2021 йилнинг 8-9 апрель кунлари Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатларида анъанавий ҳунармандчилик билан шуғулланувчи аёллар учун Америка Қўшма Штатлари ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали «Аёллар ҳунармандчиликда: ўзаро ҳамкорлик ва рақамли савдо имкониятлари» деб номланган икки кунлик вебинар ўтказди. Ушбу вебинар иштирокчиларга бозорлар талабларини яхшироқ тушунишга, ўзлари учун янги савдо бозорларини аниқлашга ва маҳсулот сифати устида ишлашга ёрдам берди. Мазкур вебинар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида USAIDнинг «Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва янги иш ўринларини яратиш» лойиҳаси ҳамда АҚШ Савдо вазирлигининг «Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш» дастури томонидан ўтказилди.
Афғонистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 100 дан ортиқ қатнашчилар – шу жумладан аёл ҳунармандлар, тадбиркор аёллар уюшмалари, нодавлат ташкилотлар, электрон тижорат платформалари ва Афғонистон хотин-қизлар савдо-саноат палатаси вакиллари иштирок этишди. Ўқув тадбири маданий мероснинг қадриятлари ва миллий кийимлар, гиламчалар ва ҳунармандчилик буюмларини тайёрлаш анъаналари билан маркетинг, ўзаро алоқалар, электрон тижорат ва онлайн савдо майдончаларидан фойдаланиш соҳаларида замонавий билимларни уйғунлаштиришга имкон берди. Тадбирда якуний истеъмолчилар ва корпоратив харидорларга сотиш бўйича катта тажрибага эга АҚШдаги ташкилотлар ҳам қатнашишди.
Йигирма йилдан буён бутун мамлакат бўйлаб 200 дан ортиқ ҳунармандларга ўз маҳсулотларини сотишда ёрдам бериб келаётган Ўзбекистондаги «Human House» галереясининг асосчиси ва эгаси Сайфи Лола ўз нутқида шундай деди: «Биз ҳунармандчилигимизни олға силжитиш учун янги имкониятларни фаол ўрганмоқдамиз ва ҳамкорлик қиладиган барча ҳунармандларнинг вакили сифатида шерикликка тайёрмиз ҳамда ушбу вазиятдан чиқиш йўлларини топишда уларга ёрдам берамиз деб умид қиламиз».
USAID Марказий Осиё ва Афғонистон ҳунарманд аёллари яратган ажойиб ҳунармандчилик буюмлари билан кенгроқ танишишга ёрдам берувчи электрон каталогини яратади. Бу янги бизнес моделлари ва электрон платформалар орқали бозорга киришни кенгайтиришга имкон бериб, маҳаллий анъаналарни сақлаб қолиш, маҳсулот сифатини кўтариш ва инновацион технологияларни қўллаш орқали атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга ёрдам беради. Умуман олганда, ушбу саъй-ҳаракатлар минтақадаги ҳунармандлар фаолиятининг узоқ муддатли иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
# # #
USAID ривожланиш натижаларини эришишни тезлаштириш устида иш олиб борувчи халқаро тараққиёт соҳасидаги дунёдаги етакчи агентликдир. Қўшимча маълумот олиш учун қаранг: https://www.usaid.gov/central-asia-regional
Facebookдаги саҳифа: https://www.facebook.com/USAIDCentralAsia