USAID Ўзбекистондаги стратегик ислоҳотларнинг ҳуқуқий таҳлилини қўллаб-қувватлайди

2022 йил, 25 февраль, жума – Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган “Стратегик ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш: якуний таҳлил ва янги вазифалар” номли конференция бўлиб ўтди. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида ўтказилган тадбирда Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, халқаро экспертлар, миллий ва халқаро ташкилотлар, жумладан, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситадаридан 150 нафарга яқин вакил қатнашди.

Анжуман 2017-2021 йиллар учун Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг ҳуқуқий жиҳатларини таҳлил қилиш имкониятини яратди. Ушбу стратегия доирасида Ўзбекистон жамиятини иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, таълим ва бошқа жабҳаларда ислоҳ ва модернизация қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб қонун ва меъёрий хужжатлар жорий этилди ёки уларга ўзгартиришлар киритилди. Тадбир давомида иштирокчилар қонун ижодкорлиги ва меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар, қонун ижодкорлиги фаолиятини рақамлаштириш ва бошқа мавзулардаги тенденцияларни кўриб чиқдилар. Шунингдек, иштирокчилар 2022-2026 йиллар учун мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилиниши муносабати билан ҳуқуқий ҳамжамият олдида турган вазифаларни муҳокама қилдилар.

Тадбирда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениэл Розенблюм сўзга чиқиб, шундай деди: “Америка Қўшма Штатлари ҳар бир фуқаронинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган ушбу ривожланиш жараёнлари ҳамда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаётганидан фахрланади”. У қўшимча қилиб, “Янги стратегия 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳарақатлар стратегиясининг  муҳим давоми бўлиб, Ўзбекистон ҳуқуматининг улкан ислоҳотлар дастурини амалга ошириш йўлини белгилаб беради”, – деди. USAID миссияси директори Микаэла Мередит қўшимча қилди: “Қонун устуворлигини ҳурмат қилиш ҳар қандай мамлакатда муҳим, чунки бу адолат, имконият ва тинчлик асосидир. Шунингдек, қонун устуворлиги ривожланиш, масъулиятли ҳукумат ва асосий ҳуқуқларга ҳурматни таъминлайди.»

USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури 2018 йилдан бери Ўзбекистонда қонун устуворлигини янада ривожлантириш, ҳуқуқшунос мутахассислар ва ўқув муассасаларининг салоҳиятини ошириш, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имконини кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти учун ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш, гендер тенгликни рағбатлантириш ва янада қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида саъй-харакатларини қўллаб-қувватлайди.

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий хавф-хатарлар, жумладан COVID-19ни бартараф этиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига оқилона ёндашиш салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади. Дастур тўғрисида батафсил маълумот учун https://www.usaid.gov/uzbekistan сайтига ва USAID/Ўзбекистоннинг Facebook саҳифасига ташриф буюринг: https://www.facebook.com/USAIDUzbekistan