Одам савдоси бўйича 2014 йилги ҳисобот

3-даражали назорат рўйхати

Ўзбекистон эркаклар, аёллар ва болалар мажбурий меҳнат ҳамда фоҳишаликка тортиладиган манба мамлакатдир. Одам савдоси мамлакат ичида ҳам кенг тарқалган. Ҳар йилги пахта йиғим-терими даврида эркаклар, аёллар ва болалар ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилади. Хабарларга қараганда, ўқитувчилар, талабалар (шу жумладан болалар), хусусий бизнес ходимлари ва бошқалар ҳукумат томонидан қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва паркларни тозалаш ишларига мажбурланган. 2013 йил сентябрь ва октябрь ойларида, илк бор, Ўзбекистон ҳукумати Болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шакллари бўйича конвенцияга (№182) риоя этиш учун пахта йиғим-теримини мониторинг қилишда  Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорлик қилди. ХМТ мониторинг жамоаси ҳукумат мулозимлари етовида ушбу конвенция бузилишига доир 53 та ҳолатни текширди. ХМТ “Миссияга кўра, 2013 йилги пахта йиғим-терими даврида Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатидан мунтазам равишда фойдаланилган эмас”, деган хулосага келди.

Хабарларга кўра, 15-17 ёшли болалар пахта теришдан бош тортгани учун мактабдан ҳайдалган. Яна бошқа хабарларда айтилишича, баъзи ҳукумат ходимлари ишдан бўшатилган, баъзи тадбикорлар эса ходимларини пахта теримига жалб қилингани ёки улар ўрнига далага юбориладиган бошқа кишиларга пул тўлаши талаб этилгани учун молиявий босимга учраган. 2013 йилги пахта-йиғим терими билан боғлиқ равишда тан жароҳати олганлар ва вафот этганлар ҳақида хабарлар олинди. Масалан, бир эркак ҳукумат мулозими томонидан калтакланган ва эртаси куни юрак хуружидан вафот этган; бир фермер давлат белгилаган миқдорда пахта етиштириб бермагани учун ҳукумат мулозими томонидан тазйиққа тутилганидан сўнг ўз жонига қасд қилган; пахта теримига борган бир ёш қиз бехосдан очиқ симни ушлаб олгани учун электр токи уришидан вафот этган. Ўзбекистонлик хотин-қизлар ва болалар Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Баҳрайн, Ҳиндистон, Грузия, Озарбайжон, Қирғизистон, Россия, Греция, Туркия, Таиланд, Исроил, Эрон, Малайзия, Жанубий Корея, Покистон, Япония, Хитой ва Индонезияда ҳамда мамлакатнинг ичида фоҳишаликкка тортилади. Ўзбекистонлик эркак ва аёллар Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, БАА, Малайзия ва қисман Украинада мажбурий меҳнатга тортилиб, уй юмушлари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва нефть саноатига жалб қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига барҳам беришга доир минимал андозаларга тўлиқ амал қилмайди ва бунинг учун сезиларли саъй-ҳаракатларни амалга оширмаяпти. Ҳукуматнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиши пахта йиғим-терими мавсумида содир бўлиб, бунда ваколатли идоралар кўплаб давлатга қарашли муассасалар, ишбилармонлар ва таълим даргоҳларига коллеж ва лицей талабалари (ўрта таълимнинг сўнгги уч йилини тамомлаётган 15-18 ёшли талабалар), ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, ҳукумат хизматчилари, ҳарбийлар ва аҳолининг ишсиз қатламларини мамлакатнинг кўпгина бурчакларида пахта теришини ташкиллаштириш учун хилма-хил босимлар ўтказган. Бу йил ҳам ўтган йилдаги каби ҳукумат 15 ёшдан кичик бўлган болаларни пахта теримига жалб қилишни тақиқлади ва бу ҳақдаги қарорни самарали қўллади. Болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шакллари бўйича конвенция (182) доирасида Халқаро Меҳнат Ташкилотига пахта йиғим-теримини мониторинг қилишга рухсат бериш ҳукумат қўйган умидбахш қадамлардан бири бўлди. ХМТ ва ҳукумат пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишга доир 53 та ҳолатни текширди. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш бўйича илгарига силжиш янада чекланди. Оммавий ахборот воситалари 2013 йил пахта-йиғим теримига кенг кўламда сафарбарлик кетаётгани ҳақида хабарлар тарқатишда давом этди. Ҳукумат 18 ёшдан кичик болаларни меҳнатга жалб қилишни мунтазам эмас ва хусусий равишда ташкиллаштирилган, дея талқин этди. Бироқ, марказлаштирилган тизимга эга бўлган ҳукумат ҳоким ва раҳбарларни пахта етиштириш режасини бажармагин учун жазолади. Бир неча ахборот воситаларининг хабарига кўра, ҳукумат мулозимлари ўзбекистонликларга, агар чет элликлар суриштирса, ўз ихтиёрлари билан пахта теришаётганини айтиш тўғрисида кўрсатмалар берган, аммо бошқа кузатувчилар ишчиларнинг ўзларидан пахтага сафарбарлик ҳолатларини гапирганлари ҳақидаги хабарларни эшитишган. Мажбурий меҳнат очиқланган алоҳида хабарлар ҳам бўлди: ХМТ кузатувчилари келганда расмийлар мактабдаги бўш синфхоналарни кичик ёшдаги ўқувчилар билан тўлдирган ҳолатлар бунга мисол бўлади. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар бир журналистни пахта йиғим-теримини суратга олиб, фаолларга юборгани учун 12 кун ҳибсда ушлаб турди. Ҳисобот даврида ҳукумат чет эл маблағига фаолият юритадиган ННТларга ҳуқуқий ва молиявий текширув ўтказиш шаклида босим ўтказди; одам савдосига қарши курашувчи бир ННТ чет эл ёрдами кечиккани учун баъзи фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлди. Ҳукумат ноқонуний савдонинг хавфлари хусусида хабардорлик кампаниялари ташкил этган ҳолда трансмиллий фоҳишабозлик ва одам савдосига қарши курашишда давом этди. У фаҳш ва меҳнат савдоси қурбонларига ёрдам бериш мақсадида махсус бошпана ташкил этди, қурбонларни мамлакатга қайтариш ва тегишли хизматлар кўрсатиш учун ННТлар билан алоқаларини мустаҳкамлади.

Ўзбекистон учун тавсиялар:

Катта ёшлиларни мажбурий меҳнатга жалб этишга барҳам бериш учун қатъий чораларни қўллаш ва ҳар йилги пахта-йиғим теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни тугатишга оид ҳаракатларни кучайтириш; ХМТ, у билан боғлиқ органлар ва фуқаролик жамияти гуруҳларига ҳар йилги пахта-йиғим теримини мониторинг қилишга тўлиқ ва тўсиқсиз ижозат бериш; Болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шакллари бўйича конвенцияга (182) ҳамда Мажбурий болалар меҳнатини бекор қилиш бўйича конвенцияга (105) тўлиқ риоя этишни таъминлаш; ННТларни, жумладан одам савдосига қарши курашувчи ННТларни чет мамлакат томонидан мунтазам молиялаштиришга рухсат беришни давом эттириш; етарли далиллар мавжуд бўлган тақдирда, тегишли процессларни ҳурмат қилган ҳолда миллий ва халқаро меҳнат ҳуқуқларини бузаётган ҳукумат мулозимларини таъқиб остига олиш ва текширув олиб бориш; шартномага коллеж талабаларини пахта йиғим-теримида иштирок этиш талаби кўрсатилган банд қўшмаслик; меҳнат ҳуқуқларидан хабардорликни ошириш ҳамда у ҳуқуқларнинг бузилиш ҳолатларини рўйхатга олиш ва текшириш бўйича шаффоф тизимни ишлаб чиқиш; ватанига қайтарилган одам савдоси қурбонларининг келгусида сафар қилишини чекламаслик; одам савдоси қурбонлари ва сотилиши мумкин бўлган заиф қатламлар, жумладан ишчи-мигрантлар ва фоҳишаликка жалб қилинган аёлларни аниқлаш усулларини такомиллаштириш; одам савдоси натижасида амалга оширган ҳаракатлари учун аниқланмаган қурбонлар жазоланишининг олдини олиш учун аҳолининг заиф қатламини скрининг қилишни кучайтириш; одам савдоси қурбонларини аниқлаш учун расмий тартибларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳимоя қилишга ихтисослашган хизматларга йўналтириш; одам савдосига қарши курашувчи ННТларга қурбонларга ёрдам кўрсатиш ва бошпана беришда кўмаклашишни давом эттириш; одам савдоси билан шуғулланувчи деб кўрилган гумондорларни тегишли тартибга амал қилган ҳолда таъқиб этиш ва текширишга оид саъй-ҳаракатларни давом эттириш.

Жавобгарликка тортиш

Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича аралаш фаолият юритди; гарчи у жинсий алоқа  мақсадида ва трансмиллий одам савдосига қарши саъй-ҳаракатлар қилса-да, пахта йиғим-терими мавсумида катталар ёки 16-18 ёшли болаларни меҳнатга мажбурланишига барҳам беришда бундай ҳаракатларни амалга оширмади. Ҳисобот даврида пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга жиддий эътибор қаратмади. Жиноят кодексининг 135-моддаси мажбурий фоҳишаликни ҳам, мажбурий меҳнатни ҳам тақиқлайди ҳамда бунинг учун 3 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси белгилайди, бу анча қаттиқ  ва жинсий зўрлаш сингари бошқа жиноятлар учун белгиланган жиноятларга мутаносибдир. Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартиботга оид маълумотлари шаффоф эмас ва мустақил равишда уларни текшириш имкони ҳам йўқ. 2013 йили ҳуқуқ идоралари одам савдоси билан боғлиқ 1093 та ҳолат текширилгани ҳақида хабар берди; бу кўрсаткич 2012 йили 1013 та эди. Мулозимларнинг хабарига қараганда, 2013 йилда 517 та иш судга оширилган; 2012 йили бў кўрсаткич 531 тани ташкил этганди. 2013 йили 597 нафар жиноятчи одам савдоси билан боғлиқ ҳолда судланган; 2012 йили бу кўрсаткич 626 кишини ташкил этганди. Ҳукумат ҳисоботига кўра, 2013 йили 583 нафар жиноятчи турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилган, 16 нафар жиноятчи эса ахлоқ тузатишга жалб қилинган; 2012 йили эса судланган 357 киши қамоқ жазосига ҳукм этилганди. Ҳисоботда кўрсатилишича, 8 та фермер хўжалиги пахта теришда болалар меҳнатидан фойдалангани учун жаримага тортилган бўлса, 3 та хўжалик огоҳлантириш олган. ХМТ ва ҳукумат ҳамкорликда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги инспекторлари ва бошқа расмийлар учун ратификация қилинган ХМТ конвенциялари бўйича Ўзбекистоннинг мажбуриятларига доир тренинг дастурлари ташкиллаштирди.

Ҳукумат амалдорларининг пахта йиғим-терими вақтида одам савдосида иштирок этиш ҳолатлари кўп бўлиб келди. Давом этиб келаётган хабарларга қараганда, пахта териш бўйича белгилаб қўйилган нормани бажармаган катта ёшлилар маҳаллий ҳокимият амалдорлари ёки милиция ходимлари томонидан таҳқирланган ёки ҳақоратланган. Вилоят ва маҳаллий ҳокимият жойларда давлат муассасалари, университетлари ҳамда хусусий корхоналарига 2013 йилги пахта йиғим-терими ишларига мактаб ўқувчиларини, талабаларни, ўқитувчиларни, тиббиёт ходимларини, давлат хизматчиларини, ҳарбийларни, хусусий корхона ишчиларини, ҳамда йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ бўлган қонунбузарликларни содир этган ҳайдовчиларни ва ўша ер аҳолисини жалб этиш учун ишларни амалга ошириш бўйича турли равишда таъсир ўтказиб келган. Давлат хизматчилари, ўқитувчилар ҳамда касалхона ходимлари жамоа шартномаси моддаси асосида ҳар йили турли жойларга 60 кунгача муддатга ўтказилиш мажбурияти асосида ишлашади. Ушбу модда асосида давлат хизматчиларини пахта йиғим-теримига жалб этиш ишлари расмийлаштирилади. Баъзи хабарларда  болалар ва катта ёшлилар пахта теришдан бош тортиш сабабли ўзларига қарши куч қўллаш ва жазолаш билан қўрқитиш ҳолатларига, хусусан, ўқишдан ҳайдалиш, ётоқхонасиз қолиб кетиш, ишдан бўшатилиш ёки ижтимоий тўловларни олмаслик каби таҳдидларга дучор бўлганликлари айтилади. Ҳукумат шахсий корхоналарга ишчиларини пахта йиғим-теримига жалб қилиш учун босим ўтказган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланувчиларнинг хизматидан фойдаланиш учун “солиқ” ва жарима билан қўрқитган. Хабарларга қараганда, ҳукумат амалдорлари ўзбекистонликларга чет элликлар томонидан савол берилганда ўз хоҳишлари билан пахта тераётганларини айтган ҳолда жавоб беришни тавсия этганлар, гарчи бошқа кузатувчилар ишчиларнинг ўзидан пахта йиғим-терими ишларига оммавий жалб этиш усуллари ҳақида маълумотга эга бўлишди. Экспертларнинг маълумот беришича, илгари амалдорлар саёҳат учун керак бўлган ҳужжатларни ёки чиқиш визаларини қалбакилаштиришган ёки сотишган, лекин ушбу ҳолат кескин камайганлигини билдиришган. Камайганликнинг сабаби сифатида  қонунни ҳимоя қилувчи ходимлар орасида одам савдоси муаммоси ҳақида билимни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг кўпайганлиги кўрсатилади.

Ўзбекистон ҳукумати тузум танқидчиларини одам савдосида айбдор деб топган ҳолатлар мавжуд, шуларнинг камида бирида қўйилган айб асоссиз бўлиб чиққан. 2013 йилнинг сентябрь ойида ҳукумат бир инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раҳбарини гўёки қайсидир аёлни фоҳишаликка мажбурлагани учун тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди.

Ҳимоя

Ўзбекистон ҳукумати одам савдосидан жабр кўрганларни аниқлаш, ёрдам бериш ва ҳимоя остига олиш, айниқса жинсий эксплуатация ва халқаро мажбурий меҳнатдан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳатти-ҳаракатларни бир текисда амалга оширмади. Бундан ташқари пахта йиғим-терими вақтида кишиларнинг меҳнатидан мажбурий фойдаланишнинг олдини олиш бўйича жон куйдирмади. Ҳукумат билан алоқаси бўлмаган ННТларнинг фаолияти 2013 йилда қўшимча текширувларга дучор бўлди. Айниқса чет элдан молиявий кўмак олаётган ташкилотларнинг жабр кўрганларни ҳимоя остига олишга қаратилган саъй-ҳаракатларига тўсиқлар қўйилган. Ҳукумат пахтачилик соҳасида болалар ва катта ёшлиларнинг мажбуран ишлатилиши муаммо эканлигини очиқчасига тан олмайди. Шунга қарамасдан, Халқаро меҳнат ташкилоти олиб борган пахта йиғим-теримидаги кузатув ишлари давомида аниқланган 25 нафар бола қандайдир ёрдам олгани ҳақида ҳукумат томонидан таъкидлаб ўтилди.

Ҳукумат жабр кўрганларни аниқлашга ҳамда уларни ҳимоя қилиш хизматларига юборишга мўлжалланган аниқ бир жараённи ишлаб чиқмаган. Ҳукумат 2013 йилда 1392 нафар кишини одам савдосидан жабрланган деб аниқлангани ҳақида хабар берди, бу 2012 йили аниқланган 1647 нафар жабрланганлар сони билан солиштирганда камдир. Шулардан 125 нафари мамлакатнинг ўзида мажбурий меҳнатга тортилган, қолганлари эса бошқа мамлакатларда одам савдосидан жабр кўрган Ўзбекистон фуқароларидир. Халқаро ташкилот 2013 йилда 451 нафар одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатди.

Милиция, консуллик хизмати ходимлари ҳамда чегара қўриқчилари чет элдан қайтиб келаётган одам савдосидан жабрланган аёлларни аниқлаш ва уларни ННТларга йўллаш бўйича тренингда қатнашди; кузатувчиларнинг хабар беришича, ватанига қайтарилган жабрланганлар келгусида сафарга чиқиши тақиқлаб қўйилган. Давлат томонидан ҳимоялаш хизматлари тергов ишларини олиб боришда жабрланганларнинг ёрдамларига таянди.

Ҳукумат одам савдосидан жабр кўрган эркак, аёл ва болаларга кўмак берувчи реабилитацион марказ ишини молиявий томондан қўллаб-қувватлаб келди; марказ ҳисобот даврида 338 нафар жабрланганга ёрдам кўрсатган. Марказ 30 та ётоқжойдан иборат бўлиб, у ерда ҳамширалар, психолог, адвокат ва ижтимоий хизматчи фаолият олиб боради. Бундан ташқари, 2013 йилда марказга спорт ва дам олиш иншооти ҳам қўшилди. Ватанига қайтарилган ёш жабрланганларга ҳам оз миқдорда молиявий ёрдам берилди. Жабрланганлар давлат молиялаштирган марказларни тарк этишига рухсат берилган, бироқ қоидага асосан уларнинг кечаси бошқа жойда ётиб қолишлари тақиқланган. Ҳукумат одам савдосидан жабрланганларга хизмат кўрсатаётган ННТларга тўғридан-тўғри молиявий кўмак кўрсатмади, лекин офис учун бино, тренинг ва аҳоли билимини ошириш учун мўлжалланган дастурлар учун жой, яшаш ва ишлаш учун турар жой ажратди ҳамда жабрланганлар учун бепул тиббий ёрдам кўрсатди. Одам савдосидан жабрланганлар 2013 йилда тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлдилар; ҳаммаси бўлиб 924 нафар жабрланган тиббий кўрикдан ўтди ва қўшимча тиббий ёрдам олди. Ўзбекистоннинг четдаги дипломатик ваколатхоналари 380 нафар жабрланганга ўз ватанига қайтишига ёрдам берди. Бир ННТнинг хабар беришича, милиция, консуллик хизмати ходимлари, чегара қўриқчилари чет элдан қайтиб келаётган ва одам савдосидан жабрланган бўлиши мумкин аёлларни шу ННТга йўллашган.

Хабарларга кўра,  трансмиллий жинсий эксплуатация ва мажбурий меҳнатдан жабрланган бўлиб қолиши мумкин фуқаролар Ўзбекистон чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтганлари аниқланган ҳолатларда жиноий жавобгарликка тортилади, яъни уларга катта миқдорда жарима солинади ва ҳибсга олинади. Расмий равишда жабрланган деб ҳисобланган кишилар одам савдоси натижасида амалга оширилган қонунбузарлик учун жиноий жавобгарликка тортилмаган. Лекин, жабрланганлар жиноий жавобгарликка тортилганларида, ННТлар уларга оид жиноий ишларнинг тўхтатилишига эришганлари ҳақида хабар беришган. ННТлар хабарларига қараганда, жабрланганлар қонунни ҳимоя қилувчи ходимлар билан ҳамкорлик қилишганда ҳимоя остига олинган, давлат хизматчилари жабр кўрганларнинг шахси ҳақидаги маълумотни сақлашда қонун талабларига кўп ҳолларда риоя этган, бундан ташқари, одам савдоси билан боғлиқ иш терговида ҳамкорликдан бош тортган ҳолларда ҳам жабрланганларга ёрдам кўрсатилган.

Муаммонинг олдини олиш

Ҳукумат одам савдосининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларни такомиллаштирди. У трансмиллий жинсий ва меҳнат савдоси бўйича аҳолини хабардор этишни давом эттирди, аммо Ўзбекистон қонунлари пахта-йиғим теримида 18 ёшдан кичик бўлган болалардан фойдаланишни тақиқлаши тўғрисида ота-оналар ва уларнинг фарзандларига етарлича хабар бермади. Хабарларга кўра, баъзи ота-оналар ҳукуматга шикоятлар ёзишга муваффақ бўлган бўлса, бошқаларнинг бу борада омади чопмаган. Ҳукумат Болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шакллари бўйича конвенцияга риоя этиш истаги борлигини намойиш этиб, Болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам бериш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузди ва у ХМТ билан ҳамжиҳат фаолият олиб борди. ХМТ хабар қилишича, мониторинг ўтказувчи жамоаларга ҳамроҳлик қилган ҳукумат мулозимлари уларнинг илтимосларини бажаришган ва пахта-йиғим теримида болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолатлар аниқланганда таажжубга тушишган. 2013 йили, Миллий фаолият режаси доирасида ҳукумат Вазирлар маҳкамасининг вояга етмаганларга оид комиссияси ҳузурида болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шаклларини тақиқлаш бўйича консультатив кенгашини тузди. Бироқ, маҳаллий мулозимлар ақалли иккита ҳудудда 15 ёшгача бўлган мактаб ўқувчиларининг кучидан пахта йиғим-теримида фойдаланиш тақиқланганлиги ҳақидаги қарорга риоя қилмади. Бош прокурор раислик қилган одам савдосига қарши курашувчи Миллий агентликлараро комиссия одам савдосига қарши юқори даражада ва кенг кўламда мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Мажбурий меҳнат билан боғлиқ масалаларга жавоб берувчи ҳукумат органлари сирасига Меҳнат вазирлиги, Бош прокуратура, Таълим вазирлиги (давоматни таъминлаш ва назорат) ва жойлардаги вояга етмаганлар билан ишловчи комиссиялар кирди.

Ҳукумат тренинг дастурлари ва хабардорликни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш учун ННТларни тегишли жойлар билан таъминлади, шунингдек, реклама учун бепул жойлар ажратди. Одам савдосига қарши курашишга доир уринишлар қаторида ҳукумат мамлакатдан чиқиб кетаётган 18-35 ёшли хотин-қизларнинг эркак қариндошларидан уларнинг аёл қариндошлари чет элда ноқонуний ишлар, жумладан фоҳишалик билан шуғулланмаслиги ҳақида аризалар тақдим этишни талаб этган. Ҳукумат тижорий фаҳш-туризмга бўлган талабни қисқартириш бўйича саъй-ҳаракат қилмади. Хабарларда кўрсатилишича, Ўзбекистон фаҳш-туризм, шу жумладан потенциал болалар фаҳш-туризми билан шуғулланувчи ҳиндистонлик эркаклар учун манба мамлакат бўлиб келган. Ҳукумат чет элдаги дипломатик ходимларига тренинг ўтказди ҳамда чет элдаги фуқаролари учун одам савдоси билан шуғулланиш ёки ёрдам беришнинг олдини олиш бўйича ёзма кўрсатмалар ишлаб чиқди.