Тошкентдаги АҚШ элчихонаси 2017 йил “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига расмий иштирокчи сифатида Американинг “The Gina Chavez Band” гуруҳини таклиф этишдан бағоят мамнундир. Ушбу мусиқий гуруҳ 25-31 август кунлари тарихий Самарқанд шаҳрида бир нечта концерт дастури намойиш этади.
Жина Чавез Лотин Америка ва Америка халқ қўшиқларини инглиз ва испан тилларида ижро этувчи хонанда ва қўшиқчи-шоирдир. У хилма-хил мусиқий услуб, жумладан кумбиа, поп, реггитон жанрлари ва бошқа халқ қўшиқларини икки тилда бирдай куйлайди. “Кумбиа” рақс тушишга мўлжалланган бўлиб, Лотин Америкасининг катта қисмида машҳур жанр ҳисобланади. Миллий жамоатчилик радиоси, “USA Today”, ва “The Boston Globe” каби АҚШ оммавий ахборот воситалари унинг “Up.Rooted” деб номланган мусиқий тўплами борасида жуда яхши мақолалар эълон қилди. Бу тўплам “iTunes” ҳамда Амазондаги Лотин Америкаси мусиқа платформасининг юқори поғонасидан тушмади.
Жина Чавез 2014 йили Жон Леннон шарафига уюштирилган мусиқа танловида “Siete-D” қўшиғи учун бош мукофотни қўлга киритган. Ушбу қўшиқ рок-кумбиа-рэп усуллари қоришмаси бўлиб, унда Сальвадор ҳаёти тасвирланади. 2010 йили Жина Чавез кўнгилли бўлиб у ерда ишлаган пайтда, мамлакат чекка туманлари бўйлаб 7-D автобусда қилган саёҳатлари қўшиққа асос қилиб олинган.
Чавез Ўзбекистонга қуйидаги беш нафар гуруҳ аъзолари билан бирга ташриф буюрди:
Брэд Жонсон, аккордеон ва клавишали асбоблар чалади;
Кичик Кеннет Нуль, басс гитарачи;
Михаэль Ромеро, карнай ва клавишали асбоблар чалади, қўшиқ куйлади;
Жэрри Ронкилло, перкуссион чалади ва қўшиқ куйлайди;
Клинт Симмонс, дўмбирачи.
Жина Чавез гуруҳи 2015 йили Техасдаги “Austin Music Awards” танловида “йилнинг энг яхши мусиқачиси”, “Up.Rooted” учун “йилнинг энг яхши мусиқий альбоми”, “Siete-D” учун “йилнинг энг яхши қўшиғи”, “энг яхши лотин америкача гуруҳ” каби номинацияларда ғолиб, мусиқий фаолият ва таълим соҳасидаги Эсме Баррера номидаги муокофот соҳиби, олтита категория бўйича танлов совриндори бўлган.
Гуруҳ Ўзбекистонга биринчи бор ташриф буюриб, Марказий Осиёдаги йирик мусиқа фестивалларидан бири саналган “Шарқ таронлари”да иштирок этишдан жуда хурсанд. Ушбу фестиваль миллий мусиқа ютуқларини тарғиб қилиш, мусиқий ва маданий анъаналарни асраб-авайлаш, иқтидорли созанда ва хонандаларни илҳомлантириш, халқаро ижодий алоқаларни, тинчлик ва дўстлик туйғуларини илгари суришни мақсад қилади.
Жина Чавез гуруҳининг “Шарқ тароналари”даги иштироки АҚШ Давлат департаментининг “Санъат элчиси” дастури доирасида ташкиллаштирилган. Бу дастур маданиятлараро тушуниш, ҳамкорликни ривожлантириш, муштарак қадрият ва интилишларни рағбатлантириш мақсадида энг яхши америкача санъат намуналарини бутун дунё билан баҳам кўради.