13 октябрь куни Тошкентдаги АҚШ элчихонаси Чилонзор туманида жойлашган эски элчихона биносида XV Дэниел Перл Жаҳон мусиқа кунлари доирасида гала концерт ўтказди. Машҳур Фаррух Зокиров ва “Ялла” гуруҳи, Шаҳзода, DJ Piligrim, шунингдек, IWALF Band, Арчи Санденс, Жансет Богдалова ва Жанна Ким каби келажаги порлоқ мусиқий гуруҳ ва ёш санъаткорлар иштирок этган концертга 500 га яқин меҳмон ташриф буюрди. Саҳнада ижодини яқинда бошлаган мазкур санъаткорлар Фейсбук орқали ўз ижод намуналарини тақдим этган 30 дан зиёд иқтидорли мусиқачилар орасидан саралаб олинди.
Элчи ўринбосари Лес Вигери кириш нутқида шундай дея лутф қилди: “Бугунги тадбирда ҳозир бўлиб турганингиз мусиқанинг сарҳадлар ошиб турли маданият, ирқ ва эътиқодга мансуб халқларни ўзаро бирлаштириш кучига эгалигини намоён этмоқда. Бу концерт уйғунликни ўзида мужассам этар экан, унда ўзбек мусиқасининг ҳақиқий афсонлари билан бир сафда ижод оламига янги қадам қўйган бир неча ёш ўзбек мусиқачилари ҳам америкача ва инглиз тилидаги қўшиқларни эътиборингизга ҳақола этишади. Шундай қилиб, битта саҳнада ягона баркамол инсонийликни нишонлаш йўлида бирлашган ажойиб мусиқанинг уч авлоди ва иккита улуғвор маданиятни кўришингиз мумкин.”
Дэниел Перл Жаҳон мусиқа кунлари дунё бўйлаб намойиш этиладиган концертлар тармоғи бўлиб, у бағрикенглик, дўстлик ва инсонийлик ғояларини тарғиб этади. Жаҳон мусиқа кунлари 10 октябрда туғилган журналист ва мусиқачи Дэниел Перл ҳаёти ва фаолиятидан илҳомланиб ташкил этилади.Дэниел жуғрофий чегара билмаган, хурофотдан холи бир ҳаётни яшаб ўтди. 2002 йили у Жанубий Осиёда мухбир сифатида фаолият юритаётган пайтда Покистондаги террористлар томонидан олиб қочилган ва ўлдирилган, унинг ўлими халқаро ғазабга сабаб бўлган. Шундан буён ҳар йили октябрь ойида мусиқачилар дунё бўйлаб мусиқа ёрдамида “Инсонпарварлик йўлидаги уйғунлик” шиори остида тинчлик ва ўзаро бир-бирини тушунишни тарғиб этиш, зулмга қарши курашиш ва нафратдан холи дунёни барпо этиш мақсадида бирлашадилар. 2002 йилдан бери, Дэниел Перл Жаҳон мусиқа кунлари доирасида 140 мамлакатда 14000 дан ортиқ концерт намойиш этилган.