Ассалому алайкум! Доброе утро! Good morning!
Мен Бош вазир ўринбосари Икрамовга ташаккур билдириб, Ўзбекистондаги Республика онкология илмий маркази, АҚШ Миллий онкология институти ҳамда бугунги анжуманни ташкил этишга ёрдам берган кўплаб бошқа ҳамкорларга ўз миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман. Бу ҳақиқатдан ҳам муҳим тадбирдир ва мен мутахассислар тезроқ ишга киришишлари учун нутқимни қисқароқ қилмоқчиман.
Аслини олганда, мен бу ерга фақатгина АҚШ нима учун ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлагани ҳақида айтиб бериш учун келдим. Сабаби шундаки, буларнинг барчаси негизида – яъни тадқиқотлар, фикрлар ва муҳокамалар негизида инсон ётади. Саратон касаллигига чалинган инсон, саратоннинг ҳар қандай шакли билан касалланмасликка умид қилувчи инсон ётади.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш марказларига мувофиқ саратон Ўзбекистондаги ўлим ҳолатларининг асосий сабаблари орасида учинчи ўринда туради, АҚШда эса ўлим ҳолатларининг асосий сабаблари орасида иккинчи ўринда туради. Бундай кўрсаткичлар бутун минтақа бўйлаб мавжуд, демак, барчамизга маълум бўлгандек, саратон ҳар йили миллионлаб инсонларнинг ҳаётига завол бўлмоқда. Буларнинг барчаси ушбу даҳшатли касалликка қарши курашиш учун ҳаммамизга тегишли сабаб бўла олади.
АҚШ президентларининг кўпчилиги мазкур масалани сиёсат даражасига кўтаришда етакчилик қилганлар. Президентимиз Обама 2009 йилда ўз лавозимини эгаллаганидан сўнг умумжаҳон миқёсда соғлик-саломатлик учун курашни АҚШ ташқи сиёсатининг устивор йўналишига айлантирди. Президент Обама фикрича, бизлар, хозиргина айтилганидек, ҳамкорликда иш олиб борсак, инсонлар ҳаётларини сақлаб қолиш борасида кўпроқ натижаларга эришишимиз мумкин. Ҳамкорлик ҳар бир мамлакатнинг иқтидорлари, технологиялари, қуввати ва манбаларидан фойдаланиш орқали жаҳондаги саломатлик билан боғлиқ бўлган энг долзарб масалаларни ечишга имкон беради. Шунинг учун ҳам биз соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассислар ҳамда Ўзбекистон давлат органлари вакиллари ушбу ўзига хос ва муҳим анжуманни ташкиллаштириш орқали минтақавий даражада саратон касалликларига қарши кураш бўйича вазифани ўз зиммаларига олаётгаликларини кўришдан мамнунмиз.
Авлодлар оша Қўшма Штатлар ва уларнинг ҳамкорлари саратонга қарши кураш олиб бормоқдалар. Бу тиббий тадқиқотчилар, соғлиқни сақлаш соҳасидаги фидойи мутахассислар ва, албатта, саратон билан яшовчи инсонларнинг кўпгина оила аъзолари курашидан иборат эди.
Ўнлаб йиллар давомида кўп натижаларга эришилди. Мен ўқиган статистика маълумотларига мувофиқ АҚШда саратон касалликлари сабабли ўлим ҳолатларининг умумий кўрсаткичи сўнги 20 йил ичида 20 фоизга қисқарди, тирик қолганларнинг кўпчилиги эса аввалги вақтларга нисбатан узоқроқ ва сифатлироқ ҳаёт кечирмоқдалар. Шу билан бирга, аввалроқ айтилганидек, саратон билан касалланиш даражаси жаҳон миқёсида ўсиб бормоқда ва у келтириб чиқарувчи оғриқ ва азобларни самарали камайтириш учун яқиндан ҳамкорлик қилиш катта аҳамият касб этади. Саратон билан курашни стратегик равишда, ҳар томонлама режалаштириш саратон билан касалланиш ва ўлим ҳолатларни камайтириш, шунингдек саратон касаллигининг миллий иқтисодиёт ва фуқаролар саломатлигига таъсирини чеклаш йўлида мамлакатлар қилиши лозим бўлган муҳим ишдир.
Миллий онкология институти кенг халқаро ҳамжамият, минтақавий шериклар, Марказий Осиёдаги миллий ҳукуматлар ҳамда миллий онкология институтлари ва саратон касалликларига қарши курашни яхшилаш марказлари билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. Институтнинг минтақадаги давлатлар билан ҳамкорлиги Марказиё Осиёдаги шериклар долзарб вазифалар сифатида белгилаб берган масалаларга урғу беришда давом этади, булар қаторига, болалар, ошқозон-ичак ва гинекология саратонлари, шунингдек паллиатив ёрдам киради.
Саратон касалликларига қарши кураш ҳақида хабардорликни ошириш бўйича минтақавий тадбирни ўтказиш бўйича ушбу ташаббус Марказий Осиёда яхши қабул қилинганидан ҳамда етакчи халқаро ассоциациялар ва ҳамкор шериклар томонидан фаол қўллаб-қувватланишидан хурсандмиз. Халқаро ҳамжамиятнинг бу каби уюшган саъй-ҳаракатлари саратон касалликларига қарши кураш бўйича мазкур ташаббуснинг самарали натижаларини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга ҳамда ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга олиб келади.
Америка Қўшма Штатлари ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари фаолиятнинг кенг кўламида ҳамкорлик олиб бормоқдалар – ва бугун биз соғлиқни сақлаш соҳасидаги жаҳонда мавжуд энг катта муаммоларга қарши туришни ният қилган ҳамкорлар сифатида шу ерда ҳозирмиз. Мен бу ерга, минтақада саратон билан касалланиш даражасини камайтириш йўлида халқаро ҳамжамият ва Марказий Осиё давлатларининг узоқ муддатли, қатъий кураши учун илк қадам сифатида хизмат қилувчи Марказий Осиёда саратон касаллигига қарши кураш бўйича раҳбарлар халқаро форумни қўллаб-қувватлаш учун келганимдан жуда хурсандман. Мен ишонаманки, биргаликда биз оламни яхшироқ қилишимиз мумкин.
Thank you, спасибо, ва катта рахмат!