8 февраль, 2022 йил, Тошкент, Ўзбекистон – 2022 йил 8-12 февраль кунлари AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиялаштираётган Марказий Осиё MediaCAMP дастури MediaCAMP Эдьютон 2022 инновацион медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича учинчи инновацион семинарини ўтказмоқда. Онлайн тадбир минтақада медиасаводхонлик даражасини ошириш мақсадида Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардан университет ўқитувчилари, мактаб ўқитувчилари, медиа-тренерлар ҳамда медиа ва рақамли саводхонлик соҳасидаги экспертларни жамламоқда. Беш кун давомида Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган 30 нафар иштирокчи янги кўникмаларга эга бўлиб, менторлар кўмагида ўзининг медиасаводхонлик лойиҳаларини ишлаб чиқади.
“Ҳақиқатни ёлғондан ажрата оладиган, ахборотга эга бўлган фуқаролик жамияти дезинформация тарқалишига қарши курашишнинг энг муҳим воситаларидан биридир”,- дея таъкидлади USAIDнинг минтақавий миссияси директори Лоренс Харди ўзининг кириш сўзида. Шунингдек, “Медиа саводхонлик бўйича ташаббуслар орқали биз танқидий фикрлашни тарғиб қиламиз, шунда сиз, мураббий ва ўқитувчилар, ўз навбатида, ўқувчиларингизга ижобий таъсир кўрсатиш орқали уларни муносиб медиа истеъмолчиларга айлантира олишингиз мумкин”, – деб қўшимча қилди у.
Бу йил Эдьютон медиасаводхонликни оширишнинг ижодий шаклларига эътибор қаратади, бунда асосий урғу санъат орқали медиасаводхонликни оширишга йўналтирилади. Мутахассислар медиасаводхонликни ўргатиш ва қизиқарли таркиб яратиш учун реклама, кино саводхонлиги, ўйинлар ва визуализацияни муҳокама қиладилар. Медиасаводхонликка қизиққан ҳар бир киши учун MediaCAMP очиқ сессиялар ўтказади, улар 8 ва 9 февраль кунлари Internews Қозоғистон ташкилотининг Facebook саҳифасида эфирга узатилади. Машғулотлар давомида реклама тили ва кино саводхонлик мавзуси муҳокама қилинади. Батафсил маълумот учун ушбу ҳаволага ўтинг.
“Умид қиламизки, Эдьютон медиасаводхонлик бўйича мутахассисларга жозибадор, ўз вақтида ва холис таркиб билан ўсиб бораётган талабга яраша жавоб беришда қўл келади. Биз Эдьютонда инновацион ва ижодий лойиҳалар пайдо бўлишини интиқлик билан кутиб қоламиз”,- деди Internews ташкилотининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Марат Бигалиев.
Марказий Осиё MediaCAMP дастури Эдьютон жараёнида ишлаб чиқилган энг истиқболли лойиҳаларни 2022 йилда амалга ошириш учун молиявий кўмак кўрсатади.
Марказий Осиё MediaCAMP дастури USAID томонидан молиялаштирилади ва Internews томонидан амалга оширилади. Дастур Марказий Осиёда мувозанатли ахборот муҳитини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу ёшлар ва ёши катта аҳоли ўртасида фикр алмашиш, турли фикр ва қарашлар учун очиқликни ривожлантириш, шунингдек, жамият ҳаётига имкон қадар кўпроқ фуқароларни жалб этишни мақсад қилган. USAID етакчи халқаро ривожланиш агентлиги бўлиб, барқарор ривожланишга эришишга ёрдам беради. Батафсил маълумот USAIDнинг Марказий Осиё сайтида ва USAIDнинг Марказий Осиёдаги Facebook саҳифасида.