Президент Обама қаторида бутун дунёда Наврўз байрамини нишонлаётган барча дўстларимизга бахт, соғлик ва фаровонлик тилайман. Америкаликлар сифатида биз Эрон Ислом Республикасидан тортиб Марказий Осиё ва Кавказ ҳамда Қўшма Штатларда баҳор ташрифи-ю янги йилни нишонлаётганлар билан биргаликда хурсандчилик қиламиз.
Наврўз янгиланиш ва муроса фасли бўлиб, у оилаларга ўз мерос ва маданиятларини байрам қилиш, ўтган ўн икки ой ҳақида фикрга чўмиш ҳамда келажакка умид билан боқишга имкон беради.
Америка Қўшма Штатларидаги кишилар учун ушбу кун бизнес, давлат хизмати, ҳуқуқшунослик, тиббиёт, илмий тадқиқот, мусиқа ва санъат каби соҳаларда юз минглаб эроний америкаликлар қўшган ҳиссани эътироф этиш айёмидир.
Умидимиз шулки, Эрон халқи учун бу йилги Наврўз янада яхшироқ келажакнинг дебочаси бўлади, мамлакатда кенгроқ имкониятлар очилади, халқаро ҳамжамият билан муносабат кучаяди ҳамда халқ бутун дунёдаги халқлар баҳраманд бўлаётган бир хил ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланади.
Ортга бир назар ташласак, бу йил можаро хавфини камайтирган мисли кўрилмаган дипломатик юксалиш йили бўлди. Халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда биз Қўшма муфассал фаолият режасини тузиш ва уни муваффақиятли амалга оширишга эришдикки, ушбу режа ядровий қурол билан боғлиқ санкцияларни бекор қилиш эвазига Эрон ядро дастурининг фақат тинчликни кўзлашини таъминлайди.
Ҳар бир йил ва ҳар баҳор умид билан бошланмоғи керак. Шундай кўтаринки руҳда ушбу кунга қучоқ очарканмиз, гарчи Қўшма Штатлар ва Эрон ҳукуматлари ўртасида аниқ фарқлар мавжуд бўлса ҳам, халқларимиз ўртасидаги дўстликка эришиш арзирли бир мақсад бўлиб қолади. Янги йил муборак бўлсин!