Инсон ҳуқуқлари бўйича 2014 йилги ҳисобот: Ўзбекистон

ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ

Ўзбекистон авторитар давлат бўлиб, унинг конституциясида ҳокимиятнинг ижроия, қонун чиқарувчи ва суд тармоқларига бўлинувчи президентлик тизими белгилаб қўйилган.  Президент Ислом Каримов бошқаруви остидаги ижроия ҳокимияти сиёсий ҳаёт устидан ҳукм юргизди ва бошқа ҳокимият тармоқларини деярли тўла назорат қилди.  2007 йили сайловчилар президент Каримовни учинчи муддатга сайладилар,  бироқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) чекланган кузатувчилар миссиясига кўра,  ушбу сайловларда сайловчилар ҳақиқий танловдан маҳрум бўлганлар.  ЕХҲТнинг чекланган кузатувчилар миссиясининг дастлабка ҳисоботига кўра, сайловлар “компетент даражада ўтказилган бўлсада, уларда сайловларга оид ҳақиқий рақобат ва дебатлар бўлмаган”.  Шунингдек ҳисоботда айтилишича, булиб ўтган сайловларда ”асосий эркинликлар ва халқаро мажбуриятлар ва стандартларга жавоб бериш каби муҳим масалалар” ўз аксини топмагани таъкидланди.  Ҳукумат, номзод бўлишга мос шахсларга чекловлар ўрнатди ва оммавий ахборот воситалари ва сайлов кампаниясини маблағ билан таъминлаш устидан назорат қилди.  Ҳукумат ҳавфсизлик кучларини самарали назорат қилди.

Энг жиддий инсон ҳуқуқлари муаммолари қуйидаги ҳолларни ўз ичига олади: хавфсизлик кучлари томонидан маҳбусларни қийноққа солиш ва тахқирлаш ҳолатлари; лозим бўлган ҳуқуқий тартиб-қоидаларни қўллаш ва одил судловдан маҳрум қилиш; ҳукуматни сайлов орқали ўзгартириш имконига эга бўлмаслик; дин эркинлигини чеклашнинг кенг тарқалгани, жумладан,  камсонли диний гуруҳларга мансуб кишиларнинг таъқиб қилиниши ва турли динларга мансуб диндорлар қамалишининг давом этиши.

Инсон ҳуқуқлари оид давом этаётган бошқа муаммолар қаторига қуйидаги ҳоллар киради: маҳбусларни якка ҳолда сақлаш ва қамоқда сақлаш муддатини чўзиш; оғир ва баъзан ҳаёт учун хавфли бўлган қамоқ шароитлари; асоссиз ҳибсга олиш ва қамоқда сақлаш; дин эркинлигини чеклашнинг кенг тарқалгани, жумладан, камсонли диний гуруҳларга мансуб кишиларнинг таъқиб қилиниши ва турли динларга мансуб диндорлар қамалишининг давом этиши; сўз, матбуот, йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлигини чеклангани; ҳукуматнинг фуқаролик жамияти фаолиятини чеклаши; ҳаракатланиш эркинлиги чеклангани; аёлларга қарши зўравонлик; ва давлат томонидан уюштирилган мажбурий мехнат.  Давлат ҳокимияти идоралари ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларни, ҳамда уларнинг оила аъзоларини таъқиб қилди, асоссиз ҳибсга олди, сиёсий буюртма билан судлади ва қамоқда сақлади.

Ҳукумат амалдорлари кўп ҳолларда коррупцион амалларда иштирок этган ва бу ҳоллар жазосиз қолган.

1-бўлим. Шахс дахлсизлигига риоя қилиш, жумладан қуйидагилардан ҳоли бўлиш:

а. Асоссиз ёки ноқонуний йўл билан ҳаётдан маҳрум қилиш

Давлат ёки унинг вакиллари асоссиз ёки ноқонуний равишда одам ўлдиргани хусусида тасдиқланган маълумот учрамади.

2005 йили Андижон шаҳрида ҳукумат қўшинлари томонидан қуролсиз фуқаролар ўлдирилгани тахмин қилинаётган ҳолат юзасидан мустақил халқаро текширув олиб боришга руҳсат бермаслик сиёсатини ҳукумат давом эттирди. Ҳукумат Андижон воқеаси бўйича ўз терговини ўтказиб, ҳисобот чиқарди. Ўлганлар сони ҳукумат ҳисоботида 187 киши деб кўрсатилган бўлса,  гувоҳларнинг кўрсатмаларида ўлганлар сони бир неча юз кишидан иборат эканлиги айтилади. Ҳукумат бу ҳолат юзасидан ҳеч кимни очиқчасига жавобгарликка тортмади.  2013 йилги БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги Универсал даврий ҳисобот тақдим этиш мобайнида Ўзбекистон ҳукумати Андижон масаласини “ёпиқ” деб ҳисоблашини қайта таъкидлади.

б. Шахсларнинг бедарак йўқолиши

Шахсларнинг сиёсий сабабларга кўра бедарак йўқолишига оид хабарлар бўлмади.  2005 йилда Андижонда рўй берган зўравонлик пайтида ҳозир бўлган шахсларнинг йўқолиб қолишига оид аввалроқ келган хабарлар муттасил келиб турди. Мажбурий ва ғайриихтиёрий бедарак йўқолиши бўйича БМТнинг ишчи гуруҳи чиқарган 2014 йилги ҳисоботда қайд этилишича, олдинги йиллардан қолиб келаётган саккизта иш ечимсиз қолмоқда.Бир иш юзасидан эса 2012 йил ноябр ва 2014 йил май ойлари орасида “аниқлик киритилган”.  Ишчи гуруҳининг Ўзбекистонга ташриф буюриш бўйича 2014 йили юборган сўровномасига ҳукумат жавоб бермаган.

Ўзбекистон ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари томонидан қидирувда бўлган ва чет элда истиқомат қилаётган шахсларнинг Ўзбекистон маҳфий хизматлари томонидан олиб қочилиши ва мажбуран Ўзбекистонга қайтариб, у ерда судланганлари ҳақида бир нечта хабарлар бўлган. Бундай ҳаракатлар ҳатто чет элда бошпана мақомини олган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилган ва бунга мезбон мамлакатнинг маҳаллий хавфсизлик органлари монеълик қилмаганлар. Тақиқланган диний ташкилотлар билан алоқадорликда айбланишдан хавфсираб, мамлакатни тарк этган Мирсобир Хамидкариевнинг адвокатлари матбуотга хабар беришича, Россия суди томонидан Хамидкариевга бошпана бериш хақидаги қарори кучга киришига уч кун қолганида Хамидкариев 9 июн куни таксидан олиб қочилган ва, тахмин қилинишича, Россия давлат идоралари монеълигисиз Ўзбекистон ҳавфсизлик идоралари томонидан мажбуран Узбекистонга жўнатилган.  Бироқ, Ўзбекистон ҳукуматининг айтишича, экстремистик ташкилотда қатнашгани ҳақида Хамидкариевга сиртдан айблов қўйилгандан кейин, у ўз ҳоҳиши билан 17 июнда милицияга ўзини топширган. 18 ноябрда, матбуот хабарларига кўра, Тошкент шахар Жиноий ишлар буйича суди Хамидкариевни “Ислом жиходчилари” номли тақиқланган диний экстремистик ташкилотни тузишда ва унда қатнашишда айблаб, 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган. Бироқ, 29 декабрдаги маълумотга кўра, ҳукумат Хамидкариевнинг иши хали хануз судда кўрилмоқда деб таъкидлаган.

c. Қийноқ ва бошқа шафқатсиз,  ғайри-инсоний ёки тахқирли муносабат  ёки жазо

Конституция ва қонунчилик бундай амалиётни тақиқлашига қарамасдан, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик ходимлари маҳбуслардан иқрорнома ёки айбнома тузишга хизмат қилувчи маълумот олиш мақсадида уларни мунтазам равишда калтаклаганлар ёки бошқа кўринишдаги қўпол ҳаракатларни қўллаганлар. Манбаларнинг хабар қилишича,  қийноққа солиш ва таҳқирлаш қамоқхоналарда ҳам, суддан олдин сақлаш муассасаларида ҳам, маҳаллий милиция ва хавфсизлик хизмати участкаларида ҳам кенг тарқалган. Хабар қилинган қийноқ усулларига қуйидагилар киради: қаттиқ калтаклаш, овқат бермаслик,  жинсий таҳқирлаш,  нафас йўлларини тўсиш,  қўлларни боғлаб,  қўллардан осиб қўйиш ва электрошок қўллаш. Шунингдек, мунтазам келиб турган хабарларга кўра, давлат идоралари вакиллари маҳбусларга руҳий босим ўтказганлар,  жумладан,  маҳбусларнинг оила аъзоларига қарши таҳдид килганлар.

2010 йилда БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Қумитаси Ўзбекистон Жиноят кодексидаги қийноққа берилган тавсиф мамлакат аъзо бўлган Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайри-инсоний ёки тахқирли муносабат ёки жазога қарши конвенцияга тўғри келмаслигидан ташвиш изҳор қилди.  БМТнинг Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайри-инсоний ёки тахқирли муносабат ёки жазо бўйича Махсус вакилининг мамлакатга оид энг сўнгги бахолаши 2003 йилда рўй берган.

2013 йилнинг март ойида одам савдоси моддаси билан судланган инсон ҳуқуқлари фаоллари Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиязовларнинг адвокати Хьюман Райтс Вотч ташкилотига январ ойида берган хабарига кўра, уларнинг хар иккаласи тергов изоляторида қийноққа солинганлар.  Хабарларга кўра, амалдорлар Тиллаевнинг қўл ва оёқ тирноқлари остига игна тиққанлар ва томчилаб оқаётган кран остида соатлаб туришга мажбурлаганлар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси аъзоси Неъматжон Сиддиқов январ ойида матбуот билан суҳбатда 61-сонли жазони ўташ колониясидаги шароитларни таърифлаган.  Сиддиқовнинг айтишича, қамоққа олиб келинган маҳбуслар калтакланган ва уларнинг бошлари ва қўллари тозаланмаган хожатхонага куч билан ботирилган.

Қамоқдан яқинда озод этилган Андрей Важениннинг июнь ойида берган таърифида сохта айбга иқрор бўлишга эришиш учун қўлланган усул ҳақида айтилади: Важенинни уч нафар фуқаро кийимдаги ички ишлар ходими Мирзо Улугбек тумани ички ишлар бошқармасининг иккинчи қаватида икки кун мобайнида калтаклашган. Важениннинг айтишича, калтаклаб бўлгач, идора ходимлари унга нисбатан қайта-қайта электрошок қўллашган ва бошига целлофан халта кийдиришган, ҳар иккала ҳолатда ҳам у ҳушидан кетган.

Август ойида Жиззах вилояти Дўстлик туманида яшовчи Рухия Бажитованинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига берган хабарига кўра, у ўз хонадонидаги сув танқислиги юзасидан шикоят қилганидан бир-икки кун ўтгач, милиция ходими Абдунаби Шакарбаев уни калтаклаган.
Июн ойида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари берган хабарга кўра маҳаллий ички ишлар бўлими ходимлари жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли ва фермер Аликул Саримсоқов билан сухбатлашиш баҳонаси остида уни ҳибсга олганлар ва мажбуран руҳий касалхонага 16 кунга ётқизганлар.  Ҳукумат Саримсоқов руҳий касалхонага ўз рафиқаси ва қизининг сўровига биноан “руҳий ҳолати ёмонлашгани сабабли” ётқизилганини таъкидлади.  Ҳукуматнинг баёнотига кўра, Саримсоқовни даволаган тиббий кенгаш унга “параноидал психопатия” ташхисини кўйган ва қонунга мувофиқ даволаган.  Май ойида инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева унга суд хукмига асосан мажбурий психотроп инъекциялар қилингани хақида халқаро матбуотга хабар берди. Урлаева ушбу хабар оммага тақдим этилганидан кейин тахминан бир хафта ичида тиббий кенгаш даъволашни бекор қилганини айтди.

Йил давомида давлат органлари вакиллари, хабар қилинишча, исломий экстремизмда гумон қилинган шахсларга нисбатан одатдагидан кўра қаттиқроқ чоралар тайинлади.  Махаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари хабар қилишича, муассаса маъмурлари диний экстремизмда гумон қилинган махбусларни калтаклаш учун кўпинча бошқа махбусларга пул ёки бошка рағбатлантириш таклиф қилганлар.

Хабар берилишича, мансабдор шахслар махбусларнинг тиббий кўрик ва даволаш бўйича сўровларини қониқтирмаганлар. Масалан, Абдурасул Худойназаров 30 майда қамоқдан озод қилингандан сўнг инсон ҳуқуқлари химоячиларига қамоқда бўлган сакиз йил давомида қамоқхона нозирлари унинг тиббий муолажадан ўтиш сўровига “мутассил равишда эътибор бермай келиганларини” айтди.  Қамоқдан чиққан куни, Худойназаровга жигар саратони ва сил ташҳиси қўйилган.  26 июнда у оламдан ўтди.

Июн ойида Чуян Маматкуловнинг рафиқаси Маматкулов тиш шифокорига кўринишни талаб қилгандан сўнг қамоқ нозирлари уни бошига бир неча марта резина таёқ билан урганини Хьюман Райтс Вотч ташкилотига айтган.

Январ ойида Мурод Жўраевнинг инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икрамовга айтишича, қамоқда ўтказган 12 йил давомида у қийноққа солинган бўлсада, 2013 йили унга нисбатан қийноқлар қўлланилмаган.  Салижон Абдурахмановнинг оила аъзолари хабар қилишича, тиббий кўрикдан ўтиш ҳақидаги сўровномаси рад қилинишига оид оила аъзоларининг баённомасидан сўнг, Абдурахманов 2013 йилнинг кеч кузида ва йил давомида яна икки маротаба Қаршидаги 64/51-сонли қамоқхонадан 64/18-сонли касалхонага вақтинчалик ўтказилган.

Қамоқхона ва муваққат сақлаш муассасаларидаги шароит

Баъзи ҳолларда қамоқхона шароитлари оғир ва ҳаёт учун хавфли бўлган.

Жисмоний шароитлар: Ҳукумат тахминан 43900 махбус борлигини хабар қилди, бу эса 2013 йилга нисбатан 3000 махбусга камайишдир. Эркаклар, аёллар ва вояга етмаган ҳуқуқбузарлар алоҳида жойларда сақланган. Хабарларга кўра, баъзи қамоқхоналарда конституцион тузумга тажовуз қилишда айбланган маҳбуслар алоҳида сақланган ва камоқхона маъмурлари диний экстремизмда айбланиб қамалган маҳбусларнинг бошқа маҳбуслар билан гаплашишига рухсат бермаган.

Қамоқхоналар тўлиб-тошгани, шунингдек, қамоқхона нозирларининг хизмат вазифаларини қўпол равишда суиистеъмол қилиши ва дори-дармон етишмаслиги ҳоллари ҳақидаги хабарлар тез-тез келди.  Бироқ, ҳукумат 58та жазони ўташ жойлари бўйича ўртача бандлик даражаси 80 фоиз деб хабар қилди.  Умуман олганда, маҳбуслар ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлганлар, аммо маҳбуслар ҳамда уларнинг оила аъзолари хабарига кўра, озиқ-овқат ва ичимлик суви мавжуд бўлсада уларнинг сифати ёмон бўлган. Баъзи холларда маҳбусларнинг қариндошлари қамоқхоналарда бериладиган озиқ-овқатда гўшт етарли эмаслигини хабар қилганлар. Келган маълумотларга қараганда, сиёсий маҳбуслар ҳаво айланиши кам бўлган камераларда сақланган, улар ўта совуқ ёки ўта иссиқ ҳароратларда сақланган. Шунингдек, оила аъзоларининг хабарига кўра, қамоқхона нозирлари маҳбусларга мўлжалланган озиқ-овқат ва дори-дармонни кўпинча олиб қўйганлар ёки вақтида эгасига етказиб бермаганлар. Олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, маҳбусларнинг оила азолари жинсий тажовуз холатлари хақида хабар қилмадилар.

Қамоқхона маъмурияти мутасаддиларининг хабар қилишича,  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти
қамоқхоналарда сил касаллигини даволаш ва тарқалиши олдини олиш ҳамда ОИВ/ОИТСни даволаш ва олдини олиш бўйича фаол дастур олиб борган. Амалдорлар билдиришича, гепатит билан оғриганлар сони кўп бўлмади, бундай касаллар мавжуд тиббий пунктларда дастурларга кўра даволанди.

Маҳбусларнинг қариндошлари бир қанча қамоқ муддатини ўтаётган кишилар ўлими ҳақида хабар берди.  Баъзи ҳолларда оила аъзолари маҳбуснинг танасида қалтаклаш ёки бошқа тажовуз излари борлигини, бироқ давлат органлари жасадни тиббиёт ходими томонидан текширувисиз дафн қилиш керак дея, оила аъзоларига босим ўтказгани ҳақида маълум қилганлар.

Июн ойида Би-Би-Си Радиосининг ўзбек тили хизмати хабар беришича, давлат идоралари 18 июн кечаси Хизбут-Тахрир ташкилотининг собиқ етакчиси Абдурахим Тўхтасиновнинг жасадини унинг қариндошларига топширганлар ва зудлик билан дафн қилишни буюрганлар.  Тўхтасиновнинг қариндошлари айтишига кўра, унинг танасида қаттиқ қийноқлар излари бўлган.

Маъмурият: Маҳбусларга оид хужжатларни сақлаш лозим даражада бўлгани ёки қамоқхона маъмурлари хужжатларни такомиллиштириш бўйича чора кўрганлиги хақида маълумотлар мавжуд эмас. Давлат идоралари зўравон бўлмаган ҳуқуқбузарларга нисбатан чекланган ҳолатларда жиноий жазо ўрнига маъмурий чоралар қўллашган. Ундан ташқари, Жиноий кодексга асосан агар қонунбузар келтирилган зарарни тўла қоплаган бўлса, судлар бир нечта холларда қамоқ жазосини тайинлаши мумкин эмас.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ва Бош Прокуратура ҳибсга олинган шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқишлари мумкин. Омбудсман маълум махбуслар номидан тавсия киритиш ҳуқуқига эга, жумладан зўравонлик қилмаган ҳуқуқбузарларга нисбатан содир этган жиноятига мосроқ равишда суд хукмини ўзгартириш.

Умуман олганда, қамоқхона маъмурлари оила аъзоларининг маҳбуслар билан йилига 2-4 марта тўрт соатгача учрашишига рухсат берди. Лекин олинган хабарларга кўра, диний ёки экстремизм айблови билан қамалган маҳбусларнинг қариндошлари уларни бориб кўриш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.  Қамоқхона турига қараб, қариндошларга йилига 2-4 марта бир кундан уч кунгача ташриф буюриш руҳсати ҳам берилди.  Сиёсий маҳбусларнинг оила аъзолари айтишича, уларнинг ташриф муддати қамоқхона маъмурлари томонидан кўпинча асоссиз равишда бекор қилинган ёки кескин қисқартирилган.

Uznew.net интернет сайтида мақолаларини чоп қилган журналист Салижон Абдурахмоновнинг оила аъзолари айтишича, Абдурахмоновнинг ўғли уни Қаршидаги қамоқда кўришга келганида, қамоқхона маъмурлари “учрашув хонасида ички телефон бузуқ” дея ўша захотиёқ ушрашувни тўхтатишди. Айтилишча, шундан кейин қамоқхона маъмурлари Абдурахмонов ва унинг ўғли бир-бирларини кўриб бўлганлари сабабли учрашиш ҳуқуқи амалга оширилди дея, ички телефон ишлайдиган бошқа хонада учрашиш талабини рад эттилар.  Шу сингари, диний айблов билан ҳибсга олинган Тожикистон фуқароси Зубойд Мирзорахимовнинг рафиқаси қилган шикоятга кўра, у Тожикистондан Мирзорахимовни кўришга келганида Тошкент шахридаги 1-чи тергов изоляторидаги изолятор маъмурлари ҳеч қандай тушунтиришсиз ушрашишга руҳсат бермаганлар.

Ҳукумат маҳбуслар истаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканини билдирди, аммо маҳбусларнинг оила аъзоларига қилган кўплаб шикоятига кўра, улар қамоқхона кун тартибига зид келадиган диний амалларни адо эта олмаганлар. Бундай диний амаллар қаторига мусулмонларнинг бомдод намозини ўқиш киради. Гарчи қамоқхона кутубхонасида Қуръон ва Инжил нусхалари мавжуд бўлсада, олдинги йилларда бўлгани каби, маҳбусларга диний материаллардан фойдаланишга рухсат этилмагани ҳақида маҳбусларнинг оила аъзолари шикоят қилганлар.

Ҳукуматнинг расмий қоидаларига асосан, маҳбуслар “диний ибодатда ва ‘турмуш қуриш каби оилавий алоқаларда қатнашиш” ҳуқуқига эга.  Шунингдек “яқин қариндошлар” қамоқхона маъмуриятидан қамоқдаги оила аъзоларининг соғлиғи ва унинг интизомига оид хужжатлар хақида оғзаки ва ёзма маълумот олиш ҳуқуқига эгадирлар.  Шунга қарамай, маҳбусларнинг оилалари қамалган оила аъзоларидан етарли маълумот ололмасликлари ва қамоқ маъмурлари махбуслар ҳақидаги тиббий ва бошқа маълумотларни ошкор этмай келиши ҳақида хабар беришди.

Маҳбусларнинг оила аъзолари ва баъзи нодавлат ташкилотларига (НТ) кўра,  давлат мутассадилари баъзи маҳбусларни, айниқса,  диний экстремизмда айбланганларни қамоқ муддати тугагандан сўнг ҳам озод қилмаганлар. Қамоқхона мутасаддилари бунинг ўрнига кўпинча маҳбусларни ҳар хил баҳоналар билан қўшимча жиноятларда айблаб,  қамоқ муддатини узайтирганлар ёки улар ҳамон жамият учун хавфли дея даъво қилганлар.

Мустақил мониторинг:

2013 йилнинг апрел ойида Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) ўзининг қамоқхона шароитларини ва маҳбусларга бўлган муомилани мониторинг қилиш дастурини тугатишини эълон қилди.  Бунга сабаб қилиб стандарт иш қоидаларига риоя қилиш имконияти йўқлиги ва ҳукумат билан конструктив мулоқотнинг йуқлиги кўрсатилган.

2013 йилда бўлганидек халқаро ҳамжамияти мустақил кузатувчилари Ўзбекистон пенитенциар тизимидаги баъзи жойларга, жумладан тергов изоляторлари, вояга етмаганлар ва аёллар камоқхоналари ва яшаш колонияларига чекланган равишда кириш имконига эга бўлдилар. Кузатувчиларга фақат муайян қамоқхоналар ва ушбу қамоқхоналар ҳудудидаги чекланган жойларга киришга рухсат берилган. Январ ойида давлат идоралари инсон ҳуқуқлари фаоллари Сурат Икрамов ва Васила Иноятовага Мурод Жўраев ва Салижон Абдурахмоновни кўришга рухсат берди. Қамоқларга ташриф буюрган махаллий инсон ҳуқуқлари фаолларини ҳукумат синчкилаб текширган, бу эса уларнинг мустақиллигини ва харакат қилиш эркинлигини чеклаши мумкин эди.

d. Асоссиз ҳибсга олиш ёки  ҳибсда сақлаш

Конституция ва қонунчилик асоссиз ҳибсга олиш ва қамоқда сақлашни тақиқлайди, аммо давлат органлари бундай амалиётни давом эттирди.

Милиция ва хавфсизлик аппаратининг роли

Ҳукумат жиноят хатти-ҳаракатларини тергов қилиш ваколатини учта турли ташкилотга юклаган.  Ички ишлар вазирлиги қонун ижроси, тартибни сақлаш ва умумий жиноятларни тергов қилишга масъул бўлган милицияни назорат қилади.  Тўғридан-тўғри президентга ҳисоб берувчи раис раҳбарлик қиладиган Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) кенг қамровли миллий хавфсизлик масалалари ва разведка билан шуғулланади,  булар қаторига терроризм,  коррупция,  уюшган жиноятчилик ва гиёҳванд моддаларга қарши кураш ҳам киради.  Прокурорлар қотиллик,  амалдорлар коррупцияси ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш сингари жиноятларни тергов қилади.  Юрисдикция бир-бирига тўқнаш келган ҳолларда зикр этилган идоралардан қайси бири ташаббусни қўлга олиши ўзаро келишиб олинади.  Ички ишлар вазирлигининг Тергов бош бошқармаси хизмат ваколатлари суистеъмол қилинган ҳолатларни тергов қилиш ва инсон ҳуқуқларини бузишда айбланган ходимларни интизомий жазога тортишдай ички тадбирларни амалга оширди,  лекин амалда ҳукумат инсон ҳуқуқларини поймол қилган давлат ҳокимияти органлари вакилларини камдан-кам ҳолларда жазолади.  Ички ишлар вазирлигига қарашли Инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқий таълим бошқармаси милиционерлар шафқатсизлиги билан боғлиқ баъзи ишларни тергов қилди.  Парламент қошидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман идорасининг ҳам ишларни суриштириш бўйича ваколати бор, лекин унинг ушбу терговлар бўйича чиқарган қарорлари мажбурий кучга эга эмас.

Ҳибсга олиш тартиби ва ҳибсга олинганларга муносабат

Қонунга кўра,  айбланаётган шахслар ёки гумон қилинувчиларни ҳибсга олиш хусусидаги ҳар қандай қарорни судья кўриб чиқиши лозим.  Аксарият холларда судьялар ҳибсга олишга санкция берганлар.  Айбланувчилар ҳибсга олинганидан бошлаб адвокат олиш ҳуқуқига эга. Аммо амалдорлар ҳар доим ҳам ушбу ҳуқуқни таъминлаб бермади ва вақти-вақти билан айбланувчиларни адвокат олиш ҳуқуқини рад этувчи аризаларга қўл қўйишга мажбурлади.  Сентябр ойида қабул қилинган қонунга асосан уй қамоғи суддан олдинги ҳибсда ушлаш чораси сифатида қўлланилиши мумкин.

Ҳибсга олинганлар ҳибсда қолиши ёки озод бўлишини аниқлаш учун судья иштирокида кўриб чиқишлишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.  Ҳибсга олувчи идора бу ҳақда ҳибсга олинган шахснинг оила аъзоларига хабар бериши ва уни қўлга олинган вақтдан бошлаб, 24 соат ичида сўроқ қилиши талаб этилади. Баъзи шикоятларга кўра,  давлат идоралари гумон қилинувчиларни, уларнинг ҳибсга олингани ҳақида оила аъзолари ёки адвокатларни хабардор қилмай туриб, иқрорнома олиш учун ва иқрорномани айбловга асос сифатида қўллаш учун қийноққа солганлар.

Гумон қилинувчиларнинг жавоб бермасликка ҳаққи бор ва уларга адвокат ёллашга ҳаққи бор экани хабар қилиниши шарт.  Расмий айбловни эълон қилмасдан 72 соатгача ушлаб туриш мумкин,  лекин  прокурор қўшимча 48 соат талаб қилиши мумкин, шундан сўнг гумон қилинувчига ёки айб қўйилиши ёки у озод қилиниши керак.  Давлат идоралари гумон қилинувчиларни рухсат этилган давр тугагандан сўнг ҳам ҳибсда ушлаб турган ҳоллари бўлган.  Ҳибсга олиш бўйича иштирок этган судья айбланувчи шахснинг иши кўриб чиқилаётган маҳкама жараёнида судьялар таркибида бўлиши мумкин.

Қонунга кўра маъмурларнинг ҳибсда сақланган шахс талабига биноан қамоқхонада ушбу шахс ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман вакили ўртасида учрашув ташкил қилишини талаб қилади. Мутасаддилар ҳибсда сақланган шахсларга Обмудсманга ва Бош прокуратурага махфий шикоят билан мурожаат этишларига рухсат бердилар.

Айблов қўйилгандан сўнг гумондор тергов вақтида уч ойгача тергов изоляторида ушлаб турилиши мумкин. Қонун тегишли прокурорнинг тақдимномаси ва суднинг қарори билан тергов муддатини бир йилга чўзишга рухсат беради. Шунингдек прокурор маҳбусни суд жараёнини кутиш асносида гаров пули эвазига озод қилиши мумкин.  Давлат органлари амалда ушбу ҳуқуқий ҳимояни кўпинча эътиборсиз қолдириб келди. Ҳибсга олинган ва жиноятда айбланаётган шахслар “ўзини муносиб тутиш” ва судда ҳозир бўлиш кафолатини берган тақдирда судга қадар гаровсиз озод этилиши мумкин.

Махсус қарорга мувофиқ барча адвокатлар қайта лицензия олиш учун тўлиқ имтиҳондан ўтиши керак. Инсон ҳуқуқлари фаолларини ва мустақил журналистларни ҳимоя қилган бир қанча тажрибали ва малакали адвокатлар қайта лицензия олиш учун имтиҳон топширганларидан сўнг уларга янги лицензия берилмади. Оқибатда бир қанча инсон ҳуқуқлари фаоллари ва айбланувчилар адвокат топишда қийинчиликларга дуч келди.  Гарчи лицензиясиз адвокатлар жиноят ва фуқаролик ишларида адвокат сифатида иштирок эта олмасалар-да, бироқ улар судланаётган шахс ишлайдиган ташкилот аъзоси бўлса, суд уларга судда иштирок этишга рухсат бериши мумкин.

Асоссиз ҳибсга олиш: Давлат органлари одамларга экстремистик кайфият ёки фаолият ҳамда тақиқланган диний гуруҳларга алоқаси бор деган айб қўйиб, уларни асоссиз равишда ҳибсга олишни давом эттирди. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари хабар қилишича,  экстремист ҳалқаларини тор-мор қилиш топшириғи билан иш кўраётган милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари кўпинча диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда гумон қилинган шахсларнинг оила аъзолари ва яқинларини ҳибсга олган ҳамда уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлди. Айбига мажбурлаб иқрор қилдириш ва мажбурлаб гувоҳлик бердириш одатий ҳол бўлган.

Май ойида Тошкентдаги Россия элчихонаси Интерфакс ахборот агентлигига берган маълумотга кўра, Россиялик ишбилармон Вест-Урал машинасозлик гуруҳи президенти Александр Поздеев 10 кун давомида Тошкентда хибсда ушлаб турилган.  Ҳукумат мансабдор шахслари Поздеевдан унинг ўзбекистонлик шериклари давлатга қарз бўлган 36 миллион АҚШ долларини ундириш мақсадида унинг олдига адвокатларни ва консуллик бўлими ходимларини қўймадилар. Россияда кенг кўламли матбуотдаги чиқишлардан кейин ҳукумат Поздеевга мамлакатни тарк этишга рухсат берди.

Суддан олдин ҳибсда сақлаш:  Умуман олганда,  жиноятни кўриб чиқиш тартиби,  жумладан, судгача бўлган ҳибсда сақлаш қарори прокурорлар ихтиёрига ҳавола. Қўлга олинганларнинг судгача сақлаш муддати ёки қонунийлиги юзасидан эътироз билдириш учун судга мурожаат қилиш имкони бўлмади. Ҳатто давлат органлари айб қўймаган бўлса ҳам, милиция ва прокуратура ходимлари шахсни айбловсиз қамоқда сақлаш муддати борасидаги чекловларни айланиб ўтишга ҳаракат қилганлар, ва бунинг учун ушбу шахсларни гумон қилинувчи эмас, балки гувоҳ сифатида ушлаб турганлар.  Йил давомида судгача бўлган сақлаш, одатда бир ойдан уч ойгача бўлди. Ҳукумат судгача бўлган ҳибсхоналарда ушлаб турилган шахсларнинг сони ҳақида маълумот бермади.

Феврал ойида пайдо бўлган матбуотдаги хабарларга кўра, Президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова уў қамоғига олинган. Сентябрда мамлакатда терговолди эҳтиёт чораси сифатида ўй қамоғини қўллаш ҳақида қонун қабул қилинди. Ундан бир хафта ўтиб, Бош Прокуратура Гулнора Каримованинг уюшган жиноий гуруҳга алоқадорлиги устидан тергов бошланганини тасдиқлаган.

Амнистия:  Декабрда Сенат маҳбусларни афв этиш тўғрисида қарор қабул қиди.  Қарорнинг шартларига кўра,  аёллар,  вояга етмаган қонунбузарлар,  ёши 60 дан ошган эркаклар,  чет эл фуқаролари, ногиронлар ва қамоқда оғир хасталикка чалингани ҳужжатлаштирилган кишилар амнистия қўлланилиши мумкин бўлган маҳбуслар тоифасига кирган.  Қарорга кўра, тақиқланган ташкилотларга аъзоликда илк марта айбланган қонунбузарлар,  тинчлик ва жамоат хавфсизлигига қарши жиноят қилган, аммо “тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар”га ҳам амнистия қўлланилиши кўзда тутилган. Ўтган йиллардагидек,  амнистияда (баъзи истиснолар билан) 10 йилгача қамоққа ҳукм қилинган барча маҳкумларнинг қамоқ муддатини учдан бир муддатга, 10 йилдан ошиқ вақтга маҳкум қилинганларнинг қамоқ муддатини тўртдан бир қисмини қисқартириш кўзда тутилди. Қарорга асосан умрбод ёки “узоқ” муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганлар, рецидивист деб топилганлар, ҳамда “жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузган” шахслар озод қилинмайди.

Амнистия вариантлари қамоқдан озод қилиш, меҳнат лагерига ўтказишни ўз ичига олди.  Ундан ташқари судларга суд босқичидаги ёки суддан олдинги бўлган жиноий ишларни тўхтатиш рухсат этилди.

Амнистияга асосан маҳбусларни озод қилиш келаси йил амалга ошириши керак ва бунинг учун ҳар бир иш алохида расман кўриб чиқилади.  Қамоқхона мутасаддилари кимни озод қилишни маҳбус «яхши йўлга кириб бораётгани» ёки қамоқхона тартибларини «мунтазам равишда бузаётгани»га қараб ўзлари билганича аниқлашда анча эркинликка эгалар. Амалдорлар кўпинча “қамоқхонанинг ички тартибларини бузиш”ни  амнистия қўллашни рад этиш ва қамоқ муддатини чўзиш учун асос деб билади.

Инсон ҳуқуқлари фаолларини сиёсий ва диний маҳбуслар, гарчи амнистия қарорининг мезонлариги тўғри келсаларда, озод қилинмаслик ҳолати ташвишлантирди.  Март ойида, масалан, Халқаро инсон ҳуқуқлари жамиятининг вакили Ғанихон Маматхоновнинг оиласи мутасаддилар у рухсатсиз хожатхонага кунига уч марта бориб қамоқхона маъмуриятининг буйруғига амал қилмагани сабабли унинг ҳукмнинг уч йилга чўздилар дея хабар берди.  Ҳукумат Маматкулов жазони ўташ давомида “тузалиш йўлига қатъий ўтмади, ” мунтазам равишда қамоқхона кун тартибини ва ички қоидаларни бузди” ва шу сабабли суддан кейин қушимча 27 ой озодликдан махрум қилинди дея важ қилди.  Бошқа мисолларга Салижон Абдурахманов, Исроил Холдаров, ва Агзам Тургунов ишлари киради.

Ҳукуматнинг баёнотларига кўра, 2013 йилги амнистия қарорига биноан амнистияга лойиқ бўлган деярли 69 000 шахснинг иши 2014 йилнинг биринчи чорагида кўриб чиқилган.  Ушбу шахслар аксариятининг ишлари тергов жараёни пайтида ёпилди ёки қамоқдагиларнинг озодликдан махрум қилиш муддати камайтирилди ва 2095 киши қамоқдан озод этилди.

Е. Одил ва очиқ маҳкама жараёнидан маҳрум этиш

Гарчи Конституцияда мустақил суд ҳокимияти белгилаб қўйилган бўлса-да,  ҳокимиятнинг суд тармоғи кўпинча ижроия тармоғидан кўрсатма олиб турди.

Қонунга кўра,  президент барча судьяларни ҳар беш йилда тайинлайди. Олий Суд судьяларини вазифасидан озод қилишни парламент тасдиқлаши керак, зотан амалда парламент, умуман олганда, президент раъйига қараган.

Ишларни судда кўриб чиқиш тартиби

Жиноят кодексида айбсизлик презумпцияси белгилаб қўйилган. Ҳакамлик судлари йўқ. Аксарият суд муҳокамалари жамоатчилик учун расман очиқ, лекин амалда баъзи чекловлар ҳам бўлиб туради. Судьялар суд маҳкамаларини давлат сири билан боғлиқ ёки жабрдийда ва гувоҳларни ҳимоя қилишга эҳтиёж туғилиши сингари истисно ҳолатларда ёпиб қўйишлари мумкин. Олдинги йиллардагидек,  судлар, Олий Суд ёки суд раисидан ёзма рухсат олишни талаб қилмай, маҳкама жараёнларини халқаро кузатувчилар томонидан кузатишга рухсат берди, аммо судьялар хохлаган пайтда, хатто фуқаролик ишларида хам суд жараёнини ёпиб қўйганлари ҳақида хабарлар бўлди.  Давлат идоралари умуман олганда суд мажлиси бошланишига бир ёки икки кун қолганда эълон қилди ва тингловлар кўпинча бир неча марта қолдириларди.

Суд маҳкамаларига аксарият ҳолларда бир нафар профессионал судья ва иш жамоалари қўмиталари ёки маҳалла қўмиталари сайлаб қўйган икки нафар профессионал бўлмаган халқ маслаҳатчисидан иборат коллегия раислик қилди. Маслаҳатчилар камдан кам ҳолларда сўз оладилар, профессионал судья эса кўпинча процессуал масалалар ва ҳукм чиқариш борасида прокурорнинг тавсияларига риоя қилдилар.

Айбланувчилар суд маҳкамаларида иштирок этиш, гувоҳлар билан юзлашиш ва исботлар келтириш ҳуқуқига эга лекин судьялар амалда ҳимоячиларнинг қўшимча гувоҳларни чақириш тўғрисидаги илтимосларини ёки айбланувчини қўллаб-қувватловчи гувоҳликни суд ҳужжатига киритишни рад қилди.  Судга киритилган жиноят ишларининг аксарияти бўйича “айбдор” деган ҳукм чиқарилди.

Айбланувчилар адвокат ёллаш ҳуқуқига эга, ва бу тизим умуман олганда унумли ишлади, бундан истисно сифатида баъзи инсон ҳуқуқлари фаолларининг адвокат топишга қийналганини айтиш мумкин. Лозим бўлганда, давлат томонидан бепул адвокат тайинлади.  Хабарларга қараганда, давлат тайинлаган адвокатлар ўз мижозларини эмас, балки давлат манфаатини кўзлаб иш юритганлар, чунки уларнинг тирикчилиги давлатга боғлиқ бўлган.

Қонунга кўра, прокурор ҳибсга олиш ордерини суддан олиш учун сўровнома бериши керак, зотан камдан-кам ҳолларда суд бундай сўровларни рад этган. Прокурорлар ҳибсга олиш ордерини олгандан сўнг катта ваколатга эга; улар тергов ишларини бошқаради, жиноят ишларини тайёрлайди ва судьяларга ҳукм чиқариш учун тавсиялар беради ва суд қарорларига, жумладан жазо тайинлашга протест билдирадилар.  Гумон қилинувчи шахсни унга айблов эълон қилингандан сўнг гаровга тикилган пул эвазига озод қилинишини, тергов изоляторида ушланишини ёки уй қамоғида сақланишини прокурор ҳал қилади.  Гарчи Жиноят кодексида айбсизлик презумпцияси белгилаб қўйилган бўлса-да, аксарият ҳолларда прокурорнинг тавсиялари устунлик қилди.  Агар судья белгилаган ҳукм прокурорнинг тавсиясига мос келмаса, прокурор ушбу ҳукм устидан, юқори инстанция судига протест билдириши мумкин. Судьялар кўпинча ҳукмларни, зўравонлик, маҳбуснинг оила аъзоларига таҳдид қилиш ва бошқа мажбурлаш йўллари билан қўлга киритилиши мумкин бўлган айбга иқрорномалар ва гувоҳлар кўрсатмаларига таяниб чиқардилар.  Бу каби холатлар диний экстремизмга оид ишларда кўп учради. Адвокатлар айбига иқрор бўлишни рад этиш ва қийноққа солинганлик тўғрисидаги даъволарни тергов қилишни сўраб, судьяларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва вақти-вақти билан бундай ҳуқуқдан фойдаландилар. Судьялар кўпинча бундай даъволарга жавоб бермади ёки асоссиз деб рад қилди. Судлар қийноқлар ҳақидаги даъволар юзасидан тегишли тартибда суриштирув ўтказмади.

Иккинчи марта айни жиноий жавобгарликка тортишга қарши ҳуқуқий ҳимоя амалда қўлланилмайди.

Қонун айбланувчиларга суд ҳукми устидан аппеляция қилиш ҳуқуқини беради, бироқ аппеляциялар камдан-кам ҳолларда жазони бекор қилиш билан якун топади.  Бироқ баъзи ҳолларда аппеляция бериш натижасида ҳукм муддати қисқартирилган ёки шартли жазо турига ўзгартирилган.

Дастлабки тергов якунланиб, прокурор айбловни эълон қилгач ва иш жиноят ишлари бўйича судга оширилгандан сўнг, адвокатлар давлат қўлида мавжуд бўлган тегишли жиноят ишига тааллуқли барча далиллар билан танишишлари мумкин. Аммо, ошкор этилган тақдирда давлат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган маълумотдан иборат далиллар бундан мустасно.  Ўтган йилларда судлар ушбу истиснони рўкач қилди ва бу ҳол, асосий мақсад прокурорларга далилларни адвокатларга ошкор этмаслик имконини беришдир, деган шикоятларга сабаб бўлди.  Кўп ҳолларда, айниқса,  диний экстремизмда гумон қилинувчилар билан боғлиқ ишларда, прокурор иддаолари фақат айбланувчининг айбга иқрор бўлиши ёки давлат тақдим этган гувоҳлар кўрсатмаларига таянди.

Сиёсий маҳбуслар ва муваққат ҳибсга олинганлар

Аксарият халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари давлат органлари сиёсий сабабга кўра юзлаб маҳсубларни тутқинликда ушлаб турибди, деб баҳолади, бироқ баъзи гуруҳлар уларнинг сони минглаб эканини айтди.  Ҳукумат ушбу шахслар қонунбузарлик қилгани учун жазога тортилганини билдирди. Расмий вакиллар йил давомида кенг овозага сабаб бўлган беш нафар маҳбус – Набижон Жўрабоев, Неъматжон Сиддиқов, Хасан Чориев, Исоқ Абдуллаев ва Абдурасул Худойназаровларни озод қилди.  Касалликка чалинганлари сабабли озод қилинган Абдурасул Худойназаров ва Хасан Чориев озодликка чиққандан бир ва икки ойдан кейин вафот эттилар.  Бир қанча сиёсий маҳбусларнинг оила аъзолари қамоқхонадаги суиистеъмолликлар ва ушбу маҳбусларнинг саломатлиги ёмонлашганини хабар қилдилар.

Фуқаролик суд тартиблари ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилиш воситалари

Гарчи  Конституцияда назарда тутилган бўлса-да, суд ҳокимияти фуқаролик ишларида мустақил ҳам, холис ҳам эмас.  Фуқаролар амалдорлар томонидан инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво билан мурожаат қилишлари мумкин,  бундай амалдорлар қаторига терговчилар, прокурорлар ва судьялар кирмайди, чунки уларнинг иши бошқа ҳуқуқий тартибда кўриб чиқилади. Судьяларга пора бериш фуқаролик ишлари бўйича суд қарорларига таъсир этгани ҳақида унча кўп бўлмаган хабарлар олинди.

f. Шахсий ҳаёт, оила,  уй ва ёзишмаларга асоссиз аралашув

Гарчи Конституция ва қонунчилик бундай хатти-ҳаракатларни тақиқласа-да давлат органлари ушбу тақиқларга амалда риоя қилмади. Қонунчилик электрон кузатув олиб бориш учун прокуронинг ордерини талаб қилади, лекин бундай ордерларни суд томонидан кўриб чиқилишини таъминловчи қоида йўқ.

Хабарларга кўра, милиция ва бошқа хавфсизлик кучлари инсон ҳуқуқлари фаоллари ва, баъзи диний гуруҳлар аъзоларининг уйига санкциясиз кириб борди. Хусусий уйларда ибодат маросимларини ўтказаётган протестант черкови аъзоларининг билдиришича, жуда кўп ҳолларда қуролланган хавфсизлик ходимлари ибодат қилинаётган жойга бостириб кириб, черков аъзоларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексига асосан ноқонуний деб ҳисобланган диний фаолият билан шуғуллангани учун ҳибсга олди ва жаримага тортди. Бундай воқеалар жумласига март ойида Самарқанд ва Тошкентдаги ва апрел ойида Бухородаги рейдлар кирди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва сиёсий мухолифат вакиллари хавфсизлик хизмати идоралари махфий равишда уларнинг телефон суҳбатларини эшитганини ва фаолиятларини кузатганини гумон қилишган.

Ҳукумат, потенциал экстремистлар ҳақида маълумот берувчи манба сифатида, тахминан, 12 мингта маҳалла қўмитасидан фойдаланишини давом эттирди. Маҳалла қўмиталари турли-туман ижтимоий кўмак вазифаларини бажарди, шу билан бирга улар маҳаллий жамият,  ҳукумат ва ҳуқуқ тартибот идоралари ўртасида боғловчи бўғин сифатида ҳам фаолият юритди.  Қишлоқ жойларидаги маҳалла қўмиталари шаҳарлардагидан кўра кўпроқ таъсир кучига эга эди.

Милиция,  иш берувчилар ва маҳалла қўмиталари, инсон ҳуқуқлари фаолларининг оила аъзоларини таъқиб қилгани хусусида ишончли хабарлар келиб турди.  Масалан, инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўктам Пардаев ва Гулшан Караева оила аъзолари бевосита таъқиб қилинганлар.

2-бўлим.  Фуқаро эркинликларини ҳурмат қилиш,  жумладан:

а.  Сўз ва матбуот эркинлиги

Конституция ва қонунчиликда сўз ва матбуот эркинлиги кўзда тутилган,  лекин ҳукумат сўз эркинлигини кескин чеклаб қўйиб, ушбу ҳуқуқларни ҳурмат қилмади.

Сўз эркинлиги: Қонунчилик президентни танқид қилишни чеклайди, президентни очиқчасига ҳақорат қилиш беш йилга озодликдан махрум қилиш жазоси билан жазоланадиган жиноят ҳисобланади.  Қонунчилик, хусусан, диний зиддият ва этник ихтилофларга ёки конституцион тузумни қўпориш ёки ағдариб ташлашга ундовчи мақолаларни тақиқлайди.

Матбуот эркинлиги: Барча хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот ташкилотлари давлат органларида рўйхатдан ўтишлари ва ўзларининг асосчилари, бош маҳаррири ва ходимлари хақида маълумот тақдим этишлари шарт.  Босма нашрлар шунингдек чоп этилган материалларини қоғоз нусхасини ҳукуматга тақдим этишлари лозим.  Қонунда барча хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот ташкилотларининг ўз ахбороти аниқлиги учун жавобгарлиги белгиланган, чет эллик журналистларнинг мамлакатда расмий аккредитациядан ўтмай туриб ишлаши тақиқланади ва чет эл ахборот воситалари ҳам Ўзбекистоннинг ОАВ тўғрисидаги қонунига бўйсуниши талаб қилинади.  Ҳукумат хорижий журналистларнинг ва матбуот хизматларининг мамлакатда ишлашига йўл қўймаслик учун аккредитация қоидаларини рўкач қилди.

Сентябрда қабул қилинган Ахборот технологиялари ҳақидаги Қонунга ўзгартишлар блоггерларни интернетгқ чиқарган постларининг мазмуни учун жавобгарлигини белгилади ва кишининг “шаънига ва обрўсига” путур етказиши мумкин бўлган постларни қўйишни тақиқлади.  Бошқа чеклашларга оммавий тўс-тўпалонга чақириш, конституциявий тизимга тажовуз қилиш, порнография ёки давлат сирларига оид ахборотларни чиқариш, ва “қонунда жиноий ва бошқа жавобгарликни назарда тутувчи бошқа фаолият” киради.  Давлат диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм, шунингдек, этник ва диний нафрат қўзғатишни қўллаб-қувватлашни тақиқлади.  Хорижлик шериклар ҳиссаси 30 фоиздан юқори бўлган юридик шахсларга мамлакатда ОАВ ташкил этиш ман қилди.

Давлат назоратидаги газеталарнинг мақолалари ҳукумат нуқтаи назарини акс эттирди. Ҳукуматнинг асосий газеталари халқаро оммавий ахборот воситаларининг фақат чекланган материалларини чоп этди.  Ҳукумат тиражи кам ҳамда реклама, гороскоп, шунга ўхшаш материаллар, баъзан мустақил маҳаллий хабарлар, шу жумладан, онда-сонда ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини танқид қилувчи  мақолалар чоп этадиган бир қанча хусусий газеталарни нашр қилишга рухсат берди.

Ҳукумат қўйи даражали ҳукумат мансабдор шахсларини танқид қилувчи мақолалар чоп этиш ёки оммавий маданият ва глобализация сингари «Ғарб» ғояларини қоралаш учун Даракчи ва Бекажон каби қўп тиражли оммавий нашлардан фойдаланди.

Ҳукумат, шунингдек, янгиликларни турли вазирликларнинг расмий Интернет сайтларида чоп этди.  Бир неча мустақил деб ҳисобланган вебсайтлар доимий тарзда ҳукуматнинг нуқтаи назарини акс эттирилган материаллар чоп қилди.  Ҳукумат тасарруфидаги UzA.uz ҳамда Жахон информацион агентлиги каби ОАВлари ислохотлар ёки мамлакатга бўлган расмий ташрифлар хақида хабарларни эълон қилиб турди.  Бундай хабарларда хорижий экспертларнинг фикрлари нотўғри ёки бўртирилган эди.

Зўравонлик ва таъқиб: Милиция ва хавфсизлик кучлари матбуот ҳамда радио ва телевидение журналистларига нисбатан ҳибсга олиш, таъқиб қилиш, қўрқитиш ва зўравонлик қўллади, шунингдек, улар фаолиятига бюрократик чекловлар қўйди.

Сўнгги йилларда бўлгани каби ҳукумат, давлат ва мустақил оммавий ахборот воситалари журналистларини чет эллик дипломатлар билан алоқа қилгани учун таъқиб этди, хусусан журналистларни бундай алоқалари учун сўроққа тутди.  Баъзи журналистлар чет эллик дипломатлар билан юзма-юз учрашишни истамадилар, чунки улар ўтмишда бундай қилгани учун МХХнинг таъқиби ва сўроғига дуч келган эдилар.

Июн ойида Шайхантохур туман суди Сид Янишев таҳаллуси остига нашр қилинган мустақил журналист Саид Абдурахимовни лицензиясиз профессилнал фаолият юритганлиги ҳамда оммавий ҳавфсизликка таҳдид солувчи материаллар чоп этганлиги учун 9.6 миллион сўмлик ($ 4 000) жаримага тортди.  Янишевнинг Тошкентдаги энг катта масжид қурилиши оқибатида уй-жойидан махрум бўлган шахсларга ҳукумат томонидан этарлича компенсация қилинмагани ҳақидаги мақоласи унга айблов қўйилишига сабаб булган.

Цензура ва контент чекловлари: Давлат оммавий ахборот ташкилотларида хизмат қиладиган журналистлар ва бош муҳаррирлар ўша нашрларда масъулият доирасига цензура ҳам кирувчи ходимлар борлигини маълум қилди.  Кўп холларда бош муҳаррирлар яққол цензор вазифасини бажариши мақсадида у ёки бу нашрга давлат томонидан тайилналганлар.  Қайта-қайта берилган хабарларга кўра, ҳукумат амалдорлари ва иш берувчилар журналистларга  хорижий мамлакатлар элчихоналари ҳомийлик қилган баъзи тадбирларни ёритмасликлари хақида оғзаки кўрсатма берди ва баъзи холларда ушбу кўрсатмага амал қилмаслик ишдан бўшатишга олиб келиши билан қўрқитди.  Ўтган йилларда бўлгани каби вилоятлардаги телевизион каналлар маҳаллий аҳамиятга эга бўлган сув, электр ва газ етишмовчилиги, шунингдек, коррупция ва атроф муҳит булғаниши мавзусида енгил танқидий материаллар берди.

Ҳукумат “Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси”, “Америка овози” ва Би-Би-Си Умумжаҳон хизматига ўз эшиттиришларини мамлакат ичидан эфирга узатишга ҳамон рухсат бермай келмоқда, гарчи Америка овози ва Би-Би-Си интернет сайтларига баъзида мамлакат ичидан кириш мумкин бўлди.

Ҳукуматнинг хавфсизлик хизматлари ва бошқа идоралар ноширларга доимий суратда мақола ва хатларни сохта имзолар остида чоп этиш, шунингдек, қандай мақолаларни босиш тўғрисида аниқ йўриқномалар бериб турди.  Кўпинча ҳукумат ёки хусусий газетанинг мақолалари мазмуни ўртасидаги фарқ жуда кам бўлди.  Журналистлар камдан-кам мустақил суриштирув мақолалар билан чиқди.  Қўлма-қўл ўқилаётган сариқ матбуот баъзида ҳукумат сиёсатини енгилгина танқид қилган мақолалар чоп этди ҳамда одам савдоси сингари  нозик деб қаралган масалаларни муҳокама қилди.

Туҳматга қарши қонунлар/Миллий хавфсизлик: Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги
кодексларда туҳмат ва хақорат қилиш учун сезиларли миқдорда жарима тўлаш кўзда тутилган. Ҳукумат, президентни ёки ҳукуматни танқид қилган журналистлар,  инсон ҳуқуқлари фаоллари ва бошқаларни жазолашда туҳмат, бўхтон, хақорат қилиш сингари айбловлардан фойдаланди.

Интернет эркинлиги

Умуман олганда, ҳукумат Интернетга, жумладан, ижтимоий ахборот тармоқларига чиқишга рухсат берди.  Бироқ Интернет хизмати провайдерлари ҳукуматнинг талабига кўра, ҳукумат наздида эътирозли деб ҳисобланадиган вебсайтларга ёки ўша вебсайтларнинг баъзи саҳифаларига кириш йўлини мунтазам тўсиб тургани хабар қилинди.  Ҳукумат бир қанча маҳаллий, халқаро янгилик вебсайтлари ва мухолифатдаги сиёсий партияларнинг вебсайтларига киришни тўсиб қўйди.

ОАВ тўғрисидаги қонун, вебсайтларни ҳам ОАВ деб тавсифлайди,  уларнинг ҳам худди маҳаллий ва хорижий ОАВ сингари давлат рўйхатидан ўтишини, муассислари, бош муҳаррири, ходимларининг номини кўрсатишни талаб қилади.  Вебсайтлар эълон қилган материалларининг босма нусхасини ҳукуматга тақдим этиши шарт эмас.

Ҳукумат статистикасига кўра, мамлакат ахолисининг тахминан 33 фоизи Интернетдан фойдаланди.  Норасмий ҳисоб эса, айниқса интернетга мобил коммуникация воситалари орқали кириш бўйича, анча баланд бўлди.  Бир қанча фаол онлайн-форумлар рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга мамлакат дуч келаётган турли-туман ижтимоий муаммолар муҳокамасига ўз шарҳини юбориш ва бошқа шарҳларни ўқишга рухсат берди.  Ушбу форумларда рўйхатдан ўтиш учун кишилардан шахсини аниқловчи маълумотлар бериш талаб этилади. Ушбу маълумотларни ҳукумат тўпламоқчи бўлган-бўлмагани аниқ эмас.

Қонунчиликда «uz» доменини олмоқчи бўлган барча вебсайтлар давлатнинг Матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатдан ўтиши белгилаб қўйилган.  Умуман олганда, ушбу қарор фақат ҳукумат тасарруфидаги ва назоратидаги вебсайтларга тааллуқли бўлди.  Мухолифат вебсайтлари, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) ёки ОАВ вебсайтлари мамлакат ташқарисида рўйхатдан ўтган домен олишни афзал билди.

Академик эркинликлар ва маданий тадбирлар

Ҳукумат академик эркинликлар ва маданий тадбирларни чеклашни давом этди.  Давлат органлари вақти-вақти билан кафедра бошлиғидан университетларда ўқилаётган лекциялар ва уларга бериладиган изоҳларни тасдиқлаб беришни талаб қилиб турди ва университет ўқитувчилари кўпчилик ҳолларда ўз-ўзини цензура қилишга мажбур бўлди.

Гарчи қонунчиликда ҳукуматнинг аниқ розилигисиз олий таълим муассасаларининг чет эл ўқув юртлари билан ҳамкорлиги тақиқланган бўлса-да, хорижий ўқув юртлари Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга ишлаш натижаси ўлароқ, чет тилларга оид лойиҳалар бўйича ҳамкорлик учун рухсат олишга мувафақ бўлди.  Баъзи мактаб ва университетлар маъмурияти ўқитувчилар ва талабаларга, чет элларнинг дипломатик ваколатхоналари ҳомийлигидаги конференцияларда қатнашмайсан, деб тазйиқ ўтказишни давом этди.

б. Тинч йиғин ўтказиш ва уюшма тузиш эркинлиги

Тинч йиғин ўтказиш эркинлиги

Конституция ва қонунчиликда тинч йиғин ўтказиш эркинлиги кўзда тутилган, лекин амалда ҳукумат ушбу ҳуқуқни чеклаб келди. Давлат органлари хавфсизликни таъминлаш баҳонаси билан митинг, йиғин ва намойишлар ўтказишни орқага суриш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.  Ҳукумат кўп ҳолларда намойиш ўтказишга рухсат бериш талабини бажармай келди. Фуқаролар ҳукумат рухсат этмаган митинг, йиғин ёки намойишларни уюштиришга ёрдамлашгани, жой, бино ёки материаллар бергани, шунингдек, йиғин, митинг ва намойишларни ташкил этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этгани учун катта миқдордаги жаримага тортилди.  Июл ойида қабул қилинган қарорга асосан 100 кишидан ортиқ иштирокчи қатнашиши назарда тутилган “оммавий тадбир” ўтказишдан аввал тадбир ташкилотчиларидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳавфсизликни таъминлаш бўйича шартнома тузиш талаб этилади. Ушбу қарор кенг кўламда қўлланилди, хатто хусусий ва ташкилотларнинг тадбирларига нисбатан ҳам.

Давлат органлари тинч норозилик намойишига  йиғилганларни тарқатиб юборди, баъзан қамоққа олди, баъзида эса норозилик ҳаракатлари учун маъмурий айблар қўйди.  Январ ойида давлат идоралари Украинадаги майдон воқеаларини қўллаб-қувватлаб рухсатсиз ўтказилган демонстрация қатнашчиларини хибсга олди.  Демонстрация қатнашчилари, жумладан Умида Ахмедова, Тимур Карпов, Ашот Данелян, Алексей Улко, ва Артем Людни Тошкентдаги Украина элчихонасига Украинадаги харакатни қўллаб-қувватлаш хатини юборганлар, ва махаллий милиция ходимларининг кўз олдида ўзларини Украина ва Грузия байроқлари остида суратга олганлар.  Мазкур суратлар интернетда чиқарилиши билан давлат органлари қатнашчиларни хибсга олдилар, ва Улко, Данелян ва Люднига 15 кунлик қамоқ жазоси тайинладилар.  Ундан ташқари рухсатсиз демонстрация ўткизиш учун дастлаб аёл қатнашчилар 1.92 миллион сумлик ва эркак қатнашчилар 2.88 миллион сўмлик жаримага тортилдилар.  Бир кун ўтгач давлат органлари баъзи жарималарни икки баравар оширдилар.  Март ойида Ички ишлар вазирлиги провокация эҳтимолини рўкач қилиб рўйҳатдан ўтмаган Мардикорлар уюшмасининг йиғинини расман тақиқлади.

Уюшмалар тузиш эркинлиги

Мавжуд қонунчиликда уюшмалар тузиш эркинлиги кўзда тутилган бўлса-да, ҳукумат амалда ушбу ҳуқуқни чеклаб келди.  Ҳукумат НТлар фаолиятини  назорат қилишга интилди ва халқаро ташкилотлар маблағ билан таъминлайдиган НТлардан, қонун йўли билан тартибга солинмаган исломий ва аъзолари камсонли диний гуруҳлардан ташвиш билдирди. Мустақил фуқаролик жамияти, хусусан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун фаолият юритиш широити чегараланганлигича қолди.  Фаоллар ҳукумат томонидан назорат ва зўравонлик кучайган деб хабар бердилар.

Қонунчилик ташкил этилиши мумкин бўлган гуруҳлар турини қатъиян чеклайди ва барча ташкилотлардан ҳукумат рўйхатидан ўтишни талаб этади.  Рўйҳатдан ўтиш талаби мамлакатдан хорижий НТларни қувғин қилиш учун бахона бўлди.  Қонун Адлия вазирлида рўйхатдан ўтишни  кутаётган янги ташкилотларга олти ой давомида имтиёз асосида фаолият кўрсатишига рухсат беради ва бу давр мобайнида ҳукумат уларни расман “ташаббус гуруҳлари” дея таснифлайди. Бир қанча НТлар олти ойдан ҳам кўпроқ вақт мобайнида ташаббус гуруҳлари сифатида фаолият кўрсатишни давом эттирди.

ОИТВ/ОИТС ёки қочқинлар масалалари сингари нозик масалалар  билан шуғулланмоқчи бўлган НТлар рўйхатдан ўтиш учун кўпроқ қийинчиликларга дуч келди.  Ҳукумат, сиёсий бўлмаган уюшмалар ва ижтимоий ташкилотларнинг рўйхатдан ўтишига рухсат берди, бироқ мураккаб қонун-қоидалар ва чигал бюрократия рўйҳатдан ўтиш жараёнини мушкуллаштирди ва ҳукуматга бу ишларга тўсқинлик қилиш учун шароит яратди.  Ҳукумат, аксарият маҳаллий НТларни ўз назоратидаги НТлар ассоциацияси рўйхатидан ўтишга мажбур қилди, бу ҳол уларнинг барча молия ишлари ва фаолиятини назорат остига олиш имконини берди.  Ҳукумат НТлардан уларнинг ўқув машғулотларини ёки семинарларини давлат идораларида тасдиқлантиришларини талаб қилди.  НТларнинг раҳбарлари айтишича, бундай талаб барча дастурий тадбирларга ҳукуматдан аввалдан расмий рухсат олиш талабига айланди.

НТларнинг фаоллиги бир вилоятда иккинчисиникидан фарқ қилди, чунки баъзи маҳаллий ҳокимият ходимлари улар фаолиятига  бағрикенглик билан қаради, айниқса агар бундай фаолият ҳукумат идоралари томонидан мувофиқлаштириб турилган бўлса.  Баъзи вилоятлардаги фуқаролик жамияти фаоллари хабар қилишича,  президентнинг 2010 йилдаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини кучайтириш тўғрисидаги маърузасидан сўнг маҳаллий амалдорларда фаоллар билан ҳамкорлик қилишга кўпроқ майллик пайдо бўлди.  Рўйҳатдан ўтиш талабини ғўё енгиллаштирган ва рўйҳатдан ўтиш божини камайтирган янги қонун-қоида қабул қилинганига қарамай, мустақил фуқаролик жамияти гуруҳлари ушбу қоидалар амалда рўйҳатдан ўтишни соддалаштирмади деб хабар берди.  Ундан ташқари фуқаролик жамияти гуруҳлари шуни хабар қиладиларки, гуруҳлар рўйҳатдан ўтганидан сўнг давлат идоралари уларга нисбатан чекловлар ўрнатадилар, жумладан оммавий тадбир ўтказиш учун Адлия Вазирлигидан олдиндан рхсат олиш талаби.

Ҳукумат 2004 йили қабул қилинган банклар фаолияти тўғрисидаги Қонунни ҳаётга жорий қилишни давом эттирди, гарчи бу қарор “пул ювиш” га қарши кураш учун ишлаб чиқилган деб ҳисобланса-да, рўйхатдан ўтган ва ўтмаган НТларнинг хориждан маблағ олишини мураккаблаштириб қўйди.  Молия вазирлиги барча инсонпарварлик ёрдами ва техник ёрдам олувчилардан банк операциялари бўйича маълумот тақдим этишни талаб қилди. Адлия вазирлиги НТлардан олинган ҳар қандай грант маблағи, ўтказилган тадбирлари ва келгуси олти ойлик давр учун режалаштирилган тадбирлари хусусида батафсил ҳисобот бериб туришни талаб қилди. НТларининг раҳбарлари вазирликнинг рухсатисиз ўтказилган тадбири учун жаримага тортилиши мумкин.  Жарима миқдори баъзи жиноятлар учун назарда тутилган жарима миқдоридан бир неча баробар юқори.

в. Дин эркинлиги

АҚШ Давлат департаментининг “Халқаро дин эркинлиги тўғрисидаги ҳисобот”ини www.state.gov/religiousfreedomreport/ да кўриш мумкин.

г. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш эркинлиги, мамлакат ичида кўчган кишилар, қочқинлар ва фуқаролиги йўқ кишиларни ҳимоя қилиш

Констутиция ва қонунчилик мамлакат ичида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, чет элга саёҳат, эмиграция ва репатриация (мамлакатга қайтиш) ҳуқуқини беради, лекин ҳукумат ушбу ҳуқуқларни чеклади. Хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан ташқарига саёҳат чиқиш учун фуқаролардан чиқиш визаси олишни талаб қилишда давом этди.

Мамлакат ичида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш: Фуқаролардан мамлакат ичида саёҳат қилиш ва ё мамлакатдан чиқишдан аввал паспортларида юридик адрес кўрсатилган штамп бўлиши талаб этилди. Ҳукумат визага ариза топшириш жараёнида вақти-вақти билан маҳаллий ҳамда чет эл сафари ва эмиграцияни орқага сурди. Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятига кўчиш учун маҳаллий ҳокимият вакилларининг рухсатномаси талаб этилди, лекин улар бундай рухсатни пора олмасдан туриб, камдан-кам ҳолларда берди.

Ҳукумат меҳмонхоналардан чет элликларни кундалик равишда рўйхатдан ўтказишни талаб қилди. Хусусий уй-жойларда турадиган чет элликлардан мамлакатга киргандан кейин уч кун ичида турган жойида рўйхатдан ўтиш талаб этилди. Ҳукумат мулозимлари чет элликларни чегара ҳудудларида диққат билан кузатди, аммо чет элликлар умуман олганда мамлакат ичида чекловсиз бир жойдан иккинчи жойга бориши мумкин бўлди.

Чет эл сафари: Ҳукумат ҳар замонда хавфсизлик юзасидан миллий байрамлар арафасида чегараларни ёпиб қўйди. Ҳукумат умуман олганда фуқаролар ва доимий резидентлардан МДҲдан ташқарига саёҳат ё эмиграция учун талаб этиладиган чиқиш визаларини берди. Бироқ, чиқиш виза олиш тартиби ҳукумат “сафарнинг мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахборот” асосида сафарни бекор қилишига имкон беради.

Фуқаролик жамияти фаолларига кўра, бундай қоидалар пуч ишлаб чиқилган ва рад жавоби олинган тақдирда шикоятга ўрин йўқ. 6 февраль куни ҳукумат июль ойидан кейин чет элга сафар қилиш учун биометрик паспорт талаб қилиниши тўғрисида қарор чиқарди. Янги паспортларни бериш ортга сурилган ҳолатлар хусусида кўплаб хабарлар олинди, баъзан эса пора эвазига паспорт олиш жараёнини тезлаштириш имкони бўлди.

Гўё одам савдосига қарши курашиш мақсадида ҳукумат чиқарган қоидаларга кўра, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган аёлларнинг эркак қариндошларидан улар чет элдалик вақтида ноқонуний ишлар, жумладан, фоҳишалик билан шуғулланмаслиги ҳақида ариза бериши талаб этилади.

Гарчи қонунда чиқиш визаси тўғрисида қарор 15 кунда қабул қилиниши белгилаб қўйилган бўлса-да, хабарларда айтилишича, ҳукумат инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистларга чет элга сафар қилиши олдини олиш учун чиқиш визалари беришни кечиктирди. Масалан, ҳукумат инсон ҳуқуқлари фаоли Шуҳрат Рустамовга тўламаган жарималари сабабли чиқиш визаси беришни рад этди. Рустамов жарималарнинг қонунийлигини исботлаш хусусида аризалар ёзди, аммо бу аризаларга ҳеч қандай жавоб олмади. Ҳукумат ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳайитбой Ёқубовни ҳам чиқиш виза олишига тўсқинлик қилди. Мамлакатдан чиқиш ё унга кириш қонун-қоидаларини бузиш беш йилдан ўн йилгача қамоқ муддати билан жазоланади.

Умуман олганда, фуқаролар қўшни мамлакатларга сафар қилиш имконига эга бўлди. Афғонистонга ер орқали сафар қилиш мушкуллигича қолди, чунки фуқаролар чегарадан ўтиш учун МХХдан рухсат олиш керак эди.

Эмиграция ва репатриация: Қонунлар икки фуқароликка йўл қўймайди. Қонунларга кўра, қайтиб келган фуқаролар давлат органларига чет элда бўлганида  ўша мамлакат фуқаролигини қабул қилмаганини исботлаши керак бўлади, акс ҳолда улар фуқаролигидан айрилиши мумкин. Аслида эса икки фуқароликка эга бўлган кишилар ҳеч бир тўсиқларсиз сафар қилиб юрди.

Ҳукумат  чет мамлакатларда олти ойдан кўпроқ истиқомат қилган фуқаролар Ўзбекистоннинг консулликларида ихтиёрий рўйхатдан ўтиши мумкинлигини таъкидлаб келди. Ўтган йилги каби, чет элда яшаётган фуқароларнинг рўйхатдан ўта олмагани ва фарзандларининг чет элда фуқароликсиз туғилгани хусусида маълумот олинмади.

Қочқинларни ҳимоялаш

Бошпана олиш имконияти: Мамлакат қонунчилигида бошпана ёки қочқин мақоми бериш назарда тутилмаган, ҳукумат қочқинларни ҳимоя қилиш тизимини жорий қилмади.

Мажбуран репатриация қилмаслик: Ҳукумат қочқинларни ирқи, дини, миллати, муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги ёки сиёсий фикрлари сабабли ҳаёти ёки эркинлигига таҳдид солиниши мумкин бўлган мамлакатларга чиқариб юборилиши ёки қайтарилишидан маълум маънода ҳимоя қилди.

Йил давомида БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари бошқармаси (ҚМБОКБ) вакили бўлмаган пайтда БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) 141 нафар кишининг (асосан, афғонлар) ҳали охирига етмаган 82 ишини мониторинг қилиш  ва уларга ёрдам беришни давом эттирди; бундай ҳолатлар 2006 йили БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги ваколатхонаси ёпилишига сабаб бўлган эди.  Йил давомида БМТТД ва ҚМБОКБнинг вақтинча вакили 7 кишига дахлдор 2 та ишни расмийлаштиришди. Ушбу ташкилот янги аризаларни расмийлаштира ёки қочқин мақомини белгилай олмаслиги сабабли потенциал ариза берувчиларга қўшни мамлакатлардаги БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги ваколатхоналарига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Ҳукумат БМТ ҚМБОКБнинг қонуний яшаб туришни чўзишга асос бўладиган мандат гувоҳномасини кўриб чиқмади, бундай гувоҳномаси бўлган кишилар сайёҳ визаси ёки яшашга рухсатномаси олиш учун ариза бериши керак ёки мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Яшашга рухсат олиш қийин бўлди, йил давомида қонунчилик идоралари яшаш рухсатномасини бекор қилиб, қочқинларни мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилган ҳоллар учради. Ҳукумат Афғонистон ва Тожикистондан келган ва ҚМБОКБнинг қочқин мандатига эга бўлган кишиларни иқтисодий мигрантлар деб ҳисоблади, баъзан амалдорлар уларни таъқиб қилиб, пора талаб этди. Тожикистондан келган қочқинларнинг аксарияти этник ўзбеклар эди; улар Афғонистондан келган кишилардан фарқли ўлароқ, маҳаллий аҳоли билан тезда тил  топишиб кетди, маҳаллий аҳоли ҳам уларга ёрдам қилиб турди.

Фуқаролиги йўқ кишилар

Баъзи тожикистонлик қочқинларнинг расман фуқаролиги йўқ эди ёки фуқароликдан расман ажраб қолиш хавфига рўпара келди, чунки улардан кўпчилигининг Тожикистон ёки Ўзбекистон эмас, Совет паспорти бор эди. Фуқаролиги бўлмаган ота-оналардан туғилган фарзандлар ота ҳам, она ҳам яшаш рухсатномасига эга бўлсагина фуқаролик олади.

Гарчи фуқаролиги йўқ кишилар сони ҳақида расмий маълумот бўлмаса-да, нуфузли инсон ҳуқуқлари фаоллари Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда тахминан 3000 нафар бундай киши бор, дея баҳолади. Бу шахсларнинг аксарияти аёллар бўлиб, улар 1991 йил мамлакат мустақиллигидан илгари турмуш қурган ва қўшни Туркманистонда яшаган. Шунингдек, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам фуқаролиги йўқ кишилар мажудлиги ҳақида хабарлар олинди.
3-бўлим. Сиёсий ҳуқуқларни ҳурмат қилиш: фуқароларнинг ўз ҳукуматини ўзгартириш ҳуқуқи

Конституция ва қонунчиликда фуқароларнингэркин ва ҳаққоний сайловлар орқали ҳукуматни ўзгартириш ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Амалда эса ҳукумат эркин ва ҳаққоний сайловлар ўтказмади, иофда эркинлигини қатъий чеклаб қўйди ва сиёсий мухолифатни қисувга олди. Президент ўта марказлашган ҳукуматни кенг ваколатга эга бўлган фармонлар, қонун лойиҳалари тайёрлаб берувчи асосий ҳокимият тармоғи ҳамда ҳукуматнинг лавозимларга тайинлашини, иқтисодиётнинг асосий қисмини ва хавфсизлик кучларини  назорат қилиш орқали бошқарди.

Сайловлар ва сиёсатда иштирок этиш

Яқинда ўтган сайлов: 2007 йилда ўтказилган, ЕХҲТ мониторинг гуруҳи халқаро демократия меъёрларига мос келмаган деб ҳисобловчи сайловдан сўнг президент Каримов учинчи муддатни бажаришга киришди. Конституция президентнинг учинчи муддатга сайланишини тақиқлайди, ушбу зиддиятни ҳукумат очиқ эътироф этмади. ЕХҲТ чекланган кузатувчилари таъкидлашича, ушбу сайловда иштирок этган номзодлар сони олдингисига нисбатан кўпроқ бўлди, бироқ барча номзодлар ўз чиқишларида  амалдаги президентнинг  сиёсатини қўллаб-қувватлади, сайловни ўтказиш тартиби билан боғлиқ муаммолар ва овозларни санаш чоғида носозликлар рўй берди.

Сиёсий партиялар ва сиёсатда иштирок этиш: Қонунчиликда сиёсий партияларнинг мустақил бўлиши белгилаб қўйилган, лекин Адлия вазирлиги партияларнинг ички ишларига аралашиш, ўзи ҳукуматга мухолиф деб ҳисоблаган партияларга молиявий ва ҳуқуқий ёрдамни тўхтатиб қўйишдай катта ваколатларга эга. ЕХҲТнинг декабрь ойидаги парламент сайловларига юборган чекланган кузатувчилар гуруҳининг дастлабки ҳисоботи хулосасига кўра, сайловлар “моҳирлик билан бошқарилди, аммо уларда электорал рақбоат ва баҳслар кузатилмади”. Ҳисоботда айтилишича, бу сайловлар “халқаро мажбурият ва андозаларга тўлиқ жавоб берадиган сайловлар учун зарур бўлган асосий эркинлик борасидаги муҳим муаммоларни бартараф этмади”. Ҳукумат сайловларда фақатгина президентга хайрихоҳ, рўйхатга олинган тўртта партиядан илгари сурилган номзодларнинг иштирокини таъминлади холос ҳамда оммавий ахборот воситалари ва сайловни молиялаштиришни назорат остига олди. ЕХҲТнинг ҳисоботида шунга алоҳида урғу берилдики, сайловларда вакиллар орқали сайлашга кенг тус берилди, бу эса Марказий Сайлов комиссияси эълон қилган 89%лик “натижага ўз таъсирини ўтказган” бўлиши мумкин. Камида бир нафар инсон ҳуқуқлари фаолининг тасдиқлашича, бундай вакиллар орқали сайлов йўлга қўйилмаган тақдирда қонуний  минимал иштирок этиш даражасига жавоб бериш учун сайлов натижалари етарли бўлмаган бўлур эди.

Қонунчилик чин маънодаги мустақил сиёсий партияларни ташкил этиш, улардан номзод кўрсатиш   ва кампания ўтказишни ўта қийин қилиб қўйган. Рўйхатдан ўтиш учун янги партиядан камида саккиз вилоятда яшаётган кишиларнинг 20 мингта имзосини йиғиш талаб этилади. Номзодни рўйхатга олиш тартиби жуда оғир. Қонунчиликка кўра,  Адлия вазирлиги партияни рўйхатга олишни суднинг қарорисиз олти ойгача кечиктириши мумкин. Ҳукумат, шунингдек, тузилган сиёсий партияларнинг молияланишини ва ОАВдаги чиқишларини назорат қилди.

Қонунчилик судьялар, прокурорлар, Миллий хавфсизлик хизмати амалдорлари, қуролли кучларда хизмат қилаётган кишилар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг сиёсий партияларга аъзо бўлишини тақиқлайди. Амалдаги қонунлар дин ва миллий асосда, мамлакат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига ёки фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари ва эркинликларига қарши бўлган, урушни ёки ижтимоий, миллий ва диний  адоватни тарғиб қиладиган, ҳукуматни ағдариб ташлашга интиладиган  партия тузишни тақиқлайди. Қонун, шунингдек, адоватни тарғиб қилади, террозим фаолиятини қўллаб-қувватлайди, дея “Ҳизбут Таҳрир” исломий-сиёсий ташкилотини тақиқлайди.

2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг ҳукумат бир қанча сиёсий партияларни тақиқлади ёки уларни рўйхатга олишни рад қилди. Собиқ партия раҳбарлари қувғинда бўлди, партиялари эса мамлакатда кучли таянчга эга бўлмагани учун яшаб қолиш йўлида курашди.

Аёллар ва камсонли миллатлар вакилларининг иштироки: Парламентнинг 150 аъзоси бўлган қуйи палатасида 24 нафар аёл, 100 нафар аъзоси бўлган Сенатда 15 нафар аёл ҳамда 28 нафар аъзоси бўлган Вазирлар Маҳкамасида 2 нафар аёл бор эди. Декабрдаги парламент сайловларида, қонунга мувофиқ ҳолда, номзодларнинг 30 фоиздан ортиғи аёллардан иборат бўлди.
Парламент қуйи палатасида 11 нафар, Сенатда эса 11 нафар камсонли этник гуруҳлар аъзоси бор эди.

4-бўлим. Коррупция ва ҳукуматда ошкораликнинг етишмаслиги

Қонунчиликда юқори лавозимли амалдорларнинг коррупциясига жиноий жазо белгиланган, лекин ҳукумат ушбу қонунчиликни самарали қўлламади. Гарчи коррупция билан боғлиқ ҳибсга олиш ҳоллар сони ўсгани ҳақида хабарлар бўлса-да, коррупция маълум доираларда тарқалди, мулозимлар эса ҳеч бир жазосиз коррупция ишига тез-тез аралашиб турди. Ички ишлар вазирлиги қошидаги Коррупция, товламачилик ва рэкетга қарши кураш бошқармаси ҳамда Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноят ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси коррупция ҳолларининг олдини олиш, текшириш ва таъқиб қилишга масъулдир.

Коррупция: Ҳукумат ҳисоботига кўра, йилнинг аввалги тўққиз ойи давомида ҳуқуқ-тартибот ишлари билан шуғулланувчи 451 нафар мулозим талон-тарожлик, товламачилик, мансабни суиистеъмол қилиш, порахўрлик, ҳуқуқий ваколатни ошириб юбориш ва бир ҳолатда қийноққа солиш билан боғлиқ жиноятлари учун судланиб, жавобграликка тортилган. Шу 451 нафар киши орасида 12 нафар судья, 3 нафар суд ходими, 30 нафар Бош прокуратура ходими, 285 нафар Ички ишлар вазирлиги ходими, 28 нафар Адлия вазирлиги ходими, бир нафар МХХ ходими, 49 нафар солиқ идораси вакили, 38 нафар божхона ходими ҳамда 5 нафар юрист бор эди. Уларнинг 51 нафарига жарима солинган, 328 нафари озодликдан маҳрум қилинган, 67 нафари оғир меҳнат қилиш жазосига тортилган, 5 нафари учун эса маълум бир ҳуқуқдан фойдаланиш чекланган. Ўша давр мобайнида ҳукумат 654 нафар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи орган ходимлари устидан 477 та иш очган, натижада 554 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Май ойида ҳукумат Дўстлик тумани ҳокими (у сенатор ҳам) Сайфиддин Шералиевни Жиззах пахта заводи директоридан пора олгани учун ҳибсга олди. Завод директори ҳам қамалган. Ҳуқуқ идорали ходимлари ўртасида коррупция муаммолигича қолди. Милиция мунтазам ва асоссиз равишда пора талаб қилди. Май ойида Озод Европа/Озодлик радиоси Андижон шаҳар прокурори Азизбек Маматхўжаев порахўрликда айбланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар қилди. Хабарларга кўра, июнь ойида ҳукумат 100 нафардан ортиқ божхона ходимларини коррупцияда айблаб ҳибсга олган. Август ойида эса ҳукумат Қашқадарё вилоят МХХ бошлиғи Иброҳим Деҳқонбоевни ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини бошқариш бўлими раҳбари Санжар Йўлдошевни коррупцияда айблаб ҳибсга олингани хабар қилинди.

Молия ошкорлиги: Ҳукумат мулозимлари қўшимча иш жойида олган даромадларинигина ошкор қилиши талаб этилади, аммо бундай маълумотларни олиш омма учун имконсиз бўлди.

Омманинг ахборот олиш имкони: Кўп ҳолларда жамоатчилик ҳукумат маълумотларини олиш имконига эга бўлмади. Ҳукумат жамоатчиликка тегишли маълумотлар хусусида камдан-кам ахборот берди, гарчи кўпгина ҳукумат вазирликлари ва органлари интернет саҳифасидан айрим маълумот олиш имкони бўлди.

Йил давомида ҳукумат электрон ҳукумат ташаббусини жорий қилиб, унинг бизнес ва хусусий шахсларга 200 дан ортиқ хизмат тақдим этувчи “ягона ойна” вебсайтини ишга туширди, бу эса ҳукумат органлари билан электрон тарзда боғланиш имконини беради.

5-бўлим. Ҳукуматнинг тахмин этилган инсон ҳуқуқлари бузилишини халқаро ва ноҳукумат ташкилотлар тергов қилишига муносабати

Гарчи ҳукумат кўпинча турли йўллар билан фаолиятига тўсқинлик қилса-да, маҳаллий инсон ҳуқуқлари гуруҳларидан бир қанчаси мамлакат ичида фаолият кўрсатди. Ҳукумат инсон ҳуқуқлари фаолларини тез-тез таъқиб қилиб, қамаб, жиноий жавобгарликка тортиб турди. Ўтган йиллардаги каби, фаоллар 1 сентябрь – Мустақиллик байрами, 8 декабрь –Конституция куни ва 13 май – Андижон воқеалари содир бўлган кунлари қонунни қўлловчи идоралар ходимларининг қаттиқ назоратига олингани тўғрисида хабарлар бўлди.

Ҳукумат инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича мамлакатда иккита НТ: “Эзгулик” ва Ўзбекистоннинг Мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотини расман тан олди. Бошқа ташкилотлар рўйхатдан ўта олмади, лекин шунга қарамай ҳам миллий, ҳам халқаро миқёсда фаолият кўрсатаверди.

Ўтган йилларда рўйхатдан ўтишга уриниб кўрган, лекин ўта олмаганлар сирасига Гуманитар ҳуқуқ маркази, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти, “Экспертлар иш гуруҳи”, “Мазлум” ташкилотлари киради. Улар юридик шахс сифатида мавжуд бўлмади, аммо офисларни ижарага олиш ёки молиявий битимлар тузиш сингари қийинчиликларга қарамасдан, фаолият юритаверди. Улар банкда ҳисоб рақами очолмади, бу ҳол қонуний йўл билан маблағ олишга йўл бермади. Рўйхатдан ўтмаган гуруҳлар ҳукуматнинг суд орқали таъқиби олдида ҳимоясиз бўлиб қолди. Аммо камдан-кам ҳолларда ҳукумат вакиллари баъзи тадбирларда рўйхатдан ўтмаган гуруҳлар билан бирга иштирок этди.

Ҳукумат идоралари вакиллари мамлакат инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан норасмий тарзда суҳбатлашди. Баъзиларининг айтишича, улар инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ишларни давлат органлари билан бирга бевосита шуғулланиб, ҳал этишга муваффақ ҳам бўлди.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига қарши вақти-вақти билан ҳужум уюштириш давом этди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз фаолияти учун давомий равишда сохта жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши ва бошқа жазолар тайинланишини тасдиқлади.

БМТ ва бошқа халқаро идоралар: Ҳукумат Ҳалқаро меҳнат ташкилотидан ташқари халқаро идоралар фаолиятини чеклашда давом этди  ҳамда уларнинг инсон ҳуқуқларига амал қилинишини кузатиш ва бу борадаги сиёсатини кескин танқид остига олди.

Гарчи ЕХҲТ 2006 йилдан бери инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларда чекланган миқдорда иш қилишга эришган эса-да, ҳукумат йил давомида ушбу ташкилотнинг “инсон ўлчами”, ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари компоненти сингари бир қанча таклиф этилган лойиҳаларини маъқуллади.

Ҳукумат 10 йилдан буён БМТнинг махсус мандатга эга вакилига мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари муаммоларини мониторинг қилишга рухсат бермади, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идораси 2006 йилда мамлакатга ташриф учун сўраган илтимоси ҳануз жавобсиз қолмоқда.

Ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи идоралари: Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман идораси ўз мақсади  фундаментал инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва жамоатчиликнинг уларни билишини рағбатлантириш, халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига мос келадиган қонунчиликни шакллантиришга ёрдам бериш ва ҳуқуқ бузилиши, деб ҳисобланган ҳолатларни бартараф этиш эканини маълум қилди. Омбудсмен идораси у ерга мурожаат қилган фуқаролар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этишда воситачилик қилди, ҳукумат идораларининг қарорларини  ўзгартириш ёки маъқуллаш бўйича тавсиялар берди, лекин улар мажбурий эмас. Омбудсман идорасига 2013 йилда 11 мингта шикоят

Инсон ҳуқуқлари миллий маркази аҳоли ва амалдорларга инсон ҳуқуқлари ва демократия принциплари тўғрисида таълим бериш ҳамда ҳукуматнинг жамоатчиликни инсон ҳуқуқлари тўғрисида ахборот билан таъминлаш борасидаги ҳалқаро мажбуриятларини бажараётганини кафолатлашга масъул бўлган давлат муассасасидир.

6-бўлим. Камситиш, ижтимоий суиистеъмоллар ва одам савдоси

Қонунчилик ва Конституция ирқ, жинс, ногиронлик, тил ёки ижтимоий мақомга кўра камситишни тақиқлайди. Бироқ аёллар ва одамларни ногиронлиги учун ижтимоий камситиш учраб турди, болаларга шафқатсизларча муносабатда бўлиш давом этди.

Аёллар

Номусга тегиш ва оиладаги зўравонлик: Қонунлар номусга тегишни, шу жумладан, “яқин қариндош”ни жинсий зўрлашни ман қилади, лекин Жиноят кодекси эр-хотиннинг бир-бирини зўрлашига муайян тақиқ қўймади ва суд бирор маълум ишни кўриб чиқмади.  Урф-одатлар аёлларга ва уларнинг оилаларига жинсий зўрлаш ҳақида очиқ гапиришига йўл бермади, матбуот номусга тегиш ҳақида жуда кам хабар қилди.

Оилада зўравонлик кўп учрашига қарамай, қонунчилик буни махсус тақиқламайди. Қонунларда жисмоний куч ишлатиш ҳолатларига жазо белгиланган бўлса-да, кўпинча милиция ходимлари аёлларнинг ўзларини калтаклаган шерикларидан шикоят қилишини маъқулламади, орган ходимлари  муштумзўрларни камдан-кам ҳолларда уйларидан олиб кетди ёки ҳибсга олди. Бироқ, инсон ҳуқуқлари фаоллари хабар қилишича, маҳаллий милиция ва амалдорлар оиладаги зўравонлик ҳолатларини, жумладан Жизза вилоятида ва анъанавий консерватив саналган Фарҳона водийсида, бартараф этишга хоҳиш билдирган. Жамият аёлларни калтаклашни жиноий эмас, шахсий иш деб ҳисоблади. Оила аъзолари ёки катта ёшлилар бундай ҳолатларни  уйнинг ўзида ҳал қилди ва камдан-кам ҳолларда иш судгача етиб борди. Маҳаллий ҳокимият идоралари бундай муштумзўрликни муҳокама қилишдан кўра, эр билан хотинни яраштиришга кўпроқ эътибор қаратди.

Аёллар уйдаги зўравонлик сабаб ўз жонига қасд қилишга уринган ёки қасд қилган ҳолатлар ҳақида хабарлар бўлмади, аммо аёллар масалалари бўйича фаолларнинг маълум қилишича, бундай ҳолатлар ошкор қилинмаган бўлиши мумкин. Кузатувчилар аёл кишининг эри ёки, анъанага кўра, ўзини тўлиқ назорат қиладиган қайнонаси билан келишмовчилиги жонига қасд қилишнинг одатий сабаби эканини айтди. Уйдаги зўравонлик жабрдийдалари учун на давлат қарамоғидаги бошпана ва на ишонч телефонлари бўлди, жуда оз сонли НТлар уйдаги зўравонликка эътибор қаратди.

Аёлларни хатна қилиш: Қонун буни алоҳида тақиқламаган бўлса-да, мамлакатда бу иш амалда қўлланмади.

Жинсий тегажонлик: Қонунчиликда жинсий тегажонлик тақиқланиши аниқ белгилаб қўйилмаган, лекин эркак киши учун аёл киши билан бизнес, молиявий ёки бошқа тобе муносабатлар бўлган ҳолатларда уни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш жиноят ҳисобланади. Ижтимоий меъёр ва судга мурожаат қилишнинг етишмаслиги ушбу муаммо кўламини  аниқлашни мушкуллаштирди.

Репродуктив ҳуқуқлар: Умуман олганда, эр-хотинлар, кишилар қанча фарзанд кўриш, туғишлар ўртасидаги оралиқ вақтни сақлаш ва қачон фарзанд кўришни ҳамда бу ишни камситиш, мажбурлаш ва зўравонлик қилмай, етарли ахборот ва репродуктив соғлиққа бўлган ҳолда эркин ва масъулият билан ҳал этиш ҳуқуқига эга. Бироқ, оммавий ахборот воситалари ҳукумат туғилиш кўрсаткичини назорат қилиш ва болалар ўлими билан боғлиқ маълумотни камайтириб кўрсатиш учун врачларни аёлларни стериллашга юборганлиги хусусида хабар беришда давом этди. Инсон ҳуқуқлари ва соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари розиликсиз стерилизация давом этганини тасдиқлади, фақат бу амалда кенг қўлланилгани ва ё ҳукумат мулозимлари бунга кўрсатма берганми, йўқми, ноаниқлигича қолди.

Эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам  ҳомиладорликнинг олдини олиш воситаларидан фойдаланиш имкони бўлди. Аксарият туманларда дипломли врачлар ишлайдиган туғруқхоналар мавжуд эди, врачлар ҳомиладорлик вақти ва туғишдан кейинги кенг миқёсли даволаш ишларини бажарди. Баъзи хабарларга кўра, қишлоқ жойларда яшайдиган аёллар шаҳарлик аёлларга нисбатан кўпроқ ҳолларда ўз уйида, малакали доялар кўмагисиз туғишни танлади.

Камситиш: Қонунчилик жинс билан боғлиқ камситишни тақиқлайди ва Миллий хотин-қизлар қўмитаси (МХҚ) аёлларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланишини рағбатлантирди. Аёллар тарихий нуқтаи назардан, эркаклар даражасида бўлмаса-да, турмушнинг барча жабҳаларида олд мавқеларни эгаллаб келган, аммо маданий ва диний амалиётлар уларнинг янада самарали фаолиятини чегаралаб қўйди. Ҳукумат аёллар ишга жойлашиш, кредит олиш ва айнан бир хил иш учун тенг миқдорда иш ҳақи тўланиши масаласида камситилган ёки камситилмаганига оид маълумотларни жуда кам берди. Меҳнат кодексида аёлларнинг эркаклар билан баб-баробар саноатнинг кўп соҳаларида ишлаши тақиқланади.

Болалар

Туғилишни рўйхатга олиш: Фуқаролик мамлакат ҳудудида  туғилгач олинади ва ота ёки онадан ўтади. Одатда ҳукумат барча туғилиш ҳолатларини зудлик билан рўйхатга олди.

Тиббий ёрдам: Ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳасида ўғил ва қиз болалар учун тенг хизмат кўрсатди, бироқ қаровсиз болалар, мигрант ишчиларнинг фарзандлари сингари пропискаси ва расмий манзили бўлмаган кишилар давлатга қарашли соғлиқни сақлаш муассасаларида даволана олмади.

Болаларга нисбатан зўравонлик: Жамият одатга кўра болаларга нисбатан зўравонлик қилишга оиланинг ички иши деб қаради, бу ҳақда танишиш мумкин бўлган расмий маълумот кам бўлди.

Эрта ва мажбурий турмуш қуриш: Қонунчиликда қизларнинг камида 17, йигитларнинг 18 ёшдан оила қуриши белгиланган, лекин туман ҳокими истисноли ҳолларда бу ёшни бир йилга камайтириши мумкин. Хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла вакиллари мунтазам равишда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориб, эрта турмуш қуриш ва туғишнинг зарарли оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. Хотин-қизлар қўмитаси таълим, ўз кучига ишониш, молиявий мустақиллик ҳамда эркин танлаш ҳуқуқининг аҳамияти борасида жамоа вакиллари ва мактабда ўқувчи қизлар учун тез-тез учрашувлар ўтказиб турди. Болаларнинг турмуш қуриши тарқалиши даражаси 7,2 фоизни ташкил этди. Баъзи қишлоқ жойларда гоҳида қизлар 15 ёшида давлат тан олмайдиган диний маросимларда турмушга узатилди.

Болаларнинг жинсий эксплуатацияси: Қонунчилик болаларни “эксплуатациянинг барча шакллари”дан ҳимоя қилади. Болани фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаш энг кам ойлик иш ҳақининг 25 дан 50 баробаригача жаримага тортиш ва муддати аниқ кўрсатилмаган қамоқ билан жазоланади.

Икки томоннинг розилиги ила жинсий алоқа билан шуғулланиш учун энг камида 16 ёш бўлиши шарт. Зўрлаб номусга теккани учун 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Болалар (21 ёшга тўлмаган шахслар) порнографиясини ишлаб чиқариш, кўрсатиш ва тарқатиш жарима ёки уч йил қамоқ билан жазоланади.

Болаларни хорижга олиб қочиш: Ўзбекистон 1980 йили қабул қилинган “Болаларни хорижга олиб қочишнинг фуқаролик-ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида”ги Гаага конвенциясини имзолаган.

Ахборот олиш учун қаранг: travel.state.gov/content/childabduction/English/country/Uzbekistan.html

Аксилсемитизм

Яҳудий етакчилари жамиятдаги бағрикенглик даражаси юқори эканини маълум қилди. Аксилсемитизм хатти-ҳаракатлари ёки яҳудийларга нисбатан камситиш бўлгани ҳақида маълумот олинмади. Яҳудийлар жамоаси рўйхатдан ўтган марказий ташкилотни расмийлаштириш талабларини бажаролмади, бироқ мамлакатда саккизта рўйхатдан ўтган яҳудий қавми мавжуд эди. Кузатувчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, мамлакатда, тахминан, 10 минг нафар яҳудий бўлиб, улар, асосан, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида жамоа бўлиб яшайди. Улар сони асосан иқтисодий сабабларга кўра кўчиб кетиш оқибатида камая борди.

Одам савдоси

Одам савдоси ҳақида маълумот олиш учун Давлат департаментининг “Одам савдоси тўғрисида”ги ҳисоботига қаранг: http://www.state.gov/j/tip/rls/tiprpt/

Ногирон кишилар

Қонунчилик ногирон кишиларни камситишни тақиқлайди, лекин улар баъзи ҳолларда ижтимоий камситишларга дучор бўлди.

Расмий статистикага кўра, мамлакатда 550 минг нафар ногирон мавжуд, аммо фаоллар уларнинг ҳақиқий сони уч миллиондан ортиқлигига ишонади. Ҳукумат давлатдан ногиронлик нафақаси оладиган фуқароларнинг ногиронлик даражасини тасдиқлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирди. Давлат ҳокимияти идоралари расман ногиронлик учун тўланадиган нафақаларнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун текширувлар ўтказди, лекин тасдиқланмаган хабарларда айтилишича, ушбу жараёнда баъзи ногирон кишилар оладиган нафақа адолатсиз тарзда қисқариб кетди.

Қонунда ногиронларнинг бинолар, шу жумладан хусусий дўкон ва ресторанларга кириши учун имконият яратилмаган бўлса, жарима белгиланиши кўрсатилган. Фаолларнинг хабарига қараганда, йил давомида ҳукумат тахминан 2,500 та шундай ҳолат бўйича жисмоний шахслар ва ташкилотларни жаримага тортган. 2013 йилда қабул қилинган қонун ногиронлар учун шароит яратмаганлик учун жарима миқдорини 6,4-9,2 миллион сўмдан ($2,680-#3,830) 2,2 миллионга ($920) туширди.

Ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи фаоллар яратилган шароит талабга жавоб бермаслигини, масалан, сўнгги йилларда қурилган ўрта мактабларнинг ташқарисида нишаб жой – пандуслар борлигини, аммо ичкарисида ногиронлар аравачасида бемалол ҳаракатланиш мумкин бўлган шароит йўқлигини қайд этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронларнинг даволанишини назорат қилди, Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги уларни иш билан таъминлашга шароит яратиб берди. Ахборот ва мулоқот қилиш борасида муаммолар бўлгани тўғрисида хабар олинмади. Таълим ва руҳий касалликни даволаш муассасаларида қонунбузарлик бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамади.

Меҳнат қонунида барча фуқаролар ишга жойлашишда тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши кўрсатилган, бироқ ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи фаоллар бу борада камситилиш ҳоллари учраганини (7-г бўлимга қаранг), ногиронларнинг тахминан 90 фоизи ишсиз эканини қайд этди. Ҳукумат ногиронлар учун 17000 та иш ўрни яратилгани ҳақида хабар қилди. Ҳукуматининг биноларга кириш, ахборот олиш ва алоқага киришишга оид дастурлари мавжуд бўлмади, фаоллар бу соҳада алоҳида қийинчиликлар борлигини айтди. Фаоллар, шунингдек, тергов ва суд жараёнида ногиронларга имо-ишора таржимонлари берилмаган ҳоллар бўлгани хусусида хабар берди.

Ҳукуматга кўра, мамлакатдаги жаъми 78964 нафар ногирон болаларнинг 9739 нафари ўрта мактабга, 17328 нафари 84 та ихтисослаштирилган мактабга, 10064 нафари уйда ташкил этилган мактабга, 21291 нафари 195 та ихтисослаштирилган мактабгача тарбия марказларига қатнаган. Ўқувчилар совет даврида чоп этилган брайл китобларидан фойдаланган. Кўзи ожиз кишилар учун мослаштирилган компьютерлар мавжуд бўлди.

Миллий, ирқий ва этник камсонли кишилар

Конституцияда барча фуқароларнинг, этник келиб чиқишидан қатъи назар, тенглиги белгилаб қўйилган, барча кишиларнинг миллати, ирқи ёки этник келиб чиқишига қарамасдан тенг равишда суд ҳимоясида экани кафолатланади. Мамлакатда йирик тожик (5 фоиз) ва рус (5.5 фоиз) ҳамда камроқ қозоқ ва қирғиз миллатига мансуб камсонли аҳоли  мавжуд. Тошкент шаҳрида, шунингдек,  50 минг кишидан камроқ деб ҳисобланган лўли аҳолиси бор эди. Ушбу гуруҳларга нисбатан зўравонлик ёки камситишга оид шикоятлар жуда кам бўлди.

Конституция  барча фуқароларга  ишлаш ва иш жойини танлаш ҳуқуқини ҳам беради. Гарчи қонунчилик ишга олишда этник ёки миллий келиб чиқишига қараб камситишни тақиқласа-да, этник руслар ва  бошқа камсонли миллатларга мансуб кишилар вақти-вақти билан ишлаш имконияти чекланганидан ташвиш билдирди (7-г бўлимга қаранг). Амалдорлар, гарчи кўплаб истисноли ҳоллар бўлса-да, ҳукумат ва бизнесдаги катта лавозимларни этник ўзбеклар учун асраб тургани хабар қилинди.

Қонунчилик фуқароликни олиш учун ўзбек тилини билишни талаб қилмайди, лекин тил аксарият ҳолларда нозик масала бўлиб қолди. Ўзбек тили – давлат тили, Конституцияда президент ҳам уни билиши талаб қилинади. Қонунларда рус тили “миллатлараро мулоқот тили” экани белгилаб қўйилган.

Жинсий ориентацияси ва жинсий мансублигини ўзгартирганларга нисбатан ижтимоий тахқирлаш, камситиш ва зўравонлик ҳаракатлари

Эркак билан эркакнинг жинсий алоқа қилиши уч йилгача қамоқ билан жазоланади. Гарчи 2003 йилдан буён ушбу жиноят бўйича ҳибс ё жазога тортиш ҳоллари бўйича маълумот бўлмаса-да, лесбиян, гей, бисексуал ва трансгендер (ЛГБТ) вакиллари берган маълумотларга кўра, милиция ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари катта миқдорда пора олиш мақсадида гейларни ҳибсга олиш ёки таъқиб қилиш билан қўрқитди. Қонунчилик аёллар ўртасидаги жинсий алоқани жиноий ҳаракат сифатида таснифламайди.

Умуман олганда, ҳамжинсбозлик жамиятда тақиқланган мавзу ҳисобланди, ва ЛГБТ вакилларининг маълум бўлган ташкилотлари йўқ. Жинсий ориентацияси ёки жинсий мансублигини ўзгартирганларга нисбатан ишга қабул қилишда, уй-жой беришда, фуқаролик бўлмаганда, таълим олиш ёки даволанишда расмий ёки ижтимоий камситиш бўлгани маълум эмас, аммо кузатувчиларнинг фикрича, бу ҳол жинсдоши билан жинсий алоқа қилиш масаласи жамиятда табу мавзу бўлганлиги билан боғлиқ. Сентябрь ойида бир гуруҳ номаълум шахслар “Дилшод” исмли трансвеститни калтаклагани ҳақида хабар қилинди.

ОИВ ва ОИТС

ОИТСга қарши курашиши республика марказининг матбуотда тарқарган хабарига кўра, 1 январь ҳолатига, мамлакатда 28136 нафар ОИВга чалинган киши бўлган. Бундай кишилар касали ошкор бўлиб қолгандан сўнг ўзларини давлат муассасалари, соғлиқни сақлаш соҳаси, қонунни қўлловчи  идоралар ходимлари, уйни ижарага берувчилар ва иш берувчилар ижтимоий жиҳатдан яккалаб қўйганини маълум қилди. Ҳарбий маъмурлар хизматга чақирилган йигитларни ОИВ билан оғригани аниқланиши билан армиядан кетказди. Ҳукумат НТ фаолиятига чекловлар жорий этгани оқибатида ОИВ/ОИТС билан оғриган кишиларга ёрдам берадиган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган НТлар сони кескин қисқариб кетди. ОИВ/ОИТС билан боғлиқ демографик ёки тиббий текширувга оид ишончли маълумотлар жамоатчиликка ошкор этилмади.

7-бўлим. Меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари

а.  Уюшма тузиш эркинлиги ва жамоа бўлиб музокара қилиш ҳуқуқи

Қонунчилик, шу жумладан соҳага тегишли тартиб-қоида ва расмий ҳужжатлар, умуман олганда меҳнаткашларга ўз хоҳишига қараб мустақил уюшмалар тузиш, уларга бирлашиш ва жамоа бўлиб музокара қилиш ҳуқуқини беради. Қонунда, агар касаба уюшмаси мавжуд бўлмаса, меҳнаткашлар томонидан сайланган бошқа кенгашларга жамоа бўлиб муҳокама қилиш ҳуқуқи берилиши хусусида аниқ маълумот кўрсатилмаган. Қонунчилик иш ташлаш ҳуқуқини на таъминлайди, на тақиқлайди. Қонун уюшмага қарши камситишни тақиқлайди. Жамоат ишларидаги талабгорлар ва ҳужжатлаштирилган шартномасиз шахслар ишга олган меҳнаткашлар ҳуқуқий муҳофаза этилмайди.

Ҳукумат амалдаги қонунларнинг ишлашини самарали йўлга қўймади, мустақил уюшмалар мавжуд эмас эди. Ресурслар, текшириш ва тузатиш талабга жавоб бермади, қонунбузарликнинг олдини олиш учун жорий этилган жарималар етарли бўлмади. Умуман олганда, меҳнаткашлар касаба уюшмалари тузиш ва уларга бирлашиш ҳуқуқидан фойдаланмади, чунки улар муқобил касаба уюшмалари (пастга қаранг) тузишга урингани учун тезда жазоланишидан қўрқди. Касаба уюшмалари марказлашган ва ҳукуматга қарам бўлиб қолди.

Давлат назоратидаги  Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши энг катта уюшма бўлиб, таркибига 35800 та бирламчи ташкилот ва 14 та вилоятлар миқёсидаги касаба уюшмаси киради, унга мамлакат меҳнаткашларининг 60 фоизи аъзодир. Федерация раҳбарлари уюшма бошқарувида сайланишдан кўра Президент девони томонидан тайинланди.  Маҳаллий даражадаги барча вилоят ва ишлаб чиқариш касаба уюшмаларини давлат бошқарди.

Касаба уюшмалари  ва уларнинг раҳбарлари иш берувчиси ёки давлат назоратидаги муассасаларнинг аралашувисиз фаолият юритадиган даражада эркин бўлмади. Касаба уюшмалари, гарчи соғлиқни сақлаш ва иш хавфсизлиги масалаларида муайян таъсир кучига эга бўлса-да, давлат ташкилотчилигидаги муассаса бўлгани учун ваколатлари жуда оз эди. Жамоа бўлиб шартнома тузиш ҳуқуқидан фойдаланилмади. Масалан, Меҳнат ва Молия вазирликлари Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши (КУФК) билан маслаҳат қилган ҳолда давлат хизматчиларига маош белгилади. Кичик хусусий секторда маошни раҳбарият белгилади ёки ишга кириш учун шартнома тузаётган кишилар билан алоҳида-алоҳида музокара олиб борди. Меҳнат арбитражига масъул давлат муассасаси бўлмади.

б. Мажбурий меҳнатни тақиқлаш

Конституция ва қонунчилик зўрлаб ёки мажбурий ишлатишни тақиқлайди, фақат талончилик, фирибгарлик ёки солиқ тўлашдан бўйин товлаш сингари қонунбузарликлар учун ҳуқуқий жазолар ёки қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ҳолатлар бундан мустасно. Ҳукумат бу қонунларни самарали равишда ҳаётга татбиқ этмади.

Ҳукуматнинг мажбурлаб ишлатиш ҳолатлари пахта терими вақтида рўй берди, давлат органлари  мамлакатнинг ката қисмида коллеж ва лицейларнинг учинчи курс талабалари (одатда 18 ёшдан ошганларни, аммо доим эмас), ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар, аҳолининг ишламайдиган қисмини пахта теришга жалб қилиш учун давлат муассасалари, мактаблар ва корхоналарга турли даражада босим ўтказди. Катта ёшлиларга 1 кг пахта учун тахминан 220 сўм (0,09$) ҳақ тўланди. Улар кунига 55-70 кг пахта териши лозим эди. Бир кунлик иш ҳақи 12000-15400 сўм бўлди (5-6$). Иш шароити ҳар вилоятда турлича бўлди. Овқат ва ётоқнинг талабга жавоб бермаслиги, талабалар учун ичимлик суви йўқлиги ҳақида хабарлар бўлиб турди.

Сафарбарлик кўлами ҳар вилоятда бир-биридан анча фарқ қилди. Уч йилдан буён ҳукумат 15 ёшга тўлмаганларни меҳнатга сафарбар қилишни тақиқлаб келади. Илк маротаба ҳукумат 18 ёшга тўлмаганларни ҳам сафарбар қилишни тақиқлашга уринди, аммо пахта мавсумининг сўнгги ҳафталарида айрим маҳаллий мулозимлар 16-17 ёшли талабаларни пахтага чиқарди.

Ишончли манбаларнинг айтишича, пахта йиғим-терими вақтида балоғат ёшига етмаганлар ўрнини қоплаш учун балоғитга етган давлат хизматчиларини мажбурлаб ишлатилган ҳолатлар олдинги йиллардагига нисбатан кўп бўлди. Давлат органлари ўқитувчилар ва мактаб раҳбарияти йиғим-теримда ё назоратчи бўлиб, ёки ўзлари ҳам пахта териб қатнашишини буюрди. Кўплаб мактаб, коллеж ва лицейлар кам сонли ўқитувчилар ишлаган ҳолда очиқ бўлди, аммо маълум бир вилоятларда ходимлар етишмаслиги сабабли коллежлар ёпилгани ё дарслар бекор қилингани ҳақида хабарлар олинди. Пахта йиғим-терими вақтида давлат сектори хизматчиларининг иш жойида бўлмагани жамоалар ишига салбий таъсир кўрсатди, тиббий муолажалар кўп ҳолларда тез-тез орқага сурилди, муҳим давлат  хизматлари кечиктирилди.

Унча кўп бўлмаган хабарларда айтилишича, ҳукумат ўқитувчилар, талабалар, шу жумладан болалар (7-с бўлимга қаранг), хусусий бизнес ходимлари ва бошқаларни қурилиш ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ишлашга, кўча ва хиёбонларни тозалашга мажбурлаган.

Давлат департаментининг “Одам савдоси тўғрисида”ги ҳисоботига қаранг: http://www.state.gov/j/tip/rls/tiprpt/

в. Болалар меҳнатини тақиқлаш ва ишга қабул қилишнинг белгиланган энг кичик ёши

Қонунда ишга киришнинг минимал ёши 16 ёш экани, иш 18 ёшгача бўлган болаларнинг ўқишига  халақит бермаслиги белгилаб қўйилган. Қонунда болаларнинг 15 ёшдан бошлаб тўлиқсиз иш куни, мактабда ўқиш бўлмаган пайти, ота-онасининг розилигига кўра, ҳафтасига кўпи билан 24 соат, ўқиш бўлган пайт эса  12 соат ишлаш ҳуқуқи кўрсатилган. Қонун 15 ёшга тўлмаган болаларнинг “енгил меҳнат”га жалб этилишига ўқишига халақит бермаса ҳам, соғлиги ёки ривожланишига таъсир қилмаса ҳам рухсат бермайди, лекин ушбу қоидага амалда ҳар доим ҳам риоя қилинмади.  Мактабда ўқиш бўлмаган пайтлари 16-18 яшар болалар ҳафтасига 36 соат, ўқиш бўлган пайтлар эса ҳафтасига 18 соат ишлаши мумкин. Қабул қилинган қарорларга кўра, 18 ёшга тўлмаган болаларнинг хавфли ишларда ишлаши ман қилинади ҳамда иш берувчиларнинг болаларни хавфли шароитлар, жумладан, ер ости, сув ости, хавфли баландликлар ёки қўлда пахта териш мавсумида хавфли ускуналар ёнида ишлатиши тақиқланади. Болалар қишлоқ хўжалиги, новвойхона ёки дўкон сингари оилавий корхоналарда ва кўча сотувчилари сифатида ишга жалб қилинди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) пахта йиғим-теримини монтиоринг қилган 2013 йилдагидан фарқли равишда, йил давомида ҳукумат Халқаро меҳнат ташкилоти методологиясидан фойдаланиб болалар меҳнати борасида ўзининг мониторингини ўтказди. ХМТ мониторинг ўтказувчиларни ўқитди, методология қандай амалга оширилаётганини кузатди, аммо мониторинг амалиётида иштирок этмади. Ҳукумат 18 ёшдан кичик бўлган 41 нафар бола пахта терганини аниқлади.

Меҳнат қонунчилиги Меҳнат вазирлиги инспекторларига болалар меҳнати тўғрисидаги қонунларга риоя этилишига асосий эътибор қаратишдай ваколатни бермайди. Болалар меҳнати тўғрисидаги қонунларга риоя этилишини таъминлаш ваколати  Меҳнат вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва унинг умумий жиноятларни тергов қилиш бўйича терговчиларига берилган. 2013 йилдаги каби, Бош вазир идораси болаларни пахтага жалб этмаслик ҳақидаги қарорнинг ҳаётга тадбиқ этилишини мувофиқлаштиришда етакчи роль ўйнади. Маҳаллий ҳукумат кўпинча мониторинг гуруҳлари ташкиллаштириб, ота-оналар ва мактаблар болаларга пахта териш учун рухсат бермаслигини таъминлаш ишида қатнашди. ИИВ қишлоқ хўжалиги соҳасини инспекция қилган-қилмагани маълум эмас. Болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳолати йил давомида кузатилмади. Юқорида айтиб ўтилганидек, аввалги йилларга нисбатан кам бўлса-да, пахта йиғим-терими даврида болалар мажбуран ишлатилди.

Болалар ғўзага ишлов берди ва пахта терди. Бироқ, ўтган йиллардагидан фарқли равишда, 15-18 ёшли болаларнинг меҳнатга жалб этилиши бутун мамлакатда содир бўлмади, балки маҳаллий миқёсда кузатилди. Кузги йиғим-терим вақтида баъзи маъмурлар мактаб ва олий ўқув юртларини ёпиб қўйди. Баъзи университет раҳбарлари талабаларни саккиз ҳафтагача муддатга пахта теришга жўнатди, у пайтда талабалар палаткали лагерларда ёки университетдан йироқ бўлган, далаларга яқин ерларда жойлашган мактабларда яшади.

Далада ишлаётган 10 ёшли болалар ҳам бўлди, аммо бундай ҳоллар ноодатий бўлиб, ҳукуматнинг меҳнатга сафарбар қилишининг бир кўриниши сифатида кўрилмади. Умуман олганда ҳукумат бундай ҳолатга йўл қўймаслик ҳаракатини қилди, бироқ 15 ёшгача бўлган болалар ўқийдиган бутун синфни бир неча бор пахтага сафарбар қилингани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар олинди. Ҳукумат коллеж ва лицейларнинг ёши 18 ё ундан катта бўлган талабаларини сафарбар қилишда давом этди. Бироқ шундай хабарлар бўлдики, ўша синфлардаги 17 ёшли талабаларни ҳам пахтага чиқаришган. Йиғим-теримнинг охирги ҳафталарида Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида баъза маҳаллий ҳукуматлар миллий қарорга қарши равишда 16-17 ёшли талабаларни икки ҳафтагача бўлган муддатга пахтага юборган. Ўтган йилларда бўлгани каби кўплаб олий ўқув юртлари йиғим-теримда қатнашмаган талабаларга ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилди ёки талабалардан йиғим-теримда “ихтиёрий” қатнашиш тўғрисида ариза ёзишни талаб қилди.

АҚШ Меҳнат вазирлигининг “Болалар меҳнатининг энг ёмон турлари бўйича хулосаларига қаранг:

www.dol.gov/ilab/reports/child-labor/findings/.

г. Ишга кириш ёки касб-ҳунар соҳасидаги камситиш

Қонунчилик ирқ, жинс, тилга кўра камситишни тақиқлайди. Меҳнан кодексида кўрсатилишича, давлат ҳимоясига лойиқ ёки алоҳида шароит талаб этадиган шахслар, жумладан аёллар, болалар ва ногиронларга бўлган алоҳида муносабат камситилувчи деб кўрилмаслиги лозим. Қонунда жинсий ориентацияси ёки жинсий мансублигини ўзгартирганларга нисбатан камситиш ҳолларини тақиқлаш моддалари йўқ. ОИВга чалинган шахсларнинг маълум бир ишларга, жумладан, қон ёки қон маҳсулотлари билан бевосита алоқани талаб қилувчи тиббиёт соҳасига, косметология иши ё сартарошликка олиниши қонунан тақиқланади. Умуман олганда, ҳукумат бу қарорларни ҳаётга самарали татбиқ этмади.

ОИВга чалинганларни ишга олиш ва касб-ҳунарга жалб қилишда камситиш ҳоллари учради. Чет элдан келган ишчилар ўзбекистонлик меҳнаткашлар каби ҳуқуқий ҳимоя остига олинади токи иш берувчилар барча қонуний талабларга амал қилган бўлсалар. Меҳнат ҳуқуқини ҳаётга татбиқ этиш тегишли идораларда ходим етишмаслиги ва коррупция сабабли суст кечди.

д. Мақбул иш шароитлари

Биринчи навбатда давлат секторидаги ойликларни ҳамда турли солиқ ва мажбуриятларни ҳисоблашда фойдаланиладиган энг кам иш ҳақи 2013 йил декабрдан 2014 йил август оралиғида 96 105 сўм (40,04 доллар) бўлди. Унинг ҳажми 1 сентябрь куни 12 фоиз кўтарилиб, 107 635 сўмга (44,85 доллар) етди. Ҳукумат амалдорлари қашшоқлик даражасини ҳар куни 2,100 килокалориядан кам овқат истеъмол қилиш деб маълум қилди, бироқ ҳукумат қашшоқлик даражасига оид ҳеч бир кўрсаткичларни эълон қилмади. Ҳукуматга кўра, аҳолининг 17 фоизи турмуш тарзи қашшоқлик даражасидан паст бўлди, аммо турли кўрсаткичлардан фойдаланилган баъзи норсамий ҳисоб-китоблар буни 77 фоизга тенглигини кўрсатди. Ҳукумат ишсизлик даражасини 5,2 фоиз деб берди, норасмий ҳисоб-китоблар эса уни анча юқори эканига ишора қилди. Норасмий стастикага кўра, иш билан банд аҳолининг тахминан 60 фоизи паст самарали ва кам ойлик берувчи ишларга эга бўлди.

Қонунчиликда стандарт иш ҳафтаси 40 соат қилиб ва 24 соатлик дам олиш даври белгиланган. Қонунда қайд этилишича, меъёридан ошиқ ишлаш меҳнат шартномасида белгилаб қўйилиши ёки ишчи аъзо касаба уюшмаси билан келишиб олиниши ва қўшимча иш ҳақи ёки таътил сифатида қопланиши керак. Қонунчиликка кўра, қўшимча иш учун товон пули ишчи бир соатлик ҳақининг 200 фоизидан, қўшимча таътил вақти эса ҳақиқий қўшимча иш вақти узунлигидан кам бўлиши мумкин эмас. Ишчи бир йилда 120 соатдан кўп қўшимча ишлай олмайди, бироқ бу чекловга хусусан давлат секторида амал қилинмади. Қонун мажбурий қўшимча ишни тақиқлайди.

Меҳнат вазирлиги касаба уюшмалари билан келишган ҳолда профессионал соғлиқ ва хавфсизлик стандартларини ўрнатади ва ҳаётга жорий қилади. Маълумотларда бундай жорий этиш самарасиз экани билдирилди. Гарчи йўриқномаларда кафолатлар кўзда тутилган бўлса-да, кўпинча хавфли ишларда ишлайдиган ишчиларга ҳимоя кийимлари ва анжомлари етишмади. Меҳнат инспекторлари кичик ва ўрта бизнес корхоналарини фақат тўрт йилда бир марта, йирик корхоналарни эса ҳар  уч йилда бир марта инспекция қилди. Бундан ташқари, Меҳнат вазирлиги ёки маҳаллий ҳокимлик ҳам корхоналарни танлаб олиб, инспекция қилиш ташаббуси билан чиқиши мумкин, махсус текширувлар бирор кўнгилсиз ҳодиса ёки шикоятларга жавобан амалга оширилади.

Мамлакатдаги 14 та маъмурий ҳудудда тахминан 5-8 нафар меҳнат инспекторлари мавжуд бўлди, қурилиш, кончилик ва ишлаб чиқариш сингари йирик саноатларда ихтисослаштирилган идоралар бўлди. Меҳнат инспекторлари давлатга қарашли корхоналарни текширишга расмий тус бериб, одатда эътиборни кўпроқ хусусий секторга қаратди. Хабарларга кўра, жарималар кўпинча жойига қараб белгиланди, кўп ҳолларда иш берувчи инспекторлар билан норасмий келишган ҳолда жарималарни енгиллаштирди. Қонунга асосан, барча соҳаларда соғлиқни сақлаш ва хафсизлик стандартлари амал қилиши лозим. Иш ўрни ҳужжатлаштирилмаган норасмий хўжаликда бу қонун тадбиқ этилмади. Йил давомида Меҳнат вазирлиги солиқ идораси билан ҳамкорликда барча хусусий клиникаларни текшириб, кенг тарқалаётган шартномасиз ишга ёлланган мутахассисларни аниқлади.
Қонунда ишчилар, мабодо, иш берувчи  тегишли хавфсизлик чораларини кўра олмаса, хавфли ишларни бажармасликка ҳақли экани белгиланган. Умуман олганда, ишчилар ушбу ҳуқуқидан фойдаланмади, қонун ҳаётга етарли даражада жорий этилмагани учун  улар иш берувчиларнинг ўч олишидан қўрқди. Қонун иш берувчилардан ишчининг меҳнат қилаётган пайтда ҳаёти ва соғлигига иш билан боғлиқ етказилган зарар, касб касаллиги ёки соғлиққа етказилган  бошқа зарар учун фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни талаб этади. Шу пайтгача ушбу қонун бўйича бирор иш судда кўриб чиқилгани хусусида хабар олинмади.

Расмий манбаларга кўра, тахминан 360 000 ишчи (меҳнаткашларнинг умумий сони 12 млн) минимал ойлик олган. 2013 йили Президент Меҳнат кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қарорни имзолади, унга биноан энг кам иш ҳақи давлат секторида тўлиқ иш кунида ишловчилар учун 230 000 сўм (95,80 доллар) қилиб белгиланди. Ўртача ойлик миқдори тўғрисида расмий маълумот бўлмади, лекин кўпчилик экспертлар уни солиқсиз ҳисоблаганда тахминан 780 000 сўм (325 доллар) эканини айтди. Бу миқдор қишлоқ хўжалигидаги ойликларни ўз ичига олмади. Рўзғордаги ўртача тушум миқдори ҳақида аниқ ё тахминий маълумот бўлмади.

Ҳукумат ва расмий матбуот норасмий иқтисодда банд бўлган ишчилар сонини эълон қилмади. Бундай ишдаги кишилар кўпинча расмий ярим иш кунлик ёки кам ойлик тўланадиган иш билан банд бўлди. Норасмий иқтисоддаги ишчиларнинг ижтимоий ҳимояси билан шуғулланувчи самарали давлат дастурлари йўқ эди. Кўпроқ давлат секторида ойлик, қўшимча иш, соғлиқни сақлаш ва меҳнат хавфсизлиги билан боғлиқ қонунбузарликлар содир этилди.