Америка рақс ансамбли директори ўзбек талабалари ва ижрочилари билан тажриба алмашди

“Дэвид Дорфман Данс Компани” бадиий раҳбари Дэвид Дорфман ҳамда “Данс Моушн ЮЭсЭй” лойиҳа директори Майкл Бланко рақс санъатига оид энг яхши амалий тажрибалар билан ўртоқлашиш, шунингдек, ижрочилик анъаналари билан боғлиқ мавзу ва муаммолар хусусида фаол мулоқот ўрнатишга руҳлантириш ва кўмаклашиш мақсадида 2-6 февраль кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Жаноб Дорфман Тошкент Давлат миллий рақс ва хорегорафия олий мактаби ҳамда Тошкентдаги Эстрада ва цирк коллежида маҳорат сабоқлари ўтказди. Бундан ташқари, америкалик санъат элчилари АҚШ элчихонасида мунтазам бўлиб ўтадиган “Суҳбат клуби”да меҳмон сифатида қатнашди ва пойтахтдаги турли хил рақс гуруҳлари билан кўришди.

Қатор мукофотлар соҳиби саналган бадиий раҳбар Дэвид Дорфман АҚШдаги ўзи 2004 йилдан буён ишлайдиган Коннектикут коллежи Рақс бўлими бошлиғи ҳамдир. 1985 йилда ташкил этилганидан бери “Дэвид Дорфман Данс” Шимолий ва Жанубий Америка, Буюк Британия, Европа мамлакатларида, яқинда эса Россиянинг Санкт-Петербург ва Польшанинг Битом ва Краков шаҳарларида ўз маҳоратини намойиш қилди. Ушбу рақс компанияси Нью Йорк рақс ва ижрочилик бўйича мукофотининг (“Бэсси”) саккиз карра совриндори бўлган. У Коннектикут коллежида 2007 йилдан эътиборан муқим яшаб ижод этаётган гуруҳдир.

“Данс Моушн ЮЭсЭй” Бруклин мусиқа академияси томонидан тузилган АҚШ Давлат департаментига қарашли Таълим ва маданият ишлари бюросининг дастури бўлиб, у Американинг энг яхши замонавий рақс анъаналарини бутун дунё бўйлаб намойиш этади. Шунингдек, у санъат соҳаси маъмурлари ва театр мутахассислари ўртасидаги ижрочилик санъатига доир глобал мулоқотни қўллаб-қувватлайди.

dancers
«Дэвид Дорфман Данс» ўзининг энг машҳур асарларидан бири бўлмиш «Лампочка назарияси»ни кўрсатишмоқда. (Жейсон Вудрафф фото туҳфаси)