Америка халқи май ойининг иккинчи якшанбасида нишонлайдиган Оналар куни муносабати билан мен Тошкентда жойлашган АҚШ элчихонасидаги ҳамкасбларим билан биргаликда Америкада оналарнинг роли нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидламоқчиман. . Ишончим комилки, бу қадрият дунёнинг ҳар қайси бурчагидаги ҳар бир жамоада, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам ўз аксини топган.
Мен Ўзбекистонга келганимга бор-йўғи бир неча ой бўлди, аммо ўзбек халқининг оила қадриятларига, оналарга бўлган чуқур эҳтиромга юқори даражада аҳамият бериши менда аллақачон катта таассурот қолдирди. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, иродаси, меҳру муҳаббати, назокати ва саховати учун марҳум онамга чексиз ташаккур айтаман ва унинг олдида беҳад қарздорлик ҳиссини туяман. Шунингдек, ўз ишига катта куч ажратаетган ва шу билан биргаликда оналик ролини бажараетган элчихонамиздаги кўплаб аёлларни ҳам кўриб шодланаман. Бугун ва ҳар куни биз ўз кучи, садоқати ва тиришқоқлиги ортидан оилаларимиз ва жамоаларимизни соғлом, илмли ва кучли бўлишини таъминлаб келаётган аёлларга миннатдорлик изҳор қиламиз.
Ўзбекистон ҳукумати ва халқи билан яқин ҳамкорликда иш олиб бор эканмиз, биз оналар, бўлажак оналар, ёш болалар ва оилалар учун янада яхшироқ келажакни таъминлаш сари интиламиз. Президент Обама айтганидек: “Ўгай она ё буви, она ё ҳамкор бўладими, бизларни ўстираётган аёллар бор экан, биз учун енгиб бўлмас бирор тўсиқ ва ё биз ета олмайдиган бирон орзу мавжуд эмас. Ўғил ва қизлар сифатида биз ҳаётимизда бизга ғамхўрлик қилувчи, қадриятларимизни шакллантирувчи ҳамда чексиз келажакка бизни тайёрловчи аёллар учун ташаккур айтамиз.” ЮСАИДнинг қатор дастурлари ва бошқа лойиҳалар орқали биз аёллар саломатлигини яхшилаш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни давом эттирамиз. Биз шунингдек аёлларнинг жамиятдаги ролини оширишга қаратилган Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз.
Хотин-қизлар таълими муштарак устувор масала бўлиб, биз хотин-қизларга ўзларини жамиятнинг ҳар соҳасида, сиёсат ва бизнесда, ижтимоий ё маданий ҳаётда, намоён этишлари учун янада кўпроқ имкониятлар яратиб беришга содиқ қоламиз.
Келинг, ушбу Оналар кунида ҳаётимиздаги оналарни биргаликда шарафлайлик.
АҚШ элчиси Памела Спратлен
