“Лора Кортес ва Данс Кардс” анъанавий америкача мусиқани Ўзбекистонга олиб келмоқда

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси Америка халқ мусиқий анъаналаридан бирини Ўзбекистонга олиб келмоқда. Аъзолари аёллардан иборт бўлган “Лора Кортес ва Данс Кардс” гуруҳи 19 февраль соат 18:00 да Тошкентдаги Ўзбекистон давлат консерваториясида, 21 февраль соат 16:00 да Фарғона драма театрида концерт беради.

“Лора Кортес ва Данс Кардс” гуруҳи аъзолари торли чолғу асбобларида куй ижро этар экан, уларни анъанавий америкача мусиқага бўлган самимий муҳаббат ўзаро бирлаштириб туради. Улар фақат анъанавий эмас, балки қадимий, блюграсс, кантри ва кельт мусиқаларини ҳам маромига етказиб чалишади.

musicians
Лора Кортес ва Данс Кардс. («Folk Alley» фото туҳфаси)

“Лора Кортес ва Данс Кардс” Қўшма Штатларда, унинг алоҳида аъзолари эса дунёнинг турли бурчакларида бўлиб ўтган фестиваллар ва мусиқий тадбирларда иштирок этган ҳамда маҳорат сабоқлари ўтказган. Гуруҳ аъзолари таркибига Лора Кортес (скрипка), Мариэль Вандерстиль (скрипка) ва Валери Томпсон (виолончель) киради.

Санъаткор қизлар гуруҳи Тошкент ва Фарғонадаги мусиқа мактабларида талаба ва мусиқачилар билан ҳамкорликда маҳорат сабоқлари ўтказади. Тошкентда ўтадиган концертда улар ўзбекистонлик мусиқа усталари асос солган “Сўғдиёна” ансамбли билан биргаликда саҳнага чиқади.

Ушбу гуруҳнинг Ўзбекистонга ташрифи АҚШ Давлат департаментининг “Америка мусиқаси хорижда” дастури доирасида ташкил этилган. Бу дастур маданий ташаббуслар орқали хилма-хил америкача мусиқий жанрларнинг халқаро ижодий алмашинувини йўлга қўйишни ният қилган. 2013-2014 йилларда дастур 40 дан ошиқ мамлакатларда намойиш этилиши кўзда тутилган. АҚШ ҳукумати бундан кейин ҳам Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон халқлари ўртасида ўзаро бир-бирини тушунишни мустаҳкамлаш мақсадида ноанъанавий дипломатик ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этиб бораверади.

АҚШ элчихонаси “Лора Кортес ва Данс Кардс” гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифини Mix&Match продюсерлик маркази билан ҳамкорликда ташкиллаштирди. Концертларга билетни Элчихонанинг Ахборот-ресурс марказидан олиш мумкин. Билетлар бепулдир.

Телефон: (+998 71) 140-2453

Email: Tashkent-Program@state.gov (илтимос, исм-шарифингиз ва Тошкент ёки Фарғонадаги концертга билет кераклигини аниқ кўрсатинг)