Ўзбекистонда бизнес юритиш қиймати 2021

2021 йил 12 июл, Тошкент, Ўзбекистон – «Ўзбекистонда бизнес юритиш қиймати 2021» (PDF 6 MB) янги нашри стартаплар ва оёққа турган корхоналар учун ишончли ахборот манбасини излаётган инвесторлар учун «ягона ойна» форматида тақдим этилади. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташаббуси билан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), PricewaterhouseCoopers ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда бугун «Ўзбекистонда бизнес юритиш қиймати 2021» нашри эълон қилинди.

Мазкур нашр бизнеснинг асосий ҳаражатларини, шу жумладан корхонани рўйхатдан ўтказиш, иш ҳақи бўйича ҳаражатлар, солиқлар ва солиқ имтиёзлари, лицензиялаш, ташқи савдо тартиботлари, божхона тўловлари ва преференциялари, бизнес хизматлари, моддий-техника таъминоти ва Ўзбекистонга тегишли бошқа турдаги ишбилармонлик маълумотларини ўз ичига олган кенг қамровли обзорни тақдим этади. Шунингдек, ушбу нашр ташқи савдо бўйича умумий қўлланмани ўз ичига олган бўлиб, унда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими, энг қулай садво-сотиқ тартиби бўйича битимлар ва Ўзбекистон билан амалдаги эркин савдо шартномаларига эга бўлган давлатлар кўрсатилган.

«USAID қонунчиликни такомиллаштириш, институционал салоҳиятни ошириш ва компанияларнинг рақобатбардошлигини ошириш орқали савдони кенгайтиришда, савдо сиёсати соҳасида ислоҳотларни амалга оширишда ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишда Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. «Ўзбекистонда бизнес юритиш қиймати 2021» нашрида шаффоф ва ишончли маълумотларнинг мавжудлиги – бу мамлакатда янада барқарор инвестициялар ва қулай ишбилармонлик муҳити йўлидаги улкан қадамдир», – деди USAIDнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Микаэла Мередит.

Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш 2020» тадқиқотида 190 та мамлакатдан иборат глобал рейтингда Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаган ва «Бизнесни юритиш 2020»да дунёдаги энг илғор 20 та ислоҳотчилар рўйхатига киритилган. Ўзбекистоннинг энг илғор 20 та ислоҳотчи мамлакатлар таркибига киритилганлиги миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш, солиқларни тўлаш, шартномаларни бажариш ва трансчегаравий савдо ҳажмини ошириш бўйича чоралар кўриши билан боғлиқ бўлди.

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони ошириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, шу жумладан COVID-19ни бартараф этиш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун салоҳиятини ошириш учун ҳамкорлик қилмоқда. Қўшимча маълумот учун ташриф буюринг: https://www.usaid.gov/uzbekistan.