаҳатчилар камдан-кам ҳолларда сўз оладилар, профессионал судья эса кўпинча процессуал масалалар ва ҳукм чиқариш борасида прокурорнинг тавсияларига риоя қилдилар.
Айбланувчилар суд маҳкамаларида иштирок этиш, гувоҳлар билан юзлашиш ва исботлар келтириш ҳуқуқига эга, лекин судьялар амалда ҳимоячиларнинг қўшимча гувоҳларни чақириш тўғрисидаги илтимосларини ёки айбланувчини қўллаб-қувватловчи гувоҳликни суд ҳужжатига киритишни рад қилди. Судга киритилган жиноят ишларининг аксарияти бўйича “айбдор” деган ҳукм чиқарилди.
Айбланувчилар адвокат ёллаш ҳуқуқига эга, бу тизим умуман олганда унумли ишлади, бундан истисно сифатида баъзи инсон ҳуқуқлари фаолларининг адвокат топишга қийналганини айтиш мумкин. Лозим бўлганда, давлат томонидан бепул адвокат тайинланди. Ишончли хабарларга қараганда, давлат тайинлаган адвокатлар ўз мижозларини эмас, балки давлат манфаатини кўзлаб иш юритганлар, чунки уларнинг тирикчилиги давлатга боғлиқ бўлган.
Қонунга кўра, прокурор ҳибсга олиш ордерини суддан олиш учун сўровнома бериши керак, зотан камдан-кам ҳолларда суд бундай сўровларни рад этган. Прокурорлар ҳибсга олиш ордерини олгандан сўнг катта ваколатга эга; улар тергов ишларини бошқаради, жиноят ишларини тайёрлайди ва судьяларга ҳукм чиқариш учун тавсиялар беради ва суд қарорларига, жумладан жазо тайинлашга протест билдиради. Гумон қилинувчи шахсни унга айблов эълон қилингандан сўнг гаровга тикилган пул эвазига озод қилинишини, тергов изоляторида ушланишини ёки уй қамоғида сақланишини прокурор ҳал қилади. Гарчи Жиноят кодексида айбсизлик презумпцияси белгилаб қўйилган бўлса-да, аксарият ҳолларда прокурорнинг тавсиялари устунлик қилди. Агар судья белгилаган ҳукм прокурорнинг тавсиясига мос келмаса, прокурор ушбу ҳукм устидан, юқори инстанция судига протест билдириши мумкин. Судьялар кўпинча ҳукмларни, зўравонлик, маҳбуснинг оила аъзоларига таҳдид қилиш ва бошқа мажбурлаш йўллари билан қўлга киритилиши мумкин бўлган айбга иқрорномалар ва гувоҳлар кўрсатмаларига таяниб чиқардилар. Бу каби ҳолатлар диний экстремизмга оид ишларда кўп учради. Адвокатлар айбига иқрор бўлишни рад этиш ва қийноққа солинганлик тўғрисидаги даъволарни тергов қилишни сўраб, судьяларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва вақти-вақти билан бундай ҳуқуқдан фойдаландилар. Судьялар кўпинча бундай даъволарга жавоб бермади ёки асоссиз деб рад қилди. Судлар қийноқлар ҳақидаги даъволар юзасидан тегишли тартибда суриштирув ўтказмади. Суд чиқарган ҳукмларда, айбланувчилар жиноий жавобгарликдан қочиш учун қийноққа солинганларини даъво қилганлар, деган хулосалар бўлган.
Иккинчи марта айни жиноий жавобгарликка тортишга қарши ҳуқуқий ҳимоя амалда қўлланилмайди.
Қонун айбланувчиларга суд ҳукми устидан аппеляция қилиш ҳуқуқини беради, бироқ аппеляциялар камдан-кам ҳолларда жазони бекор қилиш билан якун топади. Бироқ баъзи ҳолларда аппеляция бериш натижасида ҳукм муддати қисқартирилган ёки шартли жазо турига ўзгартирилган.
Июнь ойида мулозимлар ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларини бузишига оид маълумот тўплагани учун тошкентлик ҳуқуқбон Шуҳрат Рустамовни ҳибсга олди, ва уни гўё “Маҳалла” жамғармасининг Шайхонтоҳур бўлими сўровига асосан мажбуран руҳий ҳолати хусусида экспертизадан ўтказишга ҳаракат қилди. Шайхонтоҳур бўлимининг қонунан бундай хулосани сўрашга ваколати йўқлиги боис, ҳукуматнинг бу иш билан боғлиқ саволларига жавобан, суд талабгорни Рустамов яшайдиган маҳалла қўмитаси, яъни Эшонгузар маҳалласига ўзгартирди. Рустамов судга эътироз билдириб, экспертизадан ўтишдан бош тортди. Июль ойида Шайхонтоҳур туман суди Рустамовни “муомалага лаёқатсиз” деб топди. Рустамов сўнг бу ишни Тошкент шаҳар фуқаролик судига олиб чиқди, аммо бу суд Рустамовнинг процессуал қоннубузарликларга оид ҳужжатларни тақдим этганига қарамай, унинг аппеляциясини рад этди. Гарчи суд биносидаги расмийлар суд иши “очиқ” эканини айтган бўлса ҳам, чет эллик кузатувчиларга Рустамовнинг суд сессияларида иштирок этишга рухсат берилмади.
Дастлабки тергов якунланиб, прокурор айбловни эълон қилгач ва иш жиноят ишлари бўйича судга оширилгандан сўнг, адвокатлар давлат қўлида мавжуд бўлган тегишли жиноят ишига тааллуқли барча далиллар билан танишишлари мумкин. Аммо, ошкор этилган тақдирда давлат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган маълумотдан иборат далиллар бундан мустасно. Ўтган йилларда судлар ушбу истиснони рўкач қилди ва бу ҳол, асосий мақсад прокурорларга далилларни адвокатларга ошкор этмаслик имконини беришдир, деган шикоятларга сабаб бўлди. Кўп ҳолларда, айниқса, диний экстремизмда гумон қилинувчилар билан боғлиқ ишларда, прокурор иддаолари фақат айбланувчининг айбга иқрор бўлиши ёки давлат тақдим этган гувоҳлар кўрсатмаларига таянди.
Сиёсий маҳбуслар ва муваққат ҳибсга олинганлар
Аксарият халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари давлат органлари сиёсий сабабга кўра юзлаб маҳсубларни тутқинликда ушлаб турибди, деб баҳолади, бироқ баъзи гуруҳлар уларнинг сони минглаб эканини айтди. Ҳукумат сиёсий маҳбуслар борлигини инкор этади ва ушбу шахслар қонунбузарлик қилгани учун жазога тортилганини билдирди. Расмий вакиллар кенг овозага сабаб бўлган икки нафар маҳбус – Хайрулла Хамидов ва Мурод Жўраевни февраль ва ноябрь ойларида озод қилди. Бир қанча сиёсий маҳбуслар, жумладан Аъзам Фармоновнинг оила аъзолари қамоқхонадаги суиистеъмолликлар ва ушбу маҳбусларнинг саломатлиги ёмонлашганини хабар қилдилар.
Фуқаролик суд тартиблари ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилиш воситалари
Фуқаролар амалдорлар томонидан инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво билан мурожаат қилишлари мумкин, бундай амалдорлар қаторига терговчилар, прокурорлар ва судьялар кирмайди. Судьяларга пора бериш фуқаролик ишлари бўйича суд қарорларига таъсир этгани ҳақида хабарлар олинди.
Шахсий ҳаёт, оила, уй ва ёзишмаларга асоссиз аралашув
Гарчи Конституция ва қонунчилик бундай хатти-ҳаракатларни тақиқласа-да давлат органлари ушбу тақиқларга амалда риоя қилмади. Қонунчилик электрон кузатув олиб бориш учун прокурорнинг ордерларини талаб қилади, лекин бундай ордерларни суд томонидан кўриб чиқилишини таъминловчи қоида йўқ.
Хабарларга кўра, милиция ва бошқа хавфсизлик кучлари инсон ҳуқуқлари фаоллари ва диний гуруҳлар аъзоларининг уйига санкциясиз кириб борди. Хусусий уйларда ибодат маросимларини ўтказаётган протестант черкови аъзоларининг билдиришича, қуролланган хавфсизлик ходимлари ибодат қилинаётган жойга бостириб кириб, черков аъзоларини ноқонуний деб ҳисобланган диний фаолият билан шуғуллангани учун ҳибсга олди ва жаримага тортди. Бундай воқеалар жумласига феврал ойида Тошкентда ва март ойида Навоийдаги рейдлар кирди.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва сиёсий мухолифат вакиллари хавфсизлик хизмати идоралари махфий равишда уларнинг телефон суҳбатларини эшитганини ва фаолиятларини кузатганини гумон қилишган.
Ҳукумат, потенциал экстремистлар ҳақида маълумот берувчи манба сифатида, тахминан, 12 мингта маҳалла фуқаролар йиғинидан фойдаланишни давом эттирди. Маҳалла қўмиталари турли-туман ижтимоий кўмак вазифаларини бажарди, шу билан бирга улар маҳаллий жамият, ҳукумат ва ҳуқуқ тартибот идоралари ўртасида информацион боғловчи бўғин сифатида ҳам фаолият юритди. Қишлоқ жойларидаги маҳалла қўмиталари шаҳарлардагидан кўра кўпроқ таъсир кучига эга эди.
Милиция, иш берувчилар ва маҳалла қўмиталари, Ўктам Пардаев ва Гулшан Қораева каби инсон ҳуқуқлари фаолларининг оила аъзоларини таъқиб қилгани хусусида ишончли хабарлар келиб турди. Октябрь ойида номаълум шахслар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва пахта ҳосили ишларини мониторинг қилувчи Дмитрий Тихоновнинг уйидаги идорасига ўт қўйишди. Тихоновнинг айтишича, унинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ишига тегишли бўлган бир неча ёнмайдиган ашёлар ҳам ёнғиндан сўнг йўқолган ва бу ҳол Тихонов уйида ёнғин чиқиши унинг инсон ҳуқуқлари фаолияти билан боғлиқ, деган тахминга сабаб бўлган.
2-бўлим. Фуқаро эркинликларини ҳурмат қилиш, жумладан:
а. Сўз ва матбуот эркинлиги
Конституция ва қонунчиликда сўз ва матбуот эркинлиги кўзда тутилган, лекин ҳукумат сўз эркинлигини кескин чеклаб қўйиб, ушбу ҳуқуқларни ҳурмат қилмади.
Сўз ва ифода эркинлиги: Қонунчилик президентни танқид қилишни чеклайди, президентни очиқчасига ҳақорат қилиш беш йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланадиган жиноят ҳисобланади. Қонунчилик, хусусан, диний зиддият ва этник ихтилофларга ёки конституцион тузумни қўпориш ёки ағдариб ташлашга ундовчи мақолаларни тақиқлайди.
Матбуот ва ОАВ эркинлиги: Барча хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот ташкилотлари давлат органларида рўйхатдан ўтишлари ва ўзларининг асосчилари, бош маҳаррири ва ходимлари хақида маълумот тақдим этишлари шарт. Босма нашрлар, шунингдек, чоп этилган материалларининг қоғоз нусхасини ҳукуматга тақдим этишлари лозим. Қонунда барча хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот ташкилотларининг ўз ахбороти аниқлиги учун жавобгарлиги белгиланган, чет эллик журналистларнинг мамлакатда расмий аккредитациядан ўтмай туриб ишлаши тақиқланади ва чет эл ахборот воситалари ҳам Ўзбекистоннинг ОАВ тўғрисидаги қонунига бўйсуниши талаб қилинади. Ҳукумат хорижий журналистларнинг ва матбуот хизматларининг мамлакатда ишлашига йўл қўймаслик учун аккредитация қоидаларини рўкач қилди.
Сентябрда қабул қилинган Ахборот технологиялари ҳақидаги Қонунга ўзгартишлар блоггерларни интернетга чиқарган постларининг мазмуни учун қонунан жавобгарлигини белгилади ва кишининг “шаънига ва обрўсига” путур етказиши мумкин бўлган постларни қўйишни тақиқлади. Бошқа чеклашларга оммавий тўс-тўпалонга чақириш, конституциявий тизимга тажовуз қилиш, порнография ёки давлат сирларига оид ахборотларни чиқариш, «давлатга таҳдидлар» эълон қилиш ва “қонунда жиноий ва бошқа жавобгарликни назарда тутувчи бошқа фаолият” киради. Давлат диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм, шунингдек, этник ва диний нафрат қўзғатишни қўллаб-қувватлашни тақиқлади. Хорижлик шериклар ҳиссаси 30 фоиздан юқори бўлган юридик шахсларга мамлакатда ОАВ ташкил этиш ман қилинди.
Давлат назоратидаги газеталарнинг мақолалари ҳукумат нуқтаи назарини акс эттирди. Ҳукуматнинг асосий газеталари халқаро оммавий ахборот воситаларининг фақат чекланган материалларини чоп этди. Ҳукумат тиражи кам ҳамда реклама, гороскоп, шунга ўхшаш материаллар, баъзан мустақил маҳаллий хабарлар, шу жумладан, онда-сонда ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини танқид қилувчи мақолалар чоп этадиган бир қанча хусусий газеталарни нашр қилишга рухсат берди.
Ҳукумат қуйи даражали ҳукумат мансабдор шахсларини танқид қилувчи мақолалар чоп этиш ёки оммавий маданият ва глобализация сингари «Ғарб» ғояларини қоралаш учун «Даракчи» ва «Бекажон» каби кўп тиражли оммавий нашлардан фойдаланди.
Ҳукумат, шунингдек, янгиликларни турли вазирликларнинг расмий Интернет сайтларида чоп этди. Бир неча мустақил деб ҳисобланган вебсайтлар доимий тарзда ҳукуматнинг нуқтаи назарини акс эттирилган материаллар чоп қилди. Ҳукумат тасарруфидаги UzA.uz ҳамда Жаҳон информацион агентлиги каби ОАВлари ислоҳотлар ёки мамлакатга бўлган расмий ташрифлар ҳақида хабарларни эълон қилиб турди. Бундай хабарларда хорижий экспертларнинг фикрлари нотўғри ёки бўрттирилган эди.
Зўравонлик ва таъқиб: Милиция ва хавфсизлик кучлари матбуот ҳамда радио ва телевидение журналистларига нисбатан ҳибсга олиш, таъқиб қилиш, қўрқитиш ва зўравонликни қўллади, шунингдек, улар фаолиятига бюрократик чекловлар қўйди.
Сўнгги йилларда бўлгани каби ҳукумат давлат ва мустақил оммавий ахборот воситалари журналистларини чет эллик дипломатлар билан алоқа қилгани учун таъқиб этди, хусусан журналистларни бундай алоқалари учун сўроққа тутди. Баъзи журналистлар чет эллик дипломатлар билан юзма-юз учрашишни истамадилар, чунки улар ўтмишда бундай қилгани учун МХХнинг таъқиби ва сўроғига дуч келган эдилар.
Май ойида Тошкент шаҳар хўжалик суди Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан шикоят асосида хусусий ҳафталик газета «Новый Век» (Янги аср) лицензиясини бекор қилди. Шикоятда даъво қилинишича, ушбу газета ахлоқий тарбия стандартларга зид материалларни чоп этган, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазият ҳақида сохта тушунча берган ва анъанавий қадриятларига путур етказган» ва шунинг учун қабул қилинган қонунчиликка мос келмаслиги айтилган.
Июнь ойида давлат органлари вакиллари «Ҳуқуқ дунёси» газетаси бош муҳаррири Барнохон Худояровани ҳибсга олган. Айтилишича, газета Норин туман прокуратураси ва Давлат солиқ қўмитаси тўғрисида танқидий мақола чоп этган. Давлат органлари Худояровани маблағ ўзлаштиришда айблаганлар. Айбдор деб топилса, Худоярова 10 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин.
Цензура ва контент чекловлари: Давлат оммавий ахборот ташкилотларида хизмат қиладиган журналистлар ва бош муҳаррирлар ўша нашрларда масъулият доирасига цензура ҳам кирувчи ходимлар борлигини маълум қилди. Кўп холларда бош муҳаррирлар яққол цензор вазифасини бажариши мақсадида у ёки бу нашрга давлат томонидан тайилналганлар. Қайта-қайта берилган хабарларга кўра, ҳукумат амалдорлари ва иш берувчилар журналистларга хорижий мамлакатлар элчихоналари ҳомийлик қилган баъзи тадбирларни ёритмасликлари хақида оғзаки кўрсатма берди ва баъзи холларда ушбу кўрсатмага амал қилмаслик ишдан бўшатишга олиб келиши билан қўрқитди. Ўтган йилларда бўлгани каби вилоятлардаги телевизион каналлар маҳаллий аҳамиятга эга бўлган сув, электр ва газ етишмовчилиги, шунингдек, коррупция ва атроф муҳит булғаниши мавзусида енгил танқидий материаллар берди.
Ҳукумат “Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси”, “Америка овози” ва Би-Би-Си Умумжаҳон хизматига ўз эшиттиришларини мамлакат ичидан эфирга узатишга ҳамон рухсат бермай келмоқда, гарчи Америка овози ва Би-Би-Си интернет сайтларига баъзида кириш мумкин бўлди.
Ҳукуматнинг хавфсизлик хизматлари ва бошқа идоралар ноширларга доимий суратда мақола ва хатларни сохта имзолар остида чоп этиш, шунингдек, қандай мақолаларни босиш тўғрисида аниқ йўриқномалар бериб турди. Кўпинча ҳукумат ёки хусусий газетанинг мақолалари мазмуни ўртасидаги фарқ жуда кам бўлди. Журналистлар камдан-кам мустақил суриштирув мақолалар билан чиқди. Қўлма-қўл ўқилаётган сариқ матбуот баъзида ҳукумат сиёсатини енгилгина танқид қилган мақолалар чоп этди ҳамда одам савдоси сингари нозик деб қаралган масалаларни муҳокама қилди.
Хабарларга кўра, ҳукумат, расмий журналистларнинг чет элга сафар қилишини, хорижий давлатлар элчихоналарида иштирок этишини ёки расмий рухсатсиз чет элликлар билан ўзаро муносабатга киришишларини тақиқлаган.
Туҳмат/ҳақоратга қарши қонунлар: Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда туҳмат ва хақорат қилиш учун сезиларли миқдорда жарима тўлаш кўзда тутилган. Ҳукумат президентни ёки ҳукуматни танқид қилган журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва бошқаларни жазолашда туҳмат, бўҳтон, хақорат қилиш сингари айбловлардан фойдаланди.
Интернет эркинлиги
Умуман олганда, ҳукумат Интернетга, жумладан, ижтимоий ахборот тармоқларига чиқишга рухсат берди. Бироқ Интернет хизмати провайдерлари ҳукуматнинг талабига кўра, ҳукумат наздида эътирозли деб ҳисобланадиган вебсайтларга ёки ўша вебсайтларнинг баъзи саҳифаларига кириш йўлини мунтазам тўсиб тургани хабар қилинди. Ҳукумат бир қанча маҳаллий, халқаро янгилик вебсайтлари ва мухолифатдаги сиёсий партияларнинг вебсайтларига киришни тўсиб қўйди.
ОАВ тўғрисидаги қонун, вебсайтларни ҳам ОАВ деб тавсифлайди, уларнинг ҳам худди маҳаллий ва хорижий ОАВ сингари давлат рўйхатидан ўтишини, муассислари, бош муҳаррири, ходимларининг номини кўрсатишни талаб қилади. Вебсайтлар эълон қилган материалларининг босма нусхасини ҳукуматга тақдим этиши шарт эмас.
Ҳукумат статистикасига кўра, мамлакат ахолисининг тахминан 39 фоизи Интернетдан фойдаланди. Норасмий ҳисоб эса, айниқса интернетга мобил коммуникация воситалари орқали кириш бўйича, анча баланд бўлди. Бир қанча фаол онлайн-форумлар рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга мамлакат дуч келаётган турли-туман ижтимоий муаммолар муҳокамасига ўз шарҳини юбориш ва бошқа шарҳларни ўқишга рухсат берди. Ушбу форумларда рўйхатдан ўтиш учун кишилардан шахсини аниқловчи маълумотлар бериш талаб этилади. Ушбу маълумотларни ҳукумат тўпламоқчи бўлган-бўлмагани аниқ эмас, гарчи Ахборот технологиялари бўйича қонуннинг янги моддаларига кўра, интернет кафе эгалари, мижозлар очган саҳифалар тарихини рўйхатга олишлари керак.
Қонунчиликда «uz» доменини олмоқчи бўлган барча вебсайтлар ҳукуматнинг Матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатдан ўтиши белгилаб қўйилган. Умуман олганда, ушбу қарор фақат ҳукумат тасарруфидаги ва назоратидаги вебсайтларга тааллуқли бўлди. Мухолифат вебсайтлари, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) ёки ОАВ вебсайтлари мамлакат ташқарисида рўйхатдан ўтган домен олишни афзал билди.
Ҳукумат Skype, Viber ва Telegram каби хабар юбориш хизматларидан фойдаланишни баъзан бир неча ой давомида чекланган.
Академик эркинликлар ва маданий тадбирлар
Ҳукумат академик эркинликлар ва маданий тадбирларни чеклашни давом этди. Давлат органлари вақти-вақти билан кафедра бошлиғидан университетларда ўқилаётган лекциялар ва уларга бериладиган изоҳларни тасдиқлаб беришни талаб қилиб турди ва университет ўқитувчилари кўпчилик ҳолларда ўз-ўзини цензура қилишга мажбур бўлди.
Гарчи қонунчиликда ҳукуматнинг аниқ розилигисиз олий таълим муассасаларининг чет эл ўқув юртлари билан ҳамкорлиги тақиқланган бўлса-да, хорижий ўқув юртлари Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга ишлаш натижаси ўлароқ, чет тилларга оид лойиҳалар бўйича ҳамкорлик учун рухсат олишга мувафақ бўлди. Баъзи мактаб ва университетлар маъмурияти ўқитувчилар ва талабаларга, чет элларнинг дипломатик ваколатхоналари ҳомийлигидаги конференцияларда қатнашмайсан, деб тазйиқ ўтказишни давом этди.
б. Тинч йиғин ўтказиш ва уюшма тузиш эркинлиги
Тинч йиғин ўтказиш эркинлиги
Конституция ва қонунчиликда тинч йиғин ўтказиш эркинлиги кўзда тутилган, лекин амалда ҳукумат ушбу ҳуқуқни чеклаб келди. Давлат органлари хавфсизликни таъминлаш баҳонаси билан митинг, йиғин ва намойишлар ўтказишни орқага суриш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга. Ҳукумат кўп ҳолларда намойиш ўтказишга рухсат бериш талабини бажармай келди. Фуқаролар ҳукумат рухсат этмаган митинг, йиғин ёки намойишларни уюштиришга ёрдамлашгани, жой, бино ёки материаллар бергани, шунингдек, йиғин, митинг ва намойишларни ташкил этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этгани учун катта миқдордаги жаримага тортилганлар, таҳдид, ҳибс ва тахқирлашларга дуч келганлар. 100 кишидан ортиқ иштирокчи қатнашиши назарда тутилган “оммавий тадбир” ўтказишдан аввал тадбир ташкилотчиларидан Ички ишлар вазирлиги билан хавфсизликни таъминлаш бўйича шартнома тузиш талаб этилади. Ушбу қарор кенг кўламда қўлланилди, ҳатто хусусий ташкилотларнинг тадбирларига нисбатан ҳам.
Давлат органлари тинч норозилик намойишига йиғилганларни тарқатиб юборди, баъзан қамоққа олди, баъзида эса норозилик ҳаракатлари учун маъмурий айблар қўйди. Елена Урлаева, Малоҳат Эшонқулова ва Шуҳрат Рустамов каби фаоллар адолатли сайловларни ёқлаб ва фуқаролар шикоятларига жавоб олиш мақсадида ҳукумат бинолари рўпарасида норозилик намойиш қилганлари учун давлат органлари томонидан бир неча маротаба ҳибсга олинганлар (1.д. бўлимини ўқинг).
Уюшмалар тузиш эркинлиги
Мавжуд қонунчиликда уюшмалар тузиш эркинлиги кўзда тутилган бўлса-да, ҳукумат амалда ушбу ҳуқуқни чеклаб келди. Ҳукумат НТлар фаолиятини назорат қилишга интилди ва халқаро ташкилотлар маблағ билан таъминлайдиган НТлардан, қонун йўли билан тартибга солинмаган исломий ва аъзолари камсонли диний гуруҳлардан ташвиш билдирди. Мустақил фуқаролик жамияти, хусусан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун фаолият юритиш широити чегараланганлигича қолди. Фаоллар ҳукумат томонидан назорат ва зўравонлик кучайган деб хабар бердилар.
Июнь ойида ННТларни рўйхатга олинишини назорат қилувчи Адлия вазирлиги янги қоидалар эълон қилган; ушбу қоидаларга кўра, чет ННТлар аъзо бўлмаган шахслар, жумладан хорижликлар билан учрашишлари учун вазирлик рухсатини олишлари керак ҳамда тарқатиладиган ҳар қандай материалларни чоп этиш учун вазирлик руҳсатини олишлари лозим; ва бўлажак тадбирлар мазмуни ва кўлами ҳақида ёзма равишда вазирликни хабардор қилишлари керак.
Қонунчилик ташкил этилиши мумкин бўлган гуруҳлар турини қатъиян чеклайди ва барча ташкилотлардан ҳукумат рўйхатидан ўтишни талаб этади. Рўйҳатдан ўтиш талабидан мамлакатга хорижий ННТларни киритмаслик учун фойдаланилди. Қонун Адлия вазирлида рўйхатдан ўтишни кутаётган янги ташкилотларга олти ой давомида имтиёз асосида фаолият кўрсатишига рухсат беради ва бу давр мобайнида ҳукумат уларни расман “ташаббус гуруҳлари” дея таснифлайди. Бир қанча НТлар олти ойдан ҳам кўпроқ вақт мобайнида ташаббус гуруҳлари сифатида фаолият кўрсатишни давом эттирди.
ОИТВ/ОИТС ёки қочқинлар масалалари сингари нозик масалалар билан шуғулланмоқчи бўлган НТлар рўйхатдан ўтиш учун кўпроқ қийинчиликларга дуч келди. Ҳукумат, сиёсий бўлмаган уюшмалар ва ижтимоий ташкилотларнинг рўйхатдан ўтишига рухсат берди, бироқ мураккаб қонун-қоидалар ва чигал бюрократия рўйҳатдан ўтиш жараёнини янада мушкуллаштирди ва ҳукуматга бу ишларга тўсқинлик қилиш учун шароит яратди. Ҳукумат, аксарият маҳаллий НТларни ўз назоратидаги НТлар ассоциацияси рўйхатидан ўтишга мажбур қилди, бу ҳол уларнинг барча молия ишлари ва фаолиятини назорат остига олиш имконини берди. Ҳукумат НТлардан уларнинг ўқув машғулотларини ёки семинарларини давлат идораларида тасдиқлантиришларини талаб қилди. НТларнинг раҳбарлари айтишича, бундай талаб барча дастурий тадбирлар олиб бориш учун аввал ҳукуматдан расмий рухсат олинишига йўл очиб берган. Ҳукуматнинг даъво қилишича эса, бу қоидалар рўйхатдан ўтиш талабларини соддалаштириш учун ва рўйхатдан ўтиш тўловларини камайтиришни кўзда тутган, аммо мустақил фуқаролик жамияти гуруҳларининг маълм қилишича, бу талаблар рўйхатга олиш тартибини соддалаштиргани йўқ.
НТларнинг фаоллиги бир вилоятда иккинчисиникидан фарқ қилди, чунки баъзи маҳаллий ҳокимият ходимлари улар фаолиятига бағрикенглик билан қаради, айниқса агар бундай фаолият ҳукумат идоралари томонидан мувофиқлаштириб турилган бўлса. Баъзи вилоятлардаги фуқаролик жамияти фаоллари хабар қилишича, президентнинг 2010 йилдаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини кучайтириш тўғрисидаги маърузасидан сўнг маҳаллий амалдорларда фаоллар билан ҳамкорлик қилишга кўпроқ майллик пайдо бўлди. Фуқаролик жамияти гуруҳлари хабарига кўра, рўйҳатдан ўтганларидан кейин уларга давлат органлари томонидан чекловлар қўйилган, жумладан кўплаб жамоат тадбирларга Адлия вазирлигининг аввалдан руҳсат бериши талаб қилинган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ННТ фаолиятига тегишли тартибни бузганлик ва бошқаларни «ноқонуний ННТга» жалб қилиш учун катта миқдордаги жарималар белгиланган; ушбу ибора ҳукумат томонидан ёпилган ННТларни ёки расмий рўйхатдан ўтмаган ННТларни назарда тутганми йўқми аниқ эмас. Маъмурий кодекс, шунингдек, сиёсий фаолият билан шуғулланган, ўз уставларига мос келмайдиган фаолият ёки ҳукумат олдиндан рухсат бермаган фаолият билан шуғулланган халқаро нодавлат ташкилотларга ҳам қарши жарима белгилаган.
Ҳукумат 2004 йили қабул қилинган банклар фаолияти тўғрисидаги Қонунни ҳаётга жорий қилишни давом эттирди, гарчи бу қарор “пул ювиш”га қарши кураш учун ишлаб чиқилган деб ҳисобланса-да, рўйхатдан ўтган ва ўтмаган НТларнинг хориждан маблағ олишини мураккаблаштириб қўйди. Шу билан бирга, ҳукумат вакиллари пул ювишга қарши фармони асосида яратилган қўмита мавжудлигини рад этдилар. Молия вазирлиги барча инсонпарварлик ёрдами ва техник ёрдам олувчилардан банк операциялари бўйича маълумот тақдим этишни талаб қилди. Адлия вазирлиги НТлардан олинган ҳар қандай грант маблағи, ўтказилган тадбирлари ва келгуси олти ойлик давр учун режалаштирилган тадбирлари хусусида батафсил ҳисобот бериб туришни талаб қилди. НТларининг раҳбарлари вазирликнинг рухсатисиз ўтказилган тадбири учун жаримага тортилиши мумкин ва жарима миқдори баъзи жиноятлар учун назарда тутилган жарима миқдоридан бир неча баробар юқори бўлган.
Парламентнинг Нодавлат, нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш жамоат жамғармаси ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари, асосан ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун грант танловларини ўтказишда давом этдилар. Баъзи фуқаролик жамияти ташкилотлари, ушбу жамғарма асосан ҳукумат яратган нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлашда танқид қилганлар. Қонунга мувофиқ, ҳукумат назарида «экстремистик» дея қараладиган ташкилотларга аъзо бўлишлик жиноятдир.
в. Дин эркинлиги
АҚШ Давлат департаментининг “Халқаро дин эркинлиги тўғрисидаги ҳисобот”ини www.state.gov/religiousfreedomreport/ да кўриш мумкин.
г. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш эркинлиги, мамлакат ичида кўчган кишилар, қочқинлар ва фуқаролиги йўқ кишиларни ҳимоя қилиш
Констутиция ва қонунчилик мамлакат ичида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, чет элга саёҳат, эмиграция ва репатриация (мамлакатга қайтиш) ҳуқуқини беради, лекин ҳукумат ушбу ҳуқуқларни чеклади. Хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан ташқарига саёҳат чиқиш учун фуқаролардан чиқиш визаси олишни талаб қилишда давом этди.
Мамлакат ичида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш: Фуқаролардан мамлакат ичида саёҳат қилиш ва ё мамлакатдан чиқишдан аввал паспортларида юридик адрес кўрсатилган штамп бўлиши талаб этилди. Ҳукумат визага ариза топшириш жараёнида вақти-вақти билан маҳаллий ҳамда чет эл сафари ва эмиграцияни орқага сурди. Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятига кўчиш учун маҳаллий ҳокимият вакилларининг рухсатномаси талаб этилди, лекин улар бундай рухсатни пора олмасдан туриб, камдан-кам ҳолларда берди.
Ҳукумат меҳмонхоналардан чет элликларни кундалик равишда рўйхатдан ўтказишни талаб қилди. Хусусий уй-жойларда турадиган чет элликлардан мамлакатга киргандан кейин уч кун ичида турган жойида рўйхатдан ўтиш талаб этилди. Ҳукумат мулозимлари чет элликларни чегара ҳудудларида диққат билан кузатди, аммо чет элликлар умуман олганда мамлакат ичида чекловсиз бир жойдан иккинчи жойга бориши мумкин бўлди.
Чет эл сафари: Ҳукумат гоҳида хавфсизлик юзасидан миллий байрамлар арафасида чегараларни ёпиб қўйди. Ҳукумат умуман олганда фуқаролар ва доимий резидентлардан МДҲдан ташқарига саёҳат ё эмиграция учун талаб этиладиган чиқиш визаларини берди. Бироқ, чиқиш виза олиш тартиби ҳукумат “сафарнинг мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахборот” асосида сафарни бекор қилишига имкон беради. Фуқаролик жамияти фаолларига кўра, бундай қоидалар аниқ белгилаб берилмаган ва рад жавоби олинган тақдирда шикоят қилишга имкон бўлмаган. Баъзи ҳолларда, агар сафардан мақсад яққол дин билан боғлиқ бўлса, давлат органлари бундай сафарга монеълик қилганлар. Янги паспортларни бериш кечикиши хусусида кўплаб хабарлар олинди, баъзан эса пора эвазига паспорт олиш жараёнини тезлаштириш имкони бўлди.
Афтидан одам савдосига қарши курашиш мақсадида ҳукумат чиқарган қоидаларга кўра, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган аёлларнинг эркак қариндошларидан улар чет элдалик вақтида ноқонуний ишлар, жумладан, фоҳишалик билан шуғулланмаслиги ҳақида ариза бериши талаб этилади. Аммо кузатувчиларнинг маълум қилишича, хориждаги одам савдоси жабрдийдасига айланган ўзбекистонликларнинг аксарияти меҳнат эксплуатациясига жалб этилган эркаклар бўлган.
Гарчи қонунда чиқиш визаси тўғрисида қарор 15 кунда қабул қилиниши белгилаб қўйилган бўлса-да, хабарларда айтилишича, ҳукумат инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистларга чет элга сафар қилиши олдини олиш учун чиқиш визалари беришни кечиктирди. Масалан, ҳукумат инсон ҳуқуқлари фаоллари Шуҳрат Рустамов, Дмитрий Тихонов, Ўктам Пардаев, Елена Урлаева, Ҳайитбой Ёқубов ва бошқаларга чиқиш визаси беришни рад этди. Мамлакатдан чиқиш ё унга кириш қонун-қоидаларини бузиш беш йилдан ўн йилгача қамоқ муддати билан жазоланади.
Умуман олганда, фуқаролар қўшни мамлакатларга сафар қилиш имконига эга бўлди. Афғонистонга ер орқали сафар қилиш мушкуллигича қолди, чунки фуқаролар чегарадан ўтиш учун МХХдан рухсат олиш керак эди.
Эмиграция ва репатриация: Қонунлар икки фуқароликка йўл қўймайди. Қонунларга кўра, қайтиб келган фуқаролар давлат органларига чет элда бўлганида ўша мамлакат фуқаролигини қабул қилмаганини исботлаши керак бўлади, акс ҳолда улар фуқаролигидан айрилиши мумкин. Аслида эса икки фуқароликка эга бўлган кишилар Ўзбекистонда юрганларида хорижий фуқароларга бериладиган имтиёзлардан фойдалана олмаганлар бироқ Ўзбекистон қонунларига риоя қилган тақдирда бемалол сафар қилиб юрдилар.
Ҳукумат чет мамлакатларда олти ойдан кўпроқ истиқомат қилган фуқаролар Ўзбекистоннинг консулликларида ихтиёрий рўйхатдан ўтиши мумкинлигини таъкидлаб келди.
Қочқинларни ҳимоялаш
Бошпана олиш имконияти: Мамлакат қонунчилигида бошпана ёки қочқин мақоми бериш назарда тутилмаган, ҳукумат қочқинларни ҳимоя қилиш тизимини жорий қилмади.
Мажбуран репатриация қилмаслик: Ҳукумат қочқинларни ирқи, дини, миллати, муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги ёки сиёсий фикрлари сабабли ҳаёти ёки эркинлигига таҳдид солиниши мумкин бўлган мамлакатларга чиқариб юборилиши ёки қайтарилишидан маълум маънода ҳимоя қилди.
Йил давомида БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари бошқармаси (ҚМБОКБ) вакили бўлмаган пайтда БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) 118 нафар кишининг (асосан, афғонлар) ҳали охирига етмаган 71 ишини мониторинг қилиш ва уларга ёрдам беришни давом эттирди; бундай ҳолатлар 2006 йили БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги ваколатхонаси ёпилишига сабаб бўлган эди. Йил давомида БМТТД ва ҚМБОКБнинг вақтинча вакили 7 кишига дахлдор 5 та ишни расмийлаштиришди. Ушбу ташкилот янги аризаларни расмийлаштира ёки қочқин мақомини белгилай олмаслиги сабабли потенциал ариза берувчиларга қўшни мамлакатлардаги БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги ваколатхоналарига мурожаат қилишни маслаҳат берди.
Ҳукумат БМТ ҚМБОКБнинг қонуний яшаб туришни чўзишга асос бўладиган мандат гувоҳномасини эътироф этмади, бундай гувоҳномаси бўлган кишилар сайёҳ визаси ёки яшашга рухсатномаси олиш учун ариза бериши керак, акс ҳолда мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Яшашга рухсат олиш қийин бўлди. Ҳукумат Афғонистон ва Тожикистондан келган ва ҚМБОКБнинг қочқин мандатига эга бўлган кишиларни иқтисодий мигрантлар деб ҳисоблади, баъзан амалдорлар уларни таъқиб қилиб, пора талаб этди. Тожикистондан келган қочқинларнинг аксарияти этник ўзбеклар эди; улар Афғонистондан келган кишилардан фарқли ўлароқ, маҳаллий аҳоли билан тезда тил топишиб кетди, маҳаллий аҳоли ҳам уларга ёрдам қилиб турди.
Фуқаролиги йўқ кишилар
Баъзи тожикистонлик қочқинларнинг расман фуқаролиги йўқ эди ёки фуқароликдан расман ажраб қолиш хавфига рўпара келди, чунки улардан кўпчилигининг Тожикистон ёки Ўзбекистон эмас, Совет паспорти бор эди. Фуқаролиги бўлмаган ота-оналардан туғилган фарзандлар ота ҳам, она ҳам яшаш рухсатномасига эга бўлсагина фуқаролик олади.
Гарчи фуқаролиги йўқ кишилар сони ҳақида расмий маълумот бўлмаса-да, нуфузли инсон ҳуқуқлари фаоллари Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда тахминан 3000 нафар бундай киши бор, дея баҳолади. Бу шахсларнинг аксарияти аёллар бўлиб, улар 1991 йил мамлакат мустақиллигидан илгари турмуш қурган ва қўшни Туркманистонда яшаган. Шунингдек, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам фуқаролиги йўқ кишилар мажудлиги ҳақида хабарлар олинди. Ҳужжатларни қалбакилаштиришда айблаб миллати тожик бўлганлардан, ҳатто Ўзбекистон паспортлари ўн йил муқаддам олинган бўлса-да, фуқаролик олиб қўйилгани ҳақида хабарлар бўлган, ва бундай фуқаролар фуқаросиз шахсга айланган.
3-бўлим. Сиёсий жараёнда иштирок этиш эркинлиги
Конституция ва қонунчиликда фуқароларнингэркин ва ҳаққоний сайловлар орқали ҳукуматни ўзгартириш ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Амалда эса ҳукумат эркин ва ҳаққоний сайловлар ўтказмади, иофда эркинлигини қатъий чеклаб қўйди ва сиёсий мухолифатни қисувга олди. Президент ўта марказлашган ҳукуматни кенг ваколатга эга бўлган фармонлар, қонун лойиҳалари тайёрлаб берувчи асосий ҳокимият тармоғи ҳамда ҳукуматнинг лавозимларга тайинлашини, иқтисодиётнинг асосий қисмини ва хавфсизлик кучларини назорат қилиш орқали бошқарди.
Сайловлар ва сиёсатда иштирок этиш
Яқинда ўтган сайлов: 29 мартта ўтказилган сайловдан сўнг президент Каримов тўртинчи маротаба президентлик ваколатини бошлади, гарчи Конституция бир шахснинг икки марта кетма кет президент бўлиб сайланишини тақиқлайди. ЕХҲТ чекланган кузатувчилари таъкидлашича, «сайловга оид ҳуқуқий тизим демократик сайловлар ўтказилишини таъминлай олмаган», чунки барча номзодлар ўз чиқишларида амалдаги президентнинг сиёсатини қўллаб-қувватлади, бошқа сайловчилар ўрнига овоз бериш ҳоллари кўп бўлган, сайловни ўтказиш тартиби билан боғлиқ муаммолар ва овозларни санаш чоғида қоидабузарликлар рўй берган.
Сиёсий партиялар ва сиёсатда иштирок этиш: Қонунчиликда сиёсий партияларнинг мустақил бўлиши белгилаб қўйилган, лекин Адлия вазирлиги партияларнинг ички ишларига аралашиш, ўзи ҳукуматга мухолиф деб ҳисоблаган партияларга молиявий ва ҳуқуқий ёрдамни тўхтатиб қўйишдай катта ваколатларга эга. ЕХҲТнинг 2014 йил декабрь ойидаги парламент сайловларига юборган чекланган кузатувчилар гуруҳининг дастлабки ҳисоботи хулосасига кўра, сайловлар “моҳирлик билан бошқарилди, аммо уларда электорал рақбоат ва баҳслар кузатилмади”. Ҳисоботда айтилишича, бу сайловлар “халқаро мажбурият ва андозаларга тўлиқ жавоб берадиган сайловлар учун зарур бўлган асосий эркинлик борасидаги муҳим муаммоларни бартараф этмади”. Ҳукумат 2014 йил декабр ойидаги сайловларда фақатгина президентга хайрихоҳ, рўйхатга олинган тўртта партиядан илгари сурилган номзодларнинг иштирокини таъминлади холос ҳамда оммавий ахборот воситалари ва сайловни молиялаштиришни назорат остига олди. ЕХҲТнинг ҳисоботида шунга алоҳида урғу берилдики, сайловларда вакиллар орқали сайлашга кенг тус берилди, бу эса Марказий Сайлов комиссияси эълон қилган рўйҳатга олинган сайловчиларнинг 89%лик “натижага ўз таъсирини ўтказган” бўлиши мумкин. Бир неча инсон ҳуқуқлари фаолининг тасдиқлашича, президентлик ва парламент сайловларида бундай вакиллар орқали сайлов йўлга қўйилмаган тақдирда қонуний минимал иштирок этиш даражасига жавоб бериш учун сайлов натижалари етарли бўлмаган бўлур эди.
Қонунчилик чин маънодаги мустақил сиёсий партияларни ташкил этиш, улардан номзод кўрсатиш ва кампания ўтказишни ўта қийин қилиб қўйган. Рўйхатдан ўтиш учун янги партиядан камида саккиз вилоятда яшаётган кишиларнинг 20 мингта имзосини йиғиш талаб этилади. Номзодни рўйхатга олиш тартиби жуда оғир. Қонунчиликка кўра, Адлия вазирлиги партияни рўйхатга олишни суднинг қарорисиз олти ойгача кечиктириши мумкин. Ҳукумат, шунингдек, тузилган сиёсий партияларнинг молияланишини ва ОАВдаги чиқишларини назорат қилди.
Қонунчилик судьялар, прокурорлар, Миллий хавфсизлик хизмати амалдорлари, қуролли кучларда хизмат қилаётган кишилар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг сиёсий партияларга аъзо бўлишини тақиқлайди. Амалдаги қонунлар дин ва миллий асосда, мамлакат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига ёки фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари ва эркинликларига қарши бўлган, урушни ёки ижтимоий, миллий ва диний адоватни тарғиб қиладиган, ҳукуматни ағдариб ташлашга интиладиган партия тузишни тақиқлайди. Қонун, шунингдек, адоватни тарғиб қилади, террозим фаолиятини қўллаб-қувватлайди, дея “Ҳизб-ут Таҳрир” исломий-сиёсий ташкилотини тақиқлайди. Хабар қилинишича, октябр ва ноябр ойларида давлат органлари Тошкент вилоятида 160 нафардан ортиқ кишини ДАИШ (Исломий давлат)га аъзоликда гумон қилиб, ҳибсга олганлар, зотан ОАВ хабарларига қараганда, ушбу қўлга олинганларнинг аксарияти тинч Ҳизб-ут-Таҳрир аъзолари бўлган.
2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг ҳукумат бир қанча сиёсий партияларни тақиқлади ёки уларни рўйхатга олишни рад қилди. Собиқ партия раҳбарлари қувғинда бўлди, партиялар эса мамлакатда кучли таянчга эга бўлмагани учун яшаб қолиш йўлида курашди.
Аёллар ва камсонли миллатлар вакилларининг иштироки: 2014 йил декабр ойидаги парламент сайловларида, қонунга мувофиқ ҳолда, номзодларнинг 30 фоиздан ортиғи аёллардан иборат бўлди.
Парламент қуйи палатасида 11 нафар, Сенатда эса 11 нафар камсонли этник гуруҳлар аъзоси бор эди.
4-бўлим. Коррупция ва ҳукуматда ошкораликнинг етишмаслиги
Қонунчиликда юқори лавозимли амалдорларнинг коррупциясига жиноий жазо белгиланган, лекин ҳукумат ушбу қонунчиликни самарали қўлламади. Ички ишлар вазирлиги қошидаги Коррупция, товламачилик ва рэкетга қарши кураш бошқармаси ҳамда Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноят ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси коррупция ҳолларининг олдини олиш, текшириш ва таъқиб қилишга масъулдир. Баъзи юқори лавозимли мулозимларнинг коррупция билан боғлиқ ҳибсга олинишига қарамай, коррупция кенг илдиз отгани ҳамон давом этди, мулозимлар эса ҳеч бир жазосиз коррупцион ишларда иштирок этдилар. Маҳаллий кузатувчиларга кўра, айбловлар кўпинча маҳаллий ва республика элиталари орасида ўз мавқеини йўқотган потенциал рақибларга қаратилган бўлган ва бундай суд орқали таъқиб қилиш ҳоллари коррупцияга барҳам беришга қаратилган мувофиқлаштирилган ҳаракат натижаси бўлмаган.
Коррупция:
Коррупция: Январь ойида “Узметроном” вебсайти берган хабарга кўра, 2014 йилнинг август ойида ҳибсга олинган Қашқадарё вилояти МХХ бошқармаси собиқ раҳбари Иброҳим Деҳқонбоев мансабидан суиистеъмол қилгани учун 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган. Ҳукумат унинг ҳибсга олиниши ва қамоққа ҳукм этилганини тасдиқлади ва йиллик амнистия натижалари асосида, унинг ҳукми 11 йил, уч ой, ва 19 кунга камайтирилган, деб қайд этди.
Июл ойида Озодлик радиоси берган хабарга кўра, Миллий хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли амалдорлари Джавдат Шарифхўжаев ва Ҳаёт Шарифхўжаев (раис ўринбосари) коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган.
Молия ошкорлиги: Ҳукумат мулозимлари қўшимча иш жойида олган даромадларинигина ошкор қилиши талаб этилади, аммо бундай маълумотларни олиш омма учун имконсиз бўлди.
Омманинг ахборот олиш имкони: Кўп ҳолларда жамоатчилик ҳукумат маълумотларини олиш имконига эга бўлмади. Ҳукумат жамоатчиликка тегишли маълумотлар хусусида камдан-кам ахборот берди, гарчи кўпгина ҳукумат вазирликлари ва органлари интернет саҳифасидан айрим маълумот олиш имкони бўлди.
5-бўлим. Ҳукуматнинг тахмин этилган инсон ҳуқуқлари бузилишини халқаро ва ноҳукумат ташкилотлар тергов қилишига муносабати
Гарчи ҳукумат кўпинча турли йўллар билан фаолиятига тўсқинлик қилса-да, маҳаллий инсон ҳуқуқлари гуруҳларидан бир қанчаси мамлакат ичида фаолият кўрсатди. Ҳукумат инсон ҳуқуқлари фаолларини тез-тез таъқиб қилиб, қамаб, тахқирлаб, жиноий жавобгарликка тортиб турди. 1 сентябрь – Мустақиллик байрами, 8 декабрь –Конституция куни ва 13 май – Андижон воқеалари содир бўлган кунлари ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари фаолларни қаттиқ назоратга олингани тўғрисида хабарлар бўлди.
Ҳукумат инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича мамлакатда иккита НТ: “Эзгулик” ва Ўзбекистоннинг Мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотини расман тан олди. Эзгулик вакиллари аъзоларига қарши суд ишини юритишнинг ҳукуматнинг тазйиқ, қўрқитиш ва таҳдидлар мамлакат бўйлаб ўз фаолиятини тўсқинлик давом маълум қилди. Бошқа ташкилотлар рўйхатдан ўта олмади, лекин шунга қарамай ҳам миллий, ҳам халқаро миқёсда фаолият кўрсатаверди.
Ўтган йилларда рўйхатдан ўтишга уриниб кўрган, лекин ўта олмаганлар сирасига Гуманитар ҳуқуқ маркази, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти, “Экспертлар иш гуруҳи”, “Мазлум” ташкилотлари киради. Улар юридик шахс сифатида мавжуд бўлмади, аммо офисларни ижарага олиш ёки молиявий битимлар тузиш сингари қийинчиликларга қарамасдан, фаолият юритаверди. Улар банкда ҳисоб рақами очолмади, бу ҳол қонуний йўл билан маблағ олишга йўл бермади. Рўйхатдан ўтмаган гуруҳлар ҳукуматнинг суд орқали таъқиби олдида ҳимоясиз бўлиб қолди. Аммо камдан-кам ҳолларда ҳукумат вакиллари баъзи тадбирларда рўйхатдан ўтмаган гуруҳлар билан бирга иштирок этди.
Ҳукумат идоралари вакиллари мамлакат инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан норасмий тарзда суҳбатлашди. Ушбу инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг баъзилари инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ишларни давлат органлари билан бирга бевосита шуғулланиб, ҳал этишга муваффақ ҳам бўлганлар. Бунинг учун улар ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳақида оммага билдирмасликлари керак эди.
Инсон ҳуқуқлари фаолларига қарши вақти-вақти билан ҳужум уюштириш давом этди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз фаолияти учун давомий равишда сохта жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши ва бошқа жазолар тайинланишини тасдиқлади.
БМТ ва бошқа халқаро идоралар: Ҳукумат Халқаро меҳнат ташкилотидан (ХМТ) ташқари халқаро идоралар фаолиятини чеклашда давом этди ҳамда уларнинг инсон ҳуқуқларига амал қилинишини кузатиш ва бу борадаги сиёсатини кескин танқид остига олди.
ЕХҲТ 2006 йилдан бери инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларда чекланган миқдорда иш қилишга эришган, ва ҳукумат йил давомида ушбу ташкилотнинг “инсон ўлчами”, ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари компоненти сингари бир қанча таклиф этилган лойиҳаларини маъқуллади.
Ҳукумат 10 йилдан буён кўплаб сўровномаларга қарамай БМТ вакилларига мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари муаммоларини мониторинг қилишга рухсат бермади. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идораси 2006 йилда мамлакатга ташриф учун сўраган илтимоси ҳануз жавобсиз қолмоқда. Шунингдек БМТнинг инсон ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланувчи бошқа 11 махсус мандатга эга бўлган вакиллар ва ишчи гуруҳларнинг Ўзбекистонга келиш ҳақидаги сўровига ҳам йил мобайнида ҳукумат жавоб бермаган.
Ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи идоралари:Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман идораси мақсади фундаментал инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва жамоатчиликнинг уларни билишини рағбатлантириш, халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига мос келадиган қонунчиликни шакллантиришга ёрдам бериш ва ҳуқуқ бузилиши, деб ҳисобланган ҳолатларни бартараф этишдан иборат. Омбудсман идораси у ерга мурожаат қилган фуқаролар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этишда воситачилик қилди, ҳукумат идораларининг қарорларини ўзгартириш ёки маъқуллаш бўйича тавсиялар берди, лекин улар мажбурий эмас. Маҳбусларнинг оила аъзолари берган маълумотга кўра, Омбудсман сиёсий жиҳатдан хос ишларга аралишишни истамаган. Омбудсман идорасига сентябр ойига қадар 7556 шикоят келиб тушган.
Инсон ҳуқуқлари миллий маркази (ИҲММ ) аҳоли ва амалдорларга инсон ҳуқуқлари ва демократия принциплари тўғрисида таълим бериш ҳамда ҳукуматнинг жамоатчиликни инсон ҳуқуқлари тўғрисида ахборот билан таъминлаш борасидаги ҳалқаро мажбуриятларини бажараётганини кафолатлашга масъул бўлган давлат муассасасидир. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ИҲММ бу ўринда унча самара бермаган, бироқ ИҲММ инсон ҳуқуқлари муаммоларини ҳал қилиш ўрнига, ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги иддаоларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган.
6-бўлим. Камситиш, жамиятдаги таҳқирлаш ҳоллари ва одам савдоси
Қонунчилик ва Конституция ирқ, жинс, ногиронлик, тил ёки ижтимоий мақомга кўра камситишни тақиқлайди. Бироқ аёллар ва одамларни ногиронлиги учун ижтимоий камситиш учраб турди, болаларга шафқатсизларча муносабатда бўлиш давом этди.
Аёллар
Номусга тегиш ва оиладаги зўравонлик: Қонунлар номусга тегишни, шу жумладан, “яқин қариндош”ни жинсий зўрлашни ман қилади, лекин Жиноят кодекси эр-хотиннинг бир-бирини зўрлашига муайян тақиқ қўймади ва суд бирор маълум ишни кўриб чиқмади. Урф-одатлар аёлларга ва уларнинг оилаларига жинсий зўрлаш ҳақида очиқ гапиришига йўл бермади, матбуот номусга тегиш ҳақида жуда кам хабар қилди.
Оилада зўравонлик кўп учрашига қарамай, қонунчилик буни махсус тақиқламайди. Қонунларда жисмоний куч ишлатиш ҳолатларига жазо белгиланган бўлса-да, кўпинча милиция ходимлари аёлларнинг ўзларини калтаклаган шерикларидан шикоят қилишини маъқулламади, орган ходимлари муштумзўрларни камдан-кам ҳолларда уйларидан олиб кетди ёки ҳибсга олди. Аёлларни жисмоний таҳқирлаш масаласига жамиятда жиноий эмас, балки шахсий масала деб қаралди. Бироқ, инсон ҳуқуқлари фаоллари хабар қилишича, маҳаллий милиция ва амалдорлар оиладаги зўравонлик ҳолатларини, жумладан Жиззах вилоятида ва анъанавий консерватив саналган Фарғона водийсида бартараф этишга хоҳиш билдирган. Оила аъзолари ёки катта ёшлилар бундай ҳолатларни уйнинг ўзида ҳал қилди ва камдан-кам ҳолларда иш судгача етиб борди. Маҳаллий ҳокимият идоралари бундай муштумзўрликни муҳокама қилишдан кўра, эр билан хотинни яраштиришга кўпроқ эътибор қаратди.
Аёллар уйдаги зўравонлик сабаб ўз жонига қасд қилишга уринган ёки қасд қилган ҳолатлар ҳақида хабарлар бўлмади, аммо аёллар масалалари бўйича фаолларнинг маълум қилишича, бундай ҳолатлар ошкор қилинмаган бўлиши мумкин. Кузатувчилар аёл кишининг эри ёки, анъанага кўра, ўзини тўлиқ назорат қиладиган қайнонаси билан келишмовчилиги жонига қасд қилишнинг одатий сабаби эканини айтди. Уйдаги зўравонлик жабрдийдалари учун на давлат қарамоғидаги бошпана ва на ишонч телефонлари бўлди, жуда оз сонли НТлар уйдаги зўравонликка эътибор қаратди.
Жинсий тегажоғлик: Қонунчиликда жинсий тегажоғлик тақиқланиши аниқ белгилаб қўйилмаган, лекин эркак киши учун аёл киши билан бизнес, молиявий ёки бошқа тобе муносабатлар бўлган ҳолатларда уни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш жиноят ҳисобланади. Ижтимоий урф-одатлар, сукут сақлаш ва судга мурожаат қилишнинг етишмаслиги ушбу муаммо кўламини аниқлашни мушкуллаштирди.
Репродуктив ҳуқуқлар: Умуман олганда, эр-хотинлар, шахслар қанча фарзанд кўриш, туғишлар ўртасидаги оралиқ вақтни белгилаш ва қачон фарзанд кўришни, репродуктив саломатликларини бошқаришни ҳамда бу ишни камситиш, мажбурлаш ва зўравонликдан холи бўлган ҳолда, етарли ахборот ва имкониятларга эгалар. Бироқ, оммавий ахборот воситаларида давом этган хабарларга кўра, афтидан туғилиш кўрсаткичини назорат қилиш ҳамда болалар ва оналар ўлимини камайтириш учун ҳукумат аёлларни стериллаш ҳақида врачларга буйруқ берган, гарчи бунга доим ҳам аёллар розилиги олинмаган.. Инсон ҳуқуқлари ва соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари розиликсиз стерилизация давом этганини тасдиқлади, фақат бу амалда кенг қўлланилгани ва ё ҳукумат мулозимлари бунга кўрсатма берганми, йўқми, ноаниқлигича қолди.
Эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам ҳомиладорликнинг олдини олиш воситаларидан фойдаланиш имкони бўлди. Аксарият туманларда дипломли врачлар ишлайдиган туғруқхоналар мавжуд эди, врачлар ҳомиладорлик вақти ва туғишдан кейинги кенг миқёсли даволаш ишларини бажарди. Баъзи хабарларга кўра, қишлоқ жойларда яшайдиган аёллар шаҳарлик аёлларга нисбатан кўпроқ ҳолларда ўз уйида, малакали доялар кўмагисиз туққан.
Камситиш: Оила, меҳнат, мол-мулк, миллати ва мерос қонунларига кўра эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқий мақоми баравар. Қонунчилик жинс билан боғлиқ камситишни тақиқлайди ва Миллий хотин-қизлар қўмитаси (МХҚ) аёлларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланишини рағбатлантирди. Аёллар тарихий нуқтаи назардан, эркаклар даражасида бўлмаса-да, турмушнинг барча жабҳаларида олд мавқеларни эгаллаб келган, аммо маданий ва диний амалиётлар уларнинг янада самарали фаолиятини чегаралаб қўйди. Ҳукумат аёллар ишга жойлашиш, кредит олиш ва айнан бир хил иш учун тенг миқдорда иш ҳақи тўланиши масаласида камситилган ёки камситилмаганига оид маълумотларни жуда кам берди. Меҳнат кодексида аёлларнинг эркаклар билан баб-баробар саноатнинг кўп соҳаларида ишлаши тақиқланади.
Болалар
Туғилишни рўйхатга олиш: Фуқаролик мамлакат ҳудудида туғилгач олинади ва ота ёки онадан ўтади. Одатда ҳукумат барча туғилиш ҳолатларини зудлик билан рўйхатга олди.
Тиббий ёрдам: Ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳасида ўғил ва қиз болалар учун тенг хизмат кўрсатди, бироқ қаровсиз болалар, мигрант ишчиларнинг фарзандлари сингари пропискаси ва расмий манзили бўлмаган кишилар давлатга қарашли соғлиқни сақлаш муассасаларида даволана олмади.
Болаларга нисбатан зўравонлик: Жамият одатга кўра болаларга нисбатан зўравонлик қилишга оиланинг ички иши деб қаради, бу ҳақда танишиш мумкин бўлган расмий маълумот кам бўлди.
Эрта ва мажбурий турмуш қуриш: Қонунчиликда қизларнинг камида 17, йигитларнинг 18 ёшдан оила қуриши белгиланган, лекин туман ҳокими истисноли ҳолларда бу ёшни бир йилга камайтириши мумкин. Хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла вакиллари мунтазам равишда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориб, эрта турмуш қуриш ва туғишнинг зарарли оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. Хотин-қизлар қўмитаси таълим, ўз кучига ишониш, молиявий мустақиллик ҳамда эркин танлаш ҳуқуқининг аҳамияти борасида жамоа вакиллари ва мактабда ўқувчи қизлар учун тез-тез учрашувлар ўтказиб турди. Баъзи қишлоқ жойларда гоҳида қизлар 15 ёшида давлат тан олмайдиган диний маросимларда турмушга узатилди.
Болаларнинг жинсий эксплуатацияси: Қонунчилик болаларни “эксплуатациянинг барча шакллари”дан ҳимоя қилади. Болани фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаш энг кам ойлик иш ҳақининг 25 дан 50 баробаригача жаримага тортиш ва 5 йилгача бўлган қамоқ муддати билан жазоланади.
Икки томоннинг розилиги ила жинсий алоқа билан шуғулланиш учун энг камида 16 ёш бўлиши шарт. Зўрлаб номусга теккани учун 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Болалар (21 ёшга тўлмаган шахслар) порнографиясини ишлаб чиқариш, кўрсатиш ва тарқатиш жарима ёки уч йил қамоқ билан жазоланади.
Болаларни хорижга олиб қочиш: Ўзбекистон 1980 йили қабул қилинган “Болаларни хорижга олиб қочишнинг фуқаролик-ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида”ги Гаага конвенциясини имзолаган.
Ахборот олиш учун:https://travel.state.gov/content/childabduction/en/country/uzbekistan.html
Антисемитизм
Антисемитизм хатти-ҳаракатлари ёки яҳудийларга нисбатан камситиш бўлгани ҳақида маълумот олинмади. Яҳудийлар жамоаси рўйхатдан ўтган марказий ташкилотни расмийлаштириш талабларини бажаролмади, бироқ мамлакатда саккизта рўйхатдан ўтган яҳудий қавми мавжуд эди. Кузатувчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, мамлакатда, тахминан, 10 минг нафар яҳудий бўлиб, улар, асосан, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида жамоа бўлиб яшайди. Улар сони асосан иқтисодий сабабларга кўра кўчиб кетиш оқибатида камая борди.
Одам савдоси
Одам савдоси ҳақида маълумот олиш учун Давлат департаментининг “Одам савдоси тўғрисида”ги ҳисоботига қаранг: http://www.state.gov/j/tip/rls/tiprpt/
Ногирон шахслар
Қонунчилик ногирон кишиларни камситишни тақиқлайди, аммо баъзи ҳолларда ногиронларга нисбатан жамиятда камситиш ҳоллари рўй берди.
Ҳукумат давлатдан ногиронлик нафақаси оладиган фуқароларнинг ногиронлик даражасини тасдиқлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирди. Бундан мақсад ногиронлик учун тўланадиган нафақаларнинг қонунийлигини тасдиқлаш эди деб айтилган. Лекин тасдиқланмаган хабарларда айтилишича, ушбу жараёнда баъзи ногирон кишилар оладиган нафақа адолатсиз тарзда қисқариб кетди.
Қонунда ногиронларнинг бинолар, шу жумладан хусусий дўкон ва ресторанларга кириши учун имконият яратилмаган бўлса, жарима белгиланиши кўрсатилган. Фаолларнинг хабарига қараганда, йил давомида ҳукумат тахминан 2,500 та шундай ҳолат бўйича жисмоний шахслар ва ташкилотларни жаримага тортган. 2013 йилда қабул қилинган қонун ногиронлар учун шароит яратмаганлик учун жарима миқдорини 6,4-9,2 миллион сўмдан ($2415-$3470) 2,2 миллионга ($830) туширди.
Ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи фаоллар яратилган шароит талабга жавоб бермаслигини, масалан, сўнгги йилларда қурилган ўрта мактабларнинг ташқарисида нишаб жой – пандуслар борлигини, аммо ичкарисида ногиронлар аравачасида бемалол ҳаракатланиш мумкин бўлган шароит йўқлигини қайд этди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронларнинг даволанишини назорат қилди, Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги уларни иш билан таъминлашга шароит яратиб берди. Ахборот ва мулоқот қилиш борасида муаммолар бўлгани тўғрисида хабар олинмади. Таълим ва руҳий касалликни даволаш муассасаларида қонунбузарлик бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамади.
Меҳнат қонунида барча фуқаролар ишга жойлашишда тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши кўрсатилган, бироқ ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи фаоллар бу борада камситилиш ҳоллари учраганини (7-г бўлимга қаранг), ногиронларнинг тахминан 90 фоизи ишсиз эканини қайд этди. Ҳукумат ногиронлар учун 17000 та иш ўрни яратилгани ҳақида хабар қилди. Ҳукуматининг биноларга кириш, ахборот олиш ва алоқага киришишга оид дастурлари мавжуд бўлмади, фаоллар бу соҳада алоҳида қийинчиликлар борлигини айтди. Фаоллар, шунингдек, тергов ва суд жараёнида ногиронларга имо-ишора таржимонлари берилмаган ҳоллар бўлгани хусусида хабар берди.
Ҳукуматга кўра, мамлакатдаги 16 ёшгача бўлган ногирон болаларнинг 30122 нафари ўрта мактабга, 6225 нафари ихтисослаштирилган мактабга, 9499 нафари уйда ташкил этилган мактабга қатнаган. Ўқувчилар совет даврида чоп этилган брайл китобларидан фойдаланган. Кўзи ожиз кишилар учун мослаштирилган компьютерлар мавжуд бўлди.
Миллий, ирқий ва этник камсонли кишилар
Мамлакатда йирик тожик (5 фоиз) ва рус (5.5 фоиз) ҳамда камроқ қозоқ ва қирғиз миллатига мансуб камсонли аҳоли мавжуд.Шунингдек, 50 минг кишидан камроқ деб ҳисобланган лўли аҳолиси бор эди. Ушбу гуруҳларга нисбатан зўравонлик ёки камситишга оид шикоятлар жуда кам бўлди.
Этник руслар ва бошқа камсонли миллатларга мансуб кишилар вақти-вақти билан ишлаш имконияти чекланганидан ташвиш билдирди (7-г бўлимга қаранг). Амалдорлар, гарчи кўплаб истисноли ҳоллар бўлса-да, ҳукумат ва бизнесдаги катта лавозимларни этник ўзбеклар учун асраб тургани хабар қилинди.
Қонунчилик фуқароликни олиш учун ўзбек тилини билишни талаб қилмайди, лекин тил аксарият ҳолларда нозик масала бўлиб қолди. Ўзбек тили – давлат тили, Конституцияда президент ҳам уни билиши талаб қилинади. Қонунларда рус тили “миллатлараро мулоқот тили” экани белгилаб қўйилган.
Жинсий ориентацияси ва жинсий мансублигини ўзгартирганларга нисбатан зўравонлик, камситиш ва бошқа таҳқирлаш ҳаракатлари
Эркак билан эркакнинг жинсий алоқа қилиши уч йилгача қамоқ билан жазоланади. Гарчи 2003 йилдан буён ушбу жиноят бўйича ҳибс ё жазога тортиш ҳоллари бўйича маълумот бўлмаса-да, лесбиян, гей, бисексуал, трансгендер ва интерсекс (ЛГБТИ) вакиллари берган маълумотларга кўра, милиция ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари катта миқдорда пора олиш мақсадида гейларни ҳибсга олиш ёки таъқиб қилиш билан қўрқитди. Ноябр ойида ca-news вебсайти берган хабарга кўра, милиция ходимлари электр таъминотидаги узулишлар ҳақида шикоят қилмоқчи бўлган йигитни бесоқолбозликда айблаймиз деб, пўписа қилганлар. Қонунчилик аёллар ўртасидаги жинсий алоқани жиноий ҳаракат сифатида таснифламайди.
Умуман олганда, ҳамжинсбозлик жамиятда тақиқланган мавзу ҳисобланди, ва ЛГБТИ вакилларининг маълум бўлган ташкилотлари йўқ. Жинсий ориентацияси ёки жинсий мансублигини ўзгартирганларга нисбатан ишга қабул қилишда, уй-жой беришда, фуқаролик бўлмаганда, таълим олиш ёки даволанишда расмий ёки ижтимоий камситиш бўлгани маълум эмас, аммо кузатувчиларнинг фикрича, бу ҳол жинсдоши билан жинсий алоқа қилиш масаласи жамиятда ёпиқ мавзу бўлганлиги билан боғлиқ.
ОИВ ва ОИТС
ОИТСга қарши курашиши республика марказининг матбуотда тарқарган хабарига кўра, 1 январь ҳолатига, мамлакатда 30315 нафар ОИВга чалинган киши бўлган. Бундай кишилар касали ошкор бўлиб қолгандан сўнг ўзларини давлат муассасалари, соғлиқни сақлаш соҳаси, қонунни қўлловчи идоралар ходимлари, уйни ижарага берувчилар ва иш берувчилар ижтимоий жиҳатдан яккалаб қўйганини маълум қилди. Ҳарбий маъмурлар хизматга чақирилган йигитларни ОИВ билан оғригани аниқланиши билан армиядан кетказди. Ҳукумат НТ фаолиятига чекловлар жорий этгани оқибатида ОИВ/ОИТС билан оғриган кишиларга ёрдам берадиган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган НТлар сони кескин қисқариб кетди. ОИВ/ОИТС билан боғлиқ демографик ёки тиббий текширувга оид ишончли маълумотлар жамоатчиликка ошкор этилмади.
7-бўлим. Меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари
а. Уюшма тузиш эркинлиги ва жамоа бўлиб музокара қилиш ҳуқуқи
Қонунчилик, умуман олганда меҳнаткашларга ўз хоҳишига қараб мустақил уюшмалар тузиш, уларга бирлашиш ва жамоа бўлиб музокара қилиш ҳуқуқини беради. Қонунда, агар касаба уюшмаси мавжуд бўлмаса, меҳнаткашлар томонидан сайланган бошқа кенгашларга жамоа бўлиб муҳокама қилиш ҳуқуқи берилиши хусусида аниқ маълумот кўрсатилмаган. Қонунчилик иш ташлаш ҳуқуқини на таъминлайди, на тақиқлайди. Қонун уюшмага қарши камситишни тақиқлайди. Жамоат ишларидаги талабгорлар ва ҳужжатлаштирилган шартномасиз шахслар ишга олган меҳнаткашлар ҳуқуқий муҳофаза этилмайди.
Ҳукумат амалдаги қонунларнинг ишлашини самарали йўлга қўймади, мустақил уюшмалар мавжуд эмас эди. Ресурслар, текшириш ва тузатиш талабга жавоб бермади, қонунбузарликнинг олдини олиш учун жорий этилган жарималар етарли бўлмади. Умуман олганда, меҳнаткашлар касаба уюшмалари тузиш ва уларга бирлашиш ҳуқуқидан фойдаланмади, чунки улар муқобил касаба уюшмалари (пастга қаранг) тузишга урингани учун тезда жазоланишидан қўрқди. Касаба уюшмалари марказлашган ва ҳукуматга буткул қарам бўлиб қолди.
Давлат назоратидаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси энг катта уюшма бўлиб, таркибига 35800 та бирламчи ташкилот ва 14 та вилоятлар миқёсидаги касаба уюшмаси киради, унга мамлакат меҳнаткашларининг 60 фоизи аъзодир. Федерация раҳбарлари уюшма бошқарувида сайланишдан кўра Президент девони томонидан тайинланди. Маҳаллий даражадаги барча вилоят ва ишлаб чиқариш касаба уюшмаларини давлат бошқарди.
Касаба уюшмалари ва уларнинг раҳбарлари иш берувчиси ёки давлат назоратидаги муассасаларнинг аралашувисиз фаолият юритадиган даражада эркин бўлмади. Касаба уюшмалари, гарчи соғлиқни сақлаш ва иш хавфсизлиги масалаларида муайян таъсир кучига эга бўлса-да, давлат ташкилотчилигидаги муассаса бўлгани учун ваколатлари жуда оз эди. Жамоа бўлиб шартнома тузиш ҳуқуқидан фойдаланилмади. Масалан, Меҳнат ва Молия вазирликлари Касаба уюшмалари федерацияси билан маслаҳат қилган ҳолда давлат хизматчиларига маош белгилади. Энди ривожланаетган хусусий секторда маошни раҳбарият белгилади ёки ишга кириш учун шартнома тузаётган кишилар билан алоҳида-алоҳида музокара олиб борди. Меҳнат арбитражига масъул давлат муассасаси бўлмади.
б. Мажбурий меҳнатни тақиқлаш
Конституция ва қонунчилик зўрлаб ёки мажбурий ишлатишни тақиқлайди, фақат талончилик, фирибгарлик ёки солиқ тўлашдан бўйин товлаш сингари қонунбузарликлар учун ҳуқуқий жазолар ёки қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ҳолатлар бундан мустасно. Ҳукумат бу қонунларни самарали равишда ҳаётга татбиқ этмади.
Ҳукуматнинг мажбурлаб ишлатиш ҳолатлари пахта терими вақтида рўй берди. Маҳаллий давлат органлари коллеж ва лицейларнинг учинчи курс талабалари (одатда 18 ёшдан ошганларни), ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар, аҳолининг ишламайдиган қисмини пахта теришга жалб қилиш учун давлат муассасалари, мактаблар ва корхоналарга босим ўтказди. Катта ёшлилар кунига 55-70 кг пахта териши лозим эди. Бир кунлик иш ҳақи 15400-18200 сўм бўлди (5-6$). Ишлаб топилган даромад миқдори долларнинг расмий айирбошлаш нарҳида келтирилган, аммо қора бозор курси бўйича ҳисобланса, даромад расмий кўрсаткичларнинг тахминан ярмини ташкил этади. Иш шароити ҳар вилоятда ва фермерлик хўжалигида турлича бўлди. Йиғим ишларида овқат ва ётоқнинг талабга жавоб бермаслиги, талабалар учун ичимлик суви йўқлиги ҳақида хабарлар бўлиб турди.
Катталарни сафарбарлик кўлами ҳар вилоятда бир-биридан анча фарқ қилди. Икки йилдан буён ҳукумат 18 ёшга тўлмаган болаларни меҳнатга систематик сафарбар қилишни тақиқлаб келади. Лекин пахта мавсумининг сўнгги ҳафталарида айрим маҳаллий мулозимлар 16-17 ёшли талабаларни пахтага чиқарди.
2015 йилнинг йиғим-терим ишларига ўқитувчи ва шифокорларнинг жалб қилининишини тақиқлаши ҳақидаги ҳукумат баёнотларига қарамай, бундай сафарбарлик бу йил ҳам давом этди. Ишончли манбаларнинг айтишича, пахта йиғим-терими вақтида балоғат ёшига етмаганлар ўрнини қоплаш учун балоғитга етган давлат хизматчиларини мажбурлаб ишлатилган ҳолатлар йил давомида кўпайди. Давлат органлари ўқитувчилар ва мактаб раҳбарияти йиғим-теримда ё назоратчи бўлиб, ёки ўзлари ҳам пахта териб қатнашишини буюрди. Кўплаб мактаб, коллеж ва лицейлар кам сонли ўқитувчилар ишлаган ҳолда очиқ бўлди, аммо маълум бир вилоятларда ходимлар етишмаслиги сабабли коллежлар ёпилгани ё дарслар бекор қилингани ҳақида хабарлар олинди. Бу ҳолат тиббиёт секторида хам кенг кузатилди, чунки пахта терим мавсумида шифохоналар ва поликлиникаларда ишлайдиган ходимлар етишмаган. Пахта йиғим-терими вақтида давлат сектори хизматчиларининг иш жойида бўлмагани жамоалар ишига салбий таъсир кўрсатди, тиббий муолажалар кўп ҳолларда тез-тез орқага сурилди, муҳим давлат хизматлари кечиктирилди.
Унча кўп бўлмаган хабарларда айтилишича, ҳукумат ўқитувчилар, талабалар, (шу жумладан болалар), хусусий бизнес ходимлари ва бошқаларни қурилиш ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ишлашга, кўча ва хиёбонларни тозалашга мажбурлаган (7-с бўлимга қаранг).
Давлат департаментининг “Одам савдоси тўғрисида”ги ҳисоботига қаранг: http://www.state.gov/j/tip/rls/tiprpt/
в. Болалар меҳнатини тақиқлаш ва ишга қабул қилишнинг белгиланган энг кичик ёши
Қонунда ишга киришнинг минимал ёши 16 ёш экани, иш 18 ёшгача бўлган болаларнинг ўқишига халақит бермаслиги белгилаб қўйилган. Қонунда болаларнинг 15 ёшдан бошлаб тўлиқсиз иш куни, мактабда ўқиш бўлмаган пайти, ота-онасининг розилигига кўра, ҳафтасига кўпи билан 24 соат, ўқиш бўлган пайт эса 12 соат ишлаш ҳуқуқи кўрсатилган. Қонун 15 ёшга тўлмаган болаларнинг “енгил меҳнат”га жалб этилишига ўқишига халақит бермаса ҳам, соғлиги ёки ривожланишига таъсир қилмаса ҳам рухсат бермайди, лекин ушбу қоидага амалда ҳар доим ҳам риоя қилинмади. Мактабда ўқиш бўлмаган пайтлари 16-18 яшар болалар ҳафтасига 36 соат, ўқиш бўлган пайтлар эса ҳафтасига 18 соат ишлаши мумкин. Қабул қилинган қарорларга кўра, 18 ёшга тўлмаган болаларнинг хавфли ишларда ишлаши ман қилинади ҳамда иш берувчиларнинг болаларни хавфли шароитлар, жумладан, ер ости, сув ости, хавфли баландликлар ёки қўлда пахта териш мавсумида хавфли ускуналар ёнида ишлатиши тақиқланади. Болалар қишлоқ хўжалиги, новвойхона ёки дўкон сингари оилавий корхоналарда ва кўча сотувчилари сифатида ишга жалб қилинди.
Йил давомида ҳукумат Халқаро меҳнат ташкилоти методологиясидан фойдаланиб, Навоий, Сурхандарё ва Хоразм вилоятларида болалар меҳнати борасида ўзининг мониторингини ўтказди ХМТ етакчилигидаги миссия эса қолган вилоятларда ва Қорақалпоғстон Республикасида йиғим-терим жараенини мониторинг қилди. ХМТ миссияси берган хулосага кўра, пахта хосилини териш жараенида болалар меҳнатидан систематик фойдаланиш бўлмаган, бироқ мажбурий меҳнатнинг сезиларли белгилари намоён бўлган.
Меҳнат қонунчилиги Меҳнат вазирлиги инспекторларига болалар меҳнати тўғрисидаги қонунларга риоя этилишига асосий эътибор қаратишдай ваколатни бермайди. Болалар меҳнати тўғрисидаги қонунларга риоя этилишини таъминлаш ваколати Меҳнат вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва унинг умумий жиноятларни тергов қилиш бўйича терговчиларига берилган. Бош вазир идораси болаларни пахта даласига келтирмаслик ҳамда тиббиёт ва таълимот соҳалари ходимларини пахта теримига жалб этмаслик ҳақидаги қарорларнинг ҳаётга тадбиқ этилишини мувофиқлаштиришда етакчи роль ўйнади. Хабарларга кўра, маҳаллий ҳукумат кўпинча мониторинг гуруҳлари ташкиллаштириб, ота-оналар ва мактаблар болаларга пахта териш учун рухсат бермаслигини таъминлаш ишида қатнашди. ИИВ қишлоқ хўжалиги соҳасини инспекция қилган-қилмагани маълум эмас. Болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳолати йил давомида кузатилмади.
Шу билан бирга баъзи болалар ҳамон ғўзага ишлов берди ва пахта терди. Бироқ, ўтган йиллардагидан фарқли равишда, болаларнинг меҳнатга жалб этилиши бутун мамлакатда содир бўлмади, балки маҳаллий миқёсда ёки индивидуал равишда кузатилди. Кузги йиғим-терим вақтида баъзи раҳбарлар, айтилишича, мактаб ва олий ўқув юртларини ёпиб қўйганлар. Баъзи университет раҳбарлари талабаларни саккиз ҳафтагача муддатга пахта теришга жўнатди, у пайтда талабалар палаткали лагерларда ёки университетдан йироқ бўлган, далаларга яқин ерларда жойлашган мактабларда яшади. Ушбу ҳудудларга олиб келинган талаба ишчиларнинг яшаш шароитларини мониторинг қилишга урунган баъзи фаоллар ҳуқуқ тартибот органлари вакилларига дуч келишганини айтишган, жумладан фаолларга қарши жисмоний куч қўлланилган.
Далада ишлаётган 10 ёшли болалар ҳам бўлди, аммо бундай ҳоллар ноодатий бўлиб, ҳукуматнинг меҳнатга сафарбар қилишининг бир кўриниши сифатида кўрилмади. Умуман олганда ҳукумат бундай ҳолатга йўл қўймаслик ҳаракатини қилди, бироқ дам олиш кунлари ва байрам кунлари 15 ёшгача бўлган болалар ўқийдиган бутун синфни бир неча бор пахтага сафарбар қилингани ҳақида хабарлар олинди. Ҳукумат коллеж ва лицейларнинг талабаларини сафарбар қилишда давом этди, бундай сафарбарлик баъзи ҳолларда бир неча хафта давом этган ва дарслар тўхтатилишига сабаб бўлган. Учинчи курс талабаларнинг аксарияти 18 ёш ёки ундан катта бўлган. Бироқ шундай хабарлар бўлдики, ўша синфлардаги 17 ёшли талабаларни ҳам пахтага чиқаришган. Йиғим-теримнинг охирги ҳафталарида Жиззах вилоятида баъза маҳаллий раҳбарлар ҳукумат қабул қилган қарорга қарши равишда 16-17 ёшли талабаларни икки ҳафтагача бўлган муддатга пахтага юборган. Ўтган йилларда бўлгани каби кўплаб олий ўқув юртлари йиғим-теримда қатнашмаган талабаларга ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилди ёки талабалардан йиғим-теримда “ихтиёрий” қатнашиш тўғрисида ариза ёзишни талаб қилди.
АҚШ Меҳнат вазирлигининг “Болалар меҳнатининг энг ёмон турлари бўйича хулосалар: www.dol.gov/ilab/reports/child-labor/findings/.
г. Ишга кириш ёки касб-ҳунар соҳасидаги камситиш
Меҳнат ва бандлик соҳасида қонунчилик ирқ, жинс, тилга кўра камситишни тақиқлайди. Меҳнан кодексида кўрсатилишича, давлат ҳимоясига лойиқ ёки алоҳида шароит талаб этадиган шахслар, жумладан аёллар, болалар ва ногиронларга бўлган алоҳида муносабат камситилувчи деб кўрилмаслиги лозим. Қонунда жинсий ориентацияси ёки жинсий мансублигини ўзгартирганларга нисбатан ёки ёши, сиёсий қараши, бирор миллатга мансублиги ёки фуқаролиги ёки ижтимоий келиб чиқиши қараб камситиш ҳолларини тақиқлаш моддалари йўқ. ОИВга чалинган шахсларнинг маълум бир ишларга, жумладан, қон ёки қон маҳсулотлари билан бевосита алоқани талаб қилувчи тиббиёт соҳасига, косметология иши ё сартарошликка олиниши қонунан тақиқланади. Умуман олганда, ҳукумат бу қарорларни ҳаётга самарали татбиқ этмади.
Чет элдан келган ишчилар ўзбекистонлик меҳнаткашлар каби ҳуқуқий ҳимоя остига олинади токи иш берувчилар барча қонуний талабларга амал қилган бўлсалар. Меҳнат ҳуқуқини ҳаётга татбиқ этиш тегишли идораларда ходим етишмаслиги ва коррупция сабабли суст кечди.
д. Мақбул иш шароитлари
Биринчи навбатда давлат секторидаги ойликларни ҳамда турли солиқ ва мажбуриятларни ҳисоблашда фойдаланиладиган энг кам иш ҳақи 2014 йил декабрдан 2015 йил август оралиғида 118400 сўм (44.67 доллар) бўлди. Унинг ҳажми 1 сентябрь куни 10 фоиз кўтарилиб, 130240 сўмга (49.14 доллар) етди. Ҳукумат амалдорлари қашшоқлик даражасини ҳар куни 2,100 килокалориядан кам овқат истеъмол қилиш деб маълум қилди, бироқ ҳукумат қашшоқлик даражасига оид ҳеч бир кўрсаткичларни эълон қилмади. Ҳукуматга кўра, аҳолининг 17 фоизи турмуш тарзи қашшоқлик даражасидан паст бўлди, аммо турли кўрсаткичлардан фойдаланилган баъзи норсамий ҳисоб-китоблар буни 77 фоизга тенглигини кўрсатди.
Қонунчиликда стандарт иш ҳафтаси 40 соат қилиб ва 24 соатлик дам олиш даври белгиланган. Қонунда қайд этилишича, меъёридан ошиқ ишлаш меҳнат шартномасида белгилаб қўйилиши ёки ишчи аъзо касаба уюшмаси билан келишиб олиниши ва қўшимча иш ҳақи ёки таътил сифатида қопланиши керак. Қонунчиликка кўра, қўшимча иш учун товон пули ишчи бир соатлик ҳақининг 200 фоизидан, қўшимча таътил вақти эса ҳақиқий қўшимча иш вақти узунлигидан кам бўлиши мумкин эмас. Ишчи бир йилда 120 соатдан кўп қўшимча ишлай олмайди, бироқ бу чекловга хусусан давлат секторида амал қилинмади. Қонун мажбурий қўшимча ишни тақиқлайди.
Меҳнат вазирлиги касаба уюшмалари билан келишган ҳолда профессионал соғлиқ ва хавфсизлик стандартларини ўрнатади ва ҳаётга жорий қилади. Маълумотларда бундай жорий этиш самарасиз экани билдирилди. Гарчи йўриқномаларда кафолатлар кўзда тутилган бўлса-да, кўпинча хавфли ишларда ишлайдиган ишчиларга ҳимоя кийимлари ва анжомлари етишмади. Меҳнат инспекторлари кичик ва ўрта бизнес корхоналарини фақат тўрт йилда бир марта, йирик корхоналарни эса ҳар уч йилда бир марта инспекция қилди. Бундан ташқари, Меҳнат вазирлиги ёки маҳаллий ҳокимлик ҳам корхоналарни танлаб олиб, инспекция қилиш ташаббуси билан чиқиши мумкин, махсус текширувлар бирор кўнгилсиз ҳодиса ёки шикоятларга жавобан амалга оширилади.
Мамлакатдаги 14 та маъмурий ҳудудда тахминан 5-8 нафар меҳнат инспекторлари мавжуд бўлди, қурилиш, кончилик ва ишлаб чиқариш сингари йирик саноатларда ихтисослаштирилган идоралар бўлди. Меҳнат инспекторлари давлатга қарашли корхоналарни текширишга расмий тус бериб, одатда эътиборни кўпроқ хусусий секторга қаратди. Хабарларга кўра, жарималар кўпинча жойига қараб белгиланди, кўп ҳолларда иш берувчи инспекторлар билан норасмий келишган ҳолда жарималарни енгиллаштирди. Қонунга асосан, барча соҳаларда соғлиқни сақлаш ва хафсизлик стандартлари амал қилиши лозим. Иш ўрни ҳужжатлаштирилмаган норасмий хўжаликда бу қонун тадбиқ этилмади. Йил давомида Меҳнат вазирлиги солиқ идораси билан ҳамкорликда барча хусусий клиникаларни текшириб, кенг тарқалаётган шартномасиз ишга ёлланган мутахассисларни аниқлади.
Қонунда ишчилар, мабодо, иш берувчи тегишли хавфсизлик чораларини кўра олмаса, хавфли ишларни бажармасликка ҳақли экани белгиланган. Умуман олганда, ишчилар ушбу ҳуқуқидан фойдаланмади, қонун ҳаётга етарли даражада жорий этилмагани учун улар иш берувчиларнинг ўч олишидан қўрқди. Қонун иш берувчилардан ишчининг меҳнат қилаётган пайтда ҳаёти ва соғлигига иш билан боғлиқ етказилган зарар, касб касаллиги ёки соғлиққа етказилган бошқа зарар учун фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни талаб этади. Шу пайтгача ушбу қонун бўйича бирор иш судда кўриб чиқилгани хусусида хабар олинмади.
Расмий манбаларга кўра, тахминан 360 000 ишчи (меҳнаткашларнинг умумий сони 12 млн) минимал ойлик олган. 2013 йили Президент Меҳнат кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қарорни имзолади, унга биноан энг кам иш ҳақи давлат секторида тўлиқ иш кунида ишловчилар учун 230 000 сўм (86.79 доллар) қилиб белгиланди. Ўртача ойлик миқдори тўғрисида расмий маълумот бўлмади, лекин кўпчилик экспертлар уни солиқсиз ҳисоблаганда тахминан 780 000 сўм (295 доллар) эканини айтди. Бу миқдор қишлоқ хўжалигидаги ойликларни ўз ичига олмади. Рўзғордаги ўртача тушум миқдори ҳақида аниқ ё тахминий маълумот бўлмади.
Ҳукумат ва расмий матбуот норасмий иқтисодда банд бўлган ишчилар сонини эълон қилмади. Бундай ишдаги кишилар кўпинча расмий ярим иш кунлик ёки кам ойлик тўланадиган иш билан банд бўлди. Норасмий иқтисоддаги ишчиларнинг ижтимоий ҳимояси билан шуғулланувчи самарали давлат дастурлари йўқ эди. Кўпроқ давлат секторида ойлик, қўшимча иш, соғлиқни сақлаш ва меҳнат хавфсизлиги билан боғлиқ қонунбузарликлар содир этилди.