Элчи Памела Л. Спратленнинг АҚШ Мустақиллик кунига бағишланган нутқи

Элчи Памела Л. Спратленнинг

АҚШ Мустақиллик кунига бағишланган нутқи

«Ҳамкорликнинг янги даври»

29 июн, 2018 йил, жума

19:00

 

Ассалому алайкум ва хайрли оқшом, хонимлар ва жаноблар, Ўзбекистон ҳукумати ва жамиятининг барча бўғинини намоён этувчи ҳурматли меҳмонлар, дипломатик корпус аъзолари, азиз ҳамкасблар ва дўстлар.

Америка Қўшма Штатлари мустақиллигининг 242 йиллигини нишонлаш учун бу оқшомда биз билан бирга эканлигингиз учун барчангизга миннатдорчилик билдираман.

Бугунги тадбиримизнинг фахрий меҳмони – Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ориповга ташриф учун миннатдорлик изҳор қилмоқчиман.

АҚШ элчихонасидаги ҳамкасбларим номидан, мезбон тарафга, хусусан, барча ишимизда бизнинг яқин ва кундалик ҳамкоримиз бўлмиш Ташқи ишлар вазирлигига миннатдорчилик билдирамиз.

Йил давомида кўплаб бошқа тадбирларимизга бош-қош бўлгани каби ушбу тадбирни ҳам саҳийлик ила қўллаб-қувватлаган корпоратив ҳомийларимизга ҳам ташаккур билдираман.

Бу оқшом мен Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги тобора кенгайиб бораётган ҳамкорлик мавзусига тўхталиб ўтишни истардим. Икки томонлама муносабатларимизда дарҳақиқат «янги давр»ни бошладик.

Шу аснода, бу он мен учун ҳам қувончли ҳам маъюс ондир. Чунки кўпчилигингизга маълум бўлгани каби, ажойиб тарзда ўтган уч ярим йилдан кейин, бу тадбир АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида мен иштирок этадиган эҳтимол охирги расмий тадбирларнинг биридир.

Куни кеча Президент Трамп АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб Даниел Н. Розенблум номзодини кўрсатиш нияти ҳақида Оқ уй эълон қилди. Мен Вашингтонга кейинроқ белгиланадиган кун қайтиб бораман.

Вақт ўтиб борар экан, мен уч йил аввал келган мамлакатдан бугун анча фарқ қиладиган Ўзбекистонда туриб сизга мурожаат қилмоқдаман.

2015-йили январ ойида Ўзбекистонга келгач, мени Биринчи Президент Ислом Каримов самимий қабул қилиши анча енгиллик яратди, аммо икки томонлама сиёсатда жиддий масалалар турарди.

Биргаликда ўтказган ушбу вақт мобайнида биз икки мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янгиладик ва қайта жонлантирдик, ва бу ҳол Президент Мирзиёев ва Президент Трампнинг ўтган ойда Вашингтонда бўлиб ўтган тарихий учрашувида ўз аксини топди.

Мазкур учрашув АҚШнинг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган қатъий мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади.

Президент Трамп Президент Мирзиёевнинг серғайрат раҳбарлигидаги муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар борасида Ўзбекистонда олиб борилаетган улкан ютуқларга бўлган ҳурматини изҳор этди.

Биз Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги жараёнлар ортга қайтмайди деган баёнотини ва Ўзбекистон халқи манфаатларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифа, деб таъкидлаганини олқишлаймиз.

Одил бошқарув, суд ислоҳоти ва қонун устуворлиги, иқтисодий либераллаштириш ва ижтимоий тараққиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракатлар стратегияси миллий янгиланишни бошлаб юборди ва глобал эътирофга сазовор бўлди.

Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати унинг Марказий Осиёда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашдаги муҳим ролини оширмоқда.

Ўзбекистон олиб бораётган ташаббус ҳамкорликни мустаҳкамлашга, оғир дамларда елкадош бўлишга ва минтақавий хавфсизлик масалаларини ҳал этишга, шу жумладан Афғонистонда барқарорликни таъминлашга қаратилган. Бу ташаббус доирасида аввал ноябр ойида Самарқандда бўлиб ўтган конференция, сўнг Афғонистон бўйича Тошкентда март ойида конференция ўтказилди.

Президент Трамп Ўзбекистоннинг ушбу муҳим мулоқотдаги марказий ролини эътироф этди ва Қўшма Штатларнинг C5+1 минтақавий формати орқали ҳамкорлик ва ривожланишга кўмак беришини ўз зиммасига олди.

Инсон ҳуқуқлари каби муҳим соҳада биз яқинда кўплаб виждон маҳбусларининг озод қилинишини, болалар меҳнатидан систематик тарзда фойдаланиш ҳолларига чек қўйишни ва мажбурий меҳнат кўламини камайтириш борасидаги сезиларли ютуқларни олқишлаймиз.

Икки кун аввал Давлат котиби Помпео Одам савдоси бўйича йиллик ҳисоботни эълон қилди. Олдинда ҳали қилиниши керак бўлган кўп иш бор,  аммо биз Ўзбекистоннинг улкан ютуқларини эътироф этамиз. Шуни маълум қилишдан мамнунманки, Ўзбекистон ушбу ҳисоботдаги иккинчи назорат поғонасига кўтарилган.

Бизнинг кенг қамровли муштарак ишимиз доирасига хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик киради, жумладан Ўзбекистон ҳарбийлари малакасини ошириш ҳамда халқаро жиноий гуруҳлар ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлик олиб бормоқдалар.

Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар янада жўшқин қишлоқ хўжалигини яратиш, савдо, иқтисодий ўсиш, қонун устуворлигини кенгайтириш ва юқумли касалликларга қарши курашиш йўлида яқиндан ҳамкорлик қилмоқдалар.

Халқларимиз орасидаги бевосита алоқаларимиз негизи бўлмиш таълим ва маданият соҳасидаги ҳамкорликдан мен ғоят мамнунман. Америка овози ва Хьюман Райтс Уотч каби ташкилотларнинг Ўзбекистонга келиши қувонарлидир. Америка Таълим Кенгашларининг явин орада таълим соҳасидаги ҳамкорлигимизни янада юксак даражага кўтаради. Бошқа ташкилотлар ҳам уларнинг изидан келишини кутиб қоламиз.

Маданий алмашинувимизда биз муштарак умумбашар қарашларга эга эканлимиздан қувонамиз. Бу ердаги давр мобайнида ёдда қолучи энг ёрқин хотираларимдан бири, Ўзбекистон Халқаро Жазз Фестивали доирасида америка гуруҳининг Фарғона шаҳридаги илк бор мусиқий чиқишида ўзбекистонлик дўстлар билан ўтказган пайтимдир.

Янгиланаётган иқтисодий ҳамкорлигимизнинг белгиси сифатида АҚШ ва Ўзбекистон Президент Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи чоғида қарийб 5 миллиард долларлик 20 дан ортиқ йирик бизнес битимларини имзоладилар.

Октябр ойида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё Савдо Форуми минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий ўсиш масалаларини муҳокама қилади. Савдо ва инвестициялар бўйича доиравий битим савдо сиёсати масалаларига ечим топади, Америка-Ўзбекистон Савдо Палатаси ўзининг 25 йиллигини нишонлайди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда шу қадар кўплаб ижобий ва констурктив ўзгаришлар юз бермоқда. Бу ерда айни даврда бўлиш инсонга илҳом бахш этади.

Мустаҳкам шериклик муштарак саъй ҳаракатларни талаб этади, шундай экан менинг Ўзбекистондаги давримни бундай ажойиб тарзда ўтишига сабаб бўлган инсонларни эътироф этиш учун бир оз вақтингизни олсам.

Тошкентдаги АҚШ элчихонасидаги ҳамкасбларимга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ҳамкасблар: сиз ажойибсиз!

Мамлакатнинг барча бурчакларидаги ва ҳукуматнинг барча бўғинидаги ҳамкорларимизга раҳмат деймиз! Шунингдек парламент аъзолари, матбуот, суд ҳуқуқ тизими, санъат ва фуқаролик жамияти вакилларига ташаккур. Сизлар билан танишганим ва ишлаганим мен учун катта шарафдир.

Ва ниҳоят, гўзал табиати ва машҳур маданий мероси билан дунёга донғи кетган ушбу ажойиб юртнинг халқига, мен деярли тўрт йил давомида менга кўрсатган саховатингиз ва меҳр-муҳаббатингиз мен учун катта шараф ва бунинг учун олдингизда тавозе ва таъзимдаман.

Менинг америкалик юртдошларим Ўзбекистонга ташриф буюрганда менга доим “Ўзбекистон халқи нақадар самимий ва меҳмондўст экан” деб айтадилар. Мен бу сўзларга бутун вужудим билан қўшиламан ва фахраланаман.

4 июл куни биз Американинг кучини нишонлаймиз, бу куч манбаси – Американинг жуғрофий жойлашуви, халқимиз ғайрати ҳамда озодлик, мустақиллик ва суверинитетни қадрлайдиган турфа миллат вакилларидан иборат халқ сифатидаги фундаментал бирлигимиздир. Шу билан бирга 242 йилдан ортиқ вақт мобайнида биз шерикларимизни қувонч ва синов вақтларида ҳам қадрлашни ўргандик. Бу ҳар доим шундай бўлган ва шундай давом этади.

Сўзим якунида, шуни айтмоқчиманки келаси бир неча хафта давомида хайрлашиш фурсатига эга бўламиз. Лекин энг муҳими – шериклик ва ҳамкорликнинг янги даврини яратишдаги муштарак фахримиздир.

Мен Ўзбекистондаги жараёнларни Вашингтонда туриб бажонидил кузатиб бораман.

Сиз ўз йўлингизда борар экансиз, барчангизга, оилаларингизга ва жамоаларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Эътиборингиз учун катта раҳмат.

ТОСТ

Ушбу қадаҳни икки буюк давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстликнинг янги даври ҳамда АҚШ мустақилликнинг 242 йиллигига таклиф этаман. Бугун биз буюк давлатимизнинг тарихига ҳурмат бажо келтиряпмиз ва муштарак йўл сари боқамиз.

Катта раҳмат.