Халқаро диний эркинлик бўйича 2020 йил ҳисоботи: Ўзбекистон

ХАЛҚАРО ДИНИЙ ЭРКИНЛИК БЎЙИЧА КОМИССИЯ
2021 ЙИЛ 12 МАЙ

Қисқача маълумот

Конституцияда дин ёки эътиқод эркинлиги ҳамда давлат билан диннинг бир-биридан ажратилиши белгилаб қўйилган. Ҳукумат йил давомида халқаро ҳуқуқшунос олимлар билан дин ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш юзасидан маслаҳатлашди, 6 августда эса Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа Кенгашининг Венеция комиссиясидан қўшма хулоса беришни расман илтимос қилди. 12 октябрда ЕХҲТ ва Венеция комиссияси қўшма хулосасини эълон қилди ва  унда айтилишича, лойиҳада ҳимоянинг баъзи яхшиланган чоралари кўзда тутилган бўлса-да, ҳукумат дин ва диний эркинлик устидан қатъий ва кескин чоралар кўриши мумкинлиги ҳам белгиланган. Яна унда таъкидланишича, “Қонун лойиҳаси инсон ҳақлари соҳасидаги халқаро стандартларга ва ЕХҲТ олдида инсон ўлчами борасида олинган мажбуриятларга тўла мос келиши учун жиддий қайта кўриб чиқилиши лозим”. Йил охиридаги ҳолатига кўра, қонун лойиҳаси парламентда муҳокама босқичида қолаётган эди. Ҳукумат йил давомида дин билан боғлиқ жиноятлари учун ҳибсга олинган 243 нафар маҳбусни озод этгани ёки уларнинг қамоқ муддатини қисқартирганини эълон қилди.  Айрим фаоллар ва нодавлат ташкилотлари вакиллари хабар қилишича, ҳукумат маҳбусларга шафқатсиз муносабатда бўлиб, уларга нисбатан жисмоний зўравонликни ҳам қўлламоқда, айрим ҳолларда диний экстремизмда ёки давлат рухсат бермаган исломий фаолиятда гумон қилиниб, ҳибсга олинган ва қамоққа ташланган шахсларнинг қамоқ муддатини узайтиришга ҳаракат қилган. Ҳукумат йил охирига қадар қамоқдаги маҳбуслар сони ҳақида хабар бермади, бироқ 38 кишига нисбатан гуруҳларга аъзолиги ёки “тақиқланган диний-экстремистик фаолият”да иштирок этгани учун жиноий иш қўзғатилганини билдирди. Яна “тақиқланган диний материаллар контрабандаси” бўйича 22 та жиноий иш қўзғатилган.  2019 йилда полиция қўлга олган 2 нафар блогердан бири 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бошқаси беш йилга шартли қамоқ жазосига ҳукм этилган, бироқ дин фаоли сифатидаги фаолиятида синов муддати талабларини бузгани учун ноябр охирида 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. ОАВ хабарига кўра, ҳукумат айрим диний мазмундаги сайтларга киришга тўсиқ қўймоқда, булар жумласига Иегова шоҳидлари  сайти ва Диний эркинликни ҳимоя қилиш бўйича “Forum 18” халқаро ташкилоти сайти киради. Ҳукумат ўзи исломий экстремистик фаолият билан боғлиқ деб айтган ноқонуний вебсайтлар рўйхатини юритди. Август ойида ҳукумат диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада соддалаштирди, бироқ диний гуруҳлар вакиллари айтишича, амалдаги қонун ҳали-ҳамон уларнинг давлат рўйхатидан ўтишини қийинлаштирмоқда. Ҳукумат 8 та черковни рўйхатган олган; диний ташкилотлар берган маъхлумотга кўра, ҳалигача давлат рўйхатидан ўтишни кутиб турган яна 17 та черков бор. Бир қанча дин эркинликлари ҳимоячилари баёнот берганига кўра, йил давомида давлат рўйхатидан ўтган черковларнинг аксариятига этник ўзбеклар эмас, этник руслар ва корейслар аъзо бўлган. Ҳукумат давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган диний ташкилотлар вакиллари ҳалигача ўзлари эътиқод қилаётган дин амалларини жиноий таъқиб хатарисиз бажара олмаяпти. Дин эркинликлари ҳимоячилари ва ОАВ берган маълумотга асосан, ҳукуматнинг соқол қўйиш ва рўмол ўраш борасидаги сиёсатига оид мунозаралар давом этди. Август ойида суд беш эркакни 11,5 йиллик қамоқ жазосига, 3 кишини эса бир жойдан иккинчи жойга боришни чеклашга ҳукм қилди. Бунга ўша гуруҳ вакиллари ўз диний эътиқодини муҳокама қилгани сабаб бўлган. Ички ишлар вазирлиги вояга етмаган болалар ота-оналари, акалари ва опалари ҳамда бошқа қариндошлари ҳамроҳлигида масжидларда намоз ўқиши мумкинлиги ҳақида расман баёнот берди.

Фаоллар ва жисмоний шахслар, айниқса, асли келиб чиқиши мусулмон бўлган кишиларнинг бошқа динга ўтишига қарши ижтимоий босим мавжудлиги ҳақида хабар беришни давом эттирди. Айрим ноисломий камсонли диний жамоатлар вакиллари билдиришича, исломдан бошқа динга ўтишга қарши ижтимоий стигма – тамғалаш дафн маросими чоғида қийинчиликларга сабаб бўлган, қариндошларни [майитни] четроқдаги қабристонга дафн этишга ёки дафн маросимини ислом диний расм-русум билан адо қилишга мажбурлаган. Евангелие христианлари, пятидесятниклар (пентекосталлар), баптистлар ва Иегова шоҳидлари сингари прозелитлар деб ҳисобланаётганлар айтишича, улар жамиятнинг ошиқча эътибори ва камситишларига дучор бўлмоқда.

Йил давомида АҚШ элчиси ва элчихонанинг бошқа ходимлари одамлар диний эътиқоди учун қамоққа олинаётгани, уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинаётгани, камсонли диний жамоатларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва болаларга диний фаолиятда иштирок этишт йўлидаги мавжуд бюрократик тўсиқлар юзасидан хавотир билдириш учун ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорлари билан учрашувлар ўтказди. Элчихона ходимлари ҳукуматни дин ҳақидаги қонун лойиҳасида халқаро экспертлар тавсияларига амал қилиш, шунингдек, жамоатчилик фикрини инобатга олишга даъват этди.  Февралда давлат котиби мамлакатга ташриф буюрди ҳамда диний эркинлик ҳақида фикрини билиш учун христиан, мусулмон ва яҳудий дин пешволари билан учрашди. Халқаро диний эркинликка оид алоҳида топшириқлар бўйича элчи йил давомида ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорлари билан бир қанча виртуал учрашувлар ўтказди ва ўша учрашувлар давомида дин ҳақидаги қонун лойиҳаси ва диний ташкилотларни давлати рўйхатидан ўтказишнинг аҳволи, шунингдек, ҳукумат болаларнинг дин амалларини бажаришда иштирок этишига рухсат бериши ва ўз дини амалларини тинч бажаргани учун айбланиб, ҳибсга олинган кишиларни озодликка чиқариши кераклигига оид масалаларни кўтарди. Йил давомида элчихона ходимлари мамлакатдаги диний эркинлик аҳволини муҳокама қилиш учун диний ташкилотлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамиятининг бошқа аъзолари билан мулоқот қилиб турди. Камсонли диний жамоатларни давлат рўйхатидан ўтказиш, болаларга диний таълим бериш ҳамда мусулмонлар ҳижоб ўраши ва соқол қўйиши билан боғлиқ хавотирлар муҳокама мавзулари бўлди.

2020 йил 2 декабрида 1998 йилда қабул қилинган ва кейинчалик тузатишлар киритилган “Халқаро эътиқод эркинлиги тўғрисида”ги қонунга асосан, давлат котиби Ўзбекистонни “Алоҳида кузатув рўйхати”дан ўчирди ва энди бу мамлакат “диний эркинлик соҳасидаги жиддий қонунбузарликлар”да қатнашмаяпти ва уларга тоқат қилмаяпти, деб топди. Илгари Ўзбекистон 2006 йилдан 2017 йилгача алоҳида ташвиш уйғотадиган мамлакатлар рўйхатига киритилган, 2018 ва 2019 йилларда “Махсус кузатув рўйхати”га ўтказилган эди.

I бўлим. Диний демография

АҚШ ҳукумати Ўзбекистоннинг жами аҳолисини 30,6 миллион киши деб баҳолайди (2020 йил ўрталаридаги ҳисоб-китоб бўйича). Ўзбекистон ҳукумати маълумотига кўра, 2020 йил октябрида Ўзбекистон аҳолиси тахминан 34 миллион кишига етган. АҚШ ҳукумати ҳисоб-китобича, аҳолининг 88 фоизи мусулмонлардир, Ташқи ишлар вазирлиги ҳисоблашича, аҳолининг 96 фоизи мусулмонлардир. Мусулмонларнинг аксарияти Ҳанафия мазҳабига мансуб. Ҳукумат таъқидлашича, аҳолининг тахминан 1 фоизи шиаларнинг Жаъфарий мазҳабига мансубдир ҳамда улар Бухоро ва Самарқанд вилоятиларида ғуж бўлиб яшайди. Аҳолининг 2,2 фоизга яқин православ христианларидир, 2019 йилда улар 3,5 фоиз бўлган; ҳисоботлар ва статистика маълумотларига кўра, ушбу кўрсаткич этник руслар ва бошқа православ кишиларнинг эмиграцияси сабаб пасайиб бормоқда. Ҳукумат қайд этишича, аҳолининг қолган 1,8 фоизига католиклар, этник корейс христианлари, баптистлар, лютеранлар, 7-кун адвентистлари, Инжил христианлари, пятидесятниклар, Иегова шоҳидлари, буддистлар, баҳоийлар, “Кришна онги” халқаро жамияти аъзолари ва атеистлар киради. Яҳудийлар жамоати аъзоларига кўра, яҳудий аҳоли сони – ашкеназлар билан сефардлар (Бухоро яҳудийлари) – 10 000 кишидан камроқ. Шулардан 6000 нафар ашкеназ ва 2000 камроқ Бухоро яҳудийси Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона водийсида истиқомат қилади. Яҳудий аҳоли сони эмиграция сабаб камайиб бормоқда.

II бўлим. Ҳукуматнинг диний эркинликни ҳурмат қилиши аҳволи

ҲУҚУҚИЙ АСОС

Конституцияда ҳар бир киши исталган динга эътиқод қилиши ёки қилмасиги белгилаб қўйилган. Конституцияга кўра, ушбу ҳақлар бошқа фуқаролар, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилиши мумкин эмас. Қонун миллий хавфсизлик, жамоат тартибини ёки ахлоқ меъёрларини сақлаб туриш учун зарур бўлган ҳолларда диний фаолиятини чеклашга рухсат беради. Конституцияда давлатнинг диний жамоатлар ишига аралашмаслигини назарда тутувчи дунёвий асос белгилаб қўйилган, унда давлат билан дин бир-биридан ажратилган ва диний принципларга асосланган сиёсий партиялар фаолияти тақиқланган.

Дин ҳақидаги қонунда дин ёки эътиқод эркинлигининг амал қилиш соҳаси ва чекловлари батафсил баён қилинган. Қонунда давлат рўйхатидан ўтмай туриб, диний фаолият юритишга жиноий жавобгарлик белгиланган; диний материаллар таркиби, уларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва сақлаш учун расмий рухсат талаб этилади; прозелитизм ва миссионерлик фаолиятининг бошқа кўринишлари тақиқланади. “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун турли бандлари шахс, жамият ва давлатни ҳимоя қилиш, конституцион тузум ва мамлакат яхлитлигини сақлаб қолиш, тинчлик, миллатлараро ва динлараро тотувликни сақлаб қолишга тааллуқлидир. Қонунда экстремизм ва экстремистлик фаолиятига қарши курашнинг асосий тушунчалари, принциплари ва йўналишлари белгилаб берилган. Қонунга кўра, экстремизмга “ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаси”, деб таъриф берилади.

Мавжуд қоидаларга кўра, сайт ёки блог конституцион тузумни зўравонлик билан ағдариб ташлаш ва мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилишга даъват этганлик; уруш, зўравонлик  терроризм, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарқатганлик; давлат сири  бўлган ёки қонун йўли билан қўриқланадиган ахборотни ошкор қилганлик; миллий, этник ёки диний душманликка олиб келувчи, порнография ёки наркотиклар истеъмол қилишни тарғиб этувчи ахборот тарқатганлик учун тўсиб қўйилиши мумкин. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, ҳукумат суд қарорисиз ҳам вебсайтлар ёки блогларни тўсиб қўйиши мумкин.

Давлат рўйхатидан ўтмаган диний ташкилотнинг ҳар қандай диний хизматлар кўрсатиши ноқонунийдир. Жиноят кодексида давлат рўйхатидан ўтмаган “ноқонуний” ташкилотлар билан “экстремистик” деб қаралувчи “тақиқланган” ташкилотлар бир-биридан фарқланади. Террористик ташкилотлар дея тақиқланган ташкилотларга аъзолик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ноқонуний диний гуруҳни ташкил этиш ёки унинг фаолиятида қатнашиш жиноят ҳисобланиб, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 4 – 8 миллион сўмлик ($380-$760) жарима билан жазоланади. Қонунда яна бошқа кишиларни ноқонуний диний ташкилотларга киришга кўндириш тақиқланади ва бунинг учун 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Жиноят кодексида диний-экстремистик, мутааассиблик, бўлгинчи ва бошқа тақиқланган ташкилотларни тузганлик ва улар фаолиятида иштирок этганлик учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган. Диний-экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумон қилинган кишиларга конституцион тузумни ағдариб ташлашга уриниш ва терроризм сингари қонунбузарликлар айб сифатида қўйилиши мумкин.

Қонунга кўра, барча диний ташкилотлар Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиши керак. Қонунда белгиланишича, диний ташкилот ақат уни вазирлик рўйхатдан ўтказгандан сўнг фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Қонунда бир қатор талаблар, жумладан, давлат рўйхатидан ўтиш учун мамлакатдлаги 14 та маъмурий бирликнинг 8 тасида доимий ҳозир бўлиш; 18 ёшдан ошган камида 100 нафар аъзоси рўйхатини тақдим этиш; ҳам юридик, ҳам жисмоний манзил кўсатилган ҳолда ташкилот низомини Адлия вазирлигининг маҳаллий бўлимига тақдим этиш кўрсатилган.

Диний ташкилотларни муайян аҳоли пунктида рўйхатдан ўтказиш учун Дин ишлари бўйича қўмита (ДИБҚ), маҳаллий ҳокимият ва маҳалла қўмитаси розилиги талаб этилади. Ташкилотлар Қурилиш вазирлиги, Давлат санитария-эпидемиология хизмати  ва Ички ишлар вазирлиги қошидаги Давлат ёнғинга қарши кураш хизмати департаментидан[1] “кафолат хатлари” тақдим этиши шарт.

Қонун етакчи таъсис қилувчи аъзолар ўз дини ҳақида ваъз айтиш учун зарур бўлган диний таълим олгани ҳақидаги нотариус тасдиқлаган ҳужжатлар мавжудлигини, ташкилотнинг даромад манбалари  ва ДИБҚнинг давлат рўзхатидагн ўтишга берган розилигини талаб қилади. Қонунда яна ҳокимиятлар ташкилотни ўз ҳудудида рўйхатга олинишига розилик бериши, ташкилот ҳокимиятдан ўзининг юридик ва жисмоний манзили, шу жумладан, бош архитектура бошқармаси, санитария ва эпидемиология хизмати, ёнғинга қарши кураш хизмати ва маҳалла қўмитасидан олинган рухсатнома маълумотлари қонунчиликнинг барча талабларига мос келиши талаб этилади. Ҳокимиятлар тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиққандан сўнг давлат рўйхатидан ўтишга рухсат беради ва ҳужжатларни кўриб чиқиш учун ДИБҚга юборади. Қонунга кўра, Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиши бир ойдан уч ойгача вақт олиши мумкин ҳамда давлат рўйхатидан ўтказишни маъқуллаши ёки рад этиши ва уни  кўриб чиқишни бирор қарор чиқармасдан тўхтатиши мумкин.

Қонунда таъкидланишича, давлат рўйхатидан ўтган диний ташкилотлар бутун мамлакат бўйлаб фаолият юритиши, янги жойларда давлат рўйхатидан ўтиши, биноларидан ёнғин ва  санитария хавфсизлиги меъёрларига асосан фойдаланиши, диний таълимни ташкил этиши ва диний адабиётларга эга бўлиши мумкин.

Қонун давлат рўйхатидан ўтган ташкилот фаолиятини у рўйхатдан ўтган ҳудудлар билан чеклайди. Унда фақат давлат рўйхатидан ўтган диний ташкилотларга мактаблар ташкил этиш ва руҳонийларни тайёрлаш ҳуқуқини беради. Мусулмон руҳонийларининг алоҳида вакиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан аккредитация олади.

ДИБҚ давлат рўйхатидан тўтган диний фаолиятни назорат қилиб боради. ДИБҚ қошидаги Конфессиялар кенгашига лавозими бўйича мусулмон, христиан ва яҳудий диний ташкилотлари вакиллари киради. Кенгашда қонунчиликка амал қилиш усуллари, диний ташкилотлар ва диндорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, дин билан боғлиқ бошқа масалалар муокама қилинади.

Ҳукумат диний фаолиятни, шунингдек, 16 ёшдан кичик бўлган болалар учун ота-оналар рухсатисиз  мўлжалланган диний тадбирларни расмий ибодатдан ташқарида маъқуллаши керак.

Қонун давлат рўйхатидан ўтган диний ташкилотлардан унинг рўйхатга олинган манзил(лар)и бўйича диний мажлислар ва бошқа диний маросимларни ўтказишдан 30 кун олдин ҳокимият идораларини хабардор қилишни талаб этади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат рўйхатидан ўтган барча диний ташкилотлар унинг рўйхатга олинган биноси(лари)дан ташқаридаги диний мажлислар, кўча намойишлари ёки бошқа диний маросимлар, жумладан, чет эллик шахслар ёки бошқа минтақалардан келган диндорлар иштирокидаги тадбирлари ўтказиш ҳақида маҳаллий ҳокимият идораларидан рухсат сўраши, сўнгра улар ўтказилишидан 30 кун олдин ДИБҚни ва Адлия вазирлиги вакилини хабардор қилиши шартлиги белгиланган. Давлат рўйхатидан ўтмаган ташкилотларга бирор диний фаолиятни амалга ошириш тақиқланади.

Қонунда жисмоний шахслар диний ташкилотларнинг мажлислар, митинглар ва кўча намойишларини ўтказишга бинолар ёки бошқа бирор мулкни ижарага бергани ёки давлат рухсатисиз кўмак кўрсатгани учун жазо белгиланган. Қонунда яна рухсат этилмаган болалар ва ёшлар мажлислари, шунингдек, ибодат билан боғлиқ адабий ва бошқа тўгараклар ўтказишга кўмаклашганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган. Ушбу қоидаларни бузганлик учун маъмурий жазо 9 215 000 сўмдан 18 430 000 сўмгача ($880 дан $1 800 гача) жарима ёки 15 кунгача қамоқ жазосидан иборат.

Қонунга кўра, давлат органлари, жумладан, маҳалла қўмиталари, шунингдек, нодавлат ва нотижорат жамоат ташкилотлари милиция билан бирга “аксилижтимоий фаолият”да гумон қилинганларга қарши кураш бўйича кенг ваколатларга эга. Ушбу ваколатлар сирасига давлат рўйхатидан ўтмаган диний ташкилотлар фаолиятига тўсқинлик қилиш, фуқароларнинг эътиқод эркинлигига риоя этилишини таъминлаш, диний қарашлар тарғиботини тақиқлаш, қонунга риоя этилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқиш киради.

Қонун руҳонийлар ва расман тан олинган диний ташкилотларда раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган шахслардан бошқа кишиларга жамоат жойларда диний кийимда юришни тақиқлайди. Ҳукумат одатда қонуннинг ушбу бандига риоя этилишини таъминламайди: одамлар жамоат жойларда диний кийимда пайдо бўлиши мумкин, бундан давлатники ёки хусусий бўлишидан қатъи назар, барча даражадаги мактаблар мустасно.

Қонун прозелитизм ва бошқа миссионерлик фаолиятини тақиқлайди. Жиноят кодексида прозелизим билан шуғулланганлик учун 3 йиллик қамоқ жазоси белгиланган ва унда балоғат ёшига етмаган болаларни ота-отасининг рухсатисиз диний ташкилотларга жалб қилиш тақиқланади.

Қонунда диний ташкилотлар диний материалларни матбуотда эълон қилиш ёки тарқатиш учун лицензия олиши кераклиги талаб қилинади. Унда диний нашрлар мазмуни, уларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва сақлашга расмий маъқуллаш талаби бор. Бундай нашрлар сирасига китоблар, журналлар, брошюралар, буклетлар, аудио-визуал материаллар, жумладан, ихчам дисклар ва DVD-дисклар, шунингдек, интернетга келиб чиқиши, тарихи, мафкураси, таълимотлари, изоҳлари ва дунёдаги турли динлар маросимлари тавсифи билан жойлаштирилган материаллар киради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда “диний мазмундаги материалларни ноқонуний ишлаб чиқарганлик, сақлаганлик, олиб кирганлик ва тарқатганлик” учун жисмоний шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробаридан 100 баробаригача (4 460 000 сўмдан 22 300 000 сўмгача, 430 – 2100  АҚШ долларигача) жазо белгиланган. Шунга ўхшаш қонунбузарлик содир этган давлат  хизматчиси эса  энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 150 баробаригача (11 150 000 сўмдан 33 450 000 сўмгача, $1 100 до $3 200 АҚШ доллагача) жаримага тортилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс бундай материалларни  ҳамда “уларни ишлаб чиқариш ва тарқатишиннг тегишли воситалари “ни мусодара қилишга рухсат беради. Судлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан жарима солади. Одам жаримани тўлаш имконига эга бўлмаса, судлар унинг ойлик маошидан ушлаб қолиш хусусида қарор чиқаради. Жиноят кодексида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосан қарор чиқарилгандан сўнг ушбу хатти-ҳаракатлар қайта содир этилган тақдирда энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробаридан 200 баробаригача (22 300 000 сўмдан 44 600 000 сўмгача, 2 100 – 4 300 АҚШ доллари) жарима солиш ёки 3 йилгача “ахлоқ-тузатиш ишлари” кўзда тутилган. Аслида Жиноят кодексида кўзда тутилган ва диний адабиётлар билан боғлиқ қонунбузарликлар учун жазо камдан-кам ҳолларда қўлланади.

Давлат тақиқланган “экстремистик диний ташкилотлар”га ҳар қандай нашрни тарқатишни ман этади. Ижтимоий тармоқларда экстремистик деб тан олинган варақалар ёки адабиётларни тарқатаётган кишилар жиноий жавобгарликка тортилади ва улар 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин. Қонунга кўра, ҳукумат экстремистик деб ҳисоблайдиган муаллифларнинг китобларига ёки ҳар қандай ноқонуний олиб кирилган ёки ишлаб чиқарилган адабиётларга эга бўлган кишилар ҳибсга олинади ва суд қилинади.

Қонунда диний экстремизмда айбланиб судланган кишиларнинг қамоқхонадан берилган тавсифномаларини кўриб чиқадиган “Афв этиш материалларини тайёрлаш бўйича махсус комиссия” деб номланган комиссия тузиш белгиланган. Афв этиш бўйича бошқа комиссия эса “хато қилиб, тақиқланган ташкилотларга аъзо бўлиб қолган шахслар”нинг илтимосномаларини кўриб чиқади. Ушбу комиссия фуқароларни ҳар қандай жиноий жавобгарликдан озод қилиши мумкин. Агар фуқаролар ҳарбий тайёгарликдан ўтмаган, терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган ва терроризмни тарғиб қилувчи ахборот тарқатмаган бўлса, жиноий жавобгарликдан озод этилади.

Қонун диндан хусусий тартибда таълим бершини тақиқлайди. У диний таълим беришни расман рухсат этилган диний мактаблар ва давлат маъқуллаган ўқитувчилар билан чеклайди. Болалар давлат мактабларида диний таълим ола билмайди, бундан фақат ўқув дастури доирасида дунё динлари ҳақидаги бошланғич маълумот берувчи айрим дарслар ёки “маърифат сабоқлари” (миллий маданиятни ўрганиш) мустасно.

Диний таълим муаасасалари  Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтгандан ва тегишли лицензия олгандан сўнг фаолият юритиш ҳуқуқини қўлга киритади. Диний таълим муассасаларида ўқитувчилик билан шуғулланаётган шахслар давлат тан олган диний маълумотга ва ўқитиш рухсатномасига эга бўлиши шарт. Ушбу қоидалар профессионал бўлмаган кишиларга бошқаларни диннинг ҳарққандай кўришинини ўқитишни ёки ҳукумат тасдиғидан ўтган ўқитувчиларга рухсати бор ўқув юртидан ташқарида бошқаларни ўқитишни тақиқлайди.

Қонун фақат давлат рўйхатидан ўтган марказий маъмурий органи бор диний ташкилотларга диний ходимларни тайёрлаш ва диний таълим беришга рухсат этади. 10 та мадраса, жумладан, 1 та аёллар мадрасаси, шунингдек, биттадан рус православ ва протестант семинарияси диний кадрларни тайёрлаш ва ўрта таълим бериш бўйича расмий рухсатномага эга. Вазирлар Маҳкамаси мадрасалар бераётган дипломларни бошқа дипломларга тенг деб билади ва бу ҳол мадрасалар битирувчиларига ўқишни университетда давом эттириш имконини беради.

Қонун имомлар расман тан олинган ўқув юртини битириб чиқишини ва лицензия олиш учун ҳукумат идорасида рўйхатдан ўтишини талаб қилади. Ўзбекистон мусулмонлар идораси битирувчини у ёки бу масжидга имом ноиби сифатида бириктириб қўяди, шундан сўнг у имом бўлиши мумкин. Ҳукумат вакилларига кўра, чет элларда малака оширган турли диний ташкилотлар руҳонийлари диний ибодатларни лицензия олган биноларда ўтказиши мумкин бўлади.

Мамлакат “Фуқаролик ва сиёсий ҳақлар ҳақидаги халқаро пакт”га аъзодир.

ҲУКУМАТ АМАЛИЁТЛАРИ

Ҳукумат йил давомида халқаро ҳуқуқшунос олимлар билан дин ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш юзасидан маслаҳатлашди, 6 августда эса Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа Кенгашининг Венеция комиссиясидан қўшма хулоса беришни расман илтимос қилди. 12 октябрда ЕХҲТ ва Венеция комиссияси қўшма хулосасини эълон қилди ва  айтилишича, лойиҳада ҳимоянинг баъзи яхшиланган чора кўзда тутилган бўлса-да, ҳукумат дин ва диний эркинлик устидан қатъий ва кескин чоралар кўриши мумкинлиги ҳам белгиланган. Яна унда таъкидланишича, “Қонун лойиҳаси инсон ҳақлари соҳасидаги халқаро стандартларга ва ЕХҲТ олдида инсон ўлчами борасида олинган мажбуриятларга тўла мос келиши учун жиддий қайта кўриб чиқилиши керак”. Хусусан, унда диний фаолияти ва диний ташкилотлар мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилиши; давлат рўйхатидан ўтказиш учун ортиқча талаблар борлиги; диний материалларга цензура сақланиб қолаётгани ва диний ҳиссиётларни ифода қилишга тақиқлар мавжудлиги; камситишига йўл қўяётган давлат амалдорлари ҳаракатларининг ҳаддан зиёд эркинлиги ва диний ташкилотнинг автономия ҳуқуқига аралашув борлиги айтилган эди. Йил охиридаги ҳолатига кўра, қонун лойиҳаси парламентда муҳокама босқичида қолаётган эди.

Машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси фикрича, қонун лойиҳасининг олдинги қонундан деярли фарқи йўқ, чунки унда “ҳали-ҳамон давлат рухсатисиз дин эркинлигини ҳар қандай тарзда амалга ошириш тақиқланади, давлат рухсатисиз диний таълим бериш ман этилади, ҳукумат дин ҳақидаги барча материалларни цензура қилади ва динига бошқаларни даъват этиш тақиқланади”.

ННТ вакиллари айтишича, ҳукумат диний экстремизм ёки ҳукумат рухсат бермаган исломий фаолиятда қатнашганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган ёки қамоққа ташланган кишиларга жисмоний куч ишлатиб, шафқатсиз муносабатда  бўлишни давом эттирмоқда. ОАВ февралда хабар қилгани  бўйича, ННТ ходимлари маҳбуслар ва жамоатчиликнинг шикоятларини тергов қилиш ваколатига эга инсон ҳақлари бўйича омбудсменга Навоий вилоятидаги ахлоқ тузатиш колониясида қамоқда ўтирган диний маҳбус Амирбек Хўжаевга шафқатсиз муносабатда бўлингани юзасидан шикоят берган. Хўжаевнинг онасига кўра, ҳокимият идоралари вакиллари уни шир яланғоч ечинтириб, қўлларини боши ва бўйин орқасига, кейин кураклари ортига “капалак” ҳолатида қўйиб, кишан тақиб, дўппослаган. ННТ яна хабар қилишича, амалдорлар маҳбусларни Рамазон ойида рўза тутишига имкон бермай, оғзига овқат тиқиб, таҳқирлаган. ОАВ берган маълумотга кўра, омбудсмен идораси шикоятларни жиддий қабул қилмаган.

8 январда 2000 йилдан 2002 йилга қадар “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотига алоқадорлиги учун қамоқда ўтириб чиққан Иброҳим Холматов уйида ҳибсга олинган ва кейинчалик унга экстремизмга шериклик қилиш айби қўйилган. Диний эътиқод эркинлиги учун курашувчилар сўзларига кўра, ҳокимият идоралари Холматовга нисбатан “кучли руҳий босим” ўтказган, унга оиласи билан кўришишга рухсат берилмаган. Оиланинг фаолларга билдиришича, ҳокимият идоралари унга қўйилаётган айблар тўғрисида жуда кам маълумот берган ва ўзларига у билан кўришишга рухсат этилмаётганини айтган.

Фуқаролик жамияти ташкилотлари қонунчиликдаги экстремизмнинг таърифи жуда кенг эканини ва у зўравонликсиз диний эътиқодлар билан зўравонликни дастаклайдиган мафкуралар ўртасидаги тафовутни аниқлашга имкон бермаслигига оид хавотирларини билдиришда давом этди.

28 майда Ички ишлар вазирлиги Андижон ва Наманган шаҳарларида, шунингдек, Тошкент  ва Сурхондарё вилоятиларида ақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотининг бир қанча аъзоларини  ҳибсга олганини  хабар қилди. Вазирлик айнан қанча киши ҳибсга олинганини аниқ айтмади, бироқ таъкидлашича, ҳибсга олинган кишилар ушбу ташкитлот  фаолиятида иштирок этгани учун қамоқ муддатини ўтаб чиққанига қарамай, озодликка чиққандан сўнг экстремистик ғояларни тарқатишни давом эттирган. Вазирлик экстремистик фикрлар бор адабиётларни мусодара қилганини ва жиноий иш қўзғатганини маълум қилди. Ҳукумат террористик ва экстремистик фаолият билан шуғуллангани учун судланган кишиларнинг умумий сони ёки ўзи диний мутаассиблик деб атайдиган ташкилотларга мансуб ва айни чоқда қамоқ муддатини ўтаётган кишилар ҳақида маълумот бермади. Ҳукумат сўнгги марта 2018 йилда зикр этилган жиноятлар учун 1503 нафар маҳбус қамоқда ўтирганини хабар берган эди. ННТ вакиллари ушбу рақамни мустақил тарзда аниқлаштириб бўлмаслигини билдирди.

Ҳукумат йил давомида ҳеч қандай фуқарони диний сабабларога кўра ҳибсга олмаганини маълум қилди. Унинг айтишича, 38 кишига қарши диний-экстремистик ташкилотларга аъзолиги ёки диний экстремистик фаолият билан шуғуллангани учун 18 та жиноят иши қўзғатилган. Яна хабар қилишича, “тақиқланган диний материал контрабанда қилингани” учун 22 та жиноий иш қўзғатган. Айрим диний эркинлик фаоллари маълум қилишича, хавфсизлик хизматлари диний экстремизмга қарши қандай қаттиқ қурашаётганини “кўрсатиш” учун ҳибсга олинган кишиларга қарши айбловларни тўқиб чиқарган. Инсон ҳақлари бўйича бир машҳур адвокат ҳокимият идоралари айбловларни ҳибсга олинганларнинг телефонларидаги тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” билан боғлиқ кирувчи хабарлар билан асослаганини айтди. Унинг фикрича, ҳокимият идоралари ҳибсга олинганлар ушбу хабарларга ёзма жавоб қайтармаганини билган.

Дин фаоллари берган маълумотларга кўра, қамоқхона нозирлари маҳбусларга янги айбловлар қўйган, уларни эсктремистик ташкилотлар фаолиятидаа иштирок этишда  ёки бошқа жиноятларда айблаган вак кўплаб диний маҳбусларнинг қамоқ муддатини “чўзиш”ни давоп эттирган. Янги айбловлар янги ҳукмларга сабаб бўлган, дастлабки қамоқ муддати анча йиллар олдин тугаган кўплаб кишилар оқибатда қамоқда қолиб кетаверган.

Президент Шавкат Мирзиёев ил давомидаги 5 та алоҳида ҳолатда жами 616 нафар маҳқумни озод қилди ёки қамоқ муддатини қисқартирди, шулардан 243 нафари дин ҳақидаги қонун талабларини бузгани учун қамалган эди. Ҳукуматнинг 1 августда чиқарилган ва режалаштирилган қамоқдан озод қилиш ҳолатлари тўғрисидаги видеоролигида Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги собиқ президент Ислом Каримов 2016 йилда вафот этганидан сўнг 4500 нафар маҳбус, жумладан, 1584 нафар диний маҳбус озод қилингани ёки афв этилгани, улардан 1215 нафари озод этилгани, 369 нафарининг эса ҳукми енгиллаштирилганини эълон қилди. 1 августдаги эълондан сўнг, 27 август ва 7 декабрда ҳам  янги маҳбуслар озод этилди, натижада 2016 йилдан бери озод этилган ёки ҳукми енгиллаштирилган маҳбуслар сони 1710 кишига етди.

27 ноябрда 2019 йилда интернетга турли диний мавзулардаги муҳокамаларни, жумладан, аёллар ҳижоб ўраши, эркаклар соқол қўйиши, болалар эса масжидларда намоз ўқишига оид даъватларни жойлаштиргани учун  5 йилга шартли кесилган блогер Тўлқин Остонов Тошкент шаҳридан ташқарига чиқиш тақиқланганига оид шартли ва муддатидан олдин озод этиш шартини бузгани учун ҳибсга олинди, судланди ва жазога ҳукм қилинди. Адвокати билдиришича, 27 ноябр куни эрталаб Учтепа тумани полициясининг шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинганларни назорат этувчи бўлими инспектори Остоновни  чақирган, ўша куни кечқурун эса 3 соатлик суд мажлиси бўлган. Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди зудлик билан уни 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган ҳамда у 1 ёки декабрь куни Бухородаги ахлоқ-тузатиш колониясига ўтказилган. Адвокатига кўра, Остонов синов муддатида Фарғона вилоятининг Бувайда тумани ва Тошкент вилоиятининг Чиноз шаҳрига борган ва шу тариқа олдинги шартли ва муддатидан олдин озод қилиш шартларини бузган, бироқ оиласи Би-Би-Сининг ўзбек хизматига маълум қилишича ва улар фикрича, у диний эътиқод эркинлигини тарғиб қилишга оид фаолияти  учун қайта судланган. Ҳукм чиқарилгандан сўнг Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси баёнот эълон қилди, унда шундай дейилади: “У ўзини давлат органлари хатти-ҳаракатларидан азият чекканларнинг ҳимоячиси қилиб кўрсатган, уларни ҳуқуқни  муҳофаза қилиш органлари ҳақида туҳмат ва объектив бўлмаган ахборот беришга ундаган ва ўша материалларни интернет орқали тарқатган”. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция шикоятини 22 декабрда кўриб чиқди ва ҳукмни кучида қолдирди.

Бир диний эътиқод эркинлиги фаолининг сўзларига кўра, диний мавзудаги материалларни интернетга жойлаштиргани учун Остонов билан бирга 2019 йилда 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган Рустамбек Каримов  жазони колонияда ўтамоқда.

Маҳаллий ҳокимият машҳур блогер Адҳам Отажоновнинг ресторанини февралда АҚШ давлат котиби билан учрашгандан сўнг ёпиб қўйди. Тахаллуси “Абу Муслим” бўлган Отажонов, хабарларга кўра, ресторандан олган даромадидан ўзининг Islamonline.uz  вебсайти ва Фейсбукдаги 264 000 га яқин обуначиси бўлган саҳифасида диний эркинлик ҳақидаги онлайн контент яратиш мақсадида фойдаланган. Отажонов айтишича, ўтмишда ҳукуматни диний масалаларда кўп бора танқид қилган, бироқ на бир оқибатга дуч келган ва на бир жавоб олган. Давлат котиби билан учрашганидан кўп ўтмай ҳокимият идоралари унинг ресторанига газни бершини тўхтатиб қўйган ва у ресторанини ёпишга мажбур бўлган. Гарчи у барча ҳисоб-китобни вақтида қилганини ва қоидаларга риоя этганини айтиб, исбот қилиб берган бўлса-да, ҳокимият идоралари тўланмаган қарзлар ва бошқа қоидабузарликларни баҳона қилган. Пировардида газ таъминоти тикланган ва ресторан қайта очилган, лекин Отажонов газ таъминоти узилиб қолгани оқибатида жиддий молиявий зарар кўрган.

Отажоновникига жуда ўхшаш бошқа медиа платформалари ҳукуматнинг аралашувисиз фаолият юритишни давом эттираверди, улар сирасига  YouTube’даги  268 000 обуначаси бор мусулмон канали (Azon.tv), Фейсбукдаги 110 000 издоши бор хусусий саҳифа (Azon) ва хусусий Azon.fm радиостанцияси киради.

ОАВ хабар қилишича, 31 мартда мамлакат шимоли-ғарбида жойлашган Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманидаги  марказий давлат касалхонаси травматологи Алимардон Султонов тез ёрдамнинг маҳаллий хизматига қўнғироқ қилиб, Қорақалпоғистонда COVID-19 билан оғриганлик ҳолатлари аниқланганми, деб сўраган. Сўнгра касалхонага ижтимоий тармоқларда дин эркинлиги ва мусулмонларнинг эътиқоди ҳақидаги фикрларини жойлаштирган Султоновни сўроқ қилиш учун 5 нафар маҳаллий амалдор келган. Улар Султоновдан қўлида диний битиклар бор-йўқлигини сўраган ва у компьютерида исломий битиклар борлигини тасдиқлаган. Амалдорлар унинг компютерини  мусодара қилиб, ўзига қарши жиноий иш қўзғаган ва уни COVID-19 карантини билан боғлиқ сохта ахборот тарқатганликда айблаб, ўзини уй қамоғига жойлаштирган. У яна “диний адабиётни ноқонуний ишлаб чиқариш, сақлаш, олиб кириш ва тарқатганлик”да айбланган. 23 ноябрда Қорақалпоғистон Республикаси Эллиққалъа туман суди уни ўтаб бўлган муддатини ҳам ҳисобга олиб, 14 ойлик уй қамоғига ҳукм қилган. Султонов апелляция шикояти  берган ва ишни тинглаш 2021 йил 7 январга белгиланган.

14 августда ОАВ берган хабарга кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 5 нафар мусулмон эркакни эътиқодини ижтимоий тармоқларда муҳокама қилгани учун 11,5 йил муддатгача озодликдан маҳрум қилган, яна 3 нафар эркакнинг эса бир жойдан бошқа жойга бориш эркинлигини чеклаган (жумладан, автомобиль ҳайдашни, жамоат мажлисларида қатнашишини  чеклаган, яна улар уй қамоғига олиниб, комендантлик соатига амал қилишга мажбурлаган). Прокурорлар 8 нафар эркакни экстремистик маъвизаларни қўчириб олишда ва терроризм билан боғлиқ бошқа қонунбузарликларда айблади.

Олий суд 12 март ва 29 апрелда 2 та вебсайт (najot.info ва hizb-uzbekiston.info), шунингдек, 43 та онлайн профил, канал, Facebook ва YouTube каналидаги саҳифа, хабарларни алмашишга мўлжалланган Telegram илова дастури экстремизмни тарғиб қилаётгани тўғрисида қарор чиқарди. Суд қарорига кўра, материалларни ва ушбу манбаларнинг мундарижасини мамлакатга олиб кириш, ишлаб чиқариш, тарқатиш ва сақлаш тақиқланади.

Ҳукумат ўзи “экстремистик” деб таърифлаган исломий ташкилотлар фаолиятини тақиқлашни давом эттирди ҳамда 22 та диний ташкилотдан иборат гуруҳларга аъзолик учун жиноий жавобгарликни жорий этди. Ҳукумат хабар беришича, йил охирига бориб, қуйидаги  ташкилотлар тақиқланган деб топилган: “Акромийлар”, “Туркистон ислом ҳаракати”, “Ислом жиҳоди” гуруҳи, “Ҳизб ут-Таҳрир ал-Исломий”, “Ал-Жиҳод”, “Ал-Қоида”, “Жиҳод” умумжаҳон жамғармаси, “Мусулмон биродарлар”, “Жамияти Исломий Таблиғ”, “Жамоати Исломий Покистон”, “Шарқий Туркистон исломий ҳаракати”, “Бўзғурт”, “Абу Сайф гуруҳи”, “Жамияти Уламои Исломий”, “Ислом Давлати”, “Тавҳид ва жиҳод”, “Катибат ал-Имом ал-Бухорий”, “Жамоати Ансаруллоҳ”, “Жабҳат ан-Нусра”, жиҳодчилар ва нурчилар. Ҳукумат баёнот беришича, унинг диний экстремизмда гумон қилинган шахслар ёки ташкилотларга қарши ҳаракатлари диний эркинликка дахл қилмайди, аксинча, дунёвий ҳокимиятни ағдариб ташлашнинг ҳамда динлараро беқарорлик ва нафратни қўзғашнинг олдини олишдан иборатдир.

ОАВ ва ҳукуматга кўра, хусусий тарзда диний таълим бериш ҳали-ҳамон ҳукуматнинг диний жамоатлар аъзоларини ҳибсга олиш ва жарима солишда давом этишига сабаб бўлиб қолаверди. Тақиқ одамларнинг ўз эътиқодини муҳокама қилиш ёким диний ғояларни алмашишга мўлжалланган мажлисларига ҳам тааллуқли эди. Айрим мусулмонларга кўра, диний мунозаралар ҳамон ман этилган, чунки ҳеч қим “прозелитизм” ёки дин принципларидан хусусий тартибда таълим бергани учун жазога тортилишни истамайди. Ҳукумат билдиришича, 1 октябр ҳолатига кўра 20 та ҳужрани (исломий таълим берадиган ноқонуний хусусий мактаблар) ёпган ва ноқонуний диний таълим бергани учун 50 дан ортиқ кишини “маъмурий жавобгарлик”ка (жаримага) тортган.

Июлда Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси бир ноқонуний ҳужрага рейд уюштирилгани ҳақида матбуот хабарномаси тарқатди. Хабарномада айтилишича, бир киши 9 – 17 яшар бўлган 7 нафар ўқувчига Қуръон ўқишни ўргатган. Полиция ходимлари араб тилида ёзилган 7 та китоб ва 7 та дафтарни мусодара қилган. Ҳукумат ўша ўқитувчига қандай айблов эълон қилинган ёки қилинмаганини айтмади.

ОАВга кўра, 4 мартда Марғилонда (Фарғона вилояти) полиция пенсияга чиққан аёл мактаб ўқитувчисининг уйида тинтув ўтказган. Полиция ходимлари ундан ва ўқувчиларидан араб тилидаги Қуръонни ва мамлакатда чоп қилинган исломий дарсликларни мусодара қилган. ОАВ ҳокимият идоралари  уларга нисбатан қандайдир айблов эълон қилинган-килинмагани ҳақида хабар бермади.

Ҳукумат баъзан айрим вебсайтлар, жумладан, “Иегова шоҳидлари” ва “Forum 18” сайтларига киришни тўсиб турди. Ҳукумат ўзи исломий экстремистик фаолият билан боғлиқ деб ҳисоблайдиган тақиқланган вебсайтлар рўйхатини юритади.

Дин ҳақидаги қонун лойиҳаси парламентда бўлган пайтда ҳукумат янги қонун қабул қилингунга қадар диний ташкилотларни давлат рўйхатига олиш тартибини соддалаштиришга ҳаракат этганини билдирган эди. Бироқ фаоллар билдиришича, ҳукумат давлат рўйхатига олиш қоидаларини бутун мамлакат бўйлаб тенг равишда қўллаётгани йўқ ва ДИБҚ айрим диний ташкилотларга маҳалла рухсатномасини олишда ёрдам берди, бошқаларига эса бермади. Дин ҳақидаги қонун лойиҳасида давлат рўйхатида олиш жараёнида маҳалла рухсат беришини бекор қилувчи қоида мавжуд эди, бироқ амалдаги қонун бўйича буни талаб қилиш давом этди.

ДИБҚ маълумотига кўра, йил охирида мамлакатда 16 та турли конфессияга мансуб 2293 та диний ташкилот мавжуд бўлган, 2019 йилда эса 16 та конфессиянинг 2280 та диний ташкилоти бор эди. Мусулмон диний ташкилотлари 2071 та суннийлар масжиди (2019 йилги кўрсаткич 2065 та бўлган) ва 4 та шиийлар масжидини, 15 та муфтият  ва 13 та таълим институтини бошқарган. Давлат рўйхатидан ўтган 190 та номусулмон ташкилот сирасига 38 та православ черкови (2019 йилги кўрсаткич билан бир хил), 5 та католиклар черкови, 60 та Пятидесятниклар черкови (бу кўрсаткич 2019 йилда 56 та бўлган), 24 та баптистлар черкови, 10 та Еттинчи куни адвентистлари черкови (2019 йилги кўрсаткичдан 1 та кўп), 4 та Янги Апостол черкови, 2 та Лютеран черкови ва 1 та Иегова шоҳидлари подшолиги зали ва 1 та “Худо овози” черкови, 27 та Корейс протестантлари  черкови, 2 та Арман апостол черкови, 8 та Яҳудийлар жамоати, 6 та Баҳоий маркази, 1 та Ҳаре Кришна ибодатхонаси ва 1 та Будда  ибодатхонаси кирган. Яна Ўзбекистон Библия жамияти ҳам давлат рўйхатига олинган.

Йил давомида ҳукумат 2019 йилдагидек 8 та черковни рўйхатга олди: 6 июлда Тошкент шаҳрида “Агапе” Тўлиқ Инжил черковини; 20 июлда Фарғона вилоятида Янги апостол черковини; 7 августда Самарқандда Еттинчи кун адвентистлари черковини; 12 августда Нукусда “Умид” Тўлиқ Инжил черковини; 12 августда Олмалиқда “Умид” Тўлиқ Инжил черковини; 13 августда Сирдарёда Инжил христиан баптистлари черковини; 29 августда Гулистонда “Ҳақиқат нури” Тўлиқ Инжил черковини; 16 ноябрда эса Тошкент шаҳрида “Фаровон ҳаёт”ни (олдинги “Аҳли китоб”). Октябрда Бухородаги шиа мусулмонлари Бухоро шаҳрида шиалар масжидини рўйхатдан ўтказиш учун ариза берган эди. Диний ташкилотлар берган маълумотга кўра, ҳали-ҳамон давлат рўйхатидан ўтишни истаётган 17 та черков борлиги маълум.

Диний ташкилотларнинг кўплаб вакиллари, айниқса, марказий давлат рўйхатидан ўтиш учун мамлакатдаги 14 та маъмурий субъектнинг 8 тасида доимий фаолият юритиш ва муайян аҳоли пунктида давлат рўйхатидан ўтиш учун 100 нафар аъзо ариза бериши кераклиги тўғрисидаги талабни бажара олмаслигини хабар қилишни давом эттирди. Уларга кўра, давлат рўйхатидан ўта олмаётгани учун маҳаллий ҳокимият идоралари таъқибига учрамоқда ва “ноқонуний” диний фаолияти учун жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

Ўтган йиллардагидек, Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтказишни рад этаётганини диний ташкилотлар ҳақиқий юридик манзилини кўрсатмагани ёки маҳаллий ҳокимиятлар идораларидан (жумладан, маҳалладан) кафолат хати ва зарур рухсатномалар олмагани билан тушунтирди. Айрим ташкилотлар манзили йўқлигини ҳукумат уларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги аризасини маъқуллашига кафолат йўқлиги учун кўчмас мулк сотиб олишни истамаётгани юбилапн изоҳлади.  Бошқа ташкилотлар айтишича, амалдорлар ўзбошимчалик билан манзилларни тасдиқлашни рад этган, чунки этник ўзбеклар аъзоси бўлган христиан черковлари мавжудлигига қарши чиққан. Айрим ташкилотлар бунга жавобан фақат русча жаранглайдиган фамилиялардан иборат аъзолар рўйхатини бермоқчи эканини маълум қилган.

Айрим христиан ташкилотларига кўра, кўплаб черковлар давлат рўйхатидан ўтишга уриниб кўрган, бироқ йил охирида рўйхатдан ўтмаганлигича қолган. Тошкентда улар Иегова шоҳидлари, “Обиҳаёт” пятидесятниклар черкови ва “Янги тўлқин” пятидесятниклар черковидан иборат бўлган. Иегова шоҳидлари подшолиги зали ҳам Урганч, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Нукус ва Қаршида давлат рўйхатидан ўтмай қолди. Хонобод, Қўнғирот, Чимбой, Гулистон ва Жиззах шаҳарларида Тўлиқ Инжил пятидесятниклар черкови, яна Нукусда 2 та черков рўйхатдан ўтмади. Бир неча диний эркинлик ҳимоячиси билдиришича, ушбу йилда давлат рўйхатидан ўтган аксарият христиан черковлари этник ўзбеклар эмас, асосан, рус ёки корейс миллатига мансуб кишилар аъзо бўлган черковлар бўлган.

Иегова шоҳидлари яна маълум қилишича, ҳукумат Иегова шоҳидлари Чирчиқда давлат рўйхатидан ўтган битта диний бинодан ташқарида бажариладиган ҳар қандай диний амалиётни ноқонуний деб ҳисоблаётгани сабабли ташкилот таъқиб ва шафқатсиз муносабатга потенциал нишон бўлиб қолмоқда, лекин улар йил давомида рейдлар бўлмаганини билдирган. Иегова шоҳидлари вакиллари Чирчиқда давлат рўйхатидан ўтган биттаю битта черкови талабларини қондира олмаётганини, ташкилот  аъзолари кўпайиб бораётганини айтган. Улар яна хабар беришича, мамлакатнинг 7 та туманида бир неча марта давлат рўйхатидан ўтишга уриниб кўрган, бироқ ҳукумат улар аризаларини маҳалла даражасида рад этган, ваҳоланки бу давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнидаги илк босқич ҳисобланади. Иегова шоҳидлари 2019 йилда Олий судга ўз фаолиятини тўхтатиш тўғрисида апелляция аризаси киритган, бироқ у 20 февралда рад этилган, бироқ Иегова шоҳидларига бу ҳақда 5 октябрга қадар маълум қилинмаган. 27 январда Иегова шоҳидлари 7 та ҳолатдан 6 тасида давлат рўйхатидан ўта олмагани учун БМТнинг Инсон ҳақлари бўйича қўмитасига шикоят аризаси берган. Йил охирида ҳам БМТнинг Инсон ҳақлари бўйича қўмитаси жавоб бермаган эди.

Иегова шоҳидлари хабар беришича, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги билан бирга 23 ноябрдан 11 декабрга қадар Чирчиқ шаҳрида жойлашган ва давлат рўйхатидан ўтган Подшоҳлик залида махсус текширув ўтказган. Черков вакилларига кўра, текширувнинг эҳтимол тутилган сабабларидан бири ташкилотнинг хайрия фаолияти бўлиши мумкин. COVID-19 пандемияси бошланишида Чирчиқдаги Иегова шоҳидлари черков қавми вакиллари ва уларнинг оила аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳимоя воситалари билани ёрдам бериш учун Янги Зеландиядаги Иегова шоҳидлари  ваколатхоналаридан 24 000 АҚШ доллари олгани ҳақида баёнот берган эди. Черков билдиришича, ушбу маблағ ҳисобидан 7 та вилоятдаги 600 кишига ёрдам кўрсатилган. Черков вакиллари ҳукумат текшируви ўзларини хавотирга солганини айтиш баробарида амалдорлар черков уставини давлат рўйхатидан қайта ўтказишни талаб қилиш учун баҳона қидиряпти, деб ҳисоблайди. Уларга кўра, айни ҳолат яккаю ягона қонуний давлат рўйхатидан ўтган черковни қайта рўйхатга олишда муаммолар туғдириши мумкин.

Халқ таълими вазирлиги давлат ва хусусий мактабларнинг барча ўқувчилари учун соч ва кийим узунлиги, пойабзал турини тартибга солувчи дресс-код (кийиниш қоидалари) жорий этди. Ҳукумат ҳалигача ҳар қандай диний рамзлар, жумладан, [диний] қалпоқ кийиш, хоч тақиш ва ҳижоб ўрашни тақиқлаб келди.

Диний эътиқод эркинлиги ҳимоячилари йил бошида айрим мактаблар ва университетларга ҳижоб ўраган қизлар киритилмаётгани ҳақида хабарлар олинганини маълум қилди. Августда адвокат Абдувоҳид Ёқубов Конституцион судга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилда чиқарилган қарорини бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси киритди, ўша қарорда ўқувчилар ва талабалар “замонавий форма” кийиши шартлиги айтилган эди, адвокат бу қарорни конституцияга зид деб топди. Мактаблар ва университетлар маъмурияти 2018 йилги қарордан ҳижоб ўрашни тақиқлаш учун асос сифатида фойдаланди. Конституцион суд 16 сентябрда Ёқубовнинг аризасини асоссиз деб ҳисоблаб, рад этди. Ёқубов эса суд қарори устидан шикоят қилмади.

Дин фаоли Исахон Файзуллаев ҳокимият идоралари ўзини ҳибсга олганини, диний ахборотни ноқонуний тарқатганликда айблаганини ҳамда 19 майда Фейсбукда Фарғонадаги маҳаллий ҳокимият идораларини танқид қилгани учун 10 кун давомида қамоқда ушлаб турганини хабар қилди. Фарғона вилоятининг маъмурий суди ушбу ёзувлар яқинда вафот этган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Қаюмовга тегишли эканини эълон қилди. Ёзувлар Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги диний материаллардан тузилган бўлиб, уни Қаюмов дўсти Исахонга Telegram орқали 29 мартда жўнатган. Ҳибсга олиш вақтида ҳокимият идоралари вакиллари Исахоннинг 20 йилдан бери қўйиб юрган соқолини мажбурлаб олдирган.

24 сентябрда Podrobno.uz ахборот воситаси бир йўловчи Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги Ғунча кўчасида ҳижоб ўраган аёлларнинг таъқиб қилинаётгани камерага олган. Унда полиция аёлларни автобусга мажбурлаб миндираётгани акс этган. Ҳокимиятга кўра, улар ниқоб тақмай юрган пиёдалар сонини камайтирмоқчи бўлган. Бироқ кузатувчилар ОАВга хабар қилишича, полиция ушбу туманни тез-тез кузатиб турган ҳамда соқол қўйган эркаклар ва ҳижоб ўраган аёлларни тез-тез таъқиб қилган.

ДИБҚ ва ислом дини пешволари фикрича, ҳукумат имомларнинг маъвизалари мазмуни, шунингдек, диний идора эълон қилаётган исломий материаллар ҳажми ва мазмунини текширишни давом эттирди. Дин пешволарига кўра, ҳукумат диний идора фаолияти устидан унинг ходимларини танлаб ва ибодатлар учун тасдиқланган маъвизаларни тарқатиб, ДИВ орқали назоратни давом эттирди. ОАВ манбалари билдиришича, қонун йўли билан ибодатга оммани даъват қилишни чекламаган, бироқ кўплаб масжидлар бу ишни ўз ихтиёри билан қилган.

Февралда президент Мирзиёев Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида фармон чиқарди. Янги вазирлик зиммасига ҳокимият идоралари билан маҳаллалар ўртасида аёллар, оила ва ижтимоий тузилмалар масалалари бўйича қалин ҳамкорлик ўрнатиш вазифаси юклатилди, шу тариқа ҳукумат билан маҳалланинг ҳаракатлари диний масалалар бўйича ҳам расман бир-бирига боғланадиган бўлди.

Олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, камсонли диний жамоатлардан улар ҳомийлик қилаётган тадбирлар, жумладан, болаларнинг ота-оналардан рухсат олинган якшанба мактаби ва ибодатларга боришига тўсқинлик бўлгани ҳақида хабарлар олинмади. 2 августда Ички ишлар вазирлигининг оммага тушунтириш бергани бўйича, вояга етмаган болалар ҳам намоз ўқиш учун масжидга ота-онаси, акалари, опалари ва бошқа қариндошлари ҳамроҳлигида коронавирус пандемияси даврида умумий ибодатга жорий этилган чекловлар бекор қилингандан сўнг бориши мумкин. Унгача марҳум биринчи президент Ислом Каримов вақтида жорий этилган амалий тақиқи мавжуд эди, деб хабар беради “Ал-Жазира” телеканали.

Норасмий хабарларга кўра, давлат рўйхатидан ўтмаган оз сонли “туман масжидлари” давлат рўйхатидан ўтган йирик масжидлар яқинида яшамайдиган кекса ва ногирон кишилар учун ишлаб турган. Маҳалла масжидлари чекланган тарзда фаолият юритган ва уларга давлат рўйхатидан ўтган имомлар тайинланмаган.

Мусулмон ва православ бўлмаган диний ташкилотлар билдиришича, улар автоном Қорақалпоғистон Республикасида диний фаолиятини амалга оширишда муайян қийинчиликларга дуч келган, чунки аксарият мусулмон ва православ бўлмаган диний жамоатлар ҳалигача ушбу минтақада қонуний мақомга эга эмас. Яқинда давлат рўйхатидан ўтган Пятидесятниклар черкови ҳисобга олинса, 2 миллионлик нуфусга эга республикада 2 та христиан черкови борлиги ва иккинчиси Рус православ черковига тегишли экани маълум бўлади.

Августда ОАВ Тошкентдаги ашкеназ яҳудийларининг Бет Менаҳем номидаги синагогаси бузилиши мумкинлиги тўғрисида хабар қилди. Қурилиш ташкилоти синагогани унинг ўрнида кўп қаватли бино қурмоқчи бўлиб, судга берган. Яҳудий жамоати ишни ошкор қилгач, ҳукумат ёрдам кўрсатди; 5 августда Тошкент шаҳрининг туманлараро хўжалик суди синагога фойдасига қарор чиқарди, қурилиш ташкилоти эса эшитув вақтида даъво аризасини қайтариб олди. ДИБҚ Тошкент шаҳридаги яҳудийлар жамоати етакчиси Аркадий Исахаровнинг масалани ҳал этишда кўрсатган ёрдами учун Тошкент шаҳри ҳокимлиги  ва ДИБҚқа миннатдорлик билдирган аризасини эълон қилди.

Христиан дин пешволарига кўра, кўплаб христианлар, жумладан, Иегова шоҳидлари йиғин рухсат этилган жойдан 1000 километрдан (650 миля) узоқда бўлгани сабабли хусусий “уй черковлари”да йиғилишга мажбур бўлган ва бу ҳол уларнинг полиция таъқиб этиши ва зўравонлиги олдида ожиз қолдирган, чунки бундай йиғинлар ноқонунийлигича қолган.

Олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, дин пешволари ёки фаолларидан ҳокимият идоралари диний ибодат маросимларини тасвирга олгани ҳақида хабарлар бўлмади.

Олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, католик черкови пешволари католикларнинг жамоат бўлиб ибодат қилишини кузатиш ҳоллари ҳақида хабарлар олинмади.

Ҳукумат маҳбусларнинг исталган динга эътиқод қилиш ёки умуман эътиқод қилмаслик ҳуқуқи борлигини маълум қилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан, машҳур собиқ маҳбус ва айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячиси айтишича, айрим маҳбуслар оила аъзоларига қамоқхона кун тартибига тўғри келмагани учун дин амалларини бажара олмаётганини айтган. Бундай маросимлар қаторига мусулмонларнинг бомдод намози киради. Баъзи фаоллар вазият яхшиланганини айтган бўлса, бошқалари, унақа эмас, демоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ҳокимият барча маҳбусларга Рамазон каби диний байрамларни нишонлашни, жумладан, рўза тутишни тақиқлаган. Гарчи айрим қамоқхона кутубхоналарида Қуръон билан Таврот нусхаларини бериб турилган бўлса-да, оила аъзолари ҳокимият диний амалларни бажарадиган айрим маҳбусларга диний материаллардан фойдаланишга рухсат бермаётганини хабар қилишни давом эттирди.

Ҳукумат экстремистик деб ҳисобланган исломий нашрлардан фойдаланишни чеклашни давом эттирди, ҳукумат расмий рухсатсиз диний адабиётни мамлакатга олиб кириш ёки эълон қилишга интилган кишиларни ҳибсга олди. Ҳукумат [вакиллари] ноқонуний диний материалларни излаб, қандайдир диний ташкилот аъзолари уйига бостириб киргани хусусида хабарлар олинмади.

Ҳукумат исломий нашрлардан фойдаланишни назорат қилишни ва мамлакатдаги ҳар бир нашрда уни чоп қилиш учун ваколат манбаси кўрсатилишини талаб қилишни давом эттирди. Бозордаги харидорлар фикрича, гарчи тез-тез бўлмаса-да, букинист дўконлари ёки ёйма бозорлардаги китобфурушлардан араб тилида чоп этилган ва мамлакатга олиб кирилган бир неча китобларни сотиб олиш мумкин бўлди, бироқ ДИБҚ маъқулламаган адабиётлар камдан-кам учрайди.

ДИБҚга берган маълумотга кўра, у айрим христиан ва исломий адабиётлар импортига тўсиқ қўйишни давом эттирди.

Йил давомида диний фаол Адҳам Отажонов (тахаллуси Абу Муслим) хабар бериб туришича, ДИБҚ унинг ислом дини ҳақидаги талқинлардан 5 та китобини расман кўриб чиқиш ва рухсат бериш ҳақидаги бир неча илтимосига жавоб бермаган. Октябрда Отажонов 2 та китобини нашр қилишга рухсат олганини, қолган 3 таси эса ҳали кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Ҳукумат фақат ДИБҚ кўриб чиқиб, рухсат бергандан сўнг қуйидаги ташкилотларuf адабиётларни чоп этиш, импорт қилиш ва тарқатишга рухсат беришни давом эттирди: Ўзбекистон Библия жамияти, Дин ишлари идораси, Тошкент ислом институти (маъҳад), Рус православ, Тўлиқ Инжил, Баптистлар ва католик черковлари.

Ўзбекистон Библия жамияти йил давомида билдириб туришича, христианлар у ердан 3 тилда: инглиз, рус ва ўзбек тилларида осон сўраб олиши мумкин бўлган, бундан буён христианларга Библия олиш учун қоғоз тўлдириш талаб этилмайдиган бўлган.

Йил давомида ҳукумат назоратидаги Мусулмонлар идораси 2019 йилда ташкил этилган ва диний экспертлар ишга олинган колл-марказни юритишни давом эттирди, у фуқароларга ўша ерга телефон қилиб, ислом динига тегишли умумий саволлар бериши учун имконият туғдирди.

Ҳукумат ислом университетини молиялашни ва ислом динига тегишли тарихий обидаларни сақлаш чораларини кўришни давом эттирди. У ислом динига тааллуқли муассасаларга қурилиш ва таъмирлаш ишларидан бошқа нарсага хусусий маблағлар олишни тақиқлади ва гарчи қисман хусусий молиялашга рухсат берган бўлса-да, чет эл ҳукуматларидан молиявий маблағ олишга ижозат этмади. 2018 йилда ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси мамлакатдаги диний таълим муассасаларига (университетларга ва мажрасаларга) илмий экспертлар, ўқитувчилар ва устозлар тайёрлаб беришни давом эттирди. Университет жамоаси яна олимларнинг тадқиқот ва профессионал кўникмаларини ошириш, магистратура талабаларига Қуръон тадқиқотлари, ҳадис ва калом илмини (ислом дини доктринаси) ўқитиш, шунингдек, тадқиқот, ўқитувчилик ва маърифий фаолият билан шуғулланди. Ҳукумат Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 1692 киши таълим олаётганини, улардан 1462 нафар талаба бакалаврлик, 187 нафари магистрлик, 43 нафари эса докторлик даражасини олиш учун ўқиётганини хабар қилди.

Ҳукумат мамлакат ичида шиа имомларини алоҳида ўқитишни тақиқлашни давом эттирди ва мамлакат ташқарисида олинган таҳсилни тан олмади.

Йил охирида мамлакатда руҳонийларни тайёрлайдиган 3 та давлат исломий таълим муассасаси: Тошкент ислом инстутити, Самарқанд олий ҳадисшунослик мактаби ва Бухородаги Мир Араб мадрасаси бор эди. Ўрта таълим берадиган мадрасалар сони Сурхондарё вилоятида янги мадраса очилгандан сўнг 9 тадан 10 тага кўпайди. Бундан ташқари, 2 та христиан семинарияси фаолиятини давом эттирди. Расмий маълумотларга кўра, исломий университет ва мадрасаларда 2299 киши (2019 йилда бу кўрсаткич 1984 нафар эди), православ семинариясида 50 киши (2019 йилда бу кўрсаткич 20 киши бўлган), протестантлар семинариясида 12 киши (2019 йилда бу кўрсаткич 20 киши бўлган) ўқиган. Манбаларга кўра, COVID-19 билан боғлиқ чекловлар, айниқса, минтақадаги чет мамлакатлардан талабаларни ўқишга қабул қилиш қисқаришига сабаб бўлди.

Умрага бориш қоидалари зиёратчилар рўйхатни ҳокимиятларга берадиган маҳалла қўмиталарига мурожаат қилишини талаб этади. ДИБҚ миллий авиакомпания рейсларини мувофиқлаштириш учун ҳокимиятлар берган рўйхатлардан фойдаланди. Январ ва феврал ойларида COVID билан боғлиқ карантин кучга киришидан олдин умрага 28 000 нафар зиёратчи йўл олди, 2019 йилда эса улар сони 21 419 нафар бўлган эди.

Давлат қарамоғидаги йирик меҳмонхоналарда Қуръон ва Библия билан таъминланган хоналар сони чекланган эди. Ҳукумат меҳмонхоналар ихтиёрига неча дона Қуръон берилганини хабар қилмади. Меҳмонхоналар олдиндан қилинган илтимосга кўра, бошқа муқаддас китоблар, жойнамозлар, мусулмонлар учун қибла – Макканинг жойлашувини кўрсатувчи белгилар тақдим этди. Кўплаб аэропортлар ва темирйўл вокзаллари ҳудудида кичик ибодатхоналар бор эди.

Фуқаролик жамияти кузатувчилари ва диний эркинлик фаоллари давомли тарзда хабар қилиб туришича, ҳокимият мусулмонларга Рамазон ҳайитини очиқ нишонлашга рухсат берган, бироқ уларга кўра, COVID-19 билан боғлиқ чекловлар бир қатор оммавий ифторларга таъсир кўрсатган ва ҳокимият фуқароларга ҳайитни уйда нишонлашни тайинлаган.

III бўлим. Диний эркинликни ҳурмат қилишнинг ижтимоий аҳволи

Фаоллар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари аксарият мусулмон аҳолиси ўртасида ислом динидан бошқасига ўтишга қарши ижтимоий босим мавжудлиги ҳақида хабар беришни давом эттирди. Диний жамоатлар вакиллари айтишича, христианликни қабул қилган этник ўзбеклар учун таъқиб ва камситишга дучор бўлиш хавфи бор. Айрим кишиларга кўра, ислом динидан бошқа динга ўтганлик учун ижтимоий стигма – тамғалаш исломдан дафн маросими чоғида қийинчиликларга сабаб бўлган, жамоатдаги мусулмонлар уларни майитларни четроқдаги қабристонга дафн этишга ёки дафн маросимини ислом диний расм-русум билан адо қилишга мажбурлаган.

Олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, камсонли аҳоли мансуб динга ўтганлик учун кишиларга ҳужум ёки таъқиб қилганлик ҳоллари ҳақида хабарлар олинмади.

Прозелитлар, жумладан, Инжил христианлари, баптистлар, пятидесятниклар ва Иегова шоҳидлари деб ҳисобланувчи диний ташкилотлар вакиллари жамият вакилларининг синчиклаб кузатуви ва камситишига дучор бўлаётгани ҳақида таъкидлашни давом эттирди.

IV бўлим. АҚШ ҳукуматининг сиёсати ва иштироки

2 февралда давлат котиби Ўзбекистондаги дин эркинлиги ҳолати ҳақида фикрини  сўраб билиш учун мусулмон, христиан ва яҳудий жамоатларини тамсил этувчи дин пешволари билан учрашди. Ҳукумат амалдорлари билан учрашувлар ва расмий ёзишмалар чоғида элчи ва элчихонанинг бошқа ходимлари, шунингдек, Давлат департаментининг юқори лавозимли амалдорлари, жумладан, Халқаро диний эркинликка оид алоҳида топшириқлар бўйича элчи ҳамда давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи мамлакат раҳбарияти олдида диний эркинлик масалаларини кўтарди. Элчи ва элчихонанинг юқори лавозимли ходимлари ҳукуматнинг кўплаб юқори лавозимли амалдорлари, жумладан, президент, тишқи ишлар вазири, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва ДИБҚ амалдорлари билан учрашиб, болаларнинг ота-оналари билан бирга масжидларга бориш имконияти, одамларни диний эътиқоди учун қамоққа ташлаш ва уларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳоллари, дин ҳақидаги қонун лойиҳаси ва камсонли диний жамоатларни давлат рўйхатидан ўтказиш йўлидаги бюрократик тўсиқлар юзасидан ташвиш изҳор қилди. Элчихона муаммоли масалаларни кўтариш, шунингдек, мамлакатнинг “Алоҳида кузатув рўйхати”дан чиқарилиши ва ҳукуматнинг вояга етмаганлар ҳам ота-онаси ҳамроҳлигида масжидга бориши мумкинлиги сингари ютуқларни ёритиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланди.

Халқаро диний эркинликка оид алоҳида топшириқлар бўйича элчи ташқи ишлар вазири ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси билан бир қанча учрашувлар ўтказиб, дин тўғрисидаги қонун лойиҳаси, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ибодат жойлари аҳволи, шунингдек, ҳукумат болаларларга дин амалларини бажаришда иштирок этишига рухсат бериши ва ўз эътиқоди амалларини тинч йўл билан бажаргани учун айбланиб, ҳибсга олинган кишиларни озод қилиши зарурлиги тўғрисидаги масалаларни кўтарди. Диний эркинлик масалалари 20 ноябрда бўлиб ўтган йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар кун тартибига ҳам киритилди, дин тўғрисидаги қонун лойиҳаси, диний ташкилотларни (жумладан, Иегова шоҳидларини) давлат рўйхатидан ўтказишни давом эттириш, шунингдек, ҳали ҳам давлат қамоқхоналарида қолаётган диний маҳбуслар сони муҳокамаларнинг асосий мавзулари бўлди. Давлат департаментининг бир неча юқори лавозимли амалдорлари, жумладан, давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи ҳам учрашувлари чоғида диний эркинлик масалаларини кўтарган эди.

Бошқарувнинг турли даражалари ва турли форумларда АҚШ расмий кишилари ҳукуматни диний ташкилотлар аъзолари давлат рўйхатидан ўтган ибодатхоналардан ташқарида  ибодат қилишига рухсат бериш учун дин тўғрисидаги қонунга тузатишлар киритиш, шунингдек, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишга бўлган талабларни юмшатишга даъват қилишни давом эттирди. Улар дин масалаларини очиқ муҳокама қилишни ҳимоялаш ҳамда диний адабиётларни ҳам босма, ҳам электрон кўринишда мамлакатга олиб кириш ва улардан фойдаланишга бўлган чекловларни бекор қилиш юзасидан ҳукуматга босим ўтказди. Улар яна диний ташкилотлар ва диний эътиқод билан боғлиқ ёрдам кўрсатувчи чет эл диний ташкилотлари давлат рўйхатидан ўтишда дуч келаётган қийинчиликлар ва уларнинг диний адабиётлардан фойдаланиши билан боғлиқ чекловлар масаласини ҳам кўтарди. АҚШ ҳукумати мамлакатдаги диний эркинлик бўйича йўл харитасини амалга оширишни ва дин тўғрисидаги қонунни диний эркинликни мустаҳкамлаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлади. АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматини дин ҳақидаги қонун лойиҳаси бўйича ЕҲХТ ва Венеция комиссиясидан қўшма хулоса олишга даъват қилди.

Элчихона вакиллари суд ишларини мониторинг қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш чет эллик дипломат ҳамкасблар билан дин эркинлигига оид алоҳида ишларни муҳокама қилди.

COVID-19 чекловларига қарамасдан, элчихона ходимлари йил давомида мамлакатдаги диний эркинлик аҳволини муҳокама қилиш учун диний ташкилотлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамиятининг бошқа вакиллари билан мулоқот қилиб турди. Муҳокама мавзулари камсонли диний жамоатларни давлат рўйхатидан ўтказиш, болаларга диний таълим бериш ҳамда мусулмонлар ҳижоб ўраши ва соқол қўйишидан иборат бўлди.

Элчихона жамоатчилик билан алоқалари ва хусусий учрашувлар чоғида айрим христиан ташкилотлари ибодатхоналарини давлат рўйхатидан ўтказа олмаётганига, Инжил христианлари ва Иегова шоҳидлари ўз эътиқодини омма кўз ўнгида очиқ муҳокама қилишига ва мусулмон ота-оналарнинг фарзандларини масжидга олиб бориши ёки уларга ўз эътиқодини ўргатишига қаратди. Элчихона ходимлари ва АҚШ ҳукуматининг келиб-кетувчи вакиллари виждон ва эътиқод эркинлиги масалаларини муҳокама қилиш учун  диний ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари, шунингдек, маҳбусларнинг қариндошлари билан учрашувларни давом эттирди. Элчихона мамлакатдаги барча диний конфессиялар вакиллари, жумладан, Иегова шоҳидлари, баптистлар гуруҳлари, яҳудийлар пешволари, мусулмон уламоси ва диний эркинлик фаоллари билан учрашувлар ўтказди.

2020 йил 2 декабрида 1998 йилда қабул қилинган ва кейинчалик тузатишлар киритилган “Халқаро эътиқод эркинлиги тўғрисида”ги қонунга асосан, давлат котиби Ўзбекистонни “Алоҳида кузатув рўйхати”дан ўчирди ва энди бу мамлакат “диний эркинлик соҳасидаги жиддий қонунбузарликлар”да қатнашмаяпти ва уларга тоқат қилмаяпти, деб топди. Илгари Ўзбекистон 2006 йилдан 2017 йилгача алоҳида ташвиш уйғотадиган мамлакатлар рўйхатига киритилган, 2018 ва 2019 йилларда “Махсус кузатув рўйхати”га ўтказилган эди.

 

[1] 2019 йилда Ёнғинга қарши кураш хизмати ИИВдан ФВВ таркибига ўтказилган ва бошқа ном билан аталади.