АҚШ Миллий боғ хизматининг миллий туризм бўйича собиқ директори ва экотуризм эксперти жаноб Дин Ридер 8-14 сентябрь кунлари Ўзбекистонга сафар қилди. Сафарини уюштиришда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси кўмаклашган жаноб Ридер Ўзбекистон ҳукумати расмийлари учун Зомин Миллий боғида ва Тошкент шаҳридаги Бош ўрмон хўжалиги бошқармасида “Экотуризмни ривожлантириш” мавзусида семинарлар ўтказди. Шунингдек, у Бўстонлиқ туманидаги Угам-Чотқол миллий боғи, Бекобод шаҳридаги Овчилик хўжалиги бош бошқармаси ходимлари ва “Ўзбектуризм” миллий агентлиги раиси ва ходимлари билан ҳам учрашди. Жаноб Ридер семинар ва учрашувлар чоғида Ўзбекистондаги экотуризм келажагига оид тажрибаси, фикр ва қарашларини сўзлаб берди.
Жаноб Ридер АҚШ Миллий боғ хизматида орттирган тажрибасига асосланиб, ҳамсуҳбатларига экотуризмнинг (ижтимоий, атроф муҳит ва иқтисодий) таъсири камлиги, у одатий тижорат сайёҳлигининг кичик миқёсдаги муқобили эканини айтди ҳамда нозик, ҳали одам қадами етмаган ва нисбатан тинч табиий ҳудудларни бориб кўриш истагида эканини алоҳида таъкидлади.
Экотуризмга хос бўлган принциплар, деди у иштирокчиларга, «жиддий экологик жараёнларни, биохилма-хиллик ва қайта тикланмайдиган ресурсларни қўллаб-қуввтлаш» ҳамда сайёҳликни ривожлантириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг мероси ва ўзига хос хусусиятлари билан мос келиши керак.
Жаноб Ридернинг семинарларида бир қанча манфаатдор томонлар, жумладан, миллий боғлар амалдорлари, вазирлик вакиллари, ўрмончилик мутахассислари, олимлар, журналистлар, ҳукумат амалдорлари ва маҳаллий сайёҳлик корхоналари операторлари иштирок этди. Семинар иштирокчилари экотуризм ва унга хос бўлмаган нарсалар нима эканини аниқ тушуниб олиш билан бирга АҚШда миллий боғ фаолиятини юритиш, мавжуд нарсаларни кўз қорачиғидай асрашда давлат ва маҳаллий ҳукуматнинг ҳамда давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги роли ҳақида кўп нарсаларни билиб олди. Умуман олганда, ҳукумат амалдорлари Ридернинг семинарлари Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасини ранг-баранглаштириш борасида давом этаётган мулоқотга муҳим ҳисса бўлиб қўшилишини эътироф этди ва мамлакатда экотуризимни ривожлантиришни давом эттиришга қизиқиш билдирди.
Жаноб Ридернинг сафарига АҚШ Давлат департаментининг Халқаро ахборот дастурлари бюросининг (ХАДБ) “Воиз” дастури ҳомийлик қилди ҳамда уни АҚШ Тошкентдаги элчихонасининг Ўзбекистонда атроф муҳит муаммоларидан бохабарликни яхшилашга кўмаклашиш ташаббуси қўллаб-қувватлади. 2015 йили АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ХАДБ дастури орқали яна икки нафар воизга мезбонлик қилишни режалаштирмоқда.
