Дэниел Перл номидаги Жаҳон мусиқа кунлари доирасида ўтказиладиган концерт

Дэниел Перл Жаҳон мусиқаси кунлари мусиқанинг умумжаҳон тили орқали бағрикенглик ва ўзаро бир-бирини тушунишни тарғиб қилиш мақсадида октябрь ойида ўтказиладиган мусиқий тадбирлар тармоғи ҳисобланади.

2002 йилдан буён, 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кўп ўтмай Покистонда ўғирлаб кетилиб, қатл этилган журналист Дэниел Перл хотирасига бағишлаб ва унинг меросидан илҳомланиб, ер куррасининг 129 мамлакатида 10 000 дан ортиқ мусиқий тадбирлар ўтказилди. Дэниел халқларни мусиқа ёрдамида бирлаштирган иқтидорли мусиқачи эди. Ушбу концерт унинг ҳаёти ва ижодини қайта ёдга солади, у мусиқадан фойдаланган ҳолда умид туйғусини кенг ёяди ҳамда хлқларни зўравонликка қарши бирлаштиради.

Жасур ва “Султон” гуруҳи. (АҚШ Элчихонаси сурати)
Жасур ва “Султон” гуруҳи. (АҚШ Элчихонаси сурати)

Жасур Мирсагатов ва “Султон” гуруҳи. “Султон” гуруҳини 2011 йили ўзбек эстрадасининг таниқли ва ёш вакилларидан бири Жасур Мирсагатов тузган. У Ўзбекистон Президентининг махсус қарори билан таъсис этилган “Ниҳол” мукофоти ҳамда қатор халқаро мусиқий мукофотлар совриндоридир. Гуруҳнинг ижодий шиори мана бундай: “Руҳимизга ҳамоҳанг мусиқа яратиш ва фақат жонли ижро этиш”. Унинг репертуари ранг-баранг бўлиб, поп, диско, жаз, ретро ва фанк мусиқаларидан иборат. Гуруҳ Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россияда ижодий сафарларда бўлган. Гуруҳ етакчиси Жасур халқаро “Қизин лента” гуруҳининг расмий элчиси бўлиб, унинг таркибига МДҲ ва Шарқий Европадаги ёш ва машҳур санъат усталари киради. Улар “Яшамоқ ҳаракат қилмоқдир” деган ақидага амал қилади. “Қизил лента” элчилари ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этади, гиёҳвандлик ва ОИВ/ОИТС хавфи хусусида сўзлайди. Шунингдек, Жасур футбол бўйича 2015 йил Европа чемпионатида (Киев, Украина), Универсиада – 2013 ва сув спорти бўйича жаҳон чемпионатида (Қозон, Россия) чиқиш қилган. Ҳозир Жасур ва унинг жамоаси тез орада жамоатчилилк эътиборига ҳавола этиладиган янги альбом устида ишламоқда.

Flyin’ Up. (Flyin’ Up тақдим этган сурат)
Flyin’ Up. (Flyin’ Up тақдим этган сурат)

Flyin’ Up “Баландга учсангиз, осмоннинг чексизлигини ҳис қиласиз. Биз қандайдир йўналиш эмасмиз. Биз туганмас сайр-у саёҳатмиз”. 2012 йили Вестминистер университетининг беш нафар талабаларидан ташкил топган ушбу гуруҳ жонли рок мусиқасини севувчи ёшлар ўртасида оммалашиб кетди. 2014 йил баҳорида улар илк мусиқий албом “The City of Rock”ни яратишди. Бу ном мусиқачиларнинг она шаҳри бўлмиш Тошкент, яъни “тош шаҳар” номидан олинган. 2015 йил июль ойида ёш мусиқачилар “Ragnarock” номли иккинчи альбомни чиқаришни бошлади. Бу ном Скандинавия мифологиясидаги Апокалипсис номидан келиб чиққан бўлиб, бу “илоҳлар инқирози” деб юритилади. “Ragnarock” “The City of Rock”дан кескин фарқ қилади. Гуруҳ классик рок товушини анча мураккаб ва замонавий турга ўзгартирди, матн эса уруш, адолатсизлик ва руҳан таъсир кўрсатиш мавзуларини қамраб олди. Ёш мусиқачилар урушга қарши эканини ўз мусиқаси орқали ифода этади. Flyin’ Up кишиларни “бундан яхшироқ дунёда янада камолотга етган инсон бўлишга” илҳомлантиради. “Ragnarock”нинг охирги варианти 2015 йил сўнггида чиқиши кутилмоқда.

Барча мусиқа ихлосамандлари Дэниел Перл номидаги Жаҳон мусиқа кунлари доирасида ўтказиладиган концертга таклиф этилади. Ушбу мусиқий тадбирда Flyin’ Up ҳамда Jassur Mirsagatov & Sultan Band иштирок этади.

Концерт 14 октябрь соат 17:30 да Чилонзорда жойлашган илгариги АҚШ элчихонасида бўлиб ўтади.

Концертда қатнашишга рўйхатдан ўтиш учун тўлиқ исм-шарифингиз ва паспортингиз маълумотларини 2015 йил 9 октябрь соат 16:00 дан кечикмай Tashkent-Program@state.gov электрон почтасига юборинг. Рўйхатдан ўтганингиз ҳақида фақат электрон почта орқали хабар берилади. Телефон орқали рўйхатга олинмайди.

Концерт 14 октябрь соат 17:30 да бошланади, аммо текширувдан ўтиш учун элчихонага 16:00 дан кечикмай келишингизни илтимос қиламиз. Илгариги элчихона биносига сумка ёки электрон воситалар (уяли телефон, фотоаппарат ва ҳ.) олиб кириш тақиқланади.

Манзил: Чилонзор кўчаси, 82-уй, илгариги АҚШ элчихонаси (“Ғафур Ғулом” парки орқасида).