ҚИСҚАЧА БАЁНИ
Ўзбекистон конституцион республика бўлиб, унинг сиёсий тизимида президент Шавкат Мирзиёев билан тарафдорлари ҳукмронлик қилади. 2016 йили собиқ бош вазир Шавкат Мирзиёев президент сайловида 88 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Европадаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ЕДИИҲБ) сайловга оид якуний кузатув ҳисоботида қайд этилишича, “кампания даврида рақобат кам бўлди ва сайловчиларга сиёсий муқобилликларнинг ҳақиқий танлови тақдим этилмади”. ЕХҲТ/ ЕДИИҲБ кузатувчилари “миллий қонунчилик ва ЕХҲТ олдида олинган мажбуриятларга зид келувчи жиддий меъёрлар бузилиши, жумладан, бир кишининг бошқалар учун овоз бериши, сайлов ҳужжатларини сохталаштириш белгилари кўзга ташлангани”ни қайд этди. Парламент сайлови 2014 йили бўлиб ўтган эди. ЕХҲТ кузатувчилар миссиясига кўра, ўша сайлов халқаро мажбуриятлар ёки стандартлар талабларига мос келмади.
Умуман, фуқаролардан таркиб топган ҳокимият идоралари хавфсизлик кучлари фаолиятининг самарали назоратини таъминлади, бироқ хавфсизлик хизматлари фуқаролик тузилмалари ичига суқилиб кирди ва уларнинг ҳамкорлигида ошкоралик бўлмади, шу сабабли фуқаро ҳокимият идоралари миқёси ва чекловларини аниқлаши мушкул бўлди.
Инсон ҳуқуқлари муаммолари хавфсизлик кучлари ҳибсга олинган кишиларни қийнаши ва уларга нисбатан зўравонлик қилиб, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиши, қамалганларнинг бошқалар билан алоқасини узиб қўйиш ва қамоқда ушлаб туриш муддатини чўзиш, қамоқхоналардаги шароитларнинг оғирлиги ва баъзан хаёт учун хавф туғдириши; сиёсий маҳбуслар, сўз, матбуот ва интернет эркинлиги чекланиши, жумладан, цензура, туҳмат қилди деб жиноий жавобгарликка тортиш ва вебсайтларни блоклаш; йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлигининг чеклангани; фуқаролик жамияти фаолияти чеклангани, ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқи фаоллари, журналистлар ва бошқаларнинг таъқиб қилиниши, жавобгарликка тортилиши ва ҳибсга олиниши; диний эркинликларнинг қаттиқ чеклангани; ҳаракатланиш эркинлиги чеклангани; сиёсий иштирокнинг чеклангани ва оқибатда фуқаролар ўз ҳукуматини озод, одил ва даврий сайловда сайлай олмагани; бесоқолбозлар, ҳамжинсбоз аёллар, ҳар икки жинс вакилларини яхши кўрувчилар ва жинсини жарроҳлиқ йўли билан ўзгартирган кишилар ва гермофродитлар (LGBTI) хулқининг жиноят деб қаралиши; одам савдоси, жумладан, мажбурий меҳнатни ўз ичига олди.
Содир этилган жиноят учун жавобгар бўлмаслик ҳоллари сақланиб қолди, бироқ йил давомида ҳукуматнинг коррупция айблови билан амалдорларни жазолаш ҳоллари ошди.
1-бўлим. Шахс дахлсизлигини таъминлаш, бунга қуйидагилардан эркинлик ҳам киради:
а. Ўзбошимчалик ёки ноқонуний йўл билан ҳаётдан маҳрум қилиш ҳамда бошқа ноқонуний ва сиёсий буюртма бўйича қотилликлар
Давлат ёки унинг махсус хизмат ходимлари ўзбошимчалик билан ёки ноқонуний одам ўлдиргани хусусида тасдиқланган маълумот учрамади.
б. Йўқолиб қолиш
Одамларнинг ҳукуматнинг сиёсий буюртмаси ёки унинг номидан қилинган сиёсий буюртма билан йўқолиб қолишига оид маълумот учрамади.
БМТнинг Женевада жойлашган “Одамларнинг мажбурий ва ғайриихтиёрий тарзда йўқолиб қолишини суриштирадиган ишчи гуруҳининг 2018 йилга бағишланган йиллик ҳисоботида қайд этилишича, ўтган йиллардан бери очилмай қолаётган еттита иш бор. Иш гуруҳи вакиллари фикрича, ҳукумат гуруҳнинг мамлакатга бориш ҳақида январь ойида юборган сўровига жавоб бермади.
в. Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ваҳший ёки хўрлаш муносабати ва ёки жазолаш
Гарчи Конституция ва қонунчилик бундай амалиётни тақиқласа-да, қонунни қўлловчи идоралар ва хавфсизлик идоралари ходимлари бўйнига қўйилаётган айбга иқрор қилиш ёки улардан кимнингдир обрўсини тўкиш ёки ғаразли молиявий манфаат орттириш мақсадида маълумотлар олиш учун маҳбусларни ҳар куни урди ёки уларга нисбатан бошқа ноқонуний муносабатда бўлди. Манбаларнинг хабар қилишича, диний ёки экстремизм айбловлари билан қамоққа ёки ҳибсга олинган кишиларни қийноққа солиш ва таҳқирлаш асосан, ҳибсхоналарда, судгача ушлаб туриш биноларида, маҳаллий милиция ва хавфсизлик хизмати участкаларида содир бўлди. Хабар қилинган қийноқ усуллари ўласи қилиб калтаклаш, овқат бермаслик, ҳожатга чиқишга рухсат бермаслик, қўлларни боғлашдан иборат бўлди. Давомли хабарларга қараганда, ҳокимият идоралари ҳибсга олинганларга руҳий босим ўтказган, бунга оила аъзоларига таҳдид қилиш ва дўқ-пўписа ҳам киради. Диний жамоатлар вакилларининг айтишича, қийноқлар бошқа дин вакиллари, жумладан, мусулмонлар, протестантлар ва “Иегова шоҳидлари” давлат рухсат берган диний идоралардан бошқа жойларда ташкил этган тадбирлар учун давом эттирилди.
2010 йили БМТнинг Инсон ҳуқуқи бўйича қўмитаси мамлакат жиноят кодексидаги қийноқнинг таърифи “Қийноқ, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки шаънни таҳқирловчи муносабат ёки жазога қарши конвенция”га мос келмаслигидан ташвиш билдирган эди, ваҳоланки, Ўзбекистон ўша конвенцияга қўл қўйган. 2017 йил мартида ҳукумат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг хулқ-атвори қоидаларини тасдиқлади ва қийноқларга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар режасини қабул қилди. “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги янги таҳрирда қабул қилинган қонуннинг 8-моддасида шундай дейилади: “Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт”. 2017 йил ноябрида қонунда қийнаш билан олинган гувоҳликларни судда эътиборга олишни тақиқланди.
Апрелда президент Мирзиёев қийноқларга қарши қонунни имзолади. Унда қийноққа солиш, бошқа ғайриинсоний ва таҳқирловчи муносабатлар учун жавобгарлик кучайтирилди. Қонун қабул қилинишидан олдин қийноқларда қўли бор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш учун расмий тўсиқлар бор эди. Ўша чекловлар олиб ташланди. Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига кўра, гарчи қийноқларга қарши кураш тўғрисидаги қонун мустақил нодавлат ташкилотлари (НД) иштирокисиз ишлаб чиқилган бўлса-да, унда олдинги қонунчиликда қийноқ ҳақидаги мужмал таърифга, шунингдек, жазо тайинлаш йўриқномаларига аниқлик киритилди. 2017 йил сентябрида журналист Бобомурод Абдуллаевни кейинчалик Давлат хавфсизлиги хизмати (ДХХ) деб ўзгартирилган Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари ҳибсга олди ва уни ҳукуматни ағдариб ташлаш учун фитна уюштирганликда айблади. Инсон ҳуқуқига риоя этилишини кузатувчи ташкилотлар, жумладан, “Ҳюман Райтс Уотч” ташкилоти май ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган суд очиқ бўлганини қайд этди; аммо шунга қарамасдан, инсон ҳуқуқига риоя этилишини кузатувчилар Абдуллаевни хавфсизлик хизмати ходимлари қийноққа солганининг аниқ исботи бор деб ҳисоблайди. Абдуллаевнинг очиқ суд мажлисида берган кўргазмасига кўра, полиция терговчилар уни калтаклаган, совуқ ҳужрада яланғоч ушлаб турган, 6 кун на ўтиришга ва ухлашга рухсат берган. 7 майда Абдуллаев қамоқдан озод этилди. Абдуллаев иши судда кўрилгандан сўнг ҳарбий трибунал 25 октябрда Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозир Давлат хавфсизлиги хизмати деб аталади) раисининг собиқ ўринбосари Нодир Тўрақуловни 16 йилга кесди. У Абдуллаевни кўп марта қийноққа солгани хабар берилган эди. Тўрақулов қийноқларга қарши кураш тўғрисидаги қонунга асосан судланди.
Қамоқхона ва ҳибсхона шароитлари
Баъзи ҳолларда қамоқ шароитлари озиқ-овқат етишмаслиги, одам тўлиб-тошиб кетгани, жисмоний зўравонлик, оғир санитария шароитлари ва тиббий хизмат сифати пастлиги сабаб оғир бўлди ва ҳаёт учун таҳдид солиб турди.
Жисмоний шароитлар: Қамоқхоналар тўлиб-тошиб кетгани, маҳбусларга шафқатсизларча муносабат, дори-дармоннинг етишмаслиги ҳақидаги хабарлар оддий ҳол бўлди. Умуман олганда, маҳбусларга ичимлик сув ва овқат бериб турилди, бироқ унисининг ҳам, бунисининг ҳам сифати ўта паст эди, кўпинча уларни кўргани борган қариндошлари ҳибсга олинган оила аъзоларига озиқ-овқат ташиб турди. Ўқтин-ўқтин берилган хабарларга кўра, виждон тутқинлари шамоллатилмайдиган камераларда, қишда музлатувчи, ёзда эса 49 даражагача бўлган иссиқ ҳароратда ушлаб турилди; “Жаслиқ” сингари озодликдан маҳрум этиш жойларида камералар иситилмади ёки ҳаво совитилмади. Маҳбусларнинг оила аъзолари жинсий зўравонликка оид воқеалар ҳақида хабар бермади. Сиёсий маҳбуслар озод қилингандан сўнг “Ҳюман Райтс Уотч” ва бошқа ташкилотларга қамоқда бўлганида калтаклангани ва бошқа тарзда қийноққа солингани, жумладан, стресс ҳолатларидан фойдаланилгани ҳақида хабар берди.
Қамоқхона маъмурияти ходимлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) қамоқхоналарда силга чалинганларни даволаш дастури, ОИТВ/ОИТСга чалинганларни даволаш ва касаллик профилактикаси дастурини амалга оширганини хабар қилди. Касаллик назорати ва профиликтикаси марказлари қамоқхоналарга борган ходимлари ушбу тизимда сил касаллигининг юқиш даражаси юқори бўлиб қолаётганини қайд этди. Даволаш режалари яхши бажарилмаётгани сабабли ҳукуматнинг юқумли касалликлар тарқалишини камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижа бермади. Расмийларга кўра, сарғайма – гепатит билан оғриш ҳоллари кўп учрамади, ушбу касалга чалинганлар мавжуд тиббиёт муассасаларида ва амалга оширилаётган дастурларга кўра даволанди. Бундай даволаниш ҳақидаги хабарларни мустақил тасдиқлашнинг иложи бўлмади, чунки ўша муасассаларни бориб кўриш илтимоси тез-тез рад этилиб турди.
Маъмурият: Маҳбуслар ҳақидаги ёзувлар ҳаққонийлиги ҳақида ахборот олишиннг иложи бўлмади. Ҳокимият идоралари кўпинча ашаддий қонунбузар бўлмаган кишиларга нисбатан гаров эвазига озодликка чиқариш, уй қамоғи ва ахлоқ-тузатиш ишларини жиноий жавобгарликнинг муқобили сифатида қўллади. Бундан ташқари, жиноят кодексига кўра, жаримани тўлиқ тўлаган бўлса, судлар уларни қамай олмайди. Ҳукумат одатда, ишлар сиёсатга дахлдор бўлмаса, бундай тақиқларга риоя қилиб келди.
Инсон ҳуқуқи бўйича омбудсмен идораси билан Бош прокуратура маҳбуслар ва жамоатчиликдан тушган шикоятларни тергов қилиши мумкин. Омбудсмен идораси айрим маҳбуслар номидан, жумладан, ашаддий жиноятчи бўлмаган маҳбусларнинг ҳукмини улар содир этган жиноятга мос ҳукмга ўзгартиришга тавсиялар бериши мумкин. Ҳибсга олинган ёки озод этилган жиноятчиларнинг қариндошлари айтишича, омбудсменга қилган шикояти жавобсиз қолган ёки кўриб чиқиш учун ҳукмни чиқарган биринчи инстанция судига юборилган.
Қамоқхона нозирлари маҳбусларнинг оила аъзоларига йилига 2-4 марта 4 соатгача улар билан кўришишга рухсат берган. Диний ёки экстремистик айбловлар билан қамоқда ушлаб турилган маҳбусларнинг қариндошларига улар билан кўришиш ҳуқуқидан фойдаланишга баъзи ҳолларда рад жавоби берилган ёки бундай учрашувлар кечиктирилган. Амалдорлар қамоқ муассасаси турига қараб, йилига 2-3 марта 3 кунгача кўришиш, шунингдек, ётиб қолишга рухсат ҳам берган. Сиёсий маҳбусларнинг оила аъзолари кўпинча амалдорлар кўришиш вақтини ўзбошимчалик билан ортга сургани ёки қисқартирганини хабар қилди.
Ҳукумат маҳбусларнинг истаган динига эътиқод қилиш ёки диндор бўлмасликка ҳаққи борлигини айтади, аммо маҳбуслар кўпинча оила аъзоларига қамоқхона кун тартибига мос келмайдиган диний амалларни бажара олмаганидан шикоят қилди. Бундай амалларга ислом динидаги анъанавий бомдод намози киради. Ҳокимият идоралари маҳбусларга рамазон сингари байрамни нишонлашни, рўза тутишни тақиқлади. Гарчи айрим қамоқхоналар кутубхоналарида Қуръон билан Инжил нусхалари бўлса-да, оила аъзолари ҳокимият идоралари маҳбусларга бундай китоблардан фойдаланишга рухсат бермаганидан шикоят қилди.
Ҳукуматиннг расмий қоидаларига кўра, маҳбусларнинг “диний ибодат ва никоҳдан ўтиш оилавий муносабатларда қатнашиш” ҳуқуқи бор. “Яқин қариндошлар”нинг оила аъзолари саломатлиги ва интизомига оид қайдлар ҳақида қамоқхона нозирларидан ёзма маълумот олишга ҳаққи бор. Оилалар ҳукумат маҳбусларнинг саломатлиги ва қамоқхона ҳисоботлари тўғрисида чекланган маълумот бергани ёки уни яширгани ҳақида хабарлар бериб турди.
Мустақил кузатув: Мустақил кузатувчиларга пенитенциар тизимнинг айрим жойларига, жумладан, дастлабки ҳибсхоналар, аёллар қамоқхоналари ва қамоқ манзилгоҳларига кириш кескин чеклаб қўйилди. ЮНИСЕФ вакиллари мамлакатдаги тўртта балоғатга етмаган қонунбузарлар колониясига доимий тарзда бориб турди. Халқаро Қизил хоч қўмитаси вакиллари 2013 йилдан бери ҳибсдагиларни бориб кўрмади. 2017 йил октябрида БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича маърузачиси Аҳмад Шаҳид энг қаттиқ режимли “Жаслиқ” қамоқхонасини бориб кўрди.
г. Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қамоқда ушлаб туриш
Конституция ва қонунчилик ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва ушлаб туришни тақиқлайди, аммо ҳокимият идоралари бундай амалиётни қўллашни давом эттирди. Йил давомида бир қанча машҳур сиёсий маҳбуслар қамоқдан чиқарилди. Шунга қарамасдан, қамоқхоналардан чиқариш баробарида сиёсий сабабларга кўра ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ҳоллари давом этди.
Милиция ва хавфсизлик аппаратининг роли
Давлат жиноят хатти-ҳаракатларини тергов қилиш ваколатини учта ташкилотга берган. Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) қонун муҳофазаси, тартибни сақлаш ва умумий жиноятларни тергов қилишга масъул бўлган милицияни назорат қилади. Бош прокуратура қотиллик, шунингдек, амалдорларнинг коррупцияси ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш сингари оғир жиноятларни тергов қилади. Тўғридан-тўғри президентга ҳисоб берувчи раис раҳбарлик қиладиган Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) миллий хавфсизлик ва разведка билан шуғулланади, булар қаторига терроризм, коррупция, уюшган жиноятчилик, чегара назорати ва наркотикларга қарши кураш ҳам киради.
Жазодан қутулиб қолиш кенг тарқалган ҳолат бўлди, аммо ҳукумат бунга йўл қўймаслик учун қадамлар қўйди. Ички ишлар вазирлиги инсон ҳуқуқини бузишда айбланган ходимлари ишини тергов қилиб, жазоламоқда. Парламентга бўйсунадиган Инсон ҳуқуқи бўйича омбудсмен ҳам ишларни тергов қилиш ваколатига эга, бироқ унинг бундай ишлар бўйича қарорлари ижроси мажбурий эмас.
Ҳукумат инсон ҳуқуқини бузган амалдорларни жавобгарликка тортиш бўйича қадамлар қўйди. “Озодлик” радиоси Ўзбек хизматининг қонунни қўлловчи манбага асосланиб берган маълумотига кўра, июнда Бухоро вилоятида беш нафар хавфсизлик хизмати ходими қийноққа солганлик ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилганликда айбланиб, узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилинди. Хабар қилинишича, МХХнинг Бухоро вилоятидаги бошқармаси собиқ бошлиғи Рустам Азимов ниҳоясига етган суд маҳкамасида айбдор деб топилиб, 14 йилга кесилди. Азимовнинг 4 нафар шериги, жумладан, МХХ Бухоро вилояти бошқармасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Инам Марупов, МХХ Бухоро вилояти бошқармасининг Ички хавфсизлик бўлиши бошлиғи ўринбосари Азим Юнусов, махсус терговчи Умид Бобомуродов, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ровшан Ражапов айбдор деб топилди ва 16-18 йилга қамалди. Бундан ташқари, Бухородаги ҳибсхонанинг 4 нафар қўриқчиси айни масалаларда айбдор деб топилиб, ҳар бири 18 йиллик қамоққа ҳукм қилинди.
Ҳибсга олиш тартиби ва вақтинча ушлаб турилганларга муносабат
Қонунга биноан, айбланаётган шахслар ёки гумон қилинувчиларни ҳибсга олиш хусусидаги ҳар қандай қарорни судья кўриб чиқиши лозим. Жавобгарлар ҳибсга олинганидан бошлаб юридик маслаҳат олиш ҳуқуқига эга. Шахсий адвокат ёлламайдиган кишилар давлат тайинлаган адвокатлар хизматидан фойдаланиши мумкин. Амалдорлар ҳар доим ҳам адвокат ёллаш ҳуқуқини ҳурмат қилмайди, вақти-вақти билан ушбу ҳуқуқдан фойдаланишдан воз кечиш тўғрисида айбланувчиларни ариза ёзишга мажбур қилади. Ҳокимият идораларининг танлаб қўрқитиши ва адвокатларни ҳимоядан четлаштириши адвокатлар фаолиятига тийиб турувчи таъсир кўрсатди ҳамда сиёсий маҳбусларнинг адвокат ёллашини хавф остига қўйди. Қонунчиликда суддан олдинги қамоққа олиш кўриниши сифатида уй қамоғидан фойдаланишга ҳам рухсат берилади.
Қонунчиликда ҳибсга олинганлар судгача ҳибсда сақланиши ёки озод этилиши масаласи судда кўриб чиқилиши юзасидан сўров беришга рухсат этилади. Ҳокимият идоралари камдан-кам ҳолларда бундай суд мажлиси ўтказилишига рухсат берди. Ҳибсга олувчи ҳокимият идораси бу ҳақда унинг оила аъзоларига хабар қилиш ва уни қўлга олинган вақтдан бошлаб, 24 соат ичида сўроқ қилиб бўлиши талаб этилади. Шикоятларга қараганда, давлат органлари гумон қилинувчиларни оила аъзоларини ёки ўзини ҳибсга олган прокурорларни хабардор қилмай туриб қийнаган.
Гумон қилинувчиларнинг жавоб бермасликка ҳаққи бор ва улар адвокат ёллаш ҳуқуқи борлигидан хабардор қилиниши керак. Расмий айбловни эълон қилмасдан 28 соатгача ушлаб туриш мумкин, лекин прокурор бу муддатни қўшимча 48 соатга чўза олади, ушбу муддатда гумон қилинувчига ё айб қўйилиши, ёки у озод қилиниши керак. Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига кўра, ҳокимият идоралари одатда гумонланувчиларни рухсат этилган вақт тугагандан сўнг ҳам ҳибсда ушлаб турди. Расмий айблов эълон қилингандан сўнг прокурор гумонланувчини суд давом этаётган пайтда маълум гаров пули эвазига (ёки кафилликка ўтаётган жисмоний шахс ёки ташкилотнинг кафолати бўйича) озод қилиш ёки суддан олдинги ҳибсда ушлаб туриш ёки уй қамоғида сақлаш бўйича қарор чиқаради. Ҳибсга олиш бўйича тинглов ўтказаётган судьяга тинглов вақтида судьялар панелида ўтиришга рухсат этилади.
Қонунчиликда ҳибсга олинган кишининг илтимосига кўра, қамоқхонада у билан Инсон ҳуқуқи бўйича омбудсмен вакилининг учрашувини ташкил этиш кўзда тутилган. Амалдорлар ҳибсга олинганларга Омбудсмен идораси ва Бош прокуратурага қамоқхоналардан махфий шикоятлар юборишга рухсат этди.
Ҳокимият идоралари айблов эълон қилгандан сўнг гумонланувчилар тергов жараёнида уч ойгача дастлабки қамоқда ушлаб турилиши мумкин. Қонун тегишли прокурорнинг илтимосномаси билан тегишли суднинг қарорига кўра тергов муддатини бир йилгача чўзиши ёки прокурор маҳбусни суд бўлиши кутиб турилган пайтда маълум гаров пули эвазига озод қилиши мумкин. Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига кўра, давлат ҳокимияти идоралари кўпинча ушбу ҳуқуқий ҳимояни писанд қилмади. Ҳибсга олинган ва жиноятда айбланаётган кишилар “яхши хулқ-атвор”ли бўлишга, судга келишга кафолат берган тақдирда судга қадар гаровга ҳеч нарса тикмасдан ҳам озод этилиши мумкин.
Фармонда барча адвокатларнинг қайта лицензия олиш учун кенг қамровли имтиҳондан ўтиши талаб этилади. Ўтган йиллар давомида инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва мустақил журналистлар номидан судда қатнашган бир қанча тажрибали ва билимдон адвокатлар қайта лицензия олиш учун имтиҳондан ўта олмай ёки Адлия вазирлиги назоратида бўлган адвокатлар ассоциациясидан профессионал ахлоқ меъёрларини бузган деган иддао билан юборилган хат асосида лицензиясидан айрилди. Оқибатда бир қанча фаоллар ва судланувчилар номидан иш кўрувчи адвокат топа олмай қийналди.
Июлда Самарқанд вилоятнинг жиноят ишлари бўйича суди вилоят прокуратурасининг талабига биноан, хизмат ваколатини суиистеъмол қилган, қийноққа солган ва бошқа шафқатсиз муносабатда бўлган Каттақўрғон тумани милиция ходими Санъат Умаровни қамоққа олиш тўғрисидаги талабини кўриб чиқди ва қўллаб-қувватлади. Умаров бошқалар билан бирга ўғирликда гумонланиб, ҳибсга олинган аёлни қип яланғоч ечинишга мажбур қилганликда гумон қилинган эди. Ички ишлар вазирлиги Умаровни ишдан бўшатганини ва ҳуқуқни қўлловчи органларда умумий “тозалаш” ўтказишини эълон қилди. Омбудсмен Улуғбек Муҳаммадиев ушбу кўнгилсиз ҳолатни “аёл ва онага нисбатан ғайриинсоний ва қадр-қимматни ерга урувчи чидаб бўлмас муносабат” деб атаб, уни “жамоатчилик қоралаши ва қонунга кўра жазоланиши керак”, деди.
Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш: Ҳокимият идоралари экстремизм кайфиятидаги ёки тақиқланган диний ташкилотларда фаолият кўрсатишда ёки алоқаси борликда гумон қилинган кишиларни ўзбошимчалик билан қамоққа ёки ҳибсга олишни давом эттирди. Маҳаллий инсон ҳуқуқи фаоллари хабар қилишича, милиция ва махфий хизмат ходимлари рўйхатдан ўтган ва тақиқланган диний ташкилотлар аъзоларининг қариндошлари ва шерикларини тез-тез ҳибсга олди ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлди. Мажбурлаб иқрор қилиш ва гувоҳлик бердириш оддий ҳолга айланиб қолгани айтилди.
2017 йил июнида ҳукумат диний жиноятлар ёки режимга қарши жиноятларда айбланган кишиларнинг исми киритилган профилактика кузатув бўйича назорат рўйхатидан фойдаланишдан воз кеча бошлади. Ҳокимият идоралари исми назорат рўйхатига тиркалган кишиларни сўроқ бериш учун милицияга келиб туришга мажбурлади, уларга паспорт ва чиқиш визалари беришни рад қилди, айрим ҳолларда смартфон сотиб олиб фойдаланишни тақиқлади. Ҳукумат қонунбузарларни “қора рўйхат”дан ҳукумат комиссияси жамиятга қайта қўшилиб кетишига ишонч ҳосил қилгандан сўнг чиқаришини айтиб келади. Ҳукуматга кўра, 2017 йилдан бери назорат рўйхатидан 16 мингдан ошиқ киши чиқарилди.
2017 йили президент Мирзиёев диний экстремизмда айбланиб қамалган кишиларнинг қамоқхона ҳужжатларини қайта кўриб чиқадиган комиссия тузиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Президент комиссия берган хулосаларга асосланиб, 2017 йилдан бери 3000 дан ошиқ маҳбусни афв этди. Мирзиёев йил мобайнида “адашиб тақиқланган ташкилотларга кириб қолган” кишиларнинг илтимосини кўриб чиқадиган бошқа бир комиссия тузиш ҳақида фармон қабул қилди. Ушбу комиссиянинг фуқароларни ҳар қандай жиноий жавобгарликдан озод қилиш ҳуқуқи бор.
Вазирлар Маҳкамаси 22 мартда қабул қилган қарорга кўра, “Тоштурма” ҳибсхонаси ёпилди. Расман 1-ҳибсхона сифатида танилган “Тоштурма” мамлакатдаги 1891 йили қурилган энг эски қамоқ муассасаси эди. Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари берган маълумотга кўра, у эскириб кетган ва шароити талабларга жавоб бермаган. Январда унинг маҳбуслари пойтахт ташқарисидаги Зангиота туманида қурилган янги қамоқхонага кўчирилди.
Суддан олдин ҳибсда ушлаб туриш: одатда, прокурорлар жиноят судловининг аксарият жиҳатлари, жумладан, судгача ҳибсда сақлашга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлади. Маҳбуслар қонунда бундай ҳуқуқ белгилаб қўйилганига қарамай, судгача ҳибсда ушлаб туриш узунлиги ва қонунийлиги судда муҳокама қилинишига эриша олмади. Гарчи ҳокимият идоралари айблов эълон қилмаган бўлса ҳам, милиция билан прокуратура ходимлари одамларни ҳибсда ушлаб туриш узунлиги билан боғлиқ чекловлардан қочиш учун уларни гумонланувчи эмас, гувоҳ сифатида ушлаб туришга ҳаракат қилди. Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари қайд этишича, хавфсизлик ходимлари расман айблов эълон қилмай ёки суд тинглови ўтказмай, одамларни судгача бўлган ҳибсхоналарда 1 ойдан 3 ойгача ушлаб турганига оид нохуш ҳолатлар юз берган. Ҳукумат судгача бўлган ҳибсхоналарда ушлаб турилган кишиларнинг сони ҳақида маълумот бермади.
Маҳбусларнинг ҳибсга олиш қонунийлигини судда кўриб чиқишга эришиш имконияти: Қонунчиликка кўра, маҳбуслар ёки собиқ маҳбуслар ўзларининг ҳибсга олиниши қонунийлигини судда судда кўриб чиқишга эриша олади. Жамоатчилик ариза берувчининг илтимоси билан апелляция бериши мумкин. Янги исботлар камдан-кам ҳолларда тингланади. Умуман олганда, апелляция судлари олдинги суд баённомаларини кўриб чиқади ҳамда ариза берувчилардан баённомага киритиш учун айбсиз ёки айбдор эканини кўрсатишни сўрайди. Апелляция шикоятлари камдан-кам ҳолларда судларнинг илк қарорини бекор қилиш билан тугайди.
Амнистия – афв этиш: Ҳокимият идоралари ҳар йили диний экстремизм ёки сиёсий сабабларга кўра қамалган кишиларга амнистия эълон қилади ва уларни қамоқда озод этади. Масалан, февралда товламачиликда айбланиб, саккиз йил қамоқда ўтирган журналист Дилмурод Саидов озодликка чиқарилди. Бундан ташқари, мартда фуқаролик жамияти фаоли Ғайбулло Жалилов қамоқдан бўшатилди. 2009 йилда хавфсизлик билан боғлиқ айбловлар ва давлат рўйхатидан ўтмаган диний ташкилотга аъзолиги сабаб кесилган Жалилов доимий тарзда айбсизлигини айтиб келди. 2013 йили БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва ушлаб туришга қарши курашувчи ишчи гуруҳи Жалиловни озод қилишга даъват этди. Мартда яна журналист Ғайрат Михлибоев, фаоллар Йўлдош Расулов, Чўян Маматқулов ва Қудрат Расулов ҳам озод этилди. Йил давомида 16 дан ошиқ виждон тутқини эркинликка чиқди. Майда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси мамлакат қамоқхоналарида 20 йилдан кўпроқ вақтдан бери илк марта бирорта ҳам журналист қолмагани ҳақида хабар берди. “Ҳюман Райтс Уотч” ташкилоти маълумотига кўра, 2016 йил сентябридан бери Ўзбекистон ҳокимият идоралари сиёсий сабаблар билан қамалган 40 қа яқин кишини озод қилди.
д. Одил ва очиқ судловни рад этиш
Гарчи Конституцияда мустақил суд ҳокимияти белгилаб қўйилган бўлса-да, суд тармоғи мустақил ва адолатли иш юрита олмаган ҳолатлар рўй берди. Гарчи Конституцияда суд тармоғи мустақиллиги белгилаб қўйилган бўлса-да, суд тармоғи вакиллари Бош прокуратура ёки бошқа ҳуқуқни қўлловчи идоралари истаган тарзда ҳукм чиқарди. Бу кўпчилик ҳолларда судьяларнинг етишмаслиги ва кўриб чиқилаётган ишлар кўпайиб кетгани билан изоҳланади, ҳукумат муаммони ҳуқуқшуносликни ўрганаётган талабалар сонини ошириш билан ҳал этиш сари қадам ташлади.
Ўзгартирилган ва 2017 апрелида кучга кирган 63-, 631 ва 632-моддаларга кўра, судьяларни янгитдан ташкил этилган Олий судьялар кенгаши тайинлайди, сўнгра уларни Сенат тасдиқлаши керак. “Умрбўйи” тайинланиш имкони пайдо бўлди, “мавжуд тартибга кўра, судья дастлаб 5 йилга, доимий 10 йилга ва шундан сўнг номаълум муддатга тайинланади ёки сайланади”.
Ишларни судда кўриб чиқиш тартиби
Жиноят кодексида айбсизлик презумпцияси белгилаб қўйилган. Аксарият суд муҳокамалари жамоатчилик учун расман очиқ, лекин амалда баъзи чекловлар ҳам бўлиб турди. Судьялар суд маҳкамаларини давлат сири билан боғлиқ ёки жабрдийда ва гувоҳларни ҳимоя қилишга эҳтиёж туғилиши сингари истисно ҳолатларда ёпиб қўйиши мумкин. Судлар кўпинча халқаро кузатувчиларни судга ўз маҳкамасини кузатиб туришга Олий Суд ёки суд раисидан ёзма рухсат олмасдан қўйди, бироқ судьялар ёки бошқа амалдорлар суд мажлисларини, ҳатто уларда фуқаролик ишлари кўрилаётган бўлса ҳам, кузатувчилар учун ўзбошимчалик билан ёпиб қўйди. Ҳокимият идоралари кўпинча суд мажлисларини улар бошланишидан бир ёки икки кун илгари эълон қилди ва тингловлар кўпинча қолдирилди.
Суд маҳкамаларига аксарият ҳолларда бир нафар профессионал судья ва иш жамоалари қўмиталари ёки маҳалла қўмиталари сайлаб қўйган икки нафар профессионал бўлмаган суд маслаҳатчисидан иборат коллегия раислик қилди. Маслаҳатчилар жуда кам гапирди, профессионал судья эса кўпинча процессуал масалалар ва ҳукм чиқариш борасида прокурорнинг тавсияларига бўйсунди.
Айбланувчилар суд маҳкамаларида иштирок этиш, гувоҳлар билан юзлашиш ва исботлар келтириш ҳуқуқига эга, аммо судьялар ҳимоя тарафининг қўшимча гувоҳлар чақириш ёки айбланувчини қўллаб-қувватловчи далилларни суд баённомасига киритиш тўғрисидаги илтимосини рад этди. Гарчи судга етказилган жиноят ишларининг аксарияти айблов ҳукми чиқарилишига сабаб бўлган бўлса-да, оқловчи ҳукмлар сони ошди. 2011 йилдан 2016 йилга қадар Олий Судга берган маълумотда фақат еттита оқлаш ҳолати қайд этилган эди. 2017 йилда эса 59 135 та жиноят суди ишидан 162 та оқлов ҳукми чиқарилди. Сентябрь ойининг ўзида эса мамлакат судлари 569 кишини оқлади. Жиноят судлови соҳасидаги ислоҳотлар сабабли кейинги йилларда оқлашлар сони ортди. Бунга судларда ишларни кўриб чиқиш тартибларининг шаффофлиги, ҳимоячиларнинг айбловларни исботловчи ҳужжатлар билан кўпроқ танишаётгани сабаб бўлмоқда.
Айбланувчиларнинг адвокат ёллаш ҳуқуқи бор, бироқ айрим инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоллари ҳуқуқий ҳимоя топишда қийинчиликларга дуч келди. Керак бўлиб қолганда давлат ҳеч бир харажатсиз адвокат ва оғзаки таржимон билан билан таъминлади. Ишончли хабарларга қараганда, давлат тайинлаган адвокатлар ўз мижозлари эмас, давлат манфаатини кўзлаб иш юритди, чунки улар яшаш учун маблағ топишда давлатга боғлиқ ва ўзи ҳам айбланиб қолишдан қўрқади.
Қонунга кўра, прокурор ҳибсга олиш ордерини беришни суддан илтимос қилиши керак, лекин суд бундай илтимосни рад этган ҳолатлар жуда кам бўлди. Прокурорлар ҳибсга олиш ордерини олгандан сўнг катта ҳокимиятга эга бўлади; улар тергов ишларини бошқаради, жиноят ишларини тайёрлайди ва ҳукм чиқаришга тавсиялар беради, суд қарорлари, жумладан, ҳукмлар устидан апелляция бериши мумкин. Гумон қилинувчи шахсни унга айблов эълон қилингандан сўнг гаровга тикилган пул эвазига озод қилиш ёки судгача бўлган даврда ҳибсхонада ушлаб туришни прокурор ҳал қилади. Гарчи жиноят кодексида айбсизлик презумпцияси белгилаб қўйилган бўлса-да, кўпчилик ҳолларда прокурорнинг тавсиялари устунлик қилади. Мабодо судья белгилаган жазо қораловчининг тавсиясига мос келмай қолса, прокурор ушбу жазодан норози бўлиб, ундан юқори босқичда турган судга шикоят аризаси бериши мумкин. Судьялар кўпинча ҳукмини қонунбузарлик, оила аъзоларига таҳдид қилиш ва мажбурлашнинг бошқа усуллари билан қўлга киритилган айбга иқрор бўлиш ва шоҳидлик беришга таяниб чиқарди. Бу диний экстремизм билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда кўп учради. Адвокатлар баъзан судьяларни иқрорни бекор қилиш ва қийноқ қўллангани хусусидаги иддаоларни тергов қилишга даъват этиши мумкин, шундай қилди ҳам.
Президентнинг 2017 декабридаги қийнаш йўли билан олинган кўргазмалардан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги фармонига амал қилган судьялар қийноқлар ҳақидаги иддаоларга кўпроқ эътибор қила бошлади. Олдин наркоманликда айбланиб, беш йилга кесилган бизнесмен Жаҳонгир Умаров қамоқдан озод этилди. Бунга унинг суд мажлисларида хавфсизлик хизмати ходимлари сохта иқрорлик олиш учун қийноққа солганини айтгани сабаб бўлди. Суд экспертизаси жисмоний зўравонлик оқибатида унинг қобирғаси синганини аниқлади.
Сентябрда ҳукумат суд мажлисларини жонли эфирга узатиш тартибини жорий қилди. Онлайн трансляция хизматлари суд мажлисларини ўзбек ва рус тилларида реал вақтда кузатиб бориш имконини беради. Бу имкониятдан мобил телефон эгалари ҳам фойдаланиши мумкин. Бир жиноят учун икки марта жавобгарликка тортишга қарши ҳуқуқий ҳимоя қўлланилмади.
Қонун барча айбланувчиларга суд ҳукми устидан шикоят қилиш ҳуқуқини беради, бироқ бундай шикоятлар камдан-кам ҳолларда жазони бекор қилиш билан якун топди. Бироқ баъзи ҳолларда шикоятлар жазо муддати қисқартирилиши ёки жазони ортга суришга сабаб бўлди.
Сиёсий маҳбуслар ва вақтинча ушлаб турилганлар
Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқи ҳимояси ташкилотлари ҳисоб-китобига кўра, ҳокимият идоралари юзлаб маҳбусларни сиёсий сабабларга кўра қамоқда ушлаб турди. Ҳукумат Тошкентдаги “Эзгулик” мустақил инсон ҳуқуқи ҳимояси ташкилоти сингари инсон ҳуқуқи ёки гуманитар ташкилотларга камдан-кам ҳолларда бундай кишилар билан учрашишга рухсат беради. “Ҳюман Райтс Уотч” ва Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, Ўзбекистон йил давомида виждон тутқинларини қамоқдан чиқаришни давом эттирди. Натижада сўнгги 20 йилдан кўпроқ вақт мобайнида илк марта қамоқда бирорта ҳам журналист ёки фуқаролик жамияти фаоли қолмади. “Ҳюман Райтс Уотч” ташкилоти маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳокимият идоралари 2016 йил сентябридан бери сиёсий айбловлар билан қамалган 40 қа яқин маҳбусни озод қилди; бироқ бошқа кўпчилик маҳбуслар ҳамон қамоқда қолмоқда. Сиёсий маҳбусларнинг бор сонини аниқлаш имкони бўлмади.
Кўплаб собиқ сиёсий маҳбусларнинг айтишича, ҳукумат маҳбуслар муддатидан олдин озод қилинаётганда, уларга моддий ёрдам бермоқда. Бундай ёрдамга маҳбуснинг уйига етиб олиши учун йўл пули, касаллик нафақаси, мамлакатда шахсни аниқлашлашнинг асосий ҳужжати – паспорт бериш киради. Қамоқдан бўшатилган маҳбуслар нима учун муддатидан олдин озод қилинаётгани тушуниши тўғрисидаги ҳужжатни имзолайди. Бу одатда бир йилгача чет элга чиқиши тақиқланишидан иборат бўлади. Бир қанча собиқ маҳбусларнинг айтишича, ҳокимият идоралари муддатидан олдин қамоқдан чиқаётгани учун уларга жарима солган. Тўлов шартларини бажара олмаслик муддатидан олдин қамоқдан озод қилиш бекор қилинишига сабаб бўлади. Масалан, бир собиқ маҳбусдан қамоқдан чиққандан сўнг 18 ой давомида маошининг 20 фоизини давлатга тўлаб туриш талаб қилингани хабар қилинди.
“Ҳюман Райтс Уотч” ташкилотининг хабар қилишича, “гарчи ўзбек ҳокимият идоралари баъзи сиёсий маҳбусларни озод этган ва бошқаларини эртароқ қўйиб юборган бўлса-да, баъзи ҳолларда бундай маҳсублар ўзларига қўйилган ноқонуний айбларга қарши апелляция бериш учун етарли маълумотларни ола билмаган”. 2016 йил ноябрида 23 йиллик қамоқдан озод этилган собиқ депутат Самандар Қўқонов май ойида Тошкент вилояти судига ўзига қўйилган жиноят айбловини қайта кўриб чиқиш тўғрисида апелляция шикояти киритди. Инсон ҳуқуқи ташкилотлари унинг қамалишига тинч мухолифлик фаолияти билан шуғуллангани сабаб бўлганини айтган эди. “Ҳюман Райтс Уотч” ташкилотига кўра, сентябрда Қўқонов суддан хат олган. Унда айтилишича, Қўқоновнинг “жиноят иши бўйича ҳужжатлар”ни Тошкент вилояти давлат архиви апрель ойида “ўрнатилган тартиб бўйича йўқ қилган” ва шу сабабли унинг “тўлиқ оқлаш” тўғрисидаги илтимосларини қайта кўриб чиқишнинг иложи йўқ.
Фуқаролик ва суд ишларини юргизиш ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилиш воситалари
Фуқаролар амалдорлар – бунга терговчилар, прокурорлар ва судьялар кирмайди – инсон ҳуқуқларини бузди деб ҳисоблаган ҳолларда фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво билан мурожаат қилиши мумкин. Судьяларга берилган поралар фуқаролик судлари қарорларига таъсир кўрсатгани хусусида хабарлар олинди.
е. Шахсий ҳаёт, оила, уй ва ёзишмаларга ўзбошимчалик билан ёки ноқонуний аралашув
Гарчи Конституция ва қонунчилик шахсий ҳаёт, оила, уй ва ёзишмаларга ўзбошимчалик билан ёки ноқонуний аралашувни тақиқласа-да, давлат органлари ушбу тақиқларни ҳурмат қилмади. Қонун электрон кузатув олиб бориш учун тинтув ордерини прокурорлар маъқуллашини талаб қилади, лекин бундай ордерларни судда кўриб чиқиш борасида ҳеч қандай тартиб-қоида йўқ.
Олинган хабарларга қараганда, милиция ва хавфсизлик ходимлари инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоллари ва диний ташкилотлар аъзоларининг уйларига бундай ордерларсиз кирган. Норвегиянинг дин эркинлиги, баптистлар, протестантлар, Иегова шоҳидлари ва бошқа камсонли ибодатни хусусий уйларда ташкил қиладиган черковлар ҳақида ҳисобот тайёрлайдиган “Форум 18” нодавлат ташкилоти қуролланган хавфсизлик ходимлари ибодат маросимларига рейд уюштиргани ҳамда ноқонуний деб ҳисобланган ибодат маросимларини ўтказгани учун черков аъзоларини ҳисбга олгани ва жаримага тортгани ҳақида хабар тарқатди. Бундай нохуш ҳолатлар февралда Фарғонада, июлда Қорақалпоғистонда ва августда Чустда рўй берди. Баптистлар туғилган кун сингари муҳим воқеаларни нишонлаш учун йиғилган пайтда ҳам ҳокимият идоралари вакиллари уйларга бостириб кирганини хабар қилди. Яна улар жамоат олдида Инжил ўқиётган пайт ҳам таъқиб ва аралашувга учраганини айтди.
Инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоллари ва сиёсий мухолифат вакиллари хавфсизлик идоралари уларнинг телефон қўнғироқлари ва қилаётган ишларини махфий тарзда кузатганини тахмин қилди.
Ҳукумат, тахминан, 12 мингта маҳалла қўмитасидан потенциал “экстремистлар” ҳақида маълумот берувчи манба сифатида фойдаланишини давом эттирди. Қўмиталар турли-туман ижтимоий қўллаб-қувватлаш вазифаларини бажарди, лекин улар маҳаллий жамият, ҳукумат ва қонунни қўллаш идоралари ўртасида ахборот берувчи бўғин ҳам бўлди. Қишлоқ жойларидаги маҳаллалар шаҳарлардагидан кўра кўпроқ таъсир кучига эга эди.
2-бўлим. Фуқаро эркинликларини ҳурмат қилиш, бунга қуйидагилар ҳам киради:
ф. Сўз эркинлиги, жумладан, матубот эркинлиги
Конституция ва қонунчиликда сўз, жумладан, матбуот эркинлиги кўзда тутилган, лекин ҳукумат ушбу ҳуқуқларни ҳам онлайн, ҳам офлайн оммавий ахборот воситаларида (ОАВ) чеклаб қўйди.
Сўз эркинлиги: Ҳукумат кишиларнинг ҳукуматни танқид ёки жамоатчиликни қизиқтирадиган масалаларни муҳокама қилишини расмий ва норасмий йўллар билан чеклайди.
Қонунчилик президентни танқид қилишни чеклайди, президентни жамоатчилик олдида ҳақорат қилиш беш йиллик қамоқ билан жазоланадиган жиноят ҳисобланади. Қонунчилик, айниқса, диний зиддият ва этник ихтилофларга ёки конституцион тузумни обрўсизлантириш ва ёки ағдариб ташлашга ундовчи мақолаларни тақиқлайди.
Матбуот ва ОАВ эркинлиги: Мустақил ОАВ эркин фаолият кўрсата олмади, чунки ОАВнинг воқеаларни ёритиши устидан кенг қамровли назорат ўрнатган. Барча: чет эл ва маҳаллий ОАВ давлат рўйхатидан ўтиши, муассиси, бош муҳаррири ва ходимлари исмини бериши керак. Ёзма ОАВ чоп этилган нусхаларини ҳукуматга етказиши лозим. Қонунда барча хорижий ва ички оммавий ахборот ташкилотларининг ўз ахбороти аниқлиги учун жавобгарлиги белгиланган, унда чет эллик журналистларнинг мамлакатда расмий аккредитациядан ўтмай туриб ишлаши тақиқланади ва чет эл ахборот воситалари ҳам Ўзбекистоннинг ОАВ тўғрисидаги қонунчилигига бўйсуниши талаб қилинади. Ҳукумат аккредитация билан боғлиқ қоидалардан чет эллик журналистлар ва ахборот воситаларининг мамлакатда ишлаш имкониятини рад этиш учун фойдаланди. Лекин шунга қарамасдан, йил давомида чет эл ҳукумати ҳомийлик қиладиган ахборот агентлиги мухбири аккредитация олди ва давлатнинг асосий ахборот агентлиги ЎзА билан ҳамкорлик қилди. Бундан ташқари, чет элда жойлашган Eurasianet хабарлар вебсайти ҳам аккредитация олди.
“Ахборот технологиялари тўғрисида”ги қонунга 2014 йили киритилган ўзгартиришга кўра, блоггерлар ўзлари интернетга қўяётган хабарлари аниқлиги учун жавобгардир, уларга туҳмат деб қараладиган ва шахснинг “обрўси ва қадр-қиммати”ни ерга урадиган постлар қўйиш тақиқланади.
Чекловлар яна ижтимоий тартибсизликларга даъват қилиш, конституцион тузумга тажовуз, порнография материаллари жойлаштириш ва давлат сирини ошкор қилиш, “давлатга таҳдид” қилиш ҳамда “қонунчиликка кўра, жиноий ва бошқа жавобгарликка тортиладиган бошқа фаолият турлари”ни истисно қилади.
Ҳукумат диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм, шунингдек, миллатлараро ва динлараро ихтилоф келтириб чиқаришга уринишни рағбатлантиришни тақиқлади.
Июнда Олий Мажлис “Экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Қонунда шахс хавфсизлиги, жамият ва давлатни ҳимоялаш, конституцион тузум ва мамлакат яхлитлигини сақлаб қолиш, тинчликни асраш ва фуқаролар орасида миллатлараро ва динлараро уйғунликни таъминлаш мақсад қилиб олинган. Унда терроризмга қарши кураш ва экстремистлик билан шуғулланганлик учун жавобгарликнинг асосий тушунчалари, принциплари ва йўналишлари белгилаб берилган. Фуқаролик жамияти гуруҳлари қонунда экстремизмнинг таърифи бунчалик кенг қамровли эканидан хавотир билдирди.
Давлат назоратидаги газеталар ҳукуматнинг қарашларини акс эттирди. Ҳукуматга қарашли асосий газеталар халқаро хабарларни танлаб чоп қилди. Давлат хорижлик шериклар ҳиссаси 30 фоиздан юқори бўлган юридик шахсларга ОАВ ташкил этишни ман қилади.
Ҳукумат тиражи кам ҳамда реклама, гороскоп, шунга ўхшаш материаллар, баъзан мустақил маҳаллий хабарлар, шу жумладан, онда-сонда ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини танқид қилувчи мақолалар чоп этадиган бир қанча хусусий газеталарни нашр қилишга рухсат берди. Айрим ҳукумат назоратидаги босма ОАВ маҳаллий ҳокимият идоралари очиқча танқид қилинган мақолалар чоп қила бошлади.
Мустақил деб тахмин қилинган бир қанча вебсайтлар доимий тарзда ҳукумат нуқтаи назарини ёритди. Лекин йил давомида матбуот ва ахборот ташкилотлари турли қарашлар ва хабарлар, жумладан, собиқ президент Каримов даврида юритилган сиёсат танқидини ҳам чоп қила ва эфирга узата бошлади. 2017 йил июлида ҳукумат ўзбек, рус ва инглиз тилларида жорий ишларни ёритиб хабарлар тайёрлайдиган 24 соатли “Ўзбекистон” ахборот телеканалини ишга туширди. Канал ходимлари мамлакатга ташриф буюрган юксак лавозимли амалдорлардан интервьюлар олди.
Зўравонлик ва таъқиб: Милиция ва хавфсизлик хизматлари матбуот ва теле- ва радиожурналистларни ҳибсга олди, таъқиб қилди, қўрқитди, шунингдек, фаолиятига бюрократик тўсиқлар қўйди. Блоггер Акром Малик 2016 йили тақиқланган “Ўзбекистон халқ ҳаракати”ни қўллаб-қувватлаганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди ва январь ойида судланиб, 6 йилга кесилди.
Цензура ва мазмун чеклови: Давлатга қарашли ОАВ ташкилотларининг журналистлари ва таҳририятлариннг етакчи ходимлари айтишича, айрим раҳбарлар цензура билан ҳам шуғулланди. Кўпчилик ҳолатларда ҳукумат айрим кишиларни муайян ОАВнинг бош цензори вазифасини бажариш мақсадида бош муҳаррир этиб тайинлади. Kommersant.uz ва Nuz.uz онлайн нашрлари ҳукуматни мўътадил танқид қилиш йўлидан бориб, электр қуввати таъминотидаги узилишлар, валюта, савдо ва қора бозорга оид мавзуларда танқидий мақолалар чоп қилди. Бундан ташқари, “Адабиёт газетаси” “қора рўйхат”даги муаллифларнинг шу пайтгача ҳеч қаерда чоп этилмаган мақолаларини чиқарди. Июлда хусусий Kun.uz хабарлар вебсайти ахборот ва коммуникация вазирининг қариндошини танқид қилувчи мақолани чоп қилгандан сўнг бир неча ҳафта блоклаб қўйилди. Сентябрда хусусий Gazeta.uz хабарлар вебсайти ҳукуматнинг Орол денгизига оид сиёсатини танқид қилган мақола босгач, бир неча ҳафта блоклаб қўйилди.
Кўпинча ҳукумат газеталари ёки хусусий газеталарнинг мақолалари мазмуни ўртасидаги фарқ жуда кам бўлди. Журналистлар мустақил суриштирув мақолаларини кам ёзди. Газеталардаги танқидий мақолалар сони ва таъсир қамрови озлигича қолди. Лекин қўлма-қўл ўқилаётган сариқ матбуот ҳукумат сиёсатини енгилгина танқид қилган мақолалар чоп этди ҳамда ҳукумат нозик деб ҳисоблаган одам савдоси сингари баъзи масалаларни муҳокама қилди.
2017 йил апрелида ишга туширилган “Халқаро пресс-клуб” юксак лавозимни амалдорлардан интервьюлар олишни давом эттирди ҳамда у журналистлар билан ҳукумат ўртасидаги мулоқот майдонига айланди.
Туҳмат/обрўни тўкишга қарши кураш тўғрисидаги қонунлар: Жиноят ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда туҳмат ва обрўни тўкканлик учун кўп миқдорда жарима белгиланган. Ҳукумат президент ёки ҳукуматни танқид қилган журналистлар, инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоллари ва бошқаларни жазолаш учун туҳмат, обрўни тўкиш ва бадном қилиш айбловларидан фойдаланди.
Интернет эркинлиги
Ҳукумат одатда интернет, жумладан, ижтимоий тармоқ сайтларига киришга рухсат берди. Интернет хизмати кўрсатувчи провайдерлар – ҳукуматнинг талаби билан деган тахминлар бор – Fergananews.com, Ozodlik.org ва Asiaterra.info вебсайтлар ёки вебсайтларнинг маълум саҳифаларига киришни доимий тарзда тўсиб турди. Ҳукумат мухолифатдаги сиёсий партиялар юритаётган бир қанча ички ва халқаро ахборот вебсайтларини блоклаб қўйди. Сентябрдан бери Facebook, YouTube, Vkontakte ижтимоий тармоқлари вақти-вақти билан блоклаб турилди, бироқ фойдаланувчилар уларга Virtual Presence Networks (Виртуал ҳозирлик тармоқлари) орқали кириб турди. ННТлар хабар қилишича, “Эмнести Интернэшнл”, “Ҳюман Райтс Уотч” ва “Чегарасиз репортёрлар” сингари халқаро инсон ҳуқуқи ҳимояси вебсайтлари блокланган турди.
“ОАВ тўғрисида”ги қонунда вебсайтлар ахборот воситалари деб белгиланган, улардан давлат рўйхатидан ўтиш, муассиси, бош муҳаррири ва таҳририят ходимлари исмларини кўрсатиш талаб этилади.
Давлат статистикасига кўра, мамлакат аҳолисининг, тахминан, 60 фоизи интернетдан фойдаланди. Норасмий ҳисоб-китоблар, хусусан, мобил алоқа қурилмалари орқали интернетга кирувчилар сони бундан кўплигини кўрсатди. Фойдаланувчилар мобил телефонлари орқали ишлатадиган “Телеграм” ижтимоий тармоқ илова дастури жуда машҳур бўлиб кетди. Бир қанча фаол онлайн форумлар рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга изоҳ киритиш ва бир қатор ижтимоий муаммоларга оид муҳокамаларни ўқишга рухсат берди. Ушбу форумларда қатнашиш учун фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун жисмоний шахслар кимлигини аниқлаш мумкин бўлган маълумотларни киритиши шарт. Гарчи “Ахборот технологиялари тўғрисида”ги қонуннинг моддаларида интернет-кафелар эгаларидан мижозларнинг қайси браузерлардан фойдаланиб, қайси сайтларга киргани ҳақидаги маълумотларни қайд этиб бориш талаб қилинса-да, ҳукумат ушбу маълумотларни йиғиб боришга ҳаракат қилган ёки қилмагани аниқ эмас.
Бир фармонга кўра, “.uz” доменидан жой олмоқчи бўлаётган барча вебсайтлардан ҳукуматнинг Матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Фармон фақат ҳукумат тасарруфидаги ва назоратидаги вебсайтларга тааллуқли бўлди. Мухолифат вебсайтлари ва халқаро ННТлар ёки ОАВ юритаётган вебсайтлар мамлакат ташқарисидан домен номлари олишга мойил бўлди.
Сентябрда ҳукумат вебсайтларга киришни чеклашнинг “тақиқланган ахборот” деган янги тартибларини жорий қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати Телеграм ижтимоий тармоғидаги каналида хабар қилди. Ушбу қоидаларга кўра, вебсайт ёки блог конституцион тузумни ағдариб ташлаш, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига путур етказишга даъват қилса; уруш, зўравонлик ва терроризм ғояларини тарқатса; қонунчилик билан ҳимояланган давлат сирларини ошкор қилса; миллий, этник ва диний адоват қўзғатувчи ахборот, порнография материалларини тарқатса ёки наркотикларни тарғиб қилса, блокланиши мумкин. Вазирлик маълум қилишича, ҳукуматнинг вебсайт ёки блогларни суд қарорисиз ҳам блоклаш ваколати бор.
Август ва сентябрда ҳокимият идоралари 4 нафар онлайн муаллифлар Адҳам Олимов, Зиёвуддин Раҳмон, Отабек Усмонов ва Миразиз Аҳмедовни қамоққа олди. Бунга уларнинг блогларидаги диний қарашлари сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Олимов Фейсбукдаги Мусанниф Адҳам тахаллуси билан қўйган постларида ҳукуматнинг ислом дини ҳақидаги сиёсатини танқид қилди. Қариндошларининг айтишича, милиция ходимлари уни 28 август куни кечқурун ҳибсга олди. Тошкентдаги квартирасида ҳибсга олинишидан аввал огоҳлантирмасдан туриб тинтув ўтказилган. Милиция мусодара қилган нарсалар ичида мобил алоқа телефонлари, ноутбук, компьютер, иккита ташқи диск, араб тилидаги китоблар ва луғатлар борлиги айтилди. Тошкент шаҳар прокуратураси Олимовнинг оиласига у милиция органларига бўйсунмагани учун 15 кунга қамалганини маълум қилди. Яна у 191 500 сўмлик (23 доллар) жаримага тортилди. Дастлаб блоггерларга судгача бўлган ҳибсхонада адвокат олишга рухсат этилмади. Барча блоггерлар сентябрда қўйиб юборилди.
Академик эркинликлар ва маданий тадбирлар
Ҳукумат академик эркинликлар ва маданий тадбирларни чеклашда давом этди. Сентябрда миллий кутубхонада миллатнинг машҳур шоири Рауф Парфини хотирлашга бағишланган тадбирни бекор қилишга буйруқ берилди. Давлат идоралари вақти-вақти билан департамент бошлиғидан университетларда ўқилаётган лекцияларни тасдиқлаб беришни талаб қилиб турди ва университет ўқитувчилари кўпчилик ҳолларда ўз-ўзини цензура қилишга мажбур бўлди.
Гарчи фармонга кўра, ҳукуматнинг олдиндан берган розилигисиз олий таълим муассасаларининг чет эл ўқув юртлари билан ҳамкорлиги тақиқланган бўлса-да, хорижий ўқув юртлари ўзининг Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорлиги натижаси ўлароқ, чет тилларга оид лойиҳалар бўйича ҳамкорлик учун рухсат ола билди.
б. Тинч йиғин ўтказиш ва уюшма тузиш эркинлиги
Конституция ва қонунчиликда тинч йиғин ўтказиш эркинлиги кўзда тутилган, лекин амалда ҳукумат кўпинча ушбу ҳуқуқни чеклаб келди. Ҳокимият идоралари хавфсизликни таъминлашни важ қилиб, митинг, йиғин ва намойишлар ўтказишни орқага суриш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга. Ҳукумат кўпинча намойиш ўтказишга рухсат бериш талабини бажармай келди. Ҳокимият идоралари фуқароларни ҳукумат рухсат этмаган митинг, йиғин ёки намойишларни уюштириш, жой, бино ёки материаллар бергани, шунингдек, йиғин, митинг ва намойишларни ташкил этиш билан боғлиқ тартибларни бузгани учун катта миқдордаги жаримага тортди, таҳдид қилди, ўзбошимчалик билан ҳибсга олди ва уларга нисбатан ҳуқуқбузарлик қилди.
100 дан ошиқ киши йиғиладиган “оммавий тадбирлар” ташкилотчилари бундай тадбир ўтказилишини эълон қилишдан олдин Ички ишлар вазирлиги билан уларнинг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида шартнома тузиши керак. Ушбу қоида ҳатто хусусий корпоратив тадбирлар ўтказишга ҳам кенг қўлланди.
3 августда Наманган яқинидаги Чуст шаҳар суди пастор Алишер ва ёрдамчиси Аброрни 10 кунлик маъмурий қамоққа ҳукм қилди. Судья Баҳодир Казаков улар билан яна олти кишини “ноқонуний диний фаолият” юргизгани учун айбдор деб топди. Лекин аслида бу тадбир пасторнинг уйида чойхўрлик бўлгани айтилмоқда. Бошқа олти кишининг ҳар бири айни айбловлар билан 999 445 сўмлик (120 доллар) жаримага тортилди, жаримани зудлик билан тўлаш шарт қилиб қўйилди. Уларнинг уяли алоқа телефонлари ҳам мусодара қилинди.
Йиғин ўтказиш эркинлиги
Конституция ва қонунчиликда тинч йиғин ўтказиш эркинлиги кўзда тутилган, лекин амалда ҳукумат ушбу ҳуқуқни чеклашни давом эттирди. Давлат янги қонунлар ва йўл-йўриқлар чиқариш билан фуқаролик жамиятини ривожлантиришни назарда тутганини таъкидлаш баробарида ННТлар, чет элдан молиялаштириладиган ННТлар ҳамда бошқарилмайдиган исломий ва камсонли диний ташкилотларни назорат қилиш йўлларини қидирди. Мустақил фуқаролик жамияти, хусусан, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари учун фаолият юритиш муҳити чекланганича қолди. Фаоллар ҳукумат назорати ва таъқиби давом этганини хабар қилиб турди.
21 апрелда Қорақалпоғистоннинг Чимбой шаҳрида милиция христианлар гуруҳи иштирок этган туғилган кун маросимига рейд ўтказди. Иштирокчилар маҳаллий милиция бўлимига олиб кетилди ва “ноқонуний диний мажлис” ўтказганликда айбланди ва эртаси куни эрталаб қўйиб юборилди. 13 июлда ўша гуруҳ аъзолари ёзма чақириқ қоғози қолиб, телефон орқали маҳаллий судга чақирилди. Судья уларнинг барчасини – балоғат ёшига етмаганлардан ташқари – ноқонуний диний фаолият билан шуғулланганликда айбдор деб топди. Ҳар бир аёл 150-200 доллардан (1 230 000 сўмдан 1 640 000 сўмгача), уйнинг эгаси эса 1000 доллар (8 220 000 сўм) жарима тўлашга буюрилди. Яна 11 иштирокчига 5-7 кунлик маъмурий ҳибс ҳукми чиқарилди. Судланган 8 нафар христианнинг ёши 18-19 да эди, аммо уларнинг ота-онаси фарзандлари жазога тортилгани хусусида ҳеч қандай расмий билдирув олмади. Халқаро босим натижасида 17 июлда Қорақалпоғистон Олий суди Чимбой суди қарорини бекор қилди ва айбланувчиларнинг шахсий буюмларини қайтариб бериш тўғрисида буйруқ чиқарди.
ННТлар рўйхатга олинишини назорат қиладиган Адлия вазирлиги улардан аъзо бўлмаган кишилар, жумладан, чет элликлар иштирокидаги йирик йиғинлар ўтказиш; материаллар тарқатиладиган ҳар қандай тадбир учун вазирликдан рухсат олишни; мўлжалланаётган тадбирларнинг мазмуни ва миқёси ҳақида ёзма билдирув беришни талаб қилади.
Президент 12 апрелда давлат органлари ва хизматчилари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатишга қаратилган ҳуқуқий асос яратиш учун янги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонунга асосан, фуқароларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари давлат органлари ва хизматчилари фаолияти устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга. Тузилиши керак бўлган гуруҳ турлари бўйича ҳуқуқий чекловлар мавжуд ҳамда қонунда амалдаги бюджети ва маблағи бўлган ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтиши талаб этилади. Ушбу қонунда рўйхатдан ўтишни кутаётган янги ташкилотлар олти ой давомида имтиёз асосида фаолият кўрсатиши мумкин ва бу давр мобайнида ҳукумат расман уларни “ташаббус гуруҳлари” дея таснифлайди. Бир қанча ННТлар олти ойдан ҳам кўпроқ вақт мобайнида ташаббус гуруҳлари сифатида фаолият кўрсатди.
Ҳукумат ННТлар фаолиятига таъсир кўрсатган бир қанча қоидалар чиқарди. Президент майда “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Адлия вазирлиги бир буйруғи билан ННТлардан режалаштирилган тадбирлари ҳақида давлат органларини хабардор қилиш тўғрисидаги тартибни белгилади. Norma.uz сайтида эълон қилинган қисқача шарҳда 1 июндан бошлаб ННТлар тадбир ўтказиши учун Адлия вазирлигидан рухсат сўраши шарт эмаслиги, бироқ улар шунда ҳам ижтимоий дастурлар ўтказиш режаларидан Адлия вазрилигини хабардор қилиб туриш шартлиги айтилади. Чет элликлар қатнашмайдиган режалаштирилган тадбирлар ҳақида улар бошланишидан камида 10 кун олдин, чет элликлар қатнашадиган тадбирлар ҳақида тадбир бошланишидан 20 кун олдин вазирликни хабардор қилиш лозим. Адлия вазирлиги тадбирни ўтказиш рад этилган тақдирда ёзма билдирув беради.
27 июнда ННТлар ҳукуматга топшириши керак бўлган йиллик ҳисоботининг янги формасини тасдиқловчи буйруқ эълон қилинди. Июнь ойида Адлия вазирлиги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мониторинг қилиш ва ўрганиш тўғрисида”ги низомни тасдиқлади. Унда ННТлар фаолиятини мониторинг қилиш ва ўрганишнинг бошқа тартиби ўрнатилади. Халқаро ННТлар бундай тартиблар яхшиланаётгани мақтади. Уларнинг айтишича, янги тартиб-қоидалар ва чекловлар Адлия вазирлиги инспекторлари хатти-ҳаракатларини чеклайди; бир ННТ сўнгги қабул қилинган низом Адлия вазирлигига ННТлар молиявий фаолиятини текшириш ва таъқиб қилиш ваколатини бериши мумкинлигидан ташвиш билдирди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ННТлар фаолиятини тартибга солувчи тартиб-қоидаларни бузганлик ва “ноқонуний ННТлар”га “бошқаларни жалб қилганлик” учун каттадан-катта жарималар белгиланган, аммо қонунда ҳукумат рўйхатга олишни пайсалга солган ёки ёпган ННТлар ва ёки расман рўйхатга олинмаган ННТлар назарда тутилгани аниқ эмас. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда яна сиёсий, низомларига мос бўлмаган ёки ҳукумат олдиндан маъқулламаган фаолият турлари билан шуғулланганлик учун ҳам жарималар белгиланган.
Май ойида президент “банк воситачилик ҳақи”ни бекор қилувчи фармонга қўл қўйди, у 2004 йилда ННТларнинг чет эл грантларини олишини тартибга солиш ёки назорат қилиш мақсадида жорий қилинган эди. 1 сентбярдан бошлаб давлат рўйхатидан ўтган ННТларга маҳаллий ва чет эллик ҳомийлардан грантлар олишга рухсат берилди. Грант олувчи ташкилотлар улар ҳақида Адлия вазирлигини хабардор қилиши ҳамда ННТ вазирликка олинган маблағни нимага ишлатиш режасини тақдим этиши шарт. Агар вазирлик тасдиқласа, ҳукуматдан бошқа рухсат олиш талаб этилмайди. Вазирлик ННТлардан йиллик молиявий ҳисобот беришни талаб қилади.
Парламентнинг Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди биринчи навбатда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун грант бериш танловларини давом эттирди. Айрим фуқаролик жамияти ташкилотлари фондни биринчи навбатда ҳукумат ташкил қилган ННТларни қўллаб-қувватлагани учун танқид қилди. Амалдаги қонунчилик ҳукумат кенг маънода “экстремистик” деб атайдиган ташкилотларга аъзоликни жиноят деб ҳисоблайди.
в. Дин эркинлиги
Давлат департаментининг “Халқаро дин эркинлиги тўғрисида”ги ҳисоботига қаранг: https://www.state.gov/j/drl/rls/irf/religiousfreedom/.
г. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш эркинлиги
Конституция ва қонунчилик мамлакат ичида, чет элга сафар қилиш, эмиграция ва репатриация эркинлигини беради.
Мамлакат ичида эркин ҳаракат қилиш: Фуқаролардан мамлакат ичида сафар қилиши ёки мамлакатдан чиқиб кетиши олдидан паспортларига доимий яшаш жойидан тўртбурчак муҳр урдириш талаб этилди, ҳукумат эса визага ариза бериш ва олиш жараёнида мамлакат ичида ёки чет элларга сафар қилиш ва эмиграция кетишни пайсалга солиб турди. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига кўчиш учун маҳаллий ҳокимият идораларидан рухсатнома олиш талаб этилди, бироқ Тошкент шаҳрида ишлаш учун энди рухсатнома талаб этилмайди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан рўйхатдан ўтмасдан туриб яшаётган кишилар шаҳардаги хизматлардан фойдалана ва қонуний ишлай, фарзандларини мактабга юбора ва кундалик тиббий хизматдан баҳраманд бўла олмади.
Ҳукумат меҳмонхоналардан чет элликларни ҳар куни давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилди. Хусусий уйларда яшаб турган чет элликлардан етиб келганидан сўнг уч кун ичида ўша ерда рўйхатдан ўтиш талаб қилинди.
Чет элга сафар қилиш: Умуман олганда, ҳукумат фуқаролар ва мамлакатда доимий яшовчи кишиларга Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан ташқарига сафар ёки эмиграция қилишлари учун зарур чиқиш визасини бериб турди. Бироқ чиқиш визасини бериш тартиби ҳокимият идораларига “сафарни мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги маълумотлар”га асосан, бекор қилиш имконини беради. Фуқаролик жамияти фаолларининг фикрича, бунақа қоидалар мужмал бўлгани учун олинган рад жавоблари устидан судга шикоят қилиб бўлмади. Ҳокимият идоралари баъзан сафарнинг мақсади ошкора диний бўлган тақдирда чет элга чиқиш ишига аралашди.
25 майда ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Жўраев пойтахтда яшайдиган қизлар ва аёлларнинг чет элга чиқишга рухсат олиш учун миграция ва фуқаролик бошқармаларида суҳбатдан ўтишини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни имзолади. Шайхонтоҳур тумани миграция ва фуқароликни рўйхатга олиш бўлими бошлиғи Дилшод Қодировнинг қўшимча қилиб айтишича, қизлар ва аёлларга бундан буён чет элга сафар қилиш учун на эридан, на ваколатли шахсдан ишончнома, на маҳалладан маълумотнома олиш талаб этилади.
Қочқинларни ҳимоя қилиш
Мамлакатга зўрлаб қайтариш: Ҳукумат ирқи, дини, миллати, бирор ижтимоий гуруҳга аъзолиги ёки сиёсий фикрига кўра ҳаёти ёки озодлиги хавф остида қолиши мумкин бўлган қочқинларни зўрлаб чиқариб юбориш ёки қайтаришдан маълум ҳимоя чораларини кўрди.
Бошпана олиш: Қонунлар бошпана ёки қочқин мақомини беришга йўл қўймайди, ҳукумат қочқинларни ҳимоя қилиш тизимини ўрнатмади. 18 та иш бўйича 27 нафар қочқин ўлим, тўсатдан жўнаб кетиш ёки турли-туман муқобил яшаш жойи олгани учун 13 кишигача қисқарди. Июнь ҳолатига БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари бошқармаси (ҚМБОКБ) мандати остида 14 киши (10 та иш бўйича) қолмоқда. ҚМБОКБ БМТ Тараққиёт дастурининг Тошкентдаги офиси билан мувофиқлаштирган ҳолда ва унинг шартнома бўйича ишлаётган ходимлари ёрдамида, қолаверса, БМТнинг мувофиқлаштирувчи резидентининг ялпи назорати остида қуйидагилар ишларни амалга оширмоқда: мавжуд қочқинларга қочқинлик сертификатини олиш учун мандат бериш, уларнинг ҳуқуқи таъминланиши билан боғлиқ вазиятларни мониторинг қилиш, маслаҳат бериш ва зарур ҳолларда қочқинларни ҳимоя қилиш учун аралашиш, айрим қочқинларга алоҳида муҳтожлигига қараб, молиявий ёрдам кўрсатиш.
Бундан ташқари, ҚМБОКБ/БМТТД ходимлари бошпана изловчилар етиб келганида уларга маслаҳат ҳам беради.
Фуқаролиги йўқ кишилар
Баъзи тожикистонлик қочқинларнинг расман фуқаролиги йўқ эди ёки фуқароликдан расман ажраб қолиш хавфига рўпара келди, чунки улардан кўпчилигининг Тожикистон ёки Ўзбекистон эмас, Совет паспорти бор эди. Ҳам отаси, ҳам онасининг фуқаролиги йўқ бўлган кишилардан туғилган фарзандлар ҳам ота, ҳам онанинг яшашга рухсати бўлган тақдирдагина фуқаролик олиши мумкин эди.
Гарчи фуқаролиги йўқ кишилар тўғрисида расмий маълумот бўлмаса-да, обрўли инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоллари Хоразм ва Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Автоном Республикасида 3000 нафар фуқаролиги йўқ киши борлигини ҳисоблаб чиқди. Уларнинг аксарияти мамлакат 1991 йили мустақилликка эришишидан олдин турмушга чиққан ва қўшни Туркманистонда яшаган аёллар бўлгани хабар қилинди. 15 июлда ҳукумат чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган кишиларни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн портални ишга туширди. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган кишилар етиб келгандан сўнг яшай бошлаган жойларида онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.
3-бўлим. Сиёсий жараёнда қатнашиш эркинлиги
Конституция ва қонунчиликда фуқароларнинг ҳукуматни вақти-вақти билан эркин ва одил сайловда ялпи ва тенгҳуқуқли сайлов ҳуқуқига кўра ёпиқ овоз бериш йўли билан сайлаши белгилаб қўйилган. Ҳукумат эркин ва одил сайлов ўтказмади, фикр эркинлигини чеклади ва сиёсий мухолифатга йўл бермади.
Сайловлар ва сиёсий иштирок
Сўнгги сайлов: собиқ президент Ислом Каримов 2016 йил сентябрида вафот этди ва муддатидан олдинги президент сайлови 2016 йили бўлиб ўтди. Амалдаги муваққат президент ва бош вазир Шавкат Мирзиёев сайловда 88 фоиз овоз олиб ғалаба қозонди. Мирзиёев сайловда қатнашган 4 номзоднинг бири эди. Ҳукумат 2016 йилги сайловга биринчи марта ЕХҲТ/ЕДИИҲБнинг кенг миқёсли кузатув миссиясини таклиф қилди. Унинг таркибига қисқа ва узоқ муддатли кузатувчилар киритилган эди. ЕХҲТ/ЕДИИҲБнинг маълум қилишича, 2016 йилги президент сайлови сайлов тизимидаги тизимли камчиликлар сақланиб қолганини кўрсатди, давлат субъектларининг устувор ҳолати ва асосий эркинликларнинг чекланиши сиёсий плюрализмга путур етказишда давом этди. Бундай шароитлар кампания вақтида очиқ рақобатга йўл бермади. ОАВ фаолияти ўта чеклангани ва қаттиқ назорат қилингани боис давлат аниқлаб берган йўналишдан бошқа муқобил нуқтаи назарлар билан танишиш имконига эга бўлмади. ЕХҲТ/ЕДИИҲБ ҳисоботида қайд этилишича, сайлов куни жиддий қонунбузарликлар, жумладан, сайлов қутисига бюллетенларни ташлаш ва бир кишининг номидан бошқа киши овоз бериши ҳолатлари кенг тарқалгани аниқланди.
Энг сўнгги парламент сайлови 2014 йили бўлиб ўтди. ЕХҲТ уни халқаро стандартларга мос келмади, деб топди. Унинг вакиллари кузатув вақтида потенциал сайловчилар рўйхатга олиниши, номзоднинг сайлов бюллетенига киритиш билан боғлиқ чеклов борлиги, номзоднинг ОАВга чиқа олмаслиги, бюллетенларни сайлов қутисига ноқонуний ташлаш, овоз бериш ёпиқлигига риоя этилмаслиги ва қўрқитиш ҳолатларини аниқлади.
Сиёсий партиялар/сиёсий иштирок: Қонунчиликда мустақил сиёсий партиялар бўлишига рухсат этилган. Адлия вазирлиги сиёсий партиялар фаолиятини назорат қилиш учун кенг қамровли ваколатга эга, вазирлик ўзи ҳукумат фаолиятига тескари деб топган партияларга молиявий ва ҳуқуқий ёрдамни бермай қўйиши мумкин. Давлат рўйхатидан ўтган 4 та сиёсий партия бор. Қонунчилик чин маънодаги мустақил партияларга ишини ташкил қилиш, номзодлар кўрсатиш ва кампания ўтказишни мушкуллаштиради. Унга кўра, Адлия вазирлиги суд қарорисиз ҳам партияларни рўйхатга олишни олти ой кечиктириши мумкин. Ҳукумат ташкил топган партияларни молиявий фаолиятини текшириш ва ОАВга чиқишини назорат қилиш орқали тизгинлаб туради.
2016 йили навбатдан ташқари бўлиб ўтган президент сайловида ЕХҲТ/ЕДИИҲБ кузатув миссияси сайлов жараёнида камчиликлар рўй берганини маълум қилди. Сайловчилар сиёсий муқобилликларни эркин танлаш имконига эга бўлмади. Фақат давлат рўйхатидан ўтган сиёсий партиялар номзод кўрсата олди. Ҳукумат номзод кўрсатиш учун мамлакат бўйлаб йиғиладиган сайловчилар овозини 5 фоиздан 1 фоизга туширди. Номзодлар ўртасида мунозаралар уюштирилмади.
Қонунчилик судьялар, прокурорлар, Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари, қуролли кучларда хизмат қилаётган кишилар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг сиёсий партияларга аъзо бўлишини тақиқлайди. Амалдаги қонунлар дин ва миллий асосда; мамлакат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига ҳамда фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари ва эркинликларига қарши бўлган; урушни ёки ижтимоий, миллий ва диний адоватни тарғиб қиладиган; ҳукуматни ағдариб ташлашга интиладиган партия тузишни тақиқлайди. Қонунчиликда яна “Ҳизб ут-Таҳрир” исломий сиёсий партияси фаолияти тақиқланади, бунга унинг нафратни тарғиб қилиб, террорчилик амалиётларини оқлагани сабаб қилиб кўрсатилади.
Ҳукумат 2005 йили Андижонда рўй берган зўравонликдан кейин бир қанча сиёсий партияларни тақиқлади ёки уларни рўйхатга олишни рад этди. Собиқ партия раҳбарлари сургунда қолди, улар бошлиқ партиялар эса мамлакатда кўпчилик қўллаб-қувватламагани учун сақланиб қолиш учун курашишга мажбур бўлди.
Аёллар ва камсонли этник гуруҳларнинг иштироки: Ҳеч бир қонун аёллар ва камсонли этник гуруҳлар вакилларининг сиёсий жараёнда қатнашишини чекламайди ва улар қатнашди ҳам. Конституцияга кўра, камсон миллатлар ҳам тўла сиёсий ҳуқуққа эга. Сайлов кампанияси материаллари уларнинг тилларида ҳам чиқарилди. Марказий сайлов комиссияси 2016 йили чиқарган низомда ногирон кишилар ҳам сайловда мустақил иштирок этиши кафолатланди. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси илк ташаббус сифатида баъзи сайлов бюллетенларини Брайл алифбосида чоп эттирди.
4-бўлим. Ҳукуматдаги коррупция ва ошкораликнинг йўқлиги
2016 йили парламент коррупцияга қарши кураш тўғрисида янги қонун қабул қилди. Унда коррупцияда айбланган амалдорларга жиноий жавобгарлик кучайтирилган. Айрим юқори лавозимли кишиларнинг коррупцияда айбланиб, қамоққа олинишига қарамасдан, коррупция кенг қулоч отганча, коррупцияга аралашиб қолган амалдорлар эса кўпинча жазосиз қолди.
Коррупция: Июлда Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ва ўринбосари Самарқанд шаҳрининг ЮНЕСКО муҳофазасидаги ҳудудларида жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган қурилиш лойиҳалари билан боғлиқ жанжал сабаб ишдан олинди. “Озод Европа/Озодлик” радиосининг Ўзбек тилидаги хизмати хабар қилишича, бош вазир Абдулла Ариповнинг бу ишга шахсан аралашувидан сўнг қонунни қўлловчи ходимлар бир қанча қурилиш меъёрлари бузилган ҳолатларни топди. Тарихий қадамжоларга зарар етказган уйларни қурган қурилиш ташкилотлари маҳаллий ҳокмият идораларидан рухсат олиш учун анча-мунча пул тўлаган экан. “Озодлик” радиосига кўра, собиқ ҳоким билан ўринбосари 10 июлдан бери ҳибсхонада қолмоқда.
Молиявий очиқлик: Қонунчиликда давлат хизматчилари ҳам асосий иш жойидан бошқа жойдан олган даромадини очиқлаши талаб қилинади, аммо жамоатчилик бундай очиқликни кўрмади.
5-бўлим. Ҳукуматнинг тахмин этилган инсон ҳуқуқлари бузилишини халқаро ва ноҳукумат ташкилотлари тергов қилишига муносабати
Гарчи ҳукумат кўпчилик ҳолларда бир қанча маҳаллий инсон ҳуқуқи ҳимояси ташкилотлари фаолияти, инсон ҳуқуқига оид ишларни тергов қилиб, хулосаларини чоп этишига тўсқинлик қилса-да, улар ишлаб турди. Ҳукумат амалдорлари қайсидир маънода улар билан ҳамкорлик қилиш, қарашларига муносабат билдиришга тайёр турди, аммо ҳукумат инсон ҳуқуқи ҳимояси ва фуқаролик жамияти фаолларини таъқиб қилди ва қўрқитди. Фуқаролик жамияти тўғрисидаги янги фармон билан маъмурий буйруқлар унинг ривожланишига қаратилгандир, уларда Адлия вазирлиги инспекторлари хатти-ҳаракатларини чекловчи тартиб-қоидалар ва баъзи янги чекловлар назарда тутилган (2-б-бўлимга қаранг).
Ҳукумат инсон ҳуқуқи муҳофазаси бўйича иккита нодавлат ташкилоти: “Эзгулик” ва Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқи муҳофазаси ташкилотини расман тан олди. “Эзгулик” вакиллари ташкилот аъзоларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш учун ҳокимият идоралари таъқиб этгани, қўрқитгани ва таҳдид қилганини хабар қилди. Бошқа ташкилотлар расмий рўйхатдан ўта олмади, бироқ миллий ва маҳаллий даражада фаолият кўрсатишни давом эттирди.
Инсон ҳуқуқлари альянси, “Нажот”, Гуманитар ҳуқуқий марказ, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти, “Эксперт” иш гуруҳи ва “Мазлум” сингари ташкилотлар ўтган йилларда давлат рўйхатидан ўтишга уринган, аммо ўта олмаган эди. Ушбу ташкилотлар юридик шахс сифатида мавжуд эмас, бироқ фаолият юритишни давом эттирди. Ҳукумат амалдорлари норасмий тарзда инсон ҳуқуқи ҳимоячилари билан мулоқот қилиб турди, айримлари инсон ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ ишларни ҳокимият идораларининг аралашуви орқали ижобий ҳал этди ҳам, бунинг учун ушбу ишлар жамоятчиликка ошкор қилинмаслиги шарт қилиб қўйилди..
Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва журналистлар кузатув остида бўлишганини хабар қилди. Октябрда Инсон ҳуқуқи ҳимояси учун ҳалқаро ҳамкорлик (IPHR) ташкилоти бир қанча фуқаролик жамияти фаоллари, жумладан, Аъзам Турғунов, ва собиқ маҳбус Бобомурод Абдуллаев кузатув остида эканига гувоҳ бўлганини билдирди. 20 октябрда IPHR Турғуновнинг уйини оддий кийим кийган кишилар кузатиб турганига гувоҳ бўлганини айтди. Инсон ҳуқуқи ҳимоя билан шуғулланиши керак бўлган ННТни давлат рўйхатидан ўтказмоқчи бўлаётган Турғунов 18 октябрда маҳалла қўмитасининг икки вакили ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари сўраб-суриштирганидан огоҳлантирганини, орқасидан кимлардир кузатиб юрганини хабар қилди. Ўша куни Абдуллаев Фейсбукдаги саҳифасида чойхонадан қайтишида 10-12 киши ўзини кузатиб келганини, улар орасида олдин ўзини қийноққа солган бир неча ходимни таниганини ёзди.
IPHR ва Ҳюман Райтс Уотч ўтган йил давомида бир қанча инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва журналистлар кузатув ёки таъқибга дучор бўлганини хабар қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар: Ҳукумат БМТ вакиллари ҳамкорлик қилди ва уларнинг мамлакатга сафар қилишига рухсат берди. Бунга БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва инсон ҳуқуқи масалаларини кузатиб борадиган бошқа халқаро ташкилотлар сингари ихтисослашган агентликлари киради. Ҳукумат БМТнинг Наркотиклар ва жиноятларга қарши кураш бошқармасининг (UNODC) мамлакатда ишлашига рухсат берди ва ушбу бошқарма билан бошқа масалалар қатори жиноят судловини ислоҳ қилиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни имзолади.
Ҳукумат йил давомида ЕХҲТ таклиф этган бир қанча, жумладан, “инсон ўлчами”га оид лойиҳаларни маъқуллади. Бу ЕХҲТ фаолиятининг инсон ҳуқуқига дахлдор қисми ҳисобланади. Ҳукумат ноябрда Инсон ҳуқуқи бўйича Осиё форумига мезбонлик қилди ҳамда илгари мамлакатга келиши тақиқланган ўз танқидчиларига визалар берди. Форумдан сўнг ҳукумат “Самарқанд декларацияси”ни эълон қилди ҳамда инсон ҳуқуқи ва асосий эркинликларни ҳурматлаш, қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш учун инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш миллий тизимини яратиш мажбуриятини олди.
Давлатнинг инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш органлари: Инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсмен идорасининг мақсадларига асосий инсон ҳуқуқига риоя этилишини назорат қилиш ва жамоатчиликни ундан воқиф этиш, халқаро инсон ҳуқуқи меъёрларига мос келадиган қонунчилик ишлаб чиқишда ёрдам бериш ва тахмин этилган зўравонлик ҳолатлари бўйича ишларни ҳал қилиш киради. Омбудсмен идораси у ерга мурожаат қилган фуқароларнинг ишини ҳал этишда воситачилик қилди, давлат идоралари қарорларини ўзгартириш ёки маъқуллаш юзасидан тавсиялар берди, лекин унинг тавсиялари мажбурий бўлмади. 2017 йилда президент Омбудсмен идораси ваколатларини кучайтирди ҳам унга қамоқхоналарга олдиндан огоҳлантирмай туриб, текширув уюштиришга ижозат берди ҳамда ҳукуматнинг корхоналарга нисбатан қилган қонунбузарлигини тергов қиладиган бошқа бир ташкилот ташкил қилди.
Инсон ҳуқуқи бўйича миллий марказ давлат агентлиги бўлиб, жамоатчилик ва амалдорларга инсон ҳуқуқи ва демократиядан таълим бериш, ҳукуматнинг инсон ҳуқуқи ҳақида ахборот бериш бўйича олган халқаро мажбуриятлари бажарилиши учун масъулдир.
6-бўлим. Камситиш, ижтимоий зўравонликлар ва одам савдоси
Аёллар
Номусга тегиш ва оиладаги зўравонлик: Қонунлар номусга тегишни, шу жумладан, “яқин қариндош”ни жинсий зўрлашни ман қилади, лекин Жиноят кодекси эр-хотиннинг бир-бирини зўрлашини тақиқламайди. Маданий меъёрлар аёлларга ва уларнинг оилаларига жинсий зўрлаш ҳақида очиқ гапиришига йўл бермади, матбуот номусга тегиш ҳақида жуда кам хабар қилди.
Жабрдийдалар адвокатлари айтишича, оилада зўравонлик кўп учрашига қарамай, қонунчилик буни махсус тақиқламайди. Қонунларда жисмоний куч ишлатиш ҳолатларига жазо белгиланган бўлса-да, кўпинча милиция ходимлари аёлларнинг ўзларини калтаклаган шерикларидан шикоят қилишини маъқулламади, орган ходимлари муштумзўрларни камдан-кам ҳолларда уйларидан олиб кетди ёки ҳибсга олди. Маҳаллий ҳокимият идоралари зўравонликни жазолашдан кўра, эр билан хотинни яраштиришга эътибор қаратди.
Оиладаги зўрвонлик жабрдийдалари учун давлатга қарашли бошпаналар ва ёрдам излаётган жабрдийдалар учун ишонч телефонлари бор. Оиладаги зўравонлик жабрдийдалари янги ишга туширилган Реабилитация ва мослашув марказидан бошпана олиши мумкин.
6 июлда президент оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва можароли вазиятларни ўрганиш учун тадқиқот ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарорда яна оиладаги зўравонликка қарши кураш янги қонун параметрлари белгилаб берилади ҳамда оиладаги зўравонликда айбдор бўлган кишиларни жазолаш ва жабрдийдаларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар берилади.
Октябрда Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги ихтисослаштирилган енгил саноат коллежининг қиз талабалари ўртасида ўтказилган аноним сўровда бир қанча номусга тегиш ҳолатлари аниқланди. Бунга жавобан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари тергов бошлади. Коллеж директори, икки ўринбосари, бош ҳисобчи ва беш нафар ўқитувчи, яна қўриқчи ҳибсга олинди.
Бошқа зарарли анъанавий амалиётлар: Мамлакатнинг айрим ҳудудларида кўпхотинлик мавжуд. Қонунчиликда кўпхотинлик уч йилгача қамоқ ва жарима билан жазолаш кўзда тутилган, бироқ бунақа ҳолларда аёллар жазоланмайди.
Шилқимлик: Қонунчиликда шилқимлик очиқ-ойдин тақиқланмайди, лекин эркак раҳбар учун аёл киши билан бизнес, молиявий ёки бошқа тобе муносабатлар бўлган ҳолатларда уни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш жиноятдир. Ижтимоий меъёрлар, хабар бермаслик ва ҳуқуқий ҳимоянинг йўқлиги ушбу муаммо миқёсини аниқлашни мушкуллаштирди.
Аҳоли сони ошишини назорат қилишга мажбурлаш: мажбурий аборт қилиш ва ғайриихтиёрий стериллаш (бичиш) ҳақида хабарлар олинмади.
Камситиш: Эркаклар учун ҳуқуқий мақом ва ҳуқуқ бир хил, аммо Меҳнат кодекси аёлларнинг эркаклар ишлаши мумкин бўлган баъзи соҳаларда ишлашини тақиқлайди. Ҳукумат маълумотларни жуда кам берди, уларга қараб аёллар ишга кираётганда камситилгани ёки бир хил иш учун кам ҳақ олаётганини аниқлаш қийин.
Болалар
Туғилганларни рўйхатга олиш: Фуқаролик мамлакат ҳудудида туғилгач олинади ёки ота-онадан ўтади. Одатда ҳукумат барча туғилиш ҳолатларини зудлик билан рўйхатга олади.
Тиббий ёрдам: Ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳаси, шу жумладан, ўғил ва қиз болалар учун маблағ ажратган бўлса-да, қаровсиз болалар, мигрант ишчиларнинг фарзандлари сингари пропискаси ва расмий манзили бўлмаган кишилар давлатнинг соғлиқни сақлаш муассасаларида даволана олмади.
Болаларга нисбатан зўравонлик: Жамият одатга кўра болаларга нисбатан зўравонлик қилишга оиланинг ички иши деб қаради ва ушбу мавзу бўйича жуда кам маълумот олинди.
Эрта ва мажбурий никоҳ: Қонуний никоҳ ёши аёллар учун 17, эркаклар учун эса 18 ёш қилиб белгиланган, лекин туман [ҳокими] истисноли ҳолларда бу ёшни бир йилга камайтириши мумкин. Гарчи баъзи қишлоқ жойларда қизлар гоҳида 15 ва ундан камроқ ёшда давлат тан олмайдиган диний маросимларда турмушга узатилди.
Болаларни жинсий мажбурлаш: Қонунчилик болаларни “мажбурлаб ишлатишнинг барча шакллари”дан ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Болани фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаш айблови энг кам ойлик иш ҳақининг 25 дан 50 баробаригача жаримага тортиш ва беш йилгача қамоқ билан жазоланади.
Жинсий алоқа учун розилик беришнинг рухсат этилган энг кам ёши 16 дир. Зўрлаб номусга тегиш айблов учун 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси берилади. Болалар (21 ёшга тўлмаган шахслар) порнографиясини ишлаб чиқариш, кўрсатиш ва тарқатиш учун айблов жарима ёки уч йилгача қамоқ билан жазоланади.
Давлат қарамоғидаги болалар: ЮНИСЕФ маълумотига кўра, тахминан, 20 минг нафар ногирон бола ногирон болаларга мўлжалланган муассасаларда бор эди. Қолган, ҳисоб-китобларга кўра, 60 фоиз болалар ҳеч бир кўринишда таълим олмади. ЮНИСЕФнинг билдиришича, агар ёрдам уйларда берилганида ва инклюзив таълим воситалари билан таъминланганида ўша болаларнинг кўпчилиги оиласи билан бирга яшар эди.
Болаларни чет элларга ўғирлаб кетиш: Ўзбекистон 1980 йили Гаага шаҳрида қабул қилинган “Болаларни бир мамлакатдан иккинчисига ўғирлаб кетишнинг фуқаролик-ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида”ги конвенцияни имзолаган.
Давлат департаментининг “Болаларни бир мамлакатдан иккинчисига ўғирлаб кетишнинг фуқаролик-ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида”ги ҳисоботига қаранг: https://travel.state.gov/content/travel/en/International-Parental-Child-Abduction/for-providers/legal-reports-and-data.html.
Антисемитизм
Антисемит хатти-ҳаракатлар ёки яҳудийларга нисбатан камситиш бўлгани ҳақида маълумот олинмади. Давлат рўйхатидан ўтган 8 та яҳудийдар жамоати бор.
Кузатувчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, мамлакатда, тахминан, 10 минг нафар яҳудий бўлиб, улар, асосан, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ҳамда Фарғона водийсида ғуж бўлиб яшайди. Улар сони, асосан, иқтисодий сабабларга кўра кўчиб кетиш оқибатида камая борди.
Одам савдоси
Давлат департаментининг “Одам савдоси тўғрисида”ги йиллик ҳисоботига қаранг: www.state.gov/j/tip/rls/tiprpt/.
Ногирон кишилар
Қонунчилик ногирон кишиларни камситишни тақиқлайди, бироқ ногиронликкка асосланган ижтимоий камситиш ҳоллари рўй бериб турди.
Агар бинолар, жумладан, хусусий дўконлар ва ресторанларда ногиронлар кириб бориши учун шароит яратилмаган бўлса, қонунчилик уларни жаримага тортишга йўл беради, фаоллар ҳокимият идоралари йил давомида тахминан 2500 ҳолат бўйича шахслар ва ташкилотларни жаримага тортганини маълум қилди. Ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича фаоллар ногиронлар биноларга кириб бориши учун яхши шароит яратилмаганини билдирди. Яна қайд этилишича, сўнгги йилларда қурилган мактабларда ташқи қия йўлаклар бор, бироқ ногиронлар аравачасида юрувчилар учун ичкарида қулайликлар яратилмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронларнинг тиббиёт муассасаларга кириб бора олишига шароит яратишни назорат қилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ногирон кишилар ишга жойлашиши учун шароит яратди. Таълим ва руҳий хасталарни даволаш муассасаларида қонунбузарлик ҳолатларига оид маълумот олинмади.
Ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш фаоллари ҳабар қилишича, ногиронларнинг 90 фоизи ишсиз ва уларнинг 70 фоизга яқини қашшоқликда яшайди. Тошкент шаҳрида ногирон кишиларга 4000 та квартира ажратилди. Ҳукумат ижтимоий инфратузилма объектлари, шаҳар ва яшаш жойлари, аэропортлар, темирйўл шоҳбекатлари ва бошқа объектлар ногирон кишилар бемалол кириб чиқиши учун шароит яратишни талаб қилади. Лекин бу масалада бирор аниқ давлат дастури амалга оширилгани йўқ ва фаоллар бунақа жойларга кириб чиқиш учун алоҳида қийинчиликлар борлигини айтди.
Кўзи ожиз ва кўришида муаммоси бор ўқувчилар Брайл алифбосидаги Совет даврида чоп қилинган эски китобларни ўқиди, аммо кўришида муаммоси бор кишилар учун баъзи мослаштирилган компьютерлардан ҳам фойдаланилди. Президентнинг 2017 йилдаги фармонига кўра, олий таълим муассасаларидаги ногиронлар сони анча ортди. Бу ҳукумат ажратган янги квота тизими маҳсулидир. 2017 йили 50 нафар ногирон киши олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди; йил давомида улар сони 1200 кишига етди.
Миллий, ирқий ва этник камсонли жамоатлар
Қонунчилик фуқаролик олиш учун ўзбек тилини билишни талаб этмайди, бироқ тил тез-тез нозик масала бўлиб қолди. Ўзбек тили – давлат тили ва Конституция президент уни билишини талаб қилади. Қонунларда рус тили “миллатлараро алоқа тили” экани белгиланган.
Амалдорлар ҳукумат ва бизнесдаги юқори лавозимларни ўзбек миллатига мансуб кишилар эгаллашига ҳаракат қилди, лекин истисноли ҳолатлар жуда кўп бўлди.
Этник камсонли жамоатлар вакилларига қарши ижтимоий зўравонлик ёки камситишга оид шикоятлар жуда кам бўлди.
Жинсий мойиллик ва одамнинг ўзини у ёки бу жинсга мансуб деб билишига асосланган ижтимоий суиистеъмолликлар, камситиш ва зўравонлик ҳаракатлари
Эркаклар ўртасида бесоқолбозлик айблови уч йилгача бўлган қамоқ билан жазоланади. Қонунчилик аёллар ўртасидаги жинсий алоқани жиноят деб ҳисобламайди.
Умуман олганда, жамиятда бесоқолбозлик ва аёллар ҳамжинсбозлиги тақиқланган мавзу ҳисобланади, бесоқолбозлар, ҳамжинсбоз аёллар, ҳар икки жинс вакилларини яхши кўрувчилар ва жинсини жарроҳлиқ йўли билан ўзгартирган кишиларнинг маълум бўлган ташкилотлари йўқ эди.
Умуман олганда, жамиятда бесоқолбозлик ва аёллар ҳамжинсбозлиги тақиқланган мавзу ҳисобланади, бесоқолбозлар, ҳамжинсбоз аёллар, ҳар икки жинс вакилларини яхши кўрувчилар ва жинсини жарроҳлиқ йўли билан ўзгартирган кишилар ва гермофродитлар (LGBTI) ташкилотлари борлиги маълум бўлмади. Жинсий мойиллик ва одамнинг ўзини у ёки бу жинсга мансуб деб билишига нисбатан ўта салбий ижтимоий муносабатлар LGBTI жамоатининг сўз эркинлиги, шунингдек, камситиш ҳоллари ҳақида очиқча хабарлар олишни чеклади.
“Универсал даврий ҳисобот” эълон қилингандан сўнг май ойида ҳукумат LGBTI мақомини жиноят деб ҳисобламаслик тўғрисидаги тавсияларни рад этди ва LGBTI муаммоларини “ўзбек жамиятига хос эмас” деб атади.
ОИТВ/ОИТС билан оғриганларга ижтимоий тамға босилиши
Қонунчилик ОИТВ юқтирган кишиларни камситишдан ҳимоя қилади ва бепул тиббий хизмат билан таъминлайди. UNAIDS ташкилоти 2015 йил ҳолатига кўра ОИТВ юқтириб яшаётган кишилар сонини 33 минг нафар деб баҳолади.
ОИТВ юқтирган кишилар касали маълум бўлиб қолгандан сўнг ўзларини давлат хизматчилари, соғлиқни сақлаш соҳаси, қонунни қўлловчи идоралар ходимлари, уйни ижарага берувчилар ва иш берувчилар ижтимоий жиҳатдан яккалаб қўйганини маълум қилди. Ҳарбий ҳокимият ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни ОИТВ билан оғригани аниқланиши билан қисқа вақт ичида армиядан кетказди. Айрим LGBTI жамоати ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаоллари қайд этишича, касалхона палаталарида ОИТВ юқтирган беморларнинг шахсий касаллик тарихи билан танишгандан сўнг уларни наркоманлар, бесоқолбозлар ва фоҳишалик билан шуғулланувчилар қаторига қўшган. Ҳужжати “Бесоқолбоз” деб белгиланган кишилар тергов ўтказиш учун милицияга топширилган, чунки эркаклар ўртасидаги ўзаро розиликка асосланган жинсий муносабатлар ҳам жиноят ҳисобланади.
7-бўлим. Меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари
а. Бирлашмалар эркинлиги ва жамоа бўлиб музокара ўтказиш ҳуқуқи
Гарчи қонунчилик одатда меҳнаткашларга ўз хоҳишига қараб эркин касаба уюшмалари тузиш ва уларга бирлашиш, жамоа бўлиб музокара ўтказиш ҳуқуқини берса-да, мамлакатда фаолият кўрсатаётган мустақил касаба уюшмалари йўқлиги сабабли ушбу қонуний ҳуқуқдан фойдаланиш имкони бўлмади. Қонунчилик на иш ташлаш ҳуқуқини беради, на уни тақиқлайди. Қонунчиликда касаба уюшмаларига аъзоликка қараб камситиш тақиқланади. Касаба уюшмалари тўрисидаги қонунда айтилишича, меҳнаткашларни касаба уюшмасига аъзолиги учун ишдан бўшатиш мумкин эмас, бироқ касаба уюшмасидаги фаолияти учун ишдан бўшатилган кишилар қайта ишга тикланиши мумкинлиги ёки йўқлиги ҳақида аниқ бир гап айтилмаган. Давлат ишларидаги кўнгилли ишчилар ёки расмийлаштирилмаган шартномасиз ишга кирган меҳнаткашларни қонун ҳимоясига олмайди.
Ҳукумат қабул қилинган қонунларга риоя этилишини таъминламади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонуннинг 200-моддаси ва Жиноят кодексининг 217-моддасида уюшмаларга кириш ва улардан чиқиш эркинлигини бузганлик учун энг кам иш ҳақининг 5 баробаридан 10 баробаригача жарима белгиланган. 2016 йили Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 87-конвенциясини (Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида) ратификация қилди ва у йил давомида кучга кирди. Шу сабабли “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилди. Унга кўра, касаба уюшмаларининг меҳнат ва меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳуқуқини таъминлашдаги қонуний роли кучайтирилди. Ҳуқуқий муҳофаза кучайтирилганига қарамасдан меҳнаткашлар уюшмалар тузиш ва уларга кириш ҳуқуқидан фойдалана олмади. Меҳнаткашларнинг мустақил ва муқобил касаба уюшмалари тузиш борасида саъй-ҳаракатлари сабаб репрессияга учраши мумкинлигидан хавотирга тушиши аримади. Касаба уюшмалари марказлаштирилган ва бутунлай ҳукуматга қарамдир.
Давлат қарамоғидаги Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси 35 мингдан ошиқ бошланғич ташкилот, 14 та минтақавий касаба уюшмасини бирлаштиради; расмий маълумотларга кўра, 2017 йили мамлакатдаги меҳнаткашларнинг 60 фоизи федерация фаолиятида иштирок этди. Федерация раҳбарларини уюшма аъзолари ёки бошқаруви сайлаши ўрнига президент девони тайинлайди. Барча минтақа ва соҳа касаба уюшмаларини давлат бошқаради.
Касаба уюшмалари аъзолари ва раҳбарлари ҳатто Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси шафелигида ҳам давлат назоратидаги муассасалар хизматчилари аралашувисиз тадбирлар ўтказа олмади. Ушбу давлат ташкил этган касаба уюшмаларининг музокара ўтказиш ваколати жуда кам бўлди. Масалан, вазирликлар, жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Касаба уюшмалари федерацияси билан маслаҳатлашиб, давлат хизматчиларига маош ва муайян секторларда ишлаб чиқариш квотаси белгилашни давом эттирди. Оёққа тураётган хусусий секторда раҳбарият маошларни ўзи белгилади ёки меҳнат шартномаси тузилаётган кишилар билан қанчалик маош белгилашни шахсан муҳокама қилди. Меҳнат арбитражи учун масъул ҳеч бир давлат муассасаси йўқ.
б. Зўрлаб ёки мажбурий ишлатишни тақиқлаш
Қонунчилик зўрлаб ёки мажбурий ишлатишнинг барча кўринишларини тақиқлайди, бундан қонунларда алоҳида кўрсатилган талончилик, қаллоблик ва солиқ тўлашдан қочиш сингари жиноятлар мустасно. Жиноят кодексининг айрим бўлимларида туҳмат, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғаганлик жиноятлари учун жазо сифатида мажбурий меҳнатга рухсат берилган.
Ҳукумат мажбурий меҳнатнинг барча кўринишларига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирди. Ҳукумат йил давомида жамоатчиликни мажбурий меҳнат, жумладан, йиллик пахта йиғим-терими вақтидаги мажбурий меҳнат тақиқлангани ҳақида хабардор қилиб турди. Ҳукумат ХМТ билан бохабарликни ошириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилар экан, йўллар бўйида 400 та билборд ўрнатди, брошюралар тарқатди, пахта йиғим-терими ҳақида фикрлар билдириладиган механизмлар ишини кузатиб борди, бунга меҳнат ҳуқуқи бузилиши ҳақида хабар беришга мўлжалланган ишонч телефонлари, онлайн тарзда хабар берувчи илова дастурлари киради. 5 сентябрда бош вазир ХМТ ва ОАВ вакиллари иштирок этган конференция ўтказди. Тадбир Вазирлар Маҳкамаси 30 августда қабул қилган “2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди. Бош вазирнинг таъкидлашича, пахта йиғим-терими вақтида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мутлақо тақиқланади ва мажбурий меҳнат учун жавобгар шахслар жазоланади. Президент Мирзиёев 13 апрелда Сирдарё вилоятига сафари вақтида ўқитувчилар, врачлар ва талабаларни президент сафаридан олдин кўча ва бошқа жойларни тозалашга мажбурлаган амалдорларни жазолашга ваъда берди. Бунга кўчани ободонлаштиришга жалб этилган мактаб ўқитувчиси Диана Еникееванинг йўл-транспорт ҳодисаси оқибатидаги ўлими сабаб бўлди. Президент Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашуви чоғида Еникееванинг ўлими муносабати билан таассуф билдирди ва бундай мажбурий меҳнат ҳоллари “давлат раҳбари юритаётган сиёсат”га нисбатан сотқинлик деб қаралашини алоҳида таъкидлади.
19 апрелда бош вазир талабалар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва бошқа ижтимоий соҳа вакилларини дала ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб қилишни тақиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасида мажлис ўтказди.
10 майда Вазирлар Маҳкамаси ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, бошқа давлат хизматчилари ва талабаларни туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш сингари мажбурий меҳнатга, шунингдек, металлолом ва макулатура йиғишга жалб қилишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Яна май ойида ҳукумат талабалар ва давлат хизматчиларини бундай ҳақ тўланмайдиган ишларга ноқонуний жалб қилганлик учун муайян жарималар белгилади. ОАВ маҳаллий ва вилоят ҳокимият идораларининг мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳоллари ҳақида хабар берди. Бунга Фарғона вилояти ҳокимининг вилоят божхона бошқармаси барча ходимларининг давлат ободонлаштириш лойиҳаларида қатнашишга буйруқ бергани мисол қилиб келтириш мумкин. Июнда маҳаллий ОАВ Тошкент шаҳридаги милиция ходимлари кўчаларни супуришга мажбурлангани ҳақида хабар тарқатди.
Ҳукумат иқтисодиётнинг барча секторларида мажбурий меҳнатдан фойдаланишни расман тақиқлаган бўлса-да, ушбу тақиқ маҳаллий даражада изчил бажарилмади. Маҳаллий ва вилоят ҳокимият идоралари катта ёшлиларни пахта етиштириш соҳасидаги мажбурий меҳнатга жалб қилган алоҳида ҳолатлар хусусида ишончли хабарлар олинди. Марказий ҳукумат пахта етиштиришга режа белгилашни давом эттирди, бу эса маҳаллий амалдорларни режани бажаришга мажбур қилди. Ҳукумат пахта йиғим-теримига ишсизларни жалб қилиш учун 2017 йилда бир кило терилган пахта учун 450 сўм тўлаган бўлса, 2018 йилга келиб, йиғим-терим мавсумининг турли босқичларига қараб, 650-1000 сўмлик (7-12 цент) нарх белгилади. Бундай ёндашув йиғим-теримнинг дастлабки 10 кунида иш берди ва мажбурий меҳнат ҳақида хабар кам бўлди. Бироқ йиғим-теримнинг охирига бориб, режани бажариш бўйича босим баъзи жойлардаги маҳаллий раҳбарларнинг ўқитувчилар ва давлат хизматчиларини пахта теришга мажбурлашига олиб келди. “Ўзбек-Герман форуми” хабар беришича, 13 октябрь – йиғим-терим сўнггида унинг кузатувчилари 13 та вилоятнинг 7 тасида “пахта йиғим-терими учун мажбурий сафарбарлик ёки ўрнига юбориладиган одамлар учун пул тўлаш талаблари”ни қайд этди.
Ҳукумат ҳатто мустақил кузатувчилардан мажбурий меҳнат ҳақида олинган шикоятлар юзасидан чора кўра бошлади, оқибатда одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилган 169 нафар маҳаллий раҳбарни маъмурий жазога тортди. Ҳукумат мажбурий меҳнатга жалб қилганлик айблови билан тахминан 45 судланганлик ҳолати бўлганини қайд этди, бироқ ушбу жиноятлар мамлакатдаги мажбурий меҳнатга тааллуқли ёки трансмиллий характерга эка экани хусусида етарли маълумот бермади. Ҳукумат амалдорларининг мажбурий меҳнатга жалб қилгани хусусида жиноий жавобгарликка тортилган ҳолатлар бўлмади.
Ҳукумат шунингдек, ХМТга ўзининг меҳнат муносабатлари бузилаётгани хусусидаги хабарларни олиш механизмини кузатиб туришга рухсат беради. Бундан мақсад ўзининг шикоятларга қандай муносабат билдираётганини кўрсатишдир. ХМТ ҳисоб-китобига кўра, пахта теришга мажбурланган теримчилар сони 2018 йилда 2017 йилдаги 15 фоиздан 7 фоизга тушди. Бундан ташқари, ҳукумат халқаро ташкилотлар, ННТлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва маҳаллий фаоллар билан мажбурий меҳнат масаласини ошкора муҳокама қилиш ҳамда пахта ҳосилини йиғиштириб олишда мажбурий меҳнатга бўлган ёндашувни яхшилаш имконини берадиган фикр-мулоҳазалар, жумладан, таклифлар ва танқид олиш мақсадида учрашувлар ўтказиш сари муҳим қадамлар қўйди. Ҳукумат мажбурий меҳнат муаммоси борлигини тан олди ва уни бартараф қилишга ҳаракат қилди.
Маҳаллий ҳокимият идоралари одамларни жалб қилган мажбурий меҳнат бошқа секторларда ҳам учради. Маҳаллий амалдорлар давлат хизматчилари, хусусий бизнес ходимлари ва бошқаларни қурилиш ва қишлоқ хўжалигининг пахта билан боғлиқ бўлмаган соҳалари, жумладан, истироҳат боғларини, кўчаларни ва биноларни тозалашга мажбурлади.
Яна Давлат департаментининг “Одам савдоси бўйича ҳисоботи”га қаранг: www.state.gov/j/tip/rls/tiprpt/.
в. Болалар меҳнатини тақиқлаш ва ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши
Қонунчиликда болалар 16 ёшга тўлгандан сўнг ишга кириши ва иш 18 ёшгача бўлган болаларнинг ўқишига халақит бермаслиги белгилаб қўйилган. Унда яна 15 ёшдан кичик бўлган болаларнинг ишлашига рухсат берилмайди, бироқ ушбу қоидага ҳар доим ҳам амал қилинмади. 15 яшар болалар тўлиқсиз иш куни, мактабда ўқиш бўлмаган пайти, ота-онасининг розилигига кўра, ҳафтасига кўпи билан 24 соат, ўқиш бўлган пайт эса ҳафтасига 12 соат ишлаши мумкин. 16-18 яшар болалар мактабда ўқиш бўлмаган пайти, ота-онасининг розилигига кўра, ҳафтасига кўпи билан 38 соат, ўқиш бўлган пайт эса ҳафтасига 18 соат ишлаши мумкин. Фармонларда 18 ёшдан кичик бўлган болаларнинг ишлаши тақиқланган хавфли меҳнат турлари рўйхати келтирилади ҳамда иш берувчиларнинг муайян хавфли шароитлар, жумладан, ер ости, сув ости ва хавфли баландликларда, пахтани қўлда териш, жумладан, хавфли жиҳозлар ёрдамида пахта теришда болалар меҳнатидан фойдаланиши тақиқланади.
Болалар қишлоқ хўжалиги, новвойлик ва қулай дўконлар сингари оила бизнесида ва кўча сотувчилари сифатида ишлатилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги инспекторлари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тўғрисидаги қонунларни қўллаш ваколатига эга. Бироқ давлатнинг болалар меҳнатига қарши курашувчи етакчи органи қилиб Бош прокуратура белгиланган. Бош прокуратура бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг умумий жиноятлар бўйича терговчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Бош вазир идораси болаларнинг пахта далаларида ишлатилишига йўл қўймасликка қаратилган меҳнатга оид фармонлар ижросини мувофиқлаштиришда етакчи роль ўйнади. Аёллар, ёшлар, меҳнат, фермерлар ва иш берувчиларнинг манфаатларини тамсил қилувчи ҳукумат, халқаро ва маҳаллий ташкилотлар пахта етиштириш соҳасидаги болалар меҳнатини мамлакат бўйича мониторинг қилишда иштирок этди.
ХМТ йил давомида четдан мониторинг қилиш миқёсини кенгайтириб, 11 минг кишини (юзма-юз суҳбатлар, телефон қўнғироқлари ва сўровлар билан) қамраб олди. Четдан мониторинг қилиш ХМТ йўриқномаси ва унинг методологиясини қўллаган ҳолда ўтказилди. ХМТнинг мониторинг қилувчи жамоаси йил давомида йиғим-терим вақтида болалар меҳнатидан тизимли равишда фойдаланилмади, деган хулосага келди.
Болаларни пахта йиғим-теримига жалб қилганлик ҳақида алоҳида-алоҳида хабарлар олинди, бироқ булар ҳукумат мажбурланган ва умуммиллий сафарбарлик эмас, алоҳида ҳолатлар бўлди. Ҳукуматнинг талабалар меҳнатидан фойдаланишга бўлган тақиқи кучида қолди, лекин камсонли талабалар қўшимча пул ишлаш учун ўз ихтиёри билан ишлаётгани аниқланди. Яна АҚШ Меҳнат вазирлигининг “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари бўйича хулосалари”га қаранг: www.dol.gov/ilab/reports/child-labor/findings/ .
г. Бандлик ва хизмат лавозимига оид камситиш
Қонунлар ва тартиб-қоидалар бандлик ва хизмат лавозими масаласида ирқи, жинси, дини ва тилига қараб камситишни тақиқлайди. Меҳнат кодексида давлат ҳимоясига муҳтож ёки махсус тураржой талаб қиладиган шахслар, жумладан, аёллар, болалар ва ногиронларга муносабатдаги тафовут камситиш деб қаралмаслиги кераклиги таъкидланади. Қонунчиликда жинсий мойиллик ёки ўзини бирор жинсга мансуб деб билиш, ёш, сиёсий фикр, миллий келиб чиқиш ёки фуқаролик ва ёхуд ижтимоий келиб чиқишга кўра камситиш тақиқланмайди. ОИТВ юқтирган кишиларнинг айрим лавозимларда ишлаши қонун йўли билан тақиқланади, бунга тиббиёт соҳаси киради, чунки бу соҳа беморлар, қон ёки қон маҳсулотларига бевосита тегишни талаб қилади, шунингдек, пардоз-андоз ва сартарошлик шу тақиқланган соҳалар қаторига киради. Умуман олганда, ҳукумат ушбу қонун ва тартиб-қоидаларни амалиётга тўлиқ татбиқ қилмади. Ишга жойлашишга оид камситишлар ҳақида ишончли маълумотлар олинмади.
Апрелда Ўзбекистон Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, ариза берувчининг судлангани ёки яқин қариндошининг судланганига қараб ишга киришини рад қилиш тақиқланди.
Чет эллик мигрант ишчилар ҳам худди ўзбек ишчилари сингари ҳуқуқий ҳимояга эга, чунки иш берувчилар уларни ишга олиш учун айнан бир хил ҳуқуқий тартибларга амал қилади. Қонунда барча ҳуқуқий тартибларга амал қилмайдиган иш берувчиларга бир қатор жазо турлари кўзда тутилган. Бироқ тегишли ташкилотларда ходимлар етишмаслиги ва коррупция кенг тарқалгани сабабли ишга қабул қилиш тўғрисидаги қонуннинг қўлланиши суст бўлди.
д. Етарли иш шароитлари
Асосан, давлат секторидаги маошларни, шунингдек, турли солиқ ва йиғимларни ҳисоб-китоб қилишга мўлжалланган энг кам ойлик иш ҳақи 2017 йили 149 775 (19 доллар) сўм бўлди.
2013 йили Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришга асосан, тўлиқ иш ўрнида ишловчи ходимларнинг энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 230 000 сўмга (29 доллар) кўтарилди. Ўртача ойлик иш ҳақига оид расмий статистика маълумотлари берилмади, аммо аксарият экспертлар 2017 йилда бу кўрсаткични, солиқларни қўшиб ҳисоблаганда, 780 000 сўм (98 доллар) дея баҳолади. Ушбу кўрсаткич қишлоқ хўжалиги соҳасидаги маошларни қамраб олмади, у 2018 йилда 2017 йилдагига нисбатан юқорироқ бўлди.
Амалдорлар қашшоқлик даражасини кунига 2100 калориядан кам маҳсулот истеъмол қилиш деб белгилади, аммо ҳукумат қашшоқликнинг даромад кўрсаткичлари хусусида ҳеч қандай кўрсаткични очиқламади. Халқаро мезонларга кўра, кунига киши бошига 2,50 доллар сарфланади, бу 60 центлик кунлик маошдан 4 баробар кўпдир. Бинобарин, қашшоқлик чизиғидан қуйида яшаётган аҳоли сони 77 фоизга етади.
Қонунчиликда стандарт иш ҳафтаси 40 соат бўлиши кўзда тутилган, шундан сўнг 24 соатлик дам олиш даври бўлиши талаб этилади. Қонунчиликда йиллик пул тўланадиган таътил кўзда тутилган. Яна ходим билан тузилган меҳнат шартномасида кўрсатилган ёки унинг касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда қўшимча меҳнат қилганлик учун компенсация бериш белгиланган. Бундай компенсация қўшимча пул тўлаш ёки таътил бериш шаклида бўлиши мумкин. Қонунда белгиланишича, қўшимча меҳнат қилганлик учун компенсация миқдори ходим ойлик маошининг 200 фоизидан ошиб кетиши, қўшимча таътил вақти қўшимча меҳнат вақтидан ошиқча бўлиши мумкин эмас. Ходим йилига 120 соатдан ошиқ қўшимча меҳнат қила олмайди, бироқ ушбу чекловга одатда, айниқса, давлат секторида риоя қилинмади. Қонунчилик мажбурий тарзда қўшимча меҳнат қилишни ман этади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги касаба уюшмалари билан келишган ҳолда меҳнат гигиенаси ва хавфсизлик стандартларини ўрнатади ва уларга риоя этилишини таъминлайди. Қонунчиликка кўра, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик стандартларига барча секторларда риоя этилиши шарт. Иш берувчилар меҳнат муҳофазасига оид стандартлар, қоидалар ва низомларга, шунингдек, жамоа шартномаларида олинган мажбуриятларга риоя этилиши учун жавобгардир. Қонунчиликда мабодо иш берувчи зарур хавфсизлик чоралари кўрмаса, ишчи хавфли ишни бажармаслиги қонуний бўлиши белгиланган. Иш берувчи иш тўхтаб қолган пайт учун ҳам ишчига ҳақ тўлаши, агар ишчи ишдан бўшайдиган бўлса, унга ишдан бўшаш нафақасини бериши керак. Ишчилар одатда бу ҳуқуқдан фойдаланмади, чунки ушбу ҳуқуқ наф берадиган тарзда қўлланмади, ходимлар иш берувчилар ўч олишидан қўрқди. Қонун иш берувчидан ходимнинг ишлаб чиқаришдан олиши мумкин бўлган жароҳати, профессионал касаллиги ёки ўзи ишини бажаргани учун саломатлигига етиши мумкин бўлган бошқа зарар учун фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилишни талаб этади. Бундан ташқари, корхона ходимлари иш шароити аҳволи, иш жойи хавфсизлиги, мавжуд шахсий муҳофаза воситалари, нафақа ва компенсация ҳақида маълумот талаб қилишга ҳақли, маъмурияти эса уларга бундай маълумотларни беришга мажбур.
Тақрибан мамлакатдаги 14 та минтақанинг ҳар бирида тахминан 5-8 нафар меҳнат инспектори қўл остидаги ходимлари билан фаолият кўрсатди, саноатнинг қурилиш, тоғ-кон саноати ва ишлаб чиқариш каби соҳаларида уларнинг ихтисослаштирилган офислари бор эди. Меҳнат вазирлиги меҳнат билан боғлиқ шикоятларни беш кун ичида тергов қилиш тўғрсида янги протоколлар жорий йилди. Меҳнат инспекторлари одатда хусусий сектор муаммолари билан шуғулланди, давлат корхоналари инспекторларига расмиятчилик учун тайинланган деб қаралди. Меҳнат инспекторлари кичик ва ўрта бизнес корхоналарини ҳар тўрт йилда бир марта, йирик корхоналарни эса ҳар уч йилда бир марта текширувдан ўтказиб турди. Бундан ташқари, вазирлик ёки маҳаллий ҳокимлик корхоналарда танлаб текширув ўтказиш ташаббускори бўлиши мумкин эди. Нохуш ҳодиса рўй бергани ёки шикоятлар сабаб махсус текширувлар ўтказилди. Президентнинг 2017 йили қабул қилинган фармонига кўра, хусусий корхоналарда кутилмаган текширувлар, жумладан, меҳнат муаммолари бўйича текширувлар ўтказиш тақиқланди. Хабарларда қонунни қўллаш изчил бўлмагани айтилди. Ишга кириш ҳужжатлаштирилмайдиган норасмий иқтисодиётда қонун қўлланмасдан қолди.
Ҳукумат ХМТнинг мамлакатга оид “Муносиб меҳнат” дастури амал қилишини 2020 йилга қадар чўзди. Энг кўп учраган меҳнат қонунчилиги бузилишлари шартнома тузмай ишлаш, расман эълон қилинганидан кам маош тўлаш, иш ҳақининг кечиктирилиши, санитария ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган иш шароитлари бўлди.
27 сентябрда Олий Мажлис “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Унда “хусусий” бандлик агентлигига таъриф берилди ҳамда уни бошқариш ва ходимларни ишга олиш талаблари белгиланди. Қонунда иш изловчилардан хизмат ҳақи олиш тўғрисидаги қоида мавжуд. Бу ХМТнинг 1997 йили қабул қилинган “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги 181-конвенциясига зиддир.
Ҳукумат ва расмий ОАВ норасмий иқтисодиётдаги бандлик ҳақидаги маълумотларни чоп қилмади. Кўплаб ходимлар расман ярим иш ўрни ёки даромади кам ишларда ишлайди. Норасмий иқтисодиётда ишлайдиган ишчиларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича самарали ҳукумат дастурлари йўқ.
Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бузилган ҳолатлар ҳақида хабарлар олинмади. Хусусий секторда маошни ўз вақтида бермаслик, меъёридан кўп ишлатиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги стандартларига риоя қилмаслик ҳолатлари кўп учради. Гарчи тартиб-қоидаларда эҳтиёт чоралари кўрилиши шартлиги кўзда тутилса-да, хавфли иш жойларида ишлайдиган ишчилар ҳимоя кийимлари билан таъминланмади. Қонунбузарликлар кенг тарқалган секторларда хавфли иш шароити ёки мажбурий ишлатишга дучор бўлган ишчилар ҳақида аниқроқ маълумот олишнинг иложи бўлмади. Июлда Бандлик ва меҳнат вазирлиги эълон қилган маълумотларга кўра, сўнгги уч йил мобайнида Ўзбекистонда 1214 та авария ҳолати қайд этилган ва бу 241 та ўлим ҳолатига сабаб бўлган.