Марказий Осиё инвестиция ҳамкорлигини эълон қилиш хусусида қўшма баёнот

7 январь 2021 йил

Қуйидаги баёнот матнини Америка Қўшма Штатлари, Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари тарқатган

Матн боши:

Бугун Америка Қўшма Штатлари, Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари Марказий Осиё инвестиция ҳамкорлиги йўлга қўйилганини эълон қилмоқда. Иштирокчилар минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ва фаровонликни ривожлантиришга қаратилган ушбу ташаббусга бошқа мамлакатларнинг ҳам қўшилишини олқишлайди.

Ушбу ташаббус доирасида, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (ХТМК), Қозоғистон Республикаси ҳукумати манфаатлари йўлида фаолият олиб борувчи “Астана” халқаро молия маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хусусий секторнинг ўсишига ёрдам бериш ҳамда Марказий Осиё ва янада кенгроқ минтақадаги иқтисодий алоқаларни кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида беш йил давомида камида бир миллиард доллар сармоя ётқизиш учун мавжуд барча саъй-ҳаракатларни ишга соладилар.

Марказий Осиё инвестиция ҳамкорлиги хусусий сектор етакчилигида амалга ошириладиган лойиҳаларни илгари суради, улар сифатли инфратузилма учун халқаро андозаларни намойиш этади ҳамда инклюзив, шаффоф ва барқарор инвестицияларни ривожлантиради. Бунда ҳамкорлар лойиҳаларнинг муваффақияти ва ижобий таъсирини максимал даражада оширадилар ҳамда минтақага хусусий сармояларни жалб қиладилар.

Марказий Осиё инвестиция ҳамкорлиги АҚШнинг Марказий Осиё учун иқтисодий ўсиш ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади. С5+1 плафтормаси орқали фаолият олиб борган ҳолда ушбу ташаббус Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакатни янада кучли ва фаровон қилиш учун савдо-сотиқ, тараққиёт ва ўзаро алоқани кучайтириш бўйича имкониятлардан фойдаланишга интилади. Минтақа COVID-19 пандемиясининг иқтисодий таъсиридан халос бўлишга интилаётган бир паллада бундай ҳамкорлик ва барқарорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этади.

Марказий Осий инвестиция ҳамкорлиги Марказий Осиёда жойлашган ҳар бир мамлакат тараққиёти ва фаровонлигини ҳурмат қилишга асосланган.

Минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, ХТМК Қозоғистон Республикаси ҳукумати манфаатлари йўлида фаолият олиб борувчи “Астана” халқаро молия маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан икки томонлама англашув меморандумлари имзолаш, инвестиция жамғармалари ва бошқа икки томонлама лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш имкониятларини ўрганиш орқали ўзининг Марказий Осиёдаги ўзаро ҳамкорликларини чуқурлаштиришни давом эттиради.