Келинг, нафас ростлаймиз: ҳаво тозалигининг соғлик, иқтисод ва атроф-муҳит учун аҳамияти

АҚШ собиқ биринчи хоними ва атроф-муҳит масалалари бўйича мутахассис Клаудия “Леди Бёрд” Жонсон шундай деганди: “Атроф-муҳит – бу биз учрашадиган, ўзаро манфаатимиз мавжуд ва бир-биримиз билан бўлишадиган жойдир”. 29 апрелдан 3 майгача биз ҳаво тозалиги бўйича хабардорликни ошириш ҳафталигини нишонлаб, умумий масканимизнинг нечоғли аҳамиятга эга эканига эътибор қаратамиз. Бу ҳафтада ҳаво тозалиги, унинг ифлосланиши одамлар соғлиги, иқтисод ва атроф-муҳитга кўрсатадиган зарарли оқибатлари ҳақида баҳс юритамиз.

Бу йилги мавзу «Ҳаво тозалигини (AQI) текшириб, кейин очиқ ҳавога чиқинг» деб аталади. AQI – Қўшма Штатларда ишлаб чиқилган диаграмма бўлиб, ҳаво тозалигини беш категория бўйича таснифлайди: яхши, мўътадил, заиф одамлар учун зарарли, носоғлом ва хавфли. AQI бизга куннинг қайси пайтида очиқ ҳавода бўлишимиз энг фойдали экани ёки қайси пайт камроқ ташқарида бўлишимиз ва ё ташқарига чиқмай туришимизни аниқлашга ёрдам беради. АҚШ Давлат департаменти дунё бўйлаб 34 та АҚШ элчихонаси ва консуллигига ҳаво тозалигини ўлчайдиган монитор ўрнатди. 2019 йил кузигача, бундай монтиролар сони 50 тадан ортади. Тошкентда бундай монитор 2018 йил май ойида ўрнатилган. У ҳаво тозалигини ҳар соат текширади ва биз бу маълумотни реал вақтда  www.AirNow.gov вебсайтида бўлишамиз.

AQI ни кузатиб бориш бизга ўз соғлигимизни ҳимоя қилишда кўмаклашади. Ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши соғлигига катта таъсир қилувчи одамларда юрак ва қон-томир касалликлари, иммунитет сусайиши, неврологик, репродуктив ва нафас қийнаш каби касалликлардан азият чекиш ҳавфи мавжуд. 2016 йилда дунё бўйлаб касалликларни тадқиқ этиш кўрсаткичига кўра, хона ва очиқликдаги ҳавонинг ифлосланишидан йилига 6,9 миллион одам вафот этади, бу бутун дунё бўйича ўлимларнинг 10 фоизини ташкил этади. Дунёда йилига ҳавонинг ифлосланиши туфайли яшаш муддати қарийб икки йилга қисқаради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташклотига кўра, Ўзбекистон ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ўлим ҳолати бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди.

Тошкентдаги ҳаво сифати баъзи қўшни мамлакатлардагидан кўра яхшироқдир ва тахминан олти ой мобайнида, айниқса баҳор ва ёз ойларида у «яхши» дан «мўътадил» тоифалар оралиғида туради, бу инсонга жуда кам ёки ҳеч қандай хавф туғдирмайди.  Бироқ, қишки ойларда,  айниқса ноябр ва декабр ойларида,  ҳаво сифати «заиф қатламлар учун носоғлом» ва «носоғлом» оралиғида бўлиши мумкин.  Бу шуни англатадики,  барчамиз бу вақт давомида очиқ ҳавода машғулотлар,  айниқса оғир жисмоний машқларнинг мумкин бўлган ножўя оқибатларини ҳисобга олишимиз керак.  Ҳавонинг сифати кун пайтига қараб ўзгариб туриши мумкин, хусусан ҳаво сифати эрталабки соатларда энг ёмон бўлишга мойил.  Тошкентдаги ҳаво сифати бир қатор омилларга боғлиқ,  бироқ ҳар куни биз кўрадиган транспорт,  саноат,  энергия ишлаб чиқариш ва уйни иситиш ҳоллари ҳавонинг ифлосланишига ўз ҳиссасини қўшади.  Ушбу сабабларни тушуниш бизга ушбу муаммони ҳал қилиш усулларини аниқлашга ёрдам беради.

Ҳавонинг сифати ҳаётимизнинг бошқа соҳаларига ҳам таъсир қилиши мумкин.  Ҳавонинг ифлосланиши ҳайвонлар,  экинлар,  ўсимликлар ва биноларга салбий таъсир кўрсатади.  Мисол учун,  ўсимликларнинг ўсиши ва қишлоқ хўжалигининг самарадорлигини пасайтириши мумкин.  Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки,  ҳаво ифлосланиши глобал ўсимлик маҳсулотларини 2000 йилда йилига 11-18 миллиард доллар миқдорида камайишига сабаб бўлган  2030 йилга бориб ушбу кўрсаткич 17-35 миллиард долларга етиши кутилмоқда.  Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистондаги аҳолининг 34 фоизини иш билан таъминлайди ва ЯИМнинг 17 фоизини ташкил қилади,  шунинг учун бу соҳада ҳаво сифати ва унинг таъсирини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳавонинг сифати ҳақида билимга эга бўлиш,  биз учун умумий бўлган ушбу муҳим ресурс ҳақида тушунишга ёрдам беради.  Ҳаво сифати ҳақида хабардорлик ҳафталигининг сўнгги кунида мен барчамизни ҳаво сифати ҳаётимизга нечоғлиқ таъсир ўтказиши ҳақида ва келажакда соғлигимиз,  иқтисодиётимиз ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлидаги ҳаракатларимиз ҳақида ўйлашга даъват этаман.