USAID ва Халқ таълими вазирлиги бошланғич синфларда ўқиш ва математика фанларидан биринчи миллий баҳолаш натижаларини эълон қилди

2022 йил 5 май, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатда илк бор ўтказилган бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика фанларидан билимларини баҳолаш миллий дастури (ЭГРА ва ЭГМА) натижаларини эълон қилди. Ўқувчиларнинг ўқиш ва математика кўникмалари бўйича тўпланган маълумотлар вазирликка кейинги таълим ислоҳотлари бўйича асосли қарорлар қабул қилишига хизмат қилади.

2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги таълим соҳасини тўлиқ ислоҳ қилишни бошлаб, баҳолаш ва маълумотларни бошқариш каби биринчи навбатда эътибор қаратиш керак бўлган бир қатор муҳим йўналишларни аниқлади.  2019 йилда USAID ва Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон тарихида биринч марта ўқувчиларни ўқиш ва математика фанларидан кўникмаларини кенг кўламли миллий баҳолаш дастурини амалга ошириш ҳақида келишувга эришди.

USAID EGRA ва EGMA дастурларини Ўзбекистонда етти тилга (ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман) ва ўзбек тили иккинчи тил сифатида ўқитиладиган мактабларга мослаштириш учун Халқ таълими вазирлиги қошидаги Республика таълим маркази ва АКТни ривожлантириш маркази билан ҳамкорлик қилди. EGRA ва EGMA дастурлари доирасида мамлакатнинг турли тилларда таълим берувчи 935 мактабидан 21 000 нафар ўқувчининг билимлари баҳоланди. Дастлаб 2020 йилнинг май ойига режалаштирилган баҳолаш COVID-19 пандемияси туфайли 2021 йилнинг ноябрь ойига қолдирилди.

Баҳолаш натижалари катта умид ва оптимизм бағишлайди. Бутун дунё бўйлаб мактаб тизимига салбий таъсир кўрсатган пандемия шароитига қарамай, Ўзбекистоннинг 3-синф ўқувчилари бошланғич ўқиш ва математика кўникмалари бўйича мустаҳкам пойдеворлари борлигини намойиш этишди. Уларнинг натижалари қўшни мамлакатлардаги тенгдошлари билан баробар ёки ундан ҳам яхшироқ бўлди.

Олинган маълумотлар такомилланиши керак бўлган соҳаларни ҳам очиб берди. Ўқувчилар ўқилган матн мазмунини тушуниш кўникмасини янада чуқурроқ эгаллашлари лозим, чунки бундай кўникмалар юқорироқ синфларда бериладиган мураккаб матнларни тушуниш ва таҳлил қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, ўқувчиларни математика тушунчалари ва юқори тартибдаги математика кўникмаларини янги вазиятларга тадбиқ қилишда яхшироқ қўллаб-қувватлаш лозим. Маълумотлар вилоят ва тил гуруҳлари кесимида кўрсаткичлар орасидаги фарқни ҳам юзага чиқарди, бу вазирликка Ўзбекистондаги барча ўқувчилар учун таълим сифатини оширишга қаратилган асосланган қарорларни қабул қилишда ёрдам беради.

Натижаларни шарҳланар экан, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм қуйидаги фикрни билдирди: “Ушбу тадбир Халқ таълими вазирлиги учун катта натижадир. АҚШ ва Ўзбекистон юқори сифатли таълим тараққиётга далда берувчи куч ва камбағалликни қисқартириб, саломатлик, гендер тенглик, тинчлик ва барқарорликни яхшиловчи энг кучли восита эканлиги ҳақида бир хил қарашга эгалар. USAID ва Халқ таълими вазирлигининг сўнгги икки йилдаги саъй-ҳаракатлари ишончли маълумотларни тўплаш ва тарқатишга олиб келди, бу эса вазирликка ўқиш ва математика бўйича бошланғич кўникмаларни яхшилаш учун ўз ресурсларидан самарали фойдаланишга ёрдам беради”.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев қуйидаги фикрларни билдирди: “EGRA ва EGMA умуммиллий натижалар халқаро стандартларга мос келадиган бошланғич синф ўқувчиларининг таълим натижаларини ҳар томонлама ва қатъий халқаро баҳолаш имконини беради. Бундан ташқари, биз халқ таълими соҳасида қарор қабул қилувчи орган сифатида таълим келажаги учун пойдевор қўйиш мақсадида EGRA ва EGMA каби халқаро миқёсда тан олинган баҳолашлар асосида ҳаракатларни амалга оширишимиз мумкин. Бугуннинг ёшлари бундан камига лойиқ эмас.”

Бугунги кунга қадар USAID EGRA ва EGMA ўз дастурларини 40дан ортиқ мамлакатда ўтказди. Улардан олинган маълумотлар мамлакатларга ўқиш ва математика фанларидан бошланғич кўникмаларни яхшилашга ёрдам берган.

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий таҳдидларни, жумладан, COVID-19ни енгиш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига жавоб бериш салоҳиятини оширишда ҳамкорлик қилади. Қўшимча маълумот учун https://www.usaid.gov/uzbekistan ва Facebook саҳифаларига ташриф буюринг: https://www.facebook.com/USAIDUzbekistan/