USAID агробизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида ғоялар танловини эълон қилди

2022 йил 24 октябрь, Тошкент, Ўзбекистон – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида маслаҳат хизматлари кўрсатаётган хусусий корхоналарнинг салоҳиятини ошириш мақсадида Хусусий экстеншн хизматларини қўллаб-қувватлаш дастурини эълон қилди. Дастур мамлакатда агробизнеснинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш мақсадида, ҳар бир ғолибни умумий қиймати 200 миллион сўмгача бўлган тренинг ва жиҳозлар билан таъминлайди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида экстеншн хизматлари фермерлар ҳамда агробизнес ўртасида замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари ва илғор тажрибаларни алмашиш ва тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга.

USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередитнинг таъкидлашича: “USAID 2008 йилдан бери Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификациялаш ва модернизация қилишда ҳукумат ва хусусий секторга кўмак бериб келмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасида экстеншн ва маслаҳат хизматларини қўллаб-қувватлаш орқали инновацион ғояларни рағбатлантириш Ўзбекистонда агробизнеснинг рақобатбардошлилиги ҳамда минтақавий савдо ҳажмини оширади.”

Мазкур дастур янги экстеншн ҳизматларини кўрсатишга ёки мавжуд хизматларни такомиллаштиришга оид концептуал ғояларни кўриб чиқади. Шу билан бир қаторда, дастур доирасида экстеншн хизмат кўрсатувчилар учун малака ошириш бўйича тренинглар ўтказиш имконияти ҳам кўриб чиқилади. Аризалар жорий йилнинг 21-ноябригача қабул қилинади. Эълон матни ва концептуал ариза намунасини бу ердан юклаб олиш мумкин.

Ўзбекистон иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги соҳаси билан узвий боғланган бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 30 фоизини ташкил этади ва ишчи кучининг қарийб 30 фоизини қамраб олади. Ушбу соҳада сўнгги йилларда квоталар ва нархларни назорат қилиниши бекор қилиниб, сезиларли ютуқларга эришилди. Шу билан бирга, фермерлар фаолиятига янги технологияларни интеграция қилиш жуда муҳим аҳамият касб этиб колмоқда. Янги технологиялар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қиймат қўшиш билан биргаликда, агробизнес маҳсулдорлиги ва рақобатбардошлилигини ҳам оширади.