“Фулбрайт” дастури стипендиати Микаэл Гартнер матбуот анжуманида иштирок этди

Fulbright Scholar Mikael Gartner in a press event.

15 июнь куни “Фулбрайт” дастури стипендиати Микаэл Гартнер ҳамда Тошкент архитектура ва қурилиш институти ўқитувчиси Равшан Қодиров Тошкентдаги АҚШ элчихонасида ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этиб, табиий офатлар оқибатини тугатиш ва зилзилага чидамли биноларни лойиҳалаш мавзулари бўйича ҳамкорликда олиб борилган фаолият хусусида гапириб берди. Микаэл Гартнер муҳандис ва “Шаҳар қидирув-қутқарув жамоаси”нинг собиқ аъзосидир. У дунёнинг турли бурчакларида табиий офатдан кейинги фавқулодда ҳолатларда ёрдам кўрсатиш ишларида қатнашган, булар қаторига Гаити (2010 йилдаги зилзила), Янги Зеландия (2011 йилдаги зилзила) ва Япония (2011 йилдаги цунами ва кучли довуллар) киради.

“Фулбрайт” дастури стипендиати сифатида шу йил ўқув йили бошида Микаэл Гартнер Тошкент архитектура ва қурилиш институти ўқитувчиси Равшан Носирович Қодиров билан биргаликда фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси бўйича махсус дарслар ўтди. Апрель ойида эса у Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида бино ва иншоотларнинг зилзилага чидамлилиги мавзуси бўйича сабоқ берди.

Ҳозирги кунда “Фулбрайт” дастурининг Ўзбекистонда тобора оммалашиб бораётгани олимлар, талабалар ва мутахассислар учун “«Fulbright Visiting Scholar» ҳамда «Fulbright U.S. Scholar» дастурлари учун ариза топширишга имконият яратмоқда. Ушбу дастурлар илмий ва техник алмашинув ҳамда икки томонлама ҳамкорлик учун катта имконият эшикларини очади. Бу борада қўшимча маълумот АҚШ элчихонаси вебсайтидаги таълим алмашинувига оид саҳифада мавжуд.  Ўқитувчи ва мутахассислар Tashkent-Program@state.gov ёки TashkentFulbright@state.gov электрон манзилига, талабалар эса TashkentFulbright@state.gov манзилига хат ёзиб, батафсил маълумот олишлари мумкин.

(АҚШ элчихонаси сурати)
Тошкент архитектура ва қурилиш институти ўқитувчиси Равшан Қодиров ва “Фулбрайт” дастури стипендиати Микаэл Гартнер.