АҚШ Ўзбекистон Мустақиллигини 1991 йил 25 декабрда тан олган. Элчихона эса 1992 йил март ойида очилган. 2002 йил март ойида икки мамлакат раҳбарлари – Президент Буш ва Президент Ислом Каримовнинг Вашингтондаги учрашуви ҳамда унда Стратегик Ҳамкорлик Шартномасининг имзоланиши ортидан ўзаро муносабатлар авж олди.
2006 йил февраль ойида АҚШ Элчихонаси Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 5-квартал Мойқўрғон кўчаси, 3-уйда жойлашган янги манзилга кўчиб ўтди.

АҚШ Элчихонаси АҚШ Ҳукуматига қарашли департамент ёки агентликлар, жумладан, Давлат Департаменти, Мудофаа вазирлиги, шунингдек, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги ва Касалликларни назорат қилиш марказидан таркиб топган. АҚШ Ҳукумати АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги ва Элчихонанинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими орқали Ўзбекистон фуқароларига Америка Қўшма Штатларида ўқиш, америкалик ҳамкасблари билан профессионал алоқалар ўрнатишга имкон берувчи таълимий ва профессионал алмашув дастурларини қўллаб-қувватлайди. Давлат Департаменти ва Мудофаа вазирлиги гиёҳванд моддалар, одамлар ва товарлар, шу жумладан, оммавий қирғин қуролларининг ноқонуний ҳаракатини тўхтатиш мақсадида Ўзбекистонни чегара ва ундаги имкониятлар устидан назоратни кучайтириш учун зарур асбоб-ускуна ва тегишли машғулотлар кўринишидаги техник ёрдам билан таъминлайди.