Элчи Спратлен хоним Самарқандга қилган икки кунлик илк расмий сафарини муваффақиятли якунлади

18-19 май кунлари Элчи Спратлен хоним катталиги бўйича Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридан кейин иккинчи ўринда турувчи Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Мазкур ташриф қуйидаги учта расмий тадбир билан боғлиқ бўлди: Самарқанд давлат университети (СамДУ) ректори Холмухамедов Алижон Рахимович билан учрашув ўтказиш ва талабалар олдида нутқ билан чиқиш; Элчининг Маданий Меросни Сақлаш Фонди (AFCP) томонидан молиялаштирилган лойиҳа объекти – Афросиёб музейига ташриф; ва Ҳарбий таҳдидни қисқартириш бўйича АҚШ Агентлиги раҳбарлигида амалга оширилаётган лойиҳа – Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти қошида Ветеринария лабораторияси миллий ўқув марказини қуриш бўйича ишларни тантанали бошлаш.

group of people
Элчи Спратлен хоним Гўри Амир мақбараси директори ва Элчихона ходимлари билан биргаликда мақбара олдида. (АҚШ элчихонаси сурати)

СамДУдаги тадбирда Элчи Спратлен хоним келажакда амалга оширилиши мумкин бўлган ҳамкорликнинг уч йўналишига урғу берди: инглиз тили таълими ва ўрганилиши; Ўзбекистон ва Америка университетлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари; ва талабалар алмашинуви. СамДУ ректори эса ушбу уч йўналишнинг барчаси бўйича ҳамкорлик ўрнатилишига умид билдирди. Элчи Спратлен хоним СамДУнинг 80 нафардан ортиқ талабалари олдида сўзлаган нутқидан сўнг, тадбирда қатнашаётган талабалар фаол равишда савол-жавоб сессиясида иштирок этдилар. Элчи хоним шунингдек АҚШ Ҳукумати дастурининг битирувчилари билан норасмий кечки овқат давомида суҳбат қуриш учун учрашди.

Расмий учрашувлардан ташқари, Элчи Спратлен хоним Хўжа Дониёл мақбараси, Гўри Амир мақбараси, шунингдек, Улуғбек расадхонаси каби Самарқанднинг баъзи тарихий обидаларини ҳам зиёрат қилди. Элчи хонимга Гўри Амир мақбараси директори томонидан Амир Темур, Улуғбек ва бошқа йирик уламолар ҳамда қадимги пайғамбарлар қабрлари жойлашган сағанага таклиф этилиш шарафи муяссар бўлди.

woman speaking to group
Элчи Спратлен хоним СамДУ талабалари олдида нутқ сўзламоқда. (АҚШ элчихонаси сурати)