АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм:
Хайрли кун! Элчихонамизга хуш келибсиз! Бугун вақт топиб келганингиз учун хурсандман.
Мен, Дэниел Розенблюм, АҚШ элчиси сифатида Тошкентда эканимдан жуда мамнунман. Бу ерга келишни узоқ кутдим. Аслида қарийб бир йил аввал номзодим илгари сурилганди. Ниҳоят май охирида бу ерга келиш насиб этди. Тахминан етти ҳафтадан бери шу ерда эканман, кўплаб кишилар билан танишиш ва мамлакатингиздаги вазият ҳақида кўпроқ нарса билиб олишга улгурдим. Биринчидан, камина элчихонадаги ходимларимиз билан танишдим (улар дунёдаги энг яхши ходимлар!); аста-секин айрим юқори лавозимли расмий кишилар билан учраша бошладим; мана энди хусусий сектор ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашишни бошламоқдаман. Бугун эса мен жуда муҳим институт – оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашиб турибман. Келгуси бир неча йил ичида барчангиз билан яхшироқ танишиб олишга умид қиламан.
Сўзимни шундай бошлашга ижозат бергайсиз: айни пайтда бу ерда фаолият олиб боришдан ўзимни ниҳоятда омадли ҳис этмоқдаман, чунки Ўзбекистонда жуда кўп муҳим аҳамиятли, ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Шунингдек, ҳозирги АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, аввал ўзим кўрганим билан солиштирганда, жуда яхши дегулик, табиийки, ўзим бу муносабатларда 2014 йилдан фаол иштирок эта бошлаганимдан буён энг яхши паллага кирди. 90-йиллар бошидан бу муносабатларда фаол иштирок этиб келаётган Ташқи ишлар вазири Комиловга ўхшаган мендан ҳам кўпроқ тажрибага эга дипломатларнинг айтишича, ҳозирги муносабатларимиз мустақилликдан кейинги энг яхши муносабатларга айланди.
Камина ўзимдан аввал келганларга, хусусан элчи Спратленга муносабатларимизни шундай босқичга кўтариш учун қилган барча меҳнатлари учун ҳурмат бажо келтираман. Мақсадим ўша икки томонлама муносабатни имкон қадар кўпроқ соҳаларда кенгайтириш ва чуқурлаштиришдан иборатки, бу ҳар икки мамлакат учун ниҳоятда катта фойда бўлишига ишонаман.
Хўш, у мақсадга эришишнинг энг яхши йўли қайси? Менимча, биз беш йўналишда иш олиб бормоғимиз керак. Улар элчи сифатида белгилаганим беш усутвор йўналишлардир. Агар орангизда кимдир Вашингтонда ўтган йили август ойида элчиликка тасдиқлаш маросимида ва ё май ойида қасамёдга келтириш маросимидаги нутқимни кўрган бўлса, бу беш йўналиш ўшаларга ўхшашдир. Ҳозир шуларни изчил баён этишга ҳаракат қиламан.
Булар муҳимлигига қараб тартиб билан келтирилган эмас. Камина уларнинг ҳар бирини бирданига амалга оширишга умид қиламан.
1-мақсад: Мен Ўзбекистон билан хавфсизлик бўйича ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришни истайман. Бу нафақат кучли муштарак мақсад ўлароқ биргаликда Афғонистонга тинчлик ва фаровонлик олиб келишни, балки бузғунчи экстремизм, трансмиллий жиноят, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа хатарларга қарши курашда ҳамкорлик қилишни ҳам англатади. Биз бу соҳада биргаликда кўп иш қилмоқдамиз; бу ҳафта Мудофаа вазири Қурбонов АҚШга сафар қилиб, Вашингтонгда расмийлар, жумладан Мудофваа вазири вазифасини бажарувчи жаноб Эспер билан учрашади.
2-мақсад: Мен Ўзбекистон ҳукумати бошлаган иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларни имкон қадар кўпроқ қўллаб-қувватлашни истайман. Ўтган бир неча йил ичида сизнинг Президентингиз кучли ва кенг кўламли ислоҳотларни йўлга қўйди. Биз бу ислоҳотлар зарур экани борасида ҳамда, агар улар муваффақиятли амалга оширилса, мамлакатни жуда ижобий йўналишда ривожланишига ёрдам беришида якдилмиз. Биз бу ислоҳотларга ёрдам бераётган кўплаб мамлакат ва халқаро ташкилотларнинг биримиз. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар маълум бир соҳаларда, масалан суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида фойдали тажриба ва билим таклиф этиши мумкин.
3-мақсад: Мен асосий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратишни давом эттирмоқчиман. Биз фаол фуқаролик жамияти ривожини қўллар эканмиз, ифода эркинлиги, уюшиш эркинлиги ва дин эркинлигини ёқлаб чиқамиз. Бу қадриятлар бизнинг бутун дунёдаги ташқи сиёсатимиз асосини ташкил этади, чунки АҚШ шу асосий ҳуқуқлар асосига қурилган ва биз барча халқлар уларга эга бўлишга ҳақли, деб ишонамиз. Биз ижобий ўзгаришларни эътироф этамиз. Масалан, биз ўтган икки йил ичида мажбурий меҳнатни камайтириш ва диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги реал ўсишни кузатдик, аммо ўринли бўлганда конструктив танқид ҳам қиламиз. Шу маънода, келаси ҳафта Вашингтонгда ўтадиган халқаро диний эркинликка оид вазирлар даражасидаги учрашувда Ўзбекистондан ҳам катта делегацияси қатнашишидан бағоят хурсандман.
4-мақсад: Камина АҚШ ва Ўзбекистон ватандошлари ўртасида ўзаро яқин алоқалар ўрнатилишини хоҳлайман. Бу эса ҳар икки йўналишда таълимий, маданий, илмий ва бизнес алмашувни кенгайтиришни англатади. Шундай қилсак, келгуси ўн йилликларда икки буюк халқларимиз ўртасидаги муносабат равнақ топиши учун алоқалар тармоғини барпо этамиз.
5-мақсад: Мен АҚШ компаниялари Ўзбекистонда ўз маҳсулот ва сервисларини сотиш ҳамда фойдали инвестиция киритишдаги имкониятлардан тўлиқ фойдланишларини истайман. Ўзбекистон бизнес қилишда барча маҳаллий ва хорижий компаниялар учун енгиллик туғдирувчи ислоҳотларни амалга оширар экан, биз бундай имкониятлар янада кенгайишини кутиб қоламиз.
Шуни таъкидлашни истардимки, бу бешинчи мақсад бўйича ўтган бир неча ҳафта ичида қатор ишлар қилинди. Хабарингиз бор, икки ҳафта аввал 13 та америкалик компания савдо миссияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Улар маҳаллий компания ва ҳукумат мулозимлари билан жуда самарали учрашувлар ўтказди. Хусусан, уларнинг барчаси менга янада кўпроқ бизнес қилиш учун бу ерда яхши имкониятлар борлигини кўришганини айтишди. Бир ҳафта аввал эса мен Тошкентда “Honeywell Corporation” тренинг маркази очилиш маросимида қатнашдим. Бу компания Ўзбекистонда 20 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Менимча, у сармоя киритувчи америкалик компанияларга ўрнак бўла олади: у нафақат пул-маблағ, иш ўрни ва энг сўнгги технология билан таъминлайди (албатта, бунинг ҳаммаси жуда яхши нарса), балки у тренинг ва таълим олиш имкониятарини ҳам олиб келади. Америкалик компаниялар инсон капиталига сармоя киритади. Бу эса сармоялар ичида энг яхшисидир, чунки ундан Ўзбекистон узоқ йиллар давомида фойда кўради.
Бу беш мақсаднинг ҳар бири ҳақида кўпроқ нарса айтиб беришим мумкин, аммо рухсатингиз билан шу ерда тўхтатаман ва саволларингизга жавоб қайтараман.