Яшил келажак учун инновация: Сайёрани ҳимоя қилиш учун интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш зарурати

Америкалик тадбиркор ва филантроп Билл Гейтс бир гал шундай деган эди: “Инновация инсоният тарихида аввал ҳеч қачон жудаям кўпчиликка шу қадар қисқа фурсат ичида бунчалик кўп нарсани ваъда қилган эмас”. Бу йил Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти “Яшил келажак учун инновация” шиори остида ХХ Жаҳон интеллектуал кунини нишонламоқда. Бу йилги мавзу барчамиз учун янада барқарор келажак барпо этиш йўлида янгича технологияларни яратиш мақсадида экологик жиҳатдан хавфсиз ечимларнинг иқтисодий қиймати ҳамда патент ва дизайнларнинг қадрига етишнинг аҳамиятига бағишланади.

Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бир нечта шакли мавжуд бўлиб, патентлар, дизайнга оид ҳуқуқлар, савдо белгилари, жуғрофий кўрсаткичлар, ўсимликларни етиштириш бўйича ҳуқуқлар ва муаллифлик ҳуқуқлари шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси санъат, адабиёт, тадқиқот, бизнес ва технология соҳаларида ижодкорлик ва инновацияни ривожлантиришда жуда катта роль ўйнайди. Интеллектуал мулк ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ўз ижодий иши ноқонуний тарзда нусха кўчирилиш ва ўғирликдан сақланишига ишонч туйғусини тақдим этиш орқали новаторларда ижод қилишга рағбат уйғотади. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, шунингдек, новаторларга ғояларни қонуний равишда бўлишиш ва умумий муаммоларга янада кўпроқ ечим топишга замин яратади. Мухтасар қилиб айтганда, агар биз жамиятимиз олға силжишини истасак, ижодкор ва новаторлар ўз ижод ва янгиликларидан фойда ола билишларини таъминлашимиз лозим бўлади.

“Яшил келажак учун инновация” – бу Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов каби барқарор ечимлар орқали сайёрамизни ҳимоя қилувчи кишиларни шарафлаш учун бир имкониятдир. Вазир Абдураҳмонов ва унинг жамоаси Геномика ва биоинформатика марказида қурғоқчиликка чидамли пахта навини етиштириш технологиясини ишлаб чиққан бўлиб, у айни пайтда бешта мамлакатда ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотида патентланган. Ушбу технологик ютуқ иқлим ўзгариши ва сув ресурсларининг камайиши шароитида барқарор пахта етиштиришга ёрдам беради, бу эса Ўзбекистон иқтисоди учун жуда муҳимдир.

Тиббиёт соҳасидаги тадбиркор ва новаторлар фаолияти ҳам интеллектуал мулк ҳуқуқларига боғлиқ. Дори-дармон ва фармацевтика компаниялари ҳар йили дунё аҳолисини ҳимоя қилиш, саломатлик ва фаровонликни ошириш мақсадида  янги вакцина ва дорилар ишлаб чиқариш учун 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлайди. Бу компанияларнинг аксарияти COVID-19 пандемиясига қарши курашиш учун янги технологиялар ишлаб чиқмоқда. Янги бренд ёки маҳсулот ишлаб чиқариш эса кўп йиллик сармоя, тадқиқот ва синовни талаб этади.

АҚШ элчихонасида биз ўзаро манфаатли ҳамкорлик орқали Америка саноати ва ижодкорлик салоҳиятини ўзбекистонлик тадбиркор, бизнес ва илмий-тадқиқот институтлари билан бўлишиш имкониятларини қидирамиз. Биз бозорлар барпо этиш, савдо-сотиқни ривожлантириш, инновацияларни рағбатлантириш ва янги иш ўринлари яратишга содиқмиз. Американинг “John Deere” ва “Silverleafe Capital” каби компаниялари барқарор қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш учун Ўзбекистонга инновацион технологиялар олиб келмоқда. “SkyPower” ва “GE Renewable Energy” эса Ўзбекистон иқтисоди келажагини таъминлаш учун яшил энергия манбаларини ишлаб чиқмоқда. Новаторларни ҳимоя қилиш ва ижодга рағбатлантиришга қаратилган кучли интеллектуал мулк ҳуқуқларисиз бундай ютуқларга эришиш имконсиз бўлган бўлур эди.

Бу келгусида қандай натижаларга олиб келишини тасаввур қилиш учун, келинг, биргаликда рақамларга мурожаат қиламиз. Интеллектуал мулк ҳуқуқлари бевосита ва билвосита бутун дунё бўйлаб юз миллионлаб иш ўринлари яратилишини таъминлайди. Лондон университети коллежи 2016 йили ўтказган тадқиқотга кўра, Қўшма Штатлардаги яшил саноат қарийб 9,5 миллион иш билан таъминлайди. Ушбу тадқиқот, шунингдек, АҚШ яшил иқтисоди йилига 1,3 триллион доллар даромад келтиришини кўрсатди, бу эса бизнинг ялпи ички маҳсулотимизнинг тахминан 7 фоизини ташкил этади. Интеллектуал мулкнинг мустаҳкам асослари ва уларга риоя қилиш тизимини яратган ҳолда, Ўзбекистон ҳам ўз иқтисоди ва келгуси авлод фаровонлиги учун яшил инновациядан фойда олиши мумкин.

Ғоялар ва ижодни ҳимоя қилувчи ишбилармонлик муҳити тадбикорликни рағбатлантиради, халқаро сармояларни жалб қилади ва технологиялар алмашинуви учун янги имкониятларни очади. Америка Қўшма Штатлари инновация ва ижодкорлик барқарор келажак қуриш учун муҳим аҳамиятга эгалигини эътироф этади. Биз сайёрамизни фарзанд ва набираларимиз учун асраб-авайлашга ёрдам берадиган янги ечимларни топиш мақсадида ҳар куни тиним билмай олға интилаётган новатор ва ижодкорларни қўллаб-қувватлашга содиқмиз.

Дэниел Розенблюм, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси