АҚШ элчихонаси 2014 йил 11-12 март кунлари криминалистик экспертиза маълумотларидан фойдаланувчилар учун ўтказилган ўқув семинарини қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон қўшма муассасалараро экспертлар гуруҳи томонидан тузилиб, амалга оширилган мазкур семинар криминалистикага оид кенг кўламли мавзу ва масалаларни қамраб олди. Тадбирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият юритувчи терговчи, адвокат, прокурор ва судьялар иштирок этди.
Катта таассурот қолдирувчи ҳамкорлик руҳида ўтказилган семинарда Адлия, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг жиноий ишларни текшириш бўйича ўн икки нафар мутахассислари суд-биологик эскпертиза, ДНК, бармоқ изларини олиш, юз ва ҳуснихатга қараб шахсиятни аниқлаш, автотехника ва токсикологик экспертиза каби мавзуларда маърузалар ўқиди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг етакчи криминалистлари билан юзма-юз кўришиб, объектларни текшириш бўйича аниқ йўналишларга оид саволлар беришди, мутахассис фикрини эшитиб, криминалистиканинг ҳозирги имкониятлари ва илмий чеклов меъёрлари хусусида нодир билимга эга бўлишди.
Бу ташаббус 2013 йили Ўзбекистон Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Суд-тиббий экспертиза бош бюроси ташкиллаштирган ўқув курслари натижасида юзага келди. Унда суд-тиббий экспертиза вакиллари Самарқанд, Нукус, Андижон, Термиз ва Бухорога сафар қилиб, терговчи, судья ва адвокатларга интерактив маърузалар ўқишди. Ҳар бир вилоятда иштирокчилар бундай семинарларнинг жуда фойдали бўлганини қайд этишди ва криминалистикага оид барча муассасаларни жалб қилган ҳолда бу каби курсларнинг кенгайтирилган турини ўтказишни таклиф этишди.
АҚШ Давлат департаментининг Халқаро наркотиклар назорати ва ҳуқуқ-тартибот ишлари бюроси ажратган маблағдан фойдаланиб, АҚШ элчихонаси Ўзбекистонда криминалистика ривожини қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида.
Криминалистикани ривожлантириш лойиҳасининг асосий мақсади бу соҳадаги лабораториялар мавқеини мустаҳкамлаш, соҳа имкониятларини кенгайтириш, илмий асосланган экспертиза натижасида қўлга киритилган ашъёвий далиллардан янада кенгроқ фойдаланишдан иборат.
