“Болалар таълими ва овқатланиши учун МакГоверн-Доул ҳалқаро озиқ-овқат дастури” доирасида Меҳрибонлик Корпусининг Ўзбекистондаги филиали томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги 58 та мақсадли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Китоб бурчаклари” ташкил этилди. Ушбу мақсадда АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштирилаётган МакГоверн-Доул дастури доирасида ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилидаги жами 5760 дона болалар китоби ҳадя қилинди. Мазкур мактабгача таълим ташкилотлари қўшимча жиҳозлар, жумладан иккита китоб жавони, гилам ва ёстиқлар билан таъминланди. Ушбу китоб бурчаклари мактабгача таълим ташкилотлари ўқитувчилари учун муҳим ресурс бўлиб, синфдаги ўқув ҳамда синфдан ташқари тўгарак машғулотлари учун ёшга мос ўқув материалларини ўз ичига олади.
Жорий йилнинг апрель ойи давомида, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжали, Нукус ва Тахиатош туманларидаги мактабгача таълим ташкилотлари китоб бурчаклари фаолият бошлаши муносабати билан, мактабгача таълим ташкилотлари Меҳрибонлик Корпуси, Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда очилиш маросимларига мезбонлик қилишди. Ўзбекистонда 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилинишига мувофиқ МакГоверн-Доул дастури ҳам китобга бўлган меҳр ва саводхонлик маданиятини қўллаб-қувватламоқда.
“Боғчамизда болалар ва ота-оналар учун кичик китоб бурчагимиз фаолият кўрсатиб келаётган эди. Мана яқинда Меҳрибонлик Корпусининг Ўзбекистонданги филиали кўмаги билан янги ва турли рукндаги кўплаб адабиётлардан иборат янги китоб бурчаги ташкил этилди. Бу нафақат болажонлар, балки, тарбияланувчиларнинг ота-оналари, мен ва ҳамкасбларимни ҳам жуда қувонтирди. Ҳозирда ушбу китоб бурчагида болалар билан биргаликда вақт ўтказмоқдамиз. Уларга ўзлари танлаган китобни ўқиб бериб, сўнгра шу китоб хусусийда улар билан биргаликда суҳбат олиб бормоқдаман. Мен бундан жуда ҳам хурсандман. Чунки бу китоблар орқали болажонларимиз ўз келажаги ва жажжи оламини кашф этмоқдалар”- дейди Тахиатош тумани 8-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Моҳира Кенжебаева.
Меҳрибонлик Корпусининг Ўзбекистондаги филиали Мактабгача таълим агентлиги билан ҳамкорликда мактабгача таълим ташкилотлари маъмуриятлари ва педагоглари билан менторлик дастури орқали педагогларнинг болалар учун ўқиш амалиёти ва тадбирларини ўтказиш ҳамда тарғиб қилиш салоҳиятини ошириш мақсадида педагоглар ва давлат таълим ташкилотлари маъмурияти билан жойларда фаолиятни давом эттиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, Меҳрибонлик Корпуси томонидан жорий йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги яна қўшимча 100 та Давлат мактабгача таълим ташкилотида юқоридаги сингари китоб бурчаклари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
USDA (АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги) Меҳрибонлик Корпуси (Mercy Corps) билан 2024 йил сентябрга қадар мўлжалланган “Болалар таълими ва овқатланиши учун МакГоверн-Доул” ҳалқаро озиқ-овқат дастури доирасида ҳамкорлиқ қилиб келмоқда. Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда ушбу дастур Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида мактабгача таълим тизимининг 90 000 дан ортиқ тарбияланувчини қамраб олади. Қўшимча маълумот учун ушбу ҳаволани кўринг: https://mercycorps.uz/