3-4 февраль кунлари Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида инглиз тили ўқитувчиларига мўлжалланган “Инглиз тили мулоқот учун асосий воситадир” номли халқаро анжуман бўлиб ўтади. “Ўзбекистонда хорижий тиллар” веб-портали, илмий ва услубий электрон журнал ҳамда чет тилларни ўқитиш бўйича Инновациялар миллий тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган ушбу анжуман Тошкентдаги АҚШ элчихонаси билан олиб борилаётган ҳамкорликнинг меваси саналади.
Тадбирда 250 нафар иштирокчи, жумладан Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, Марказий Осиёдан келган америкалик мутахассислар, муаллимларни ўқитиш ва малакасини ошириш марказлари ходимлари, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган инглиз тили ўқитувчилари ҳамда чет эллик мутахассислар қатнашмоқда.
Анжуман доирасида ялпи мажлислар, маҳорат сабоқлари, китоб лотереяси ва соҳага оид бошқа қизиқарли машғулотлар ўтказилмоқда. Ташкилотчилар инглиз тили ўқитувчилари тақдим этган маърузалар орасидан 80 тасини танлаб олиб, анжуман материаллари тўпламига киритишди ва бу тўплам компакт дискларда тарқатилади.
Анжуман ҳақида батафсил маълумотни www.conference.fledu.uz сайтидан олиш мумкин.