Администратор Саманта Пауэрнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

9 сентябрь 2021 йил
Рональд Рейган биноси
Вашингтон, Колумбия округи

Админстратор Пауэр: Барчага хайрли кеч! Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланаётган ушбу байрам тадбирида иштирок этиш мен учун катта шарафдир.

Муҳтарам элчи Ваҳобов, шундай муҳим воқеа муносабати билан каминани нутқ ирод этишга таклиф этганингиз учун ташаккур.

Шуни тан олишим керакки, шахсан ўзим ҳали Ўзбекистонга сафар қилган эмасман. Аммо менинг ота-онам, волидам ва падарим, мен ҳали ёш болалик чоғимда сизнинг мамлакатингизга саёҳат қилишган ва ўша сафардан олган таассуротларини менга завқланиб айтиб беришган. Улар ҳикоя қилар экан, менинг тасаввуримда Самарқанднинг атлас шарфлари ва либослари, Калон масжидининг ложувард-мовий гумбазлари, айниқса, қовунлар яққол жонланганди. Ҳа, мен юртингизнинг қовунлари ҳақида кўп эшитганман. Сариқ ва яшил тусли навлар дейсизми, асалдан ҳам тотли тўқ сариқ навми, битта оилани бемалол тўйдирадиган катта-катта қовунларни айтайми, ҳаммаси ҳақида эшитганим бор.  Қолаверса, келиб чиқишим Ирландиядан ва биз бир бутун оилани боқишга нималар кераклиги ҳақида кўп ўйлаймиз.

Шунча илиқ тасаввурлар билан, мен Ўзбекистонга сафар қилишни ортиқ кечиктирмаслигим керак, деган ўйдаман. Элчи жаноблари айтганидек, бундай қилишга энди менда яхши баҳона бор, чунки икки мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янада чуқурлашиб бораётганининг муҳим белгиси шуки, USAID ўтган йили Ўзбекистонда ўз миссиясини очди. Бу эса, фикри ожизимча, ушбу муносабатлар қайси томонга қараб ривожланаётганининг кўплаб аломатларидан бири холос.

Ҳозирча, юртингизга ташрифимдан аввал, камина Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён яшаётган авлод билан байрам қилишни, мамлакатда атиги бир неча йил ичида юз берган ҳайратомуз ўзгаришларни нишонлашни истайман.

1992 йили Тошкентда АҚШ элчихонаси ташкил этилганидан, ҳатто ўтган йили USAID миссияси очилганидан бери, Америка Қўшма Штатлари шу дамда, ўзбек халқи учун катта имкониятлар мавжуд ушбу лаҳзаларда ўзаро ҳамкорлигимзни кенгайтириш мақсадида чиндан ҳам муҳим қадамлар қўйди.

Бу йил нафақт Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги, балки буюк шоир ва ўзбек адабиёти асосчиси бўлмиш Алишер Навойнинг 580 йиллиги ҳамдир.

Навоий шеърияти ёрқин тасвирлар ва эҳтиросли ҳис-туйғуларга бойлиги билан ажралиб туради, аммо у умид ва ишончга тўлиқ шоир ҳам эди. Унинг ижоди билан эндигина танишаётган камина шоирнинг ўзимга ёққан мана бу ажойиб байтига сизнинг ҳам эътиборингизни қаратсам.  Навоий ёзади: “Қуёш ўзининг қайғу нурларини таратади; “Ва биз, сайёралар мисол, умид атрофида айланамиз” (сўзма-сўз таржима). Умид атрофида.

Ўзбекистон кўпдан буён ўз водий ва текисликларига ўша “қайғу нурлари” таралаётганини сезиб яшади: кўп асрлик хорижликлар ҳукмронлиги, салтанат истаган турли истилочилардан тортиб Сталин замонидаги тозалашлар-у шўро қатағонига қадар.

Бироқ, ўзбек халқи ҳамиша умид билан яшади, унинг сўнгги пайтлардаги эркинлик ва яхши бошқарув сари қўйган қадамлари эса ниҳоятда илҳомбахш ва умидбахшдир.

Америка Қўшма Штатлари Президент Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” ҳақидаги тасаввурларини олқишлайди.

Ўзбекистон чиндан ҳам ўзбек халқининг турумуш даражасини ошириш, бизнесни кучайтириш ва ўз жамоаларида барқарор иқтисодий имкониятлар яратиш мақсадида кучли иқтисодий ислоҳотларни зудлик билан амалга оширишга киришди. Биз бу ислоҳотлар мамлакат туб аҳолисига реал таъсир кўрсатади, деб умид қиламиз.

Масалан, Абдуғаффор каби фермерлар ҳаётига қилган таъсирини олайлик. Бу фермер ҳақида сизларга озроқ сўзлаб беришимга ижозат беринг. Мустақилликдан буён, Абдуғаффор умрининг кўп қисмини ўз боғига эга бўлишни орзу қилганча бошқа кишиларнинг боғларида ишлаш билан ўтказади. Аммо ерга эгалик қилиш ва ўз фермасини ишга тушириш учун керакли маблағ топиш унинг бундай орзусига етишида тўсиқ бўлиб турарди.

Ўзбекистон ҳукумати ердан фойдаланишни эркинлаштириш дастури доирасида ўз фуқароларига ер участкалари бўлиб бера бошлагач, Абдуғаффор ҳам рўйхатдан ўтиб, тўлиқ фойдаланилмаётган бир боғни қўлга киритди. Тез орада у оддий ишчидан тадбиркорга айланди ва ўз жамоасидаги кишиларни ишга ёллади. Бироқ, соҳадаги паст-баландликлар Абдуғаффорга даромад олишни қийинлаштирарди. Мушкулини осонлаштириш эса унча қийинмас, унга совутгич ва музлатгичлар керак эди. Улар ёрдамида Абдуғаффор боғида етиштирган узум ва анорларни нархлар ошгунига қадар сақлаб туриши мумкин бўларди.

USAID дастурларидан бири унга ўзининг биринчи совуқхонасини сотиб олиш ва ундан фойдаланишга ёрдам берди, натижада у бозор нархларида маҳсулотини сотиш ҳамда фойда олиш имконига эга бўлди. Бизнесидаги яхшироқ нархлар ортидан ўз томорқасида тирикчилик имкониятлари яратиш орқали у йил давомида меҳнат қилувчи тўрт нафар ишчи ва ҳосил йиғим-терим пайтида яна қўшимча 20 нафар ишчи ёллайдиган бўлди.

Ўзбекистон ҳукумати, сизга маълумки, чет эл валютаси алмаштиришни эркинлаштириб, экспортга оид ҳужжатларни рақамлаштириш йўли билан қоғозбозликни камайтирди. Шу тариқа Абдуғаффор ўз маҳсулотларини Қозоғистон, Латвия ва Қирғизистон Республикасига экспорт қилишга эришди. У кейинчалик янада кўпроқ кишиларни ишга ёллади, мавсумий ишчилар сонини икки бараварга оширди, ва ниҳоят ота-онасини Маккага ҳаж зиёратига юборишдай бир умрлик орзусини амалга оширди.

USAID минтақадаги савдо-сотиқни янада яхшилаш, бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, чет эллик сармоядорларни мамлакатга жалб этишга қаратилган ислоҳотларни илгари суриш учун Ўзбекистон ҳукумати билан ишлашда давом этмоқда.

Биз, шунингдек, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлигимизни кенгайтириб, шу соҳага кўпроқ сармоя киритишга ҳаракат қилдик. Бу соҳа бир пайтлар болалар меҳнатидан фойдаланиш туфайли ўз обрўсини йўқотган, лекин кейинчалик эксплуатацияга қарши кураш чораларини кучайтираётган саноат соҳаси ҳисобланади.

Демократия, ҳаммамиз эшитганимиздек, якуний мақсад ва асосий кўзланган манзилдир. Биз демократиялар бир кечада юзага келмаслигини Қўшма Штатларда яхши биламиз. Ва улар фақат одамлар фаровон бўлгандагина ўсмайди.

Ўзбекистон халқи ўз эҳтиёжларини қондириш учун масъул ҳукумат тузишга интилишини яққол намоён этди. Ўзбекистонликлар шуни яхши билишадики, гуллаб-яшнаш учун матбуот ва фуқаролик жамияти эркин хабар тарқатиши лозим, хорижий сармоя кириши учун коррупция илдизи билан йўқ қилинмоғи зарур ҳамда эркин ва рақобатбардош сайловлар халқ иродасини акс эттирмоғи керак.

Сўнги бир неча йил ичида биз жуда кўп ютуқларга гувоҳ бўлдик, мана энди бу ижобий ўзгаришларга таянган ҳолда, Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларни иқтисодий ўзгаришлар каби тез ва чин юракдан илгари суриш фурсати етди. Ҳар қачонгидай, бу ишда USAID ёрдам қўлини чўзишга тайёр.

Минтақада юз берган воқеаларни ҳисобга олиб, шуни ҳам таъкидлаб ўтишни истардимки, Толибон Афғонистонни эгаллаб олганидан сўнг, Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдамини қўллаб-қувватлади ҳамда яқиндаги мураккаб эвакуация жараёнида АҚШ, Германия, Швейцария ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилди.

Нутқимни Ўзбекистон халқини, ундаги барча кишиларни самимий табриклаш билан якунлашимга ижозат бергайсиз. Мен ҳозиргина элчи билан гаплашдим, мустақиллик эълон қилинган пайтда у ўн бир ёшда бўлган экан. Мен сиёсий маслаҳатчи билан гаплашдим, ўшанда у етти ёшда бўлган экан. Мана, келгуси авлод ҳам етишиб келмоқда. Ўзбекистондаги ёшлар ўзлари, ўз ватанлари ва келажак авлод учун “имконсиз нарсанинг ўзи йўқ, чин дилдан исталган нарсага шубҳасиз эришилади” деган ғоят катта интилиш билан яшаб келмоқда.

30 ёш муборак бўлсин! Сиз АҚШ тимсолида ҳамиша кучли ҳамкорга эгасиз, дея ваъда беришга ижозат беринг.  Биз бир авлод ўтиб ўша “ғамгин нурлар” узоқ хотирага айланишини кафолатлаш учун, келгусида нафақат ҳозир мустаҳкам бўлган Ўзбекистон суверенитетини байрам қилиш, балки ўзбек халқининг озодлик ва фаровонликка бўлган интилишларининг рўёбини ҳам нишонлаш учун сиз билан бирга иш олиб боришга умид билдирамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!