Элчи Спратлен иштирокидаги матбуот анжумани

Элчи Памела Л.Спратлен
Ўзбек журналистлари билан савол-жавоблар
2016 йил 9 февраль
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси, умумий зал
11:30

Ўзбекча тузатилган таржима

(Ёзувнинг бошланиши)

Аввало, барчангизга бугун бу ерга келганингиз учун ташаккур айтмоқчиман. 2016 йилги илк матбуот тадбирида сизларга, хуш келибсиз, дейишдан мамнунман.

Бу ерда бир неча оммавий ахборот воситалари  вакиллари қатнашяпти ва мен сизлар кўтарган айрим масалалар юзасидан фикр билдирмоқчиман, бошқа саволларингиз бўлса ҳам, бемалол беришингиз мумкин.

Мен дастлаб бир неча йиллардан бери ўтказилиб келаётган Йиллик иккитомонлама маслаҳатлашувлар ҳақида фикр билдирмоқчиман. Улар нима эканини барчангиз яхши биласиз. Фақат бир нарсани айтиб ўтмоқчиман: бундай маслаҳатлашувлар кенг қамровли масалалар ҳақида гаплашиб олиш учун АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматларининг экспертлари ва расмий кишиларини бир жойга йиғиш имконини беради.

Хабарингиз бор, биз маслаҳатлашувларни Ўзбекистон билан галма-галдан ўтказяпмиз. Йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларнинг сўнгги мажлиси 2014 йил декабрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган эди. Бу сафар мезбонлик қилиш навбати Қўшма Штатларники эди ва биз уни 19 январда ўтказдик.

Ушбу маслаҳатлашувлар дипломатия руҳида ўтади, президент Обама бунинг ўта муҳим эканини кўп марта такрорлаган ва у ўзининг Қўшма Штатларга тааллуқли халқаро муаммоларни дипломатия йўли билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларидан фахрланади.

Ҳар қандай икки томонлама муносабатларнинг муаммолари ҳам, имкониятлари ҳам  бўлади ва биз ЙИМ деб атайдиган маслаҳатлашувлар ҳам муаммолар, ҳам имкониятлар ҳақида гаплашиб олиш усулидир. Ушбу муаммо ва имкониятлар масаласига давлат котиби ёрдамчиси Бисвал 2014 йил мана шу стол атрофида ўтирган айрим журналистлар иштирокида ўтказган матбуот конференциясида алоҳида эътибор қаратган эди.

Сизларга маълумот тариқасида шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, АҚШ делегациясига эса давлат котиби ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвал бошчилик қилди.

Томонларнинг делегация аъзолари сафида бир қанча юқори лавозимли амалдорлар бор эди. Ўзбек делегацияси сафида элчи Ғуломов, бизнинг делегациямиз таркибида эса мен бор эдим.

Ташқи ишлар вазири Комилов ва унинг командасига қиш пайтида шунчалик узоқ сафар қилгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Улар ушбу маслаҳатларда қатнашиш учун бўрондан зўрға қутулиб қолди.

Музокара муваффақиятли ўтди ва Ўзбекистон билан АҚШ муносабатлари тўғри йўналишда ривожланаётганини яна бир карра намойиш қилди ҳамда бу сафарги Йиллик иккитомонлама маслаҳатлашувлар ҳам ҳукуматларимиз ўртасидаги юксак мақомли ва муваффақиятли учрашувлар қаторидан жой олди. Кўпчилигингизнинг ёдингизда бўлса керак, адашмасам, олтита юксак даражадаги асосий мажлис ва баъзиларидан сўнг матбуот конференциялари бўлиб ўтди.

Хабарингиз бор, 2015 йилнинг асосий воқеаси давлат котиби Жон Керрининг нафақат президент Каримов билан учрашиш, қолаверса, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари билан C5+1 форматидаги илк учрашув деб аталаётган тадбирда қатнашиш учун Самарқандга сафар қилгани бўлди.

Биз икки томонлама маслаҳатлашувлар чоғида Ўзбекистон билан алоқаларнинг барча жиҳатларини қамраб олувчи масалаларни муҳокама қилдик, улар тўртта асосий йўналишга гуруҳланди.

Улар сиёсий ўлчам, иқтисодиёт, хавфсизлик муаммолари ва биз “инсон ўлчами” деб аташга ўрганиб қолган, таркибига таълим, маданий алмашувлар, соғлиқни сақлаш, демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари сингари мавзулар кирадиган масалани ўз ичига олди.

Сиёсий ўлчамга юксак даражадаги икки томонлама алоқаларнинг муҳимлиги ва уларни 2016 йилда давом эттириш зарурати киради.

Биз Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимизни алоҳида таъкидлаш имконига эга бўлдик.

Шунингдек, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш ва мавжуд имкониятлардан фойдаланиш учун икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик потенциалини ҳам муҳокама қилдик.

Иқтисодиёт ва тараққиёт соҳасида икки томонлама савдо ва инвестиция масалалари, Ўзбекистоннинг Америка компаниялари ва инвесторлари учун жозибадорлигини ошириш йўллари ҳам муҳокама қилинди.

Хавфсизлик масаласида Ўзбекистоннинг Афғонистон ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашда ёрдам бераётган асосий ҳамкор экани ҳақида ҳам сўзлашдик.

Биз чегара хавфсизлиги, стратегик товарлар савдоси назорати ва наркотикларга қарши кураш борасида ҳамкорлик қиляпмиз.

Биз терроризмнинг ёйилиши олдини олиш учун кенг қамровли ёндашув зарур эканига алоҳида урғу бердик.

Инсон ўлчами масаласида турли соҳалар хусусида ўта очиқ ва ўзаро ҳурматга асосланган музокара ўтказдик.

Ўзбекистон ҳукумати билан инглиз тилини ўқитиш ва мутахассислар, шунингдек, Қўшма Штатларда  таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилиш истагимиз ҳақида гаплашиб олдик.

Илм-фан ва технология соҳасида ҳамкорлик қилиш борасида Ўзбекистон билан АҚШнинг Фан ва технология бўйича қўшма комиссияси иши, Қўшма Штатлар Халқаро ҳамкорлик агентлигининг соғлиқни сақлаш, хусусан, силга қарши кураш билан боғлиқ дастурларни амалга оширишини муҳокама этдик.

Хавфсизлик тўғрисида шуни айтмоқчиманки, бу соҳага, дунё миқёсида эса ИШИДга қарши кураш масаласига қизиқиш катта. Бу фақат ҳарбий амалиёт билан ҳал бўлмайдиган мураккаб курашдир.

Мақсадимиз ИШИДнинг бутун дунёга ёйилувчи тармоқ яратишга уринишларини чиппакка чиқариш, молиявий манбаларини йўқ қилиш ва тарғиботини фош этишдир.

Ушбу ялпи саъй-ҳаракатларда ҳар бир мамлакатнинг алоҳида ўрни бор деб ҳисоблаймиз ҳамда Марказий Осиё ва ундан ташқаридаги ҳамкорларимиз билан улар мана шу глобал курашга қўшиши мумкин бўлган ҳисса тўғрисида фикр алмашишни давом эттиряпмиз.

Биз айрим бошқа масалалар ҳақида ҳам сўз юритдик. Улар ушбу матбуот конференцияси мавзусига тааллуқли эмас, муҳокама қилган асосий мавзуларимиз эса мана шулар эканини айтмоқчиман. Ушбу маслаҳатлашувларнинг муҳим жиҳати шундаки, у бизга 2016 йил дипломатик алоқаларимиз учун самарали йил бўлиши учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Шу билан баёнотимни тугатмоқчиман. Келганингиз учун раҳмат ва саволларингизга жавоб бериш учун тайёрман.

Фақат Қўшма Штатлар билан Ўзбекистон ўртасида алоқалар ҳар қачонгидан кўра қалин эканини ва маслаҳатлашувлар турли масалалар бўйича ҳамкорлигимизни қандай ривожлантиришимиз мумкинлиги ҳақида сўзлашиб олиш имконини берганини таъкидлаб айтмоқчиман.

Юрий Черногаев, Anhor.uz: Ушбу учрашувни ташкил қилганингиз учун раҳмат. Бу йил биз учун муҳим аҳамиятга эга ва мен журналист сифатида вазият қандай бўлиши ҳақида ҳеч нарса билмайман. Ўзбекистон фуқаролари учун 2016 йилда ҳаёти қандай бўлишини билиш муҳим аҳамиятга эга. У хавфсиз бўладими? Фаровон бўладими? Ушба масалаларнинг барчаси Қўшма Штатларга боғлиқ.  Биринчи саволим: АҚШ компанияларининг Ўзбекистонда айнан қандай манфаатлари борлигини айта оласизми? Улар қайси соҳаларда ҳамкорлик қилишга қизиқмоқда? Тўқимачилик саноатими, кончиликми ёки электрониками? Аниқ мисоллар келтира оласизми?

Элчи Спратлен: Тилга олмоқчи бўлган илк гапим иқтисодиёт масаласидир ва у дунёдаги барча кишиларни ташвишга солиб турибди. Дунё, айниқса, хом ашё товарлари нархи ҳар қачонгидан кўра тушиб кетган ушбу минтақа иқтисодий босимни бошидан кечирмоқда.

Умуман олганда, жаноб Обама президентлик лавозимини бажаришга киришган пайтда  Қўшма Штатлар жиддий иқтисодий муаммоларга дуч келган эди ва ўтган саккиз йил мобайнида ишсизликни камайтириш, ишлаб чиқариш корхоналари учун қулай шароит яратиш борасида кўп ишлар қилинди. Буни эслашимга сабаб мен иқтисодий муаммони ҳал этишнинг энг яхши йўли ёки ҳар бир қишини бой қилиш учун турли бозорларда рақобатлаша оладиган бақувват хусусий секторга эга бўлиш ҳақида фақат Қўшма Штатлар мисолида гапиришим мумкин. Ўзбекистон шундай бозорлардан бири, деб умид қиламиз.

Шуни айтмоқчиманки, 30 миллион аҳолига эга Ўзбекистоннинг кучли инсон потенциали, бой табиий ресурслари бор ва ушбу мамлакат хусусий сектор ва тадбиркорлик ролини ошириш, хусусан, экспорт ва юксак технологияга асосланган иқтисодиёт яратишдан манфаатдор деб ҳисоблайман. Албатта, юксак технология Қўшма Штатлар барчадан устун бўлган соҳадир.

Қўшма Штатлар компанияларининг алоҳида манфаатлари тўғрисида шуни айтишим мумкинки, мен бу ерда кўришни истаган бир қанча компаниялар бор, лекин қайси бозорга боришни АҚШ ҳукумати эмас, компанияларнинг ўзи ҳал қилади.

Ўзбекистонда АҚШнинг машҳур брендга эга компаниялари, жумладан, модел компанияларидан GM иштирокидаги қўшма корхона ва албатта Coca-Cola компанияси фаолият кўрсатмоқда. Ушбу бозорга турли даражада дахли бўлган яна бошқа бир қанча компанияларимиз бор. Улардан бири фармацевтика саноатида фаолият юритаётган Merck компаниясидир, Ўзбекистон ҳукумати ушбу саноат ривожланишини истаётганига ишонаман.

Бу ерда ўтган йил ноябрида ўтказилган ва ўзбек ҳукуматининг иқтисодий блоки  ҳомийлик қилган Халқаро инвестиция форумида қатнашиш учун 10 дан ошиқ компания вакиллари келганидан мамнуният туйдик. Дунёнинг ушбу бурчагига ҳар доим қизиқиш билан қарайдиган АҚШ компаниялари борлигига ишонаман, лекин шуни ҳам айтишим керакки, АҚШ фирмалари учун баъзи нарсалар енгиллаштирилса, бу ерга кўпроқ компаниялар келишига шубҳа йўқ.

Мен АҚШ сармоядорларини ташвишга солаётган алоҳида масалалар хусусида тўхталиб ўтирмоқчи эмасман, фақат ҳар йили АҚШ ҳукумати Инвестиция муҳити ҳақидаги ҳисоботни чоп қилишини ва унда бирор мамлакатда инвестор бўлиш осон ёки қийинлиги ҳақида сўз юритилишини айтмоқчиман. Биз Ўзбекистон ҳақида ҳам шундай ҳисобот тайёрладик. Агар истасангиз, сиз журналистларга ҳам ушбу ҳисоботни беришимиз мумкин.

Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, биз ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири, жаноб Ғаниев билан фойдали музокара ўтказдик. Яна ўтган йили АҚШ Савдо вазрлигининг юқори лавозимли амалдори, жаноб Арун Кумар бу ерга ташриф буюрди ва ўша учрашув мазкур бозорда ишлашга қизиқаётган компанияларимизни ташвишлантираётган турли-туман масалалар ҳақида гаплашиб олиш учун жуда яхши имконият бўлди.

Албатта, биз Америка Савдо палатаси фаолиятида иштирок этамиз ва унинг директорлар кенгашида лавозимига кўра манфаатларимизни ифода қиладиган ходим бор. Бу компанияларимизнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлик муҳити ва уни яхшилаш учун қилиниши керак бўлган ишлар тўғрисида ўзбек компаниялари, потенциал ҳамкорлар ва расмий шахслар билан доимий фикр алмашиш усулидир.

Бурноғи йили Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Бизнес қилиш” ҳисоботи сингари халқаро ҳисоботларда баҳоларини яхшилаб олди. Унинг ўтган йилги баҳоси ҳам яхшиланди, деб ўйлайман.

Рақамлар тўғрисида ҳам сўрадингиз. Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорлари Хитой, Россия ва Қозоғистон олдида Қўшма Штатларнинг роли ва иштироки унчалик катта эмаслигини айтиб ўтмоқчиман. Биз ушбу масалада рақобатлашмоқчи эмасмиз, чунки Қўшма Штатлар жуда олисда жойлашган, қолаверса, на ушбу мамлакат, на унга чегарадош мамлакатлар тўғридан-тўғри денгиз йўлларига чиқа олади, лекин бу икки томонлама иқтисодий манфаат бўлган жойда хусусий секторнинг топқир вакиллари, имконият топа олмаслигини – айниқса, Ўзбекистон бундай имкониятдан фойдаланишни истаётган бўлса – англатмайди.

Умида Маниязова, CA-News:  Сиз маслаҳатлашувлар чоғида томонлар келиша олмаган масалалар ҳам муҳокама қилинганини айтдингиз ва улар инсон ҳуқуқларига дахлдор бўлса ажаб эмас. Бу ҳақда батафсилроқ маълумот бера оласизми? Эҳтимол, айрим келишувларга эришилгандир ёки иккала томон ҳам ўз фикрида қолдими?

Элчи Спратлен: Умумий қилиб бу дипломатик маслаҳатлашувлар бўлди, демоқчиман, лекин шуни айтишим мумкинки, инсон ўлчами масаласи ҳақидаги суҳбат жуда очиқ бўлди, ўзбек делегацияси сафида ушбу соҳада катта тажрибага эга кишилар бор эди. Айни пайтда пахта етиштириш соҳасида кўплаб ўзгаришлар рўй бермоқда. Ўша экспертлар инсон ўлчами, ҳибсга олинган кишиларнинг аҳволи ва бошқа масалалар хусусида музокара қилишга пухта тайёргарлик билан келган эди. Биз жуда кўп масалалар юзасидан фикр алмашдик.

Шу билан ушбу масала ҳақидаги фикрларимни тугатмоқчиман. Турли масалалар юзасидан кенг қамровли музокаралар бўлди. Хусусан, биз таълим ва алмашув дастурлари ҳақида ҳам гаплашиб олдик. Инглиз тили соҳасида кўпроқ иш қилишимиз мумкин. Бошқа мавзулар ҳақида шуни айтмоқчиманки, муҳокамалар самарали бўлди ва ўзбек ҳамкасбларимиз билан бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш йўлларини топиш учун ишни давом эттирамиз.

Пахта етиштириш соҳасида Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро ҳамкорлар, хусусан, Жаҳон банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлигидан жуда хурсанд бўлганимизни айтмоқчиман. Модомики, Ўзбекистон пахта етиштириш соҳасини модернизация қилиш  ва иқтисодиётини ранг-баранглаштириш йўлларини  ахтараётган экан, бу борадаги ишлар давом эттирилади, деб умид қиламиз.

Элдор Асанов, Kun.uz: Саволим Ўзбекистон фуқароларининг саёҳати ҳақида. Маслаҳатлашувлар чоғида Ўзбекистон фуқароларининг Қўшма Штатларга ва АҚШ фуқароларининг Ўзбекистонга сафарини осонлаштириш масаласи муҳокама қилиндими? Келгусида сафар қилишимиз осонроқ бўлишига умид қилсак бўладими?

Элчи Спратлен: Ҳам бу ерга келаётган, ҳам Ўзбекистондан Қўшма штатларга сафар қилаётган кишилар  ҳақидаги масала давом этаётган музокараларнинг мавзуси бўлиб қолмоқда. Элчихонамизнинг консуллик бўлими  малакали ўзбек саёҳатчиларига Қўшма Штатларга боришига ёрдам бериш билан шуғулланмоқда, Вашингтон шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси эса бу ерга келувчиларнинг ҳужжатларини расмийлашритиб бермоқда.

Виза беришни тартибга солувчи қонунларимиз глобал характерга эга. Ўзбекистонликларга виза бериш учун алоҳида меъёрий ҳужжатлар тўпламимиз йўқ. Қўшма Штатларнинг умумий қонуни дунёнинг барча мамлакатларига нисбатан қўлланади.

Албатта, бошқа ҳар қандай мамлакат сингари Қўшма Штатлар чегараларимизни қўриқлашга жиддий эътибор қаратади.

Шунга қарамасдан, Қўшма Штатларга келувчи саёҳатчилар, иш одамлари, талабалар ва туристларни мамнун кутиб оламиз, ҳар йили мамлакатимизга миллионлаб кишилар келади.

Албатта, Қўшма Штатларга кўплаб расмий делегациялар ҳам келади.

Шу ўринда аниқ рақамни келтиришим мумкин. Ўтган йили АҚШнинг бу ердаги элчихонаси 10 500 та виза берди.

Бу кўрсаткич ортганини айтишим мумкин. Иқтисодиётдаги муаммоларга қарамасдан ҳар йили АҚШга сафар қилувчи кишилар сони ортиб бораётганини кўриб турибмиз.

Асосий қонун глобал миқёсда бир хил бўлса ҳам ҳар бир элчихона виза олиш учун ариза берувчиларга барча шароитларни яратиб бериш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилади.  Тошкентда виза олиш учун ариза берувчиларнинг ишини осон қилиш мақсадида қандай ишларни бажарганимиз хусусида бир-иккита мисол келтирмоқчиман.

Иккита мисол келтирсам. Биринчидан, ноиммигрантлар учун виза олиш суҳбатидан ўтишни кутиш вақтини қисқартирдик.

Бу энди бир ҳафтадан камроқ вақт олади.

Ўтган йил билан солиштирганда иш кескин яхшиланди, ўша пайтда кутиш вақти 2-3 ҳафтага тенг эди.

Яна бир ўзгариш мижозларга хизмат кўрсатиш соҳасида рўй берганини, яъни ариза берувчи консуллик бўлимимизда суҳбат куни ўтказадиган вақтни қисқартирганимизни таъкидлаб ўтмоқчиман.

Одамларга муносабатимиз қанчалик муҳим эканини яхши ҳис қиламиз ва ариза берувчиларга – виза оладими ёки олмайдими, бундан қатъи назар –ҳурмат билан муносабатда бўлишни истаймиз. Афсуски, қонунларимизга кўра, кўпчилик кишилар виза олиш талабларига мос келмайди.

Бу ерга келаётган саёҳатчилар ҳақида гапирадиган бўлсак, келгусида янада кўпроқ америкаликлар бу ерга келади ва Ўзбекистон ҳақида кўпроқ нарса билиб олади, деб умид қиламан. Бу ерга келиб, гўзал мамлакатни томоша қилмоқчи бўлган АҚШ сайёҳларига имкон қадар қулайлик туғдириш учун ҳукумат билан музокараларни давом эттирамиз.

Луиза Маҳмудова, Туркистон-пресс ахборот агентлиги: Қўшма Штатлар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг ИШИДга қарши курашдаги иштирокини қандай тасаввур қилади? Сиз ушбу масала Вашингтон шаҳрида муҳокама қилинганини эслатиб ўтдингиз.

Элчи Спратлен: Мудофаа вазиримиз Эштон Картер бу нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги ҳар бир киши учун муҳим кураш эканини айтиб ўтди. Бу – глобал масала.

Бу билан мен у Ўзбекистонни алоҳида эслатиб ўтди демоқчи эмасман – албатта  алоҳида тилга олгани йўқ, фақат бу глобал ва кўп йиллик саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган муаммо эканига эътибор қаратди.

Кўп йиллик саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган муаммо, ИШИД қаерда пайдо бўлишидан қатъи назар, глобал ҳамкорлар ўртасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни тақозо қилади.

Яна бир муҳим жиҳатни алоҳида қайд этиш лозимки – ушбу фикрни расмий шахсларимиз кўп таъкидлайди – бу фақатгина ҳарбий жангу жадал эмас, жанг бўлса ҳам, фақатгина ҳарбийлар жанги эмас. У қонунни қўлловчи ва разведка агентликлари ҳамкорлигини ҳам ўз ичига олади.

Ўтган ҳафтада давлат котиби Жон Керри Римда АҚШ етакчилигидаги ИШИДга қарши глобал коалиция вакилларининг учрашувида айтиб ўтганидек, биз Афғонистон ҳам қўшилган 66 та аъзо мамлакатдан иборат коалиция сифатида ИШИДга “қайта гуруҳланиш учун вақт, қочиш учун жой, яшириниш учун хавфсиз бошпана” бермаслигимиз керак.

Айни пайтда Ўзбекистон аксил-ИШИД коалицияси аъзоси эмас, Ўзбекистоннинг бу борадаги ташвишларини яхши биламиз, лекин терроризм кучайиб бораётганидан бирдай хавотирдамиз. Ушбу таҳдид Ўзбекистон ёки дунёнинг бошқа бирор мамлакатига бундан буён хавф солмаслигига эришиш учун бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни имкон қадар мувофиқлаштиришга интиляпмиз.

Юрий Черногаев, Anhor.uz: БМТ бош котиби фуқаролари жангари сифатида ИШИД сафларига энг кўп бориб қўшилаётган тўртта мамлакатдан бири сифатида Ўзбекистонни тилга олди. Жаноб Эштон Картер ҳам Вашингтонда бўлиб Иқтисодий клуб мажлисида Қўшма Штатлар Европада мудофаа мақсадлари учун 3,4 миллиард доллар ажратаётганини маълум қилди. Қўшма Штатлар Марказий қўмондонлик орқали минтақамиздаги мудофаа мақсадлари учун қанча маблағ ажратаётганини доллар эквивалентида айта оласизми?

Элчи Спратлен: Бир оз ортга чекиниб, ҳам бир мамлакат ўз чегараларини ҳимоя қилиш учун қўлидан келган барча ишларини қилишидан муҳимроқ нарса йўқлигини билдиришимга ижозат бергайсиз.

Биз Ўзбекистон чегараларини мустаҳкамлаш учун ушбу мамлакатнинг қонунни қўлловчи ва бошқа идоралари билан кўп йиллар давомида ҳамкорлик қилиб келяпмиз.

Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг хавфсизлик соҳасида ҳамкори бўлибгина қолмай, унга кўмак ҳам бераётганини айтиб ўтмоқчиман.

Ўзбекистон ва бутун бошли Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва гуллаб-яшнаши АҚШ учун устувор аҳамиятга эга.

Ўзбекистон минтақадаги аҳолиси энг кўп ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан чегарадош мамлакатдир.

У Афғонистонга яқинлиги сабабли бутун бошли минтақанинг барқарорлигини таъминлашда асосий ҳамкор ҳисобланади.

Пентагонга келсак, ҳар йили Қўшма Штатлар президенти бюджетга оид таклифларини ўзгартишлар киритиш ва тасдиқлаш учун Конгрессга юборади

Сиз тилга олган 3,4 миллиард долларлик рақам қўшинларимиз ва Европадаги НАТО бўйича иттифоқчиларимиз билан ўқув машғулотлари учун таклиф қилинган бюджетдир.

Афғон хавфсизлик кучларини тайёрлаётган ва уларга маслаҳат бераётган Америка қўшинлари, шунингдек, АҚШнинг ИШИД/ДАИШга қарши ҳарбий амалиётлари учун бундан ҳам кўп маблағ ажратилмоқда. Президентга қанча маблағ ажратиш масаласини Конгресс ҳал қилади.

Қўшма Штатлар кўп йиллардан бери Афғонистондан хавф туғилаётгани сабабли Марказий Осиёдаги ҳамкорлари билан хавфсизлик масаласида ҳамкорлик қилмоқда.

Ўзбекистон билан Қўшма Штатларнинг устувор вазифалари ва мавқеини ҳисобга олиб, хавфсизлик соҳасида қалин ҳамкорлик ўрнатиш йўлидаги музокаралар давом эттирилади, биз бир-биримизни ҳамкорлар сифатида ҳурмат қиламиз. Ўзбекистон қўллаб-қувватлайдиган бўлса, Қўшма Штатлар у билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни давом эттираверади.

Ўтган йили рўй берган, жумладан, ўтган куз мавсумида Парижда содир бўлган фожиали террорчилик ҳужумларидан сўнг яна бир масала ҳақида фикр билдирмоқчиман.

ИШИД ва бошқа террорчилик гуруҳларига қарши ҳарбий кураш – чунки ИШИД ёлғиз эмас, ундан ташқари кўплаб террорчилик гуруҳлари бор – Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатларнинг ресурс ва эътиборини талаб қилади. Мақсадимиз бошқа мамлакатлар ҳам хавфсиз бўлишига, айниқса, НАТОга аъзо мамлакатларнинг эса биз билан бирга демократик қадриятларни сақлаб қолиш учун сафимизга қўшилаётганига, (…) улар ҳам бутунлай хавфсиз эканига ишонч ҳосил қилишдир.

Луиза Маҳмудова, Туркистон-пресс ахборот агентлиги: Элчи сифатида бу ерга келганингизга ҳам бир йил бўлди ва у сиз учун воқеаларга бой йил бўлди. Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда тинчликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига қандай баҳо берган бўлур эдингиз?

Элчи Спратлен: Аввало, бу Ўзбекистон учун ажойиб йил бўлди. Мен ўтган йилдан унумли фойдаландим ва мамлакат бўйлаб сафар қилиш имконига эга бўлдим. 2016 йилда ҳам ҳали ўзим кўрмаган жойларга саёҳат қилишни мўлжаллаяпман.

Хавфсизлик масаласи, чегараларни қўриқлаш ва фуқароларнинг хафсизлигини таъминлаш устувор вазифа эканини Ўзбекистон ҳукумати жуда яхши билади. Буни ҳамма тушунади.

Ягона муаммо мамлакат хавфсизлигини сақлаб қолиш билан бирга барча соҳалардаги ривожланиш мақсадлари томон ҳам олға силжишни таъминлашдан иборатдир.

Хонимлар ва жаноблар, шунинг билан вақтимиз ҳам тугаб қолди. Бугун бу ерга келганингиз ва ўткир ва яхши саволлар берганингиз учун миннатдорлик билдираман. Бугунги тадбиримиз ҳақида ҳаққоний маълумот беришингиз ва Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари ҳолатини қайта кўздан кечириш имкониятини сабрсизлик билан кутиб қоламиз, ушбу муносабатлар ҳар куни ривожланиб, кучайиб бораверади, дейишдан бағоят мамнунман.

(Ёзув тугади)