AҚШ ҳукумати кўмагида бўлиб ўтган одам савдосига қарши кураш бўйича конференция

AҚШ ҳукумати кўмагида бўлиб ўтган конференцияда Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари одам савдосига қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтиришга келишиб олди

28 июль, Тошкент, Ўзбекистон – AҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” лойиҳаси ва AҚШ Давлат департаментининг Гиёҳванд моддаларнинг халқаро айланмасига қарши кураш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари бўйича бюроси (INL) томонидан Ўзбекистон Республикаси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссияси (Одам савдосига қарши курашиш комиссияси) билан ҳамкорликда одам савдосига қарши кураш масалаларига бағишланган халқаро конференция ташкил этилди. Одам савдосига қарши курашиш комиссияси раҳбарлигида ўтказилган конференцияда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ходимлари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этиб, одам савдосига қарши курашнинг илғор тажрибалари билан ўзаро ўртоқлашди.

Конференцияда Муваққат ишлар вакили Пол Полетес сўзга чиқиб, АҚШ одам савдосига қарши курашга устувор аҳамият қаратишини таъкидлади: “Одам савдоси мураккаб, яширин жиноят бўлиб, жамиятнинг ижтимоий ҳимояга энг муҳтож аъзоларини ўз домига тортади. Одам савдоси барча мамлакатларда учрайди ва одам савдогарлари на чегарани, на юрисдикцияни тан олади. Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали одам савдосига тўлиқ барҳам беришимиз мумкин”.

2021 йилда АҚШ Давлат департаменти ўзининг Одам савдосига қарши кураш бўйича йиллик ҳисоботида Ўзбекистон мақомини 2-даражагача кўтарди. Ўзбекистон 2022 йилда ҳам бу рейтингни сақлаб қолди. Бу мақом Ўзбекистон ҳукуматининг қуллик, мажбурий меҳнат ва одам савдосининг барча шаклларига қарши курашиш мажбуриятига содиқлигини билдиради.

Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига тўғри келган конференцияда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва Ички ишлар вазири биринчи ўринбосари Шуҳратжон Собиров иштирок этди. Иштирокчилар одам савдосига қарши кураш бўйича миллий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратди. Шунингдек, технологиялар одам савдосини кенгайтириш йўлида суиистеъмол қилинаётгани, шу билан бирга улардан одам савдосига қарши курашиш йўлида фойдаланилаётгани билан боғлиқ масалалар ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида миллий ва трансмиллий даражада йўналтириш механизмларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

2021 йил май ойидан бошлаб USAIDнинг «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси доирасида Одам савдосига қарши курашиш комиссияси билан ҳамкорликда 500 га яқин давлат хизматчилари ва фуқаролик жамияти мутахассислари одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ўқитилди. USAID, шунингдек, одам савдоси билан боғлиқ маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш учун миллий маълумотлар базасини яратишда ёрдам берди.

USAID Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида одам савдосидан жабрланган шахсларни трансмиллий даражада йўналтириш механизмини қўллаб-қувватлайди. USAID, шунингдек, жабрланганларнинг шахсини аниқлаш ва уларни ўз ватанига хавфсиз тарзда қайтаришга кўмаклашади. Маҳаллий шериклар билан ҳамкорликда USAID одам савдосидан жабрланган шахслар ўз жамиятларига қайта интеграциялашуви учун зарур бўлган ҳуқуқий, руҳий-ижтимоий ва иқтисодий ёрдам кўрсатади.

INL БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликда минтақалардаги маҳаллий ташкилотлар, шу жумладан одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссиялар учун одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш ва йўналтириш бўйича семинарлар ҳамда консуллик идоралари ходимлари учун одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш ва йўналтириш бўйича тренинглар ўтказиш орқали амалиётчи мутахассисларнинг одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш ва йўналтириш бўйича салоҳиятини мустаҳкамлайди. INL, шунингдек, одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳуқуқий ҳужжатлар, умумий ўқув дастурлари ва ўқув материалларини ишлаб чиқиш ва уларни амалиётда қўллашга кўмаклашиш орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органларининг одам савдоси билан боғлиқ ишларни тергов қилиш, жиноий таъқиб қилиш ва судда кўриб чиқиш бўйича салоҳиятини мустаҳкамлайди.

2005 йилдан буён AҚШ ҳукумати томонидан USAID ва INL орқали Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш мақсадлари учун 12,5 миллион доллардан зиёд миқдордаги маблағ ажратилган. USAIDнинг «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси Winrock International ташкилоти томонидан амалга оширилмоқда.

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони ривожлантириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидлар, жумладан, COVID-19га қарши курашиш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини қондириш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорлик қилиб келади. Қўшимча маълумот учун https://www.usaid.gov/uzbekistan сайти ҳамда Facebook тармоғидаги https://www.facebook.com/USAIDUzbekistan/ саҳифасига мурожаат қилинг.