Генерал Майкл Курилла:
“Бугун мен Тошкентда Президент Мирзиёев, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Маҳмудов, генерал-лейтенант Қурбонов, генерал-майор Холмуҳамедов ва Ўзбекистон Республикаси Қуроллик кучлари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказдим. Бу икки мамлакат қуролли кучларини ташвишга солаётган асосий мавзулар бўйича муҳим ва юқори даражадаги муҳокамалар бўлди.
Кеча мен Самарқандга ташриф буюриб, ўзбек халқининг беқиёс маданияти ва тарихи билан танишиш шарафига муяссар бўлдим. Ўзбек халқининг фахрланса арзийдиган жанговар анъаналари, ажойиб ютуқлари ҳамда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек каби буюк тарихий шахслари мавжуд. Ушбу гўзал замин дунё тарихидаги энг муҳим илмий, бадиий, таълимий ва ижтимоий соҳаларда сезиларли ҳисса қўшган.
Бир муддат ўзбек халқи билан бўлиш ҳаётимга катта маъно олиб кирди. Офисда ўтирган ҳолда бирор халқ маданиятини ҳис қилиб бўлмайди. Дунёнинг нариги чеккасида тураркан, видеоанжуман орқали мураккаб, жасур ва ажойиб бир жамиятни тушуниш ҳам осонмас. Бунинг ўрнига, Ўзбекистонни чин маънода англашни исатаган киши вилоятларга бориб, рақсларини томоша қилиши, қўшиқларини эшитиши, кўпкарида беллашаётган тулпорларнинг жиққа терга ботишини кўриши, “Регистон” мажумуасси меъморчилигидан завқланиши лозим.
Ташрифим чоғида кўрганим кўпкари иштирокчиларининг маҳорати, шижоати ва саботи мени шу қадар қизиқтириб қўйдики, бу йил салқин ойларда бу мусобақада ўзим ҳам иштирок этиш учун яна қайтиб келишга қарор қилдим.
Самарқанддаги бундай маданий тадбирлар худди бугунги учрашувлар каби аъло даражада ўтди. Зеро, бу ерга келишимдан асосий мақсад минтақа хавафсизлигини таъминлашда зарур бўлган муносабатларни ўрнатишдан иборат эди. Ўзбекистон минтақада етакчи, Ўзбекистонинг хавфсизлиги эса минтақа хавфсизлигидир.
Бу мен учун “бошқаларни тинглаш”га асосланган ташрифнинг бир қисмидир, бу Марказқўм масъул бўлган ҳудудлардаги мамлакатларга ташрифдир. Мен ҳар бир мамлакат раҳбариятидан улар дуч келаётган таҳдидлар, муносабатлардаги бўшлиқлар ва энг муҳими, шерикчилигимизни мустаҳкамлаш учун истиқболдаги имкониятлар ҳақида эшитишни истайман. Бу сафар якунида мен ўзимнинг 90 кунлик ҳисоботимни АҚШ раҳбариятига топшираман. Бу ушбу минтақадаги кузатишларимнинг дастлабки ёзма шарҳи бўлади. Ҳисоботни ёзарканман, мен унда нафақат ўз қарашларимни, балки ўзбекистонлик ҳамкорларимиз ва дипломатларнинг ҳам фикрларини киритмоқчиман. Шу тариқа, мен ўз кузатувларимда АҚШдаги бош қароргоҳимизда турган ҳолда эмас, балки шахсан ва юзма-юз учрашувдаги суҳбатларимизга асосланаман.
Икки кунлик ташрифим чоғида Ўзбекистоннинг юқори лавозимдаги раҳбарлари билан расмий учрашув ва самимий суҳбатлар ўтказдим. Барча тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар давомида Бош штаб бошлиғи генерал-майор Холмуҳамедов менга ҳамроҳлик қилди. Ҳар жойда, шу жумладан Самарқандда, биз икки томонни ташвишлантираётган кўплаб муҳим масалаларни муҳокама этдик.
Муҳокамалар чоғида биз ҳарбийларимиз 20 йил давомида тўплаган жанговар тажрибалардан олган сабоқлар билан бўлишиш имкониятини изладик. Бу сабоқлар қаторида жанговар тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳам бор. Сўнгги 20 йилдаги жанглар давомида қуролли кучларимиз технология, ҳарбий техника ва илғор тажрибалар тўплаш борасида кўп нарсаларни ўрганишди. Энди биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан ўша олган тажрибамизни ўртоқлашамиз. Шунингдек, биз ўзбекистонлик ҳарбийлардан америкалик ҳарбийлар учун қимматли бўладиган жанговар тайёргарлик, техника ва қоидаларни ҳам ўрганиб олишга умид қиламиз.
Биз муҳокама қилган яна бир масала – бу зўравон мафкура таҳдиди бўлиб, уни фақатгина ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқ. Биз бундай мафкурани қўллаб-қувватловчи гуруҳлар хавф-хатар сифатида қолаётганидан хавотирдамиз.
Мисол учун, мен ўзим апрель ойида ташриф буюрган Сурия шимоли-шарқидаги Ал-Ҳол лагерида кучайиб бораётган таҳдид ҳақида қаттиқ гапирдим. Бу келгусида катта хавф туғдирадиган вазиятдир. Лагерда 57000 га яқин одам яшайди, уларнинг аксари ИШИД болалари ёки аёлларидир. Мен Ўзбекистон раҳбариятининг ўз ватандошларини бу лагердан ўз юртига қайтариш бўйича қилган саъй-ҳаракатларини олқишлайман.
Ниҳоят, биз махсус амалиётлар бўйича кучларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилдик. Бизнинг махсус амалиёт кучларимиз бўлишиш учун жуда катта тажрибага эга, аммо улар бу борада ўзбекистонликлардан ҳам ўрганишлари мумкин. Икки мамлакат махсус амалиёт кучлари ўртасида аллақачон мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган ва биз бу ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш йўлларини изламоқдамиз. Дарҳақиқат, ташрифим чоғида қўшма ўқув машғулотларида иштирок этаётган Америка ва Ўзбекистон махсус кучлари раҳбарлари соҳа янгиликлари борасида менга қисқа ҳикоя қилиб беришди.
Бу мен учун ажойиб ташриф бўлди. Лекин бу охирги сафарим эмаслигига ишончим комил. Айниқса, бу ерда кўрганларим, эшитганларим ва учрашганим дилкаш одамлар мени бу ерга яна келишга ундамоқда. Мен ҳали бу ерга кўп келаман. Тез орада мени Ўзбекистонда кўпкари ўтказиладиган майдонда кўрасиз, деган умиддаман.”