CDC Ўзбекистонда COVID-19 га қарши кураш учун 2 миллион доллар ажратади

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC/CAR) Марказий Осиё ҳукуматларининг COVID-19 га қарши саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,8 миллион доллар ажратди, бунинг 2,07 миллион доллари эса Ўзбекистонга берилади.

Бу маблағни CDC Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги аниқлаган энг шошилинч эҳтиёжларни қондиришга сарфлайди. Жумладан, маблағ COVID-19 тестлари учун лаборатория жиҳозлари ва асбоб-ускуналар сотиб олишга сарфланиб, бунинг натижасида инфекцияни ташхислаш қобилияти ошишига ва тест натижалари тезда ўзгаришига эришилади. Шунингдек, ажратилган маблағ CDC Атлантада очганига ўхшаш Ўзбекистон  соғлиқни сақлаш тизимида шошилинч тиббий операциялар марказини ташкил этиш мақсадида тегишли жиҳоз харид қилиш ва тренинг ўтказишга сарфланади. CDC чегара кириш пунктларида текширувдан ўказиш учун техник кўмак ҳам беради, бу эса мамлакатнинг чегараларда шахсларни аниқлаш ва жавоб қайтариш қобилиятини мустаҳкамлайди.

“Биз Марказий Осиёдаги COVID-19 билан боғлиқ вазият бўйича январь ойидан бошлаб яқиндан мониторинг олиб бормоқдамиз ҳамда минтақадаги барча ҳукуматларга касаллик авж олишига қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун техник кўмак таклиф қилиб келмоқдамиз,”- деди Қозоғистоннинг Алмати шаҳридан туриб телефон орқали ўтказилган пресс-брифингда сўзлаган CDC Марказий Осиё бўйича директори, д-р Дэниел Сингер.

“Ушбу маблағ бизга вирус тарқалишини секинлаштириш бўйича мамлакатлар кўраётган чора-тадбирларни янада кучайтиришга имкон беради. Бунда CDCнинг минтақада кўп йиллардан буён ОИВ ва сил касаллигини назорат қилиш ҳамда грипп ва бошқа пандемик касалликларга тайёргарлик кўришга қаратилган ишларига асосланилади. CDCнинг соғлиқни сақлаш хавфсизлигини яхшилашга йўналтирилган сармоялари таҳдидларга, шу жумладан ҳозирги коронавирус эпидемиясига тез ва самарали тайёргарлик кўриш учун пойдевор вазифасини ўтади ва биз соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорлигимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ эканини ҳис қилмоқдамиз”,- деди жаноб Сингер.

CDC Марказий Осиё бўлими минтақадаги соғлиқни сақлаш вазирликларига вирус тарқала бошлаган пайтдан буён тренинглар ўтказиш ҳамда шошилинч амалиётлар, лаборатория ишлари, инфекциянинг олдини олиш ва назорат қилиш, чегараларда текширув, хатарлар бўйича ахборот алмашуви, жамоатчилик иштироки ва касалликни назорат қилишда техник кўмак бериш орқали қўллаб-қувватлаб келмоқда.  Бундан ташқари, у етакчи халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотлари нашр этган техник қўлланмаларни кенг оммага тарқатиш учун рус тилига таржима қилмоқда.

CDC биринчи офисини 1995 йили Алматида очган бўлиб, ҳозир унинг офислари Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам мавжуд. CDC маҳаллий лаборатория, касалликни назорат қилишни мустаҳкамлаш, мутахассислар қобилиятини ошириш мақсадида ҳар бир мамалакатдаги соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ишлайди ва уларга касаллик тарқалишининг олдини олиш, аниқлаш ва тегишли жавоб қайтариш билан боғлиқ фаолиятни янада яхшилашга кўмаклашади.