2023 йил 26 апрель, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Халқаро қишлоқ хўжалиги университети (ХҚХУ) билан биргаликда “Ер куни – 2023”га бағишланган тадбирни ўтказди. Шу муносабат билан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник ва USAID миссияси директори Микаэла Мередит ХҚХУ кампусига ташриф буюриб, экологик ғоялар бўйича талабалар танлови ғолибларини тақдирлаб, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Умид Мадаминов ҳамда ХҚХУ ректори Мунира Аминова билан дарахт экиш маросимида иштирок этди.
“Глобал даражада ўйла, маҳаллий даражада ҳаракат қил” мавзусидаги экологик ғоялар бўйича талабалар танлови 2023 йил март ойида USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси томонидан ХҚХУ билан ҳамкорликда эълон қилинган эди. Танлов иқлим ва экологик саводхонлик, пластикдан воз кечиш, экологик тоза мода, глобал тозалаш каби мавзулар ва, албатта, дарахт экиш жараёнини қамраб олди. Уч аъзодан иборат бўлган 12 та жамоа ХҚХУ ўқитувчиларининг кўмаги остида турли лойиҳаларни ишлаб чиқди. Финалга чиққан уч жамоа турли соврин ва совғалар ҳамда барча иштирокчилар эсдалик ташаккурномалари билан тақдирланди. USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси илмий доиралар ва агробизнес вакиллари билан агробизнесга ихтисослашган олий ўқув юртларида ўқув дастурини такомиллаштириш ва талабалар учун амалиёт ўташ ҳамда ишга жойлашиш имкониятларини яхшилаш устида ишлайди.
«Иқлим ўзгаришига мослашиш нуқтаи назаридан, қишлоқ хўжалиги ресурс энг кўп сарф қилинадиган тармоқ ҳисобланади. Келажак авлодларнинг озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятлари барқарор бўлишини таъминлаш учун пухта билимга эга бўлиб, инновацион фикрлайдиган ёш мутахассисларга атроф-муҳитни ҳимоя қилишнинг илғор услубларини татбиқ этиш имкониятини тақдим этиш ниҳоятда муҳим. Бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида турли таълим дастурларини таклиф қилаётган янги инновацион таълим муассасаси бўлмиш Халқаро қишлоқ хўжалиги университетига ташриф буюришдан бағоят мамнунман», – деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник.
ХҚХУ ректори вазифасини бажарувчи доктор Мунира Аминова тадбирда шундай деди:
«Мана шундай танловлар муносабати билан ҳамда номида “Халқаро” сўзи бўлган университетимизнинг кундалик фаолиятида биз ёшларни танқидий фикрлашга рағбатлантириш ва дунёдаги энг яхши мисоллардан фойдаланишга интиламиз. Айнан шу орқали ёшлар келажакда ўз касбининг етакчиси бўла олади. Замонавий қишлоқ хўжалиги эса Ўзбекистон келажаги бўлиб, профессионал муваффақият учун қулай шароит яратади».
USAID миссияси директори Микаэла Мередит шундай қўшимча қилди: «Иқлим ўзгаришига мослашиш USAID глобал фаолиятининг асосини ташкил этади. Бутун дунё бўйлаб биз ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилиб, уларга маҳаллий ҳамжамиятлар билан биргаликда ўз миллий иқлим стратегияларини амалга ошириш ва чидамлилигини кучайтиришга ёрдам берамиз. Илм-фан вакиллари билан бўлган ҳамкорлигимиз эса билимларни мустаҳкамлаш ва инновацияларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Биз ХҚХУ талабаларининг билими нақадар пухта, новаторлик ғоялари эса илғор эканига ишонч ҳосил қилдик. Талабалар томонидан тақдим этилган кўплаб ғояларни нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ҳам татбиқ этиш мумкин».
Ўзбекистонда Ер кунини ўтказиш, худди бошқа мамлакатларда бўлгани каби, яхши анъанага айланиб бормоқда. Тошкентдаги аграр олий ўқув юртларининг ҳудудлари янги дарахтлар билан тўлиб бормоқда. Бундан ташқари, ўтган йилги танлов натижаларига кўра саралаб олинган дарахтларга QR-белгилари қўйилган бўлиб, бу орқали уларнинг хусусиятлари ва келиб чиқиши тўғрисида кўпроқ билиб олиш имконияти мавжуд. Бу- жамиятни атроф-муҳит ва замонавий муаммолар билан қизиқишга рағбатлантиришнинг усулларидан бири.
Халқаро қишлоқ хўжалиги университети 2022 йилда Ўзбекистон Президентининг фармони билан ташкил этилган. Университет битирувчилари Тошкентда замонавий билим ва малакага эга бўлиш билан бир қаторда Буюк Британиядаги нуфузли Қишлоқ хўжалиги қироллик университетининг дипломига эга бўлади. ХҚХУ қишлоқ хўжалиги, бизнесни бошқариш, агрологистика, агроиқтисодиёт, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини бошқариш, экинчиликни бошқариш, чорвачиликни бошқариш ва фермер хўжалигини бошқариш йўналишларидаги таълим дастурларини таклиф қилади. Батафсил маълумот учун: https://iau.uz/
USAID Ўзбекистон Ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш, минтақавий савдо-сотиқ ҳажмини кўпайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги жиддий таҳдидлар, шу жумладан, COVID-19га қарши кураш ва аҳолининг эҳтиёжларини самарали қондириш учун Ҳукуматнинг салоҳиятини ошириш каби йўналишларда шериклик қилиб келмоқда. Қўшимча маълумот учун https://www.usaid.gov/uzbekistan ва Facebookдаги: https://www.facebook.com/USAIDUУзбекистан/ манзилларга ташриф буюришингиз мумкин.