АҚШ Таҳдидларни камайтириш агентлиги Ўзбекистонни COVID-19 га қарши курашда қўллаб-қувватлайди

COVID-19 глобал таҳдидига жавобан, Тошкентдаги АҚШ элчихонасида жойлашган Мудофаа вазирлиги таҳдидларни камайтириш агентлиги (DTRA) яқинда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига 1000 дона тест воситаларини тақдим этди. Тақдимот DTRAнинг Тошкентдаги бош пудратчиси бўлган  “TMC Global Professional Services” мутахассислари ўтказган амалий машғулотлар жараёнида амалга оширилди. Мазкур ўқув тренинги Соғлиқни сақлаш вазирлиги диагностика лабораторияларидаги синов имкониятларини кучайтиришга қаратилиб, босқичма-босқич олиб борилди.

Биринчи босқичда вазирликнинг беш нафар тажрибали мутахассиси ўз маҳоратини оширди. Кейинчалик улар 17 нафар лаборатория мутахассисини ЖССТ коронавирусни аниқлашда ягона усул деб ҳисобловчи полимераза занжир реакцияси бўйича ўқитди.

Машғулот 2020 йил 7 апрель куни Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтида бошланиб, сўнг Тошкент, Бухоро ва Нукусдаги Вабо, карантин ва хавфли инфекцияларнинг олдини олиш лабораторияларида давом этди. Қўшимча ўқув машғулотлари DTRA ушбу малака ошириш институтига тақдим этган масофадан бошқарилувчи махсус ускуналар орқали Тошкент ташқарисидаги лабораторияларда ўтказилди. Ушбу инновацияон видео тизим тренерларга Тошкентда турган ҳолда бошқа ҳудудлардаги мутахассисларга мураббийлик қилиш учун имкон яратди.

DTRA пудратчилари олиб борган икки ҳафталик машғулот натижасида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 22 нафар мутахассиси, шу жумладан 8 нафар тренер, тегишли малакага эга бўлди, улар айни пайтда лабораторияларда COVID-19 бўйича тест ўтказмоқда. АҚШ элчихонасининг Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўрсатган бундай ёрдами бутун Ўзбекистонда жойлашган диагностика лабораторияларининг тест натижаларини аниқ ва тез етказиб бериш орқали жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги ҳал қилувчи ролини янада оширади.