Мева ва сабзавотчиликда совутгич омборхоналари: бугунги ҳолат ва Ўзбекистонда ривожланиш истиқболлари

Жорий йилнинг 16 февраль куни, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) «Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш» (AVC) лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан яқин ҳамкорликда «Мева ва сабзавотчиликда совутгич омборхоналари: бугунги ҳолат ва Ўзбекистонда ривожланиш истиқболлари» мавзусида амалий семинар ўтказди. Совутгич омборхонага ихтисослашган 70 нафар тадбиркор ҳамда 30 дан зиёд давлат органлари, хусусий сектор ва халқаро ташкилотлар вакиллари йиғилган ушбу анжуманда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен нутқ сўзлади. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон совутгич омборхоналари саноатининг келгусидаги ривожини муҳокама этишдан иборатдир.

Совуқхона мева ва сабзавотлар сифатининг бузилишини секинлаштириб, сотилишидан олдин улар сақланиши мумкин бўлган муддатни узайтирган ҳолда фермерларга йил давомида истеъмолчиларнинг турли талабларини қондиришга ҳамда уларни бозорда яхши нархларда сотишга кўмак беради. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелда имзоланган, имтиёзли солиқ тизими, божхона тартибларини соддалаштириш, халқаро молия муассалари ёрдамида кредит олишни кенгайтиришга қаратилган совутгич омборхона имкониятларини янада ошириш ва тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги 105-сонли фармони ушбу соҳа ривожига туртки берди.

2011 йилдан буён, USAID совутгич заҳиралари бўйича турли хил амалий машғулотлар ўтказиш, 300 нафардан зиёд совутгич омборхона раҳбарлари учун юқори даромад келтирувчи технологияларни маҳаллий шароитда фойдаланишга мослаштириш ҳамда истеъмолчилар учун Ўзбекистон Республикаси бўйлаб маҳсулотларни юқори сифатда ишлаб чиқарилишини таъминлаш мақсадида ўзаро ташрифлар ҳамда миллий алмашув дастурларини ташкил этган ҳолда ушбу соҳани қўллаб-қувватлаб келмоқда. “Умумжаҳон совутгич омборхона имкониятлари”нинг 2016 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон бу борада энг яхши 20 та мамлакат рўйхатига киритилди.

Халқаро эксперт сифатида таклиф этилган, Умумжаҳон совутгич заҳиралари уюшмасининг халқаро дастурлари бўйича директори Ричард Трейси шундай дейди: “Ўзбекистон қисқа вақт ичида юқори натижаларга эришди. Унинг бу соҳада дунё бўйлаб кучли 20 та мамлакат қаторига киргани қувонарлидир. Бу нафақат истъемолчиларга йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан баҳраманд бўлишга, балки фермерларга узоқдаги бозорларда ўз маҳсулотларини яхшигина нархларда сотишга ҳам имкон яратади. Ўзбекистон яқин келажакда ушбу соҳада энг яхши 10 та мамлакат қаторига қўшилади, деб умид қиламан.”

Мева ва сабзавотчиликда совутгич омборхоналари