Фан ва технология соҳасидаги ҳамкорлик бўйича АҚШ-Ўзбекистон қўшма комиссиясининг биринчи мажлиси 2014 йил 5-7 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Учрашув собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов 2010 йили имзолаган АҚШ ваЎзбекистон ўртасидаги Фан ва технологияга оид келишув доирасида амалга оширилмоқда. Тадбирда 60 нафарга яқин ўзбекистонлик олим, тадқиқотчи ва мулозимлар қаторида 30 нафар америкалик олимлар, университет тадқиқотчилари ҳамда ҳукуматга қарашли ва нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этади. Қўшма комиссия мажлисида қишлоқ хўжалиги, қайта тикланувчи энергия манбаи ва далилларга асосланган тиббиёт каби учта ўзаро келишилган соҳа бўйича икки йиллик ҳаморликка оид иш режаларини ишлаб чиқиш мақсад қилинган.
Қўшма комиссия мажлиси доирасида иштирокчилар клиникалар, Геномика ва биоинформатика маркази ва Паркент қуёш сандони каби қатор муассасаларга ташриф буюради. Тадбирга 7 май куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонда фан ва технологияни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижрочи директори Одилхўжа Парпиев ҳамда АҚШ Давлат котибининг Халқаро океанлар, атроф-муҳит ва фан масалалари бюросидаги ўринбосари Жонатан Марголис ҳамраислик қилувчи ялпи мажлис билан якун ясалади.