Ўзбекистондаги ижод мактабларида “Америка бурчаклари” очилади

Тошкент, Ўзбекистон, 30 ноябрь 2021 йил – “Янги Ўзбекистонда таълим” халқаро таълим форуми доирасида АҚШ элчиси Даниэл Розенблюм ва Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умарова таълим соҳасида ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистондаги ижод мактабларида “Америка бурчаклари”ни очиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади.

“Америка бурчаклари” ҳамма учун очиқ бўлган 600 дан ортиқ таълим марказининг глобал тармоғи бўлиб, уни АҚШ ҳукумати қўллаб-қувватлайди. Замонавий Америка кутубхоналари кўринишидаги ушбу бурчакларга ҳар йили миллионлаб киши ташриф буюради. Энг илғор техник воситалар билан жиҳозланган бу марказлар Америка маданияти, у ерда ўқиш имкониятлари ҳақида маълумот тақдим этади ҳамда китоблар, фильмлар ва инглиз тили дастурларидан бепул фойдаланиш имконини беради. 2021 йил март ойида АҚШ элчихонаси Қарши шаҳрида жойлашган Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ана шундай “Америка бурчаги”ни очди. Ўтган олти ой ичида ушбу марказга минглаб қизиқувчилар келиб, инглиз тили кўникмасини оширдилар, АҚШ маданияти ҳақида билимга эга бўлдилар ва бепул таълимий ресурслардан фойдаландилар.

АҚШ элчихонаси ўз ҳамкорлари билан биргаликда Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари амалга оширувчи “Америка бурчаклари” номли ташаббуси орқали Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида энг камида олтита ана шундай марказ очишни режалаштирмоқда. Бу лойиҳа учун АҚШ ҳукумати 860 000 доллардан ортиқ маблағ ажратган бўлиб, бу борада жойларда ҳамкор ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади. “Америка бурчаклари” дастурлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун FacebookInstagram, ва Telegram саҳифаларимизни кузатиб боринг.