«Очиқ эшиклар» ҳисоботи Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги талабалар ҳаракати ўсаётганлигини кўрсатмоқда

АҚШда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони ўн фоизга ўсди ва деярли бир миллион нафарга етди

Ўзбекистонлик талабалар сони 6% ўсди ва 491 нафарга етди

2015 йил 16 ноябрь – Бугун 2015 йил учун эълон қилинган Таълим соҳасидаги халқаро алмашинув бўйича «Очиқ эшиклар» ҳисоботида қайд этилишича, АҚШ коллежлари ва университетларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони сўнги 35 йил ичида ўзининг энг юқори ўсиш даражасига етди ҳамда 2014/15 ўқув йилида 10 фоизга ўсган ҳолда, рекорд даражадаги 974 926 нафар талабага етди. Мазкур жадал ўсиш АҚШ ҳанузгача олий таълим олиш учун мақбул мамлакат бўлиб қолаётганидан далолат қилади. Жаҳонда 4,5 миллион нафар ҳаракатдаги талабалар коллеж ва университетларда таҳсил оладилар, Қўшма Штатларда эса уларнинг сони дунёдаги бошқа ҳар қандай мамлакатдагидан ортиқроқдир, талабаларни қабул қилиш бўйича иккинчи ўринда турадиган Бирлашган Қиролликдан деярли икки баравар кўпроқ. 2014/15 ўқув йилида АҚШ олий таълим муассасаларига олдинги ўқув йилига нисбатан 88 874 нафар кўпроқ хорижий талабалар қабул қилинди. «Очиқ эшиклар» (Open Doors®) ҳисоботи ҳар йили Халқаро таълим институти томонидан АҚШ Давлат департаменти ҳузуридаги Таълим ва маданият масалалари бюроси билан ҳамкорликда нашр этилади.

Янги ҳисоботда кўрсатилишича, ушбу ўқув йилида Ўзбекистондан 491 нафар талаба келган, бу эса аввалги йилдаги кўрсаткичга нисбатан 6%га кўпроқ бўлиб, АҚШ коллежлари ва университетларига ўқишга қабул қилинган талабалар сони ўсиши бўйича барча Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги фоиз жиҳатидан энг юқори кўрсаткичдир.

Гарчи Хитой АҚШдаги ўз талабалари сонини 11 фоизга – 304 040 нафаргача ошириб, Қўшма Штатларга хорижий талабалар етказиб берувчи давлатлар орасида етакчилик қилса ҳам, Ҳиндистондан келган талабаларнинг бу йилдаги ўсиши фоиз нисбатида Хитойдан ўзиб кетди ҳамда 29,4 фоизга ошган ҳолда, рекорд даражадаги сон – 132 888 нафарга етди. 2014/15 ўқув йилида Хитой ва Ҳиндистондан келган талабаларнинг умумий адади хорижий талабалар умумий сони ўсишининг 67 фоизини ташкил қилди ва эндиликда улар АҚШ олий ўқув юртларидаги хорижлик талабалар умумий сонининг деярли 45 фоизини ташкил қилади.

Шунингдек, ҳисобот натижаларига кўра, хорижда таҳсил олувчи АҚШлик талабаларнинг сони 2013/14 ўқув йилида беш фоизга ўсди, бу эса 2008 йилдаги иқтисодий инқирозгача бўлган ҳолатга нисбатан ҳам ўсишнинг энг юқори суръатидир. Сўнги йигирма йил ичида хорижда таҳсил олувчи америкалик талабалар сони уч баравардан кўпроқ даражада ошиб, янги чўққига – 304 467 нафарга етган бўлса ҳам, ҳанузгача АҚШ талабаларининг фақат 10 фоизи коллежни битиргунга қадар хорижда ўқишга боради.

«Очиқ эшиклар» ҳисоботидаги янги маълумотларнинг нашр этилиши Халқаро таълим ҳафталиги нишонланишига дебоча бўлди. Мазкур тадбир америкаликларни глобал муҳитга тайёрлаш ҳамда хорижий мамлакатлардаги бўлажак раҳбарларни Қўшма Штатларда таълим олишга, ўрганишга ва тажриба алмашишга жалб қилишга қаратилган АҚШ Давлат департаменти ва АҚШ Таълим департаментининг қўшма ташаббусидир.

Ушбу ҳафта давомида АҚШ Элчихонаси ҳузуридаги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ҳамда АҚШда таълим бўйича маслаҳат маркази халқаро таълимни нишонлашга бағишланган ва талабаларга халқаро таълим тажрибасида иштирок этиш имкониятлари ҳақида маълумот беришга қаратилган тадбирларни амалга оширадилар. Бу ерда эса тадбирлар рўйхати мавжуд.

Жаҳон миқёсида АҚШдаги хорижий талабалар сони 2014/15 ўқув йилида ўн фоизга ўсди ва рекорд даражадаги миқдорга – 974 926 нафар талабага етди. Ўзбекистонлик талабалар сони 6%га – 491 нафарга ошди, бу АҚШда таҳсил олувчи Марказий Осиёлик талабалар адади бўйича иккинчи ўриндир. Бакалавр дастури бўйича ўқишга қабул қилинган талабалар сони 17%га ошди ва АҚШда таҳсил олувчи Ўзбекистонлик талабалар умумий сонининг 48%ни ташкил қилади. Ўзбекистон 2014/15 ўқув йили бўйича Марказий Осиё давлатлари ўртасида энг юқори ўсиш суръатига эга.

“АҚШдаги хорижлик талабалар ва хориждаги америкалик талабалар синф хоналарини ва жамиятларни ўз маданиятлари, анъаналари ва ҳилма-хил ҳаётий тажрибалари билан бойитиб келмоқдалар”, – дейди АҚШ Элчиси Памела Л.Спратлен хоним.

“Талабаларнинг рекорд даражадаги сони халқаро таълим олишга қаратилган имкониятлардан фойдаланаётганини кўришдан хурсандмиз, шунингдек, АҚШда олий таълим соҳасида фаолият юритувчи муассасалар саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда хорижда таҳсил оладиган америкалик талабалар ададини ошириш борасида биргаликда иш олиб борамиз”, – дейди Эван Райан, АҚШ Давлат департаментининг Таълим ва маданият масалалари бўйича давлат котиби ёрдамчиси. “Хорижда таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш бўйича фаолиятимизни давом эттириш жуда муҳимдир. Бундай алмашувлар Қўшма Штатлар ва дунёдаги барча мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди. Хорижда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш орқали биз ўз келажагимизга инвестиция қиламиз ва глобал чақириқларни ҳал қилиш учун майдон яратамиз ”.

“Халқаро тажриба XXI аср таълимидаги энг муҳим унсурлардан бири ҳисобланади ”, – дейди Халқаро таълим институти Президенти Др. Аллан Е.Гудман. “Хорижда таҳсил олиш бакалавриат ва магистратура талабаларига бугунги глобал меҳнат коллективида муваффақиятга эришиш учун зарурий бўлган халқаро тажрибага эга бўлиш борасида энг яхши усуллардан бири ҳисобланади. Шунингдек, бошқа мамлакатда таҳсил олиш талабаларни биз барчамиз яшаётган дунёдаги асосий масалаларни ечиш учун халқаро миқёсда амалга оширилаётган ишнинг ҳақиқий иштирокчилари бўлишларига тайёрлайди».

Ўзбекистонлик талабалар сони 6%га – 491 нафарга ошди, бу АҚШда таҳсил олувчи Марказий Осиёлик талабалар адади бўйича иккинчи ўриндир. Бакалавр дастури бўйича ўқишга қабул қилинган талабалар сони 17%га ошди ва АҚШда таҳсил олувчи ўзбекистонлик талабалар умумий сонининг 48%ни ташкил қилади. Ўзбекистон 2014/15 ўқув йили бўйича Марказий Осиё давлатлари ўртасида энг юқори ўсиш суръатига эга.

Қўшма Штатлардаги ўзбекистонлик талабалар асосан бакалавр даражасини олиш учун таҳсил оладилар ва 2014/15 ўқув йилидаги бўлажак бакалавр талабаларнинг 17,4 фоизини ташкил қиладилар.

Бугунги кунда АҚШ коллежлари ва университетларида ўн йил аввал қайд қилинганига нисбатан 73 фоиз кўпроқ хорижлик талабалар таҳсил олмоқда ва ушбу ўсиш суръати сўнги беш йил давомида узлуксиз ортиб борди. Хорижлик талабалар бугунги кунда АҚШ олий ўқув юртларига қабул қилинган 20 миллиондан кўпроқ талабаларнинг деярли беш фоизини ташкил қилади, олдинги йилларда эса улар тўрт фоизга яқин бўлган. Мазкур ўсиш АҚШ олий ўқув юртларига қабул қилинган хорижлик талабаларнинг ортиб бориши ҳамда америкалик талабалар сонининг камайиши омилида юзага келган.

#  #  #

«Очиқ эшиклар» ҳисоботи Халқаро таълим институти томонидан нашр этилиб, ушбу институт дунё бўйлаб 19та ваколатхона ва бўлинмаларнинг тармоғидан иборат, шунингдек 1400дан ортиқ аъзо муассасаларга эга мустақил нотижорат ташкилотдир. ХТИ давлат муассасалари, жамғармалар ва корпорациялар томонидан молиялаштириш ёрдамида барча соҳаларга тегишли талабалар, ўқитувчилар, ёш мутахассислар ва таҳсил олувчилар учун таълим ва касбий тайёргарлик дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади. ХТИ ўзининг 1919 йилда ташкил топган вақтидан бошлаб Қўшма Штатлардаги хорижий талабалар бўйича ҳар йиллик статистика тадқиқотини амалга оширади, 1972 йилдан бошлаб эса мазкур фаолиятни АҚШ Давлат департаменти ҳузуридаги Таълим ва маданият масалалари бюроси билан ҳамкорликда олиб боради. «Очиқ эшиклар» ҳисоботи, шунингдек, АҚШ университетларидаги хорижлик илмий тадқиқотчилар сони ҳақида, инглиз тилини ўрганиш бўйича интенсив тайёрлов дастурларига қабул қилинган хорижлик талабалар адади ҳамда хорижда таҳсил олаётган АҚШлик талабалар миқдори ҳақида маълумот беради. «Очиқ эшиклар 2015» ҳисоботидаги тадқиқотлар ва уларнинг натижалари ҳақида батафсилроқ маълумотларни  «Очиқ эшиклар»нинг веб-сайтида ушбу манзил www.iie.org/opendoors бўйича топиш мумкин, тўлиқ 100+ саҳифалик ҳисоботни эса 79,95 АҚШ доллари эвазига ХТИ дўконидан – IIE Books мазкур манзил орқали http://www.iiebooks.org/ буюртма бериб, олиш мумкин.

АҚШ Давлат департаменти ҳузуридаги Таълим ва маданият масалалари бўйича бюро (ТМБ) ўқув, касбий ва маданий алмашинув дастурларининг кенг кўламини амалга оширади ва уларга ҳар йили 50 000 нафарга яқин иштирокчиларни жалб қилади; мазкур дастурлар орасида Фулбрайт дастури ва Халқаро раҳбар меҳмонлар дастури етакчилик қилиб, улар Қўшма Штатлардаги одамлар ҳамда бошқа мамлакатлардаги аҳоли бир-бирларини ўзаро тушунишлари ва ҳурмат қилишларини оширишга қаратилгандир. ТМБ, шунингдек, молиявий муҳтожликка эга, бакалавр йўналиши бўйича таҳсил олаётган америкалик талабалар учун Бенжамин А.Гилман (Benjamin A. Gilman Scholarships) Ўқув грантлари дастурини, АҚШни хорижда ўрганиш учун ёрдам беришга қаратилган Тил ўрганиш учун стипендиялар дастурини ҳамда Қўшма Штатларда таҳсил олишни истайдиган дунёдаги барча талабаларга маълумот тақдим қилувчи жаҳон бўйлаб 400 маслаҳат марказларидан таркиб топган EducationUSA (АҚШда таълим) тармоғини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Давлат департаментининг таълим ва маданият соҳасидаги фаолияти ҳақида қўшимча маълумот қуйидаги линкда мавжуд http://www.exchanges.state.gov/.